Ҳабиб Сиддиқ. Қайтган дуо (ҳажвия)

Баҳодиржон деган ҳазилкаш улфатимиз бор. «Эшон ака» деб ҳазиллашиб юрамиз. Бир гал пахта йиғим-теримига чиқишганда бригада бошлиғи депти:
— Мана шу тракторчимиз жа-а яхши йигит-у, келин билан оралари чатоқ бўлиб қолиб, сал хафа бўлиб юрипти-да. Эшон ака, бир дуо қилинг, зора келиннинг кўнгли илиб…
— Қуруқдан-қуруқ қандай бўларкан?..
— Э-э, Эшон ака, эртага эрийди-да!
Баҳодиржон узундан узоқ дуо қилибди. Тракторчи хурсанд бўлиб кетибди-ю, эртасига қовоқ-тумшуғи осилиб қайтиб келибди.
— Э-э, дуойингиз ўтмас экан…
— Сиз мендан хафа бўлманг, — дебди Баҳодиржон қувлик билан, — ўзим ҳам кечаси билан ухлолмай чиқдим.
— Нега?..
— Йигирма йил аввал оламдан ўтган отам тушимга кириб, «Шу ёшга кириб ҳам ақлинг кирмадими, нега айтганимни қилмайсан. Мана, қилган дуойинг эгасига бориб қайтиб келди», дедилар.
— Ростдан-а?
— Ҳа-да!.. «Қайси гапингизни бажармадим, дада», десам:
— Болам, насияга дуо қилмагин, дегандим-ку, — дейдилар-а.