Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида вилоят партия қўмиталари иккига: саноат ва қишлоқ хўжалик партия қўмиталарига, бўлинган эди.
Вилоятнинг нуфузли идорасига бошини дурра билан боғлаб олган аёл келибди. Эшикбонлар ундан келишининг мақсадини сўрашипти.
— Обкўмга арзим бор, — депти аёл.
— Қайси обкўмга?
— Обкўмга-да!
— Ҳозир иккита обкўм бор: қишлоқ хўжалик обкўми, саноат обкўми. Арзингиз қайси бирига?
Аёл жавоб беролмай ҳайрон бўлибди.
— Нима масалада келгансиз?
— Эрим урди. Шундан шикоят қилиб келдим. Қайси обкўмларингга киришим керак.
Энди эшикбонлар ҳам ўйланиб қолишибди.
— Эрингиз нима билан урди?- сўрабди улардан бири.
— Шоли ўргани кетиб ярим кечаси ширакайф бўлиб келувди, «ўша ёқда тунаб қолавермабсиз-да» десам, «Э-э», дедию ўроқни ирғитиб юборди. Шунда…
— Демак, ўроқ билан экан-да, — дебди эшикбон танга топган калдай илжайиб. — У ҳолда қишлоқ хўжалик обкўмига кираркансиз, опа… Мабодо, болға билан урганда саноат обкўмига кирардингиз.