Тўрт йиллик талабаликдан кейин биринчи бор баҳорни соғиниб келишим. Қишлоғим ҳам ичимга кириб қолгандек; у билан қўшилиб нафас оламан, томирларимга яшил қон югуради. Тепалик оша даштга ёйилиб кетган бостирма уйларга қарайман. Мана бу ўнгирларда, мана бу дўнгликларда чопиб юрган болалигим кўз олдимга келади: “Эй-й жўралар!..” Тепаликлар акс садо қайтармайди, улар тоғлар эмас-да.
Қишлоғимнинг номи ҳам жисмига монанд – Кўкдала. Бугун шундоққина уйимизнинг ёнидаги энг баланд тепаликка чиқиб, атрофга кўз ташладим-у, ҳайратимни ичимга сиғдиролмадим; қишлоғимга бу ном шунчаки берилмаган-да. Эҳтимол, қиш шунинг учун бизни ёмон кўрар, ҳасади келар. Изиллаган изғирини баданингни ўйиб олай дейди, ёмғири қорга, қори музга айланиб, ханжардек санчилади…
Уйимиз катта йўл бўйида, қишлоқдан бироз ажралиб туради. Йўл зовур ёқалаб кетган; кўчанинг икки чети кета-кетгунча фақат тутлар. Кўприкдан ўтиб, кунботарга юрилса, зовур четида учта ҳовли бор: Элмурод раиснинг уйи, Араб буванинг уйи ва бизнинг уй. Қишлоқ маркази бироз олисроқда бўлгани учун, шу уч уй болалари – синфдошим Анвар, мен ва бошқа болалар эрта тонгда тўдалашиб мактабга борардик. Мактабдан қайтаётганимизда эса тупроқ йўлда шақилдоғини судраганча Амир бизни кутиб оларди. Ақли ноқисроқ бўлган бу бола – Анварнинг акаси. Кўзлари катта, сочлари қўнғироқ, қорамағиз, новча. Кўчада кимни кўрса, олдига югуриб келарди-да, қўлидан ушлаб, уйга юр деб туриб оларди. Кўп сўз билмасди: ота, она, мома, нон, ака – луғатидаги бор-йўқ сўз шу. Изғирин бўладими, жазирамами, унга фарқи йўқ, доим дарвоза олдида ўйнаб ўтирар, қўлида консерва қутиларидан ипга тизилган шақилдоқ бўларди.
Бугун у кўринмайди. Дарвоза олдида оқ ит қулоғини ерга босиб, бир кўзини қия очиб ётибди. Бир пайтлари кўзимга ҳайбатли кўринадиган бу ёғоч дарвоза энди уриниб, шалвираб қолгандек. Итдан қўрқиб, унга сездирмасдан ўтмоқчи бўлиб, тез-тез юра бошладим. Шу пайт “Оқбой! Баҳ-баҳ!” дея итини чақирганча Анвар чиқиб қолди. Мени кўрди-ю:
– Э-э, бўла, бормисан? – дея тиржайганча қулоч ёзиб кела бошлади. – Шаҳарлик бўпкетдинг санам. Бизаниям эслайсанми, ўзи?
Мен ҳам уни кўриб қувониб кетдим, ахир неча йиллик жўрам; муштлашиб катта бўлганмиз! Шу кўйи дарвоза олдида анча пайт суҳбатлашиб ўтирдик, сўнг у қўярда-қўймай уйига таклиф қилди. Ўша ҳовли, ҳеч нарса ўзгармаган: шохалаб кетган ўрик, ҳовли ўртасидаги чордоқли уй, лойсувоқ деворлар… Фақат уйдан узоқроқдаги омборхона эшигига бошқа, каттароқ қулф осилибди. Бола пайтимиз мана шу омборхона олдида ўйнаб қолсак, Анварнинг онаси қўлига таёқ олиб қувиб соларди; негадир шу ҳужрага яқинлашгани қўймасди. Бизни қувиб юборгач, Меҳри хола ҳужра билан гаплашгандек омборхона эшиги ёнида бирпас ўтирарди-да, кўзларига ёш олиб, ортига қараб-қараб узоқлашарди.
Ҳануз сирлилигича қолган, доим қизиқ туюлган бу ҳужра бугун негадир бошқача, қандайдир сеҳрланган кулбадек қайғули, кимсасиз кўринди. Гўё ҳужра бу хонадонга мутлақо тегишли эмас, ўзга оламдан тушган-у, унга яқинлашган одам бахтсизликка йўлиқадигандек. Деразалари йўқ, эшик тирқишидан қараб, у ерда фақат қуюқ зулмат ҳукмронлигини сезиш мумкин эди. Йўлакда кулбага қараганча анча туриб қолдим, шекилли, Анвар келиб елкамга туртганини ҳам сезмабман. Биз болаликда доим ўйнайдиган жойимиз – чордоққа чиқдик. Ёнбошлаб ётганча узоқ гурунглашдик, болаликни эсладик.
* * *
– Тура қол, болам! Тонг отиб қолади, – дейди онам хавотирли оҳангда. Тонг отиб қолишидан чўчигандек дераза пардасини суриб, ташқарига қарайди. Дераза қоронғи, булутлар тонгни ортига яширгандек ҳурпайиб турибди.
– Ёмғир ёғса керак, – дейди яна онам. – Бу ҳавода тонг отганиям билинмайди.
Инжиқлик қилиб, кўзимни аранг очаман. Кўзим қум тиқилгандек оғрийди. Иссиққина кўрпадан чиққим келмай, ёнимда ётган укамни туртаман. У ғудранганча бошқа ёнбошига ўгирилиб, бошини кўрпага тошдек ўраб олади. Онам очган деразадан кирган шабада шудрингли бедапоя ҳидини димоғимга олиб келади. Бир ҳовуч муздек шабадага бет ювгандек сесканиб кетаман, уйқум очилади. Кўзимни ишқалаб-ишқалаб, худди биров мажбурлагандек зўрға ўрнимдан тураман. Юз-қўлимни нари-бери юваман-у, онам тайёрлаб қўйган тугунчани олиб, молхонага чопаман. Онам молларни шохбандидан бўшатиб, катта йўлгача ҳайдаб чиқишади. Тонг қоронғиси ваҳимали. Озроқ юрганимдан кейин ғира-ширада молларини янтоққа қантариб турган Анварни кўриб қўрқувим йўқолади. Моллар бир-бирига қўшилиб, пода бўлади. Сигирларга бир шохи синган Катта сигир йўлбошчилик қилади. Оч сигирлар йўл четидаги шода-шода қип-қизил мунчоқдек осилиб турган янтоқ гулларига бўйин чўзиб, тишлаб узиб олади-да, йўлидан чалғимай чайнаб кетаверади. Бирортаси тўхтаб қолса, ортидан келаётган сигир шохлари билан нуқиб, пўписа қилади: “Тезроқ юр”.
Ғиштин дўконнинг орқаси бедазор. Ўрилганига кўп бўлмаган. Яккам-дуккам беда ғарамлари тўнига ўраниб ётган одамдек қорайиб кўринади. Сигирлар бедазорга ёйилади, ўт кўп бўлгани учун олислаб ҳам кетмайди; бедапоя атрофини ўраб турган пахтазорга ҳам ўтмайди. Қорни тўйганлари ётиб олиб кавш қайтаради. Бизни эса уйқу элитади.
“Яна ухлаб қолманглар”, дея тайинларди онам. Бедазор этагидаги тутзор бизга онам айтиб берган жинлар мамлакатини эслатарди.
– Ёш эдим. Бир кун далада, дарахт тагида ўтирсам, – дейди онам, – тепамда, дарахт устида бир чиройли сариққина қиз узун сочларини ёғоч тароқда тараб ўтирибди. Ёнимда эса ёғоч коса, ичида садақайрағочдан ясалган чиройли тасбеҳ. Оламан десам, қиз ҳам, тасбеҳ ҳам йўқолиб қолди. Ухламаганим яхши бўлган, йўқса мени жин чалиб кетармиди?..
– Она, Амирни ҳам ўша сариқ қиз шундай қилиб қўйганми, – дейман қўрққанимдан, хаёлимга дарахт тагида ухлаб ётган Амир келади.
– Йўқ, – дейди онам ўйга чўмганча, – у онадан шундай туғилган. Унинг онаси ухлаб қолган, болам, онаси…
Онам ухлаб қолмаслигимиз учун бу эртакнамо ҳикояни ичидан тўқирмиди ёки бўлган воқеами, ишқилиб, уйқумиз келди дегунча соч тараб ўтирадиган қиз кўз олдимизга келарди.
– Ухлама, сариқ қиз чалиб кетади, – дейман Анварга гўё ўша қиз ҳозир келиб қоладигандек атрофга аланглаб.
Кун чиққач уйга қайтамиз. Шу билан кечки салқингача мол боқиш ташвишидан озодмиз, салқин тушгач, молларни зовур четларида бироз айлантирамиз. Моллар яна йўлга чизилиб, тўғри уйга жўнайди. Қайтишда ҳам Катта сигир подани етаклайди. Келгунча йўлда шаталоқ отган пода ҳорғин ва оғир қадам ташлайди, қорни тўйган-да. Бир-бири билан шохлашиб, йўлни тўсиб қўйган бузоқларга сигирлар бош силкиб ҳафсаласизгина “жим юр” дегандек танбеҳ беради.
– Ҳамма моллар Каттанинг боласи, – дейди Анвар тарғилни кўрсатиб. – Хўрон мол. Отам сотгани қўймайди, сигирларимизнинг баракаси, дейди.
– Шуни айтяпсанми? – дейман Анварнинг мақтанчоқлигини хушламай. – Қари-ку бунинг!
– Қари бўлсаям, унча-мунчасининг шохини қайиради, – керилади Анвар.
Чиндан, ҳамма моллар ўшанинг изидан эргашарди, бирортаси унга тик бормайди. У бир ҳамла қилдими, тамом, ҳатто масиққан ҳўкизлар ҳам пусиб кетади.
– Аласузгич ундан зўр. Кеча Каттанинг кучи етмади, ўзингам кўрдинг-ку, – мен ҳам молимни мақтайман. – Ҳар кун бир сатил сут беради. Кеча зовурга ботиб қолгандаям-чи, ўзи чиқиб кетди.
– Ўшандай пайтда думини қайириш керак, галварс, – дейди Анвар билимдонликка ўтиб. – Мол дангаса бўлади, думини қайирсанг, жони оғриб, чиқишга ўзи ҳаракат қилади. Молни жони думида.
– Ундаймас, – дейман жаҳлим чиқиб, – керак бўлса, ўзингнинг молингни думини қайир!
– Э-э-э, – дейди Анвар, – барибир, сан гапга тушунмайсан…
Моллар қайтгунча барра ўтларга ҳам эътибор бермай, мўраб-мўраб қўяди. Зовур ёқалаб бораётган пода иккига бўлинади. Елини тарсиллаб турган соғин сигирлар уйга яқинлашгач, сабри чидамай, лўкиллаб югуради, ўзини молхонага уради. Бузоқчалар оғзи кўпириб, онасининг елинини силтаб-силтаб эмади.
Онам молларни шохбандидан боғлаб олади. Кейин бузоқнинг ипини қўлимга бериб, ўзи сут соғишга тутинади. Онам алла айтганда ҳам, мол соғаётганда ҳам ғамгин бир қўшиқ куйлаётгандек бўларди, томоғига йиғи тиқилгандек товуши титраб-титраб чиқарди. Гўё сигир ҳам онамга қўшилиб йиғлаётгандек кўзларидан ёш оқиб, жим турарди.
Мен эса Анварларнинг уйи томонга қараб-қараб қўяман. Анварга сигирларни боғлашда Амир ёрдамлашарди. У қўлига бир қарич чўп олиб, узоқроқдан туриб молларни қайтаришга уринар, қайсарлик қилганини сўкканча қувиб юрарди:
– Чу, ҳаҳ, мо-о-о…
Қуёш тик кўтарилиб, оламга ёрқин нурларини сочади. Онам дастурхонга иссиққина ширчой, пиёлада қаймоқ қўяди. Ширчойдан ичар-ичмас кийиниб, сўмкамни кўтарганча Анварларникига югураман. Мактабга шошамиз. Амир йўл бошигача Анварнинг сўмкасини кўтариб боради, сўнг шақилдоғини судраб уйга қайтади. Синф журналига Амирнинг исми ёзилган бўларди. Муаллим Анварни доскага чиқарадиган бўлса, “Амир Қулмуродип” деб мурожаат қиларди.
– Амирни ўрнига бораман, – дейди Анвар нигоҳлари билан ер чизиб.
– Сан-чи, сани ўрнингга ким мактабга чиқади, – дейман ажабланиб. – Сани уканг йўқ-ку?!
– Билмадим, – елка қисади у. – Отам билади…
Мактабдан қайтгач, мен доим Анварларнинг уйига чиқиб, у билан бирга ўйнардим. Амир бизга шерик. У қишин-ёзин устига жемпер, кенг йўл-йўл нока иштон, калиш кийиб юрарди. Унинг йиғлаганини кўрмаганман. Анвар урса ҳам, оғзини буриштириб йиғлаган бўларди-да, кўзидан бир томчи ёш чиқмасди. Ўйинга қўшмасак, бизга ёмон қараб, бир четга бориб оларди-да, тупроқ ўйнарди. Чўпларни синдириб, бошига ип боғлаб чиқарди. Бу боғловдаги сигирлар бўлса керак. Гоҳида консерва қутиларини бир-бирига боғлаб шақилдоқ ясарди.
Узоққа чўзилмаган кўклам салқинидан сўнг кунлар қизийди. Қоқ туш пайтида эса қишлоқ одамлари уй деразаларига қалин мато тутиб, қоронғи қилиб ухлайди. Офтоб уради деб кўчага ҳам чиқишмайди. Тупроқдан ҳил чиқади. Бир куни Анварларнинг ҳовлисига секин ўтдим; жим-жит. Ит мени танийди, индамайди. Энди анорларни узиб сатилга солаётгандим, жўяк ичида ўтирган Амирга кўзим тушди. У ўқрайиб қаради. Қўлида шақилдоғи.
– Иккита анор олдим, – дедим уни алдаган бўлиб. – Майлими, ҳеч кимга айтмайсанми?
У ўрнидан туриб қўлимдан сатилни олди-да, симтўғарадан энгашиб сатилни бизнинг ҳовли томонга ўтказиб қўйди. Анварлар билан ҳовлимиз ўртасида девор эмас, симтўғара бўлса-да, Амир бирор марта ундан ошиб ўтганини кўрмаганман. Мен челакдаги анорларни тўкиб, яна олмоқчи бўлдим. Амирни алдашга уриндим. У бу сафар индамай ўтирмади:
– Мома, мом, а, ма… – Амир қўли билан имо-ишора қилганча уйга лапанглаб югуриб кетди.
Мен ўзимиз томонга сакраб ўтдим-да, икки четига райҳон экилган ариқ ичига ётиб олдим. Аммо Амир ҳам, бошқа одам ҳам уйдан чиқмади.
Бир куни отам билан Анварнинг отаси гаплашиб турганини кўрдим:
– Мактаблари бор, берсанг бўларди, – деди отам Амирга имо қилиб.
– Суриштирдим, фойдаси йўқ эмиш, – деди Элмурод раис ғамгин тус олиб.
– Шерободдаги Авлиё отага олиб борсанг-чи, зора, шифо топса. Мулла-пулла дегандай… – деди отам қўлидаги ток қайчи билан вайишдаги ток новдаларини бутаркан.
– …
Элмурод раис тирсагидан кесилган ўнг қўлтиғига носқовоғини қистириб, чап қўли билан қопқоғини бураб, унга бир отим нос ташлаб чекди. Унинг қўлини ёшлигида варақа* юлиб кетганини эшитган бўлсам-да, мен учун у онадан шундай туғилгандек эди. Балки Анварнинг отасини эсимни танибманки шу ҳолда кўриб, бошқача тасаввур қилолмаганим учундир? Болалигимизда бирортамиз жим бўлмай йиғлайверсак, кесилган қўлининг енгини шимарарди-да, буриштириб тикилгандан сўнг қолган беўхшов чандиқ изларини кўрсатиб қўрқитган бўларди. Буни кўрган ҳар қандай бола бирдан жим бўларди-қоларди.
Бир кун Анвар билан мактабдан қайтаётиб, Амирнинг катта тупроқ йўлда қандайдир ёғоч қутичани судраб чопиб юрганини кўрдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай йўлда Меҳри хола пайдо бўлди-ю, Амирни дўппослай кетди. Амир қўллари билан юзларини тўсганча: “Ма, ма, кўтти..” деб йиғлар, аммо одатдагича кўзидан бир томчи ёш чиқмасди. Меҳри хола хуморидан чиққунча калтаклагач, бизни кўрди-ю, тўхтади ва Амирнинг қўлидаги қутичани бағрига босганича ортига қарай-қарай лўкиллаб уйга чопиб кетди. Шу пайт кутилмаганда Анвар ҳам акасини калтаклашга тушди. Бу манзарадан карахт бўлиб қолдим. Охири чидолмай, сумкамни ерга ташлаб, Анварнинг қўлига ёпишдим.
– Нимага урасан? – ажратган бўлдим.
– Ишинг бўлмасин! Барибир тушунмайсан.
Шу-шу бўлди-ю, бежирим ишланган қутича хаёлимни бутунлай банд этди, гўё унда қандайдир тилсим яширинган. Уни билишга шунчалик интиқ эдимки, ҳатто у тушларимга ҳам кириб чиқадиган бўлди.
– Анвар, ке жўра, ўша қутичани бир кўрайлик, – дедим бир кун сабрим чидамай.
– Йўқ, бўлмайди, – деди Анвар қатъий. – Онам яшириб қўйган.
Бир кун Амир қўлимга бир парча қоғоз тутқазди; хат экан. Қўшни қиз – Араб бобонинг қизи Ферузадан. Аввалига ҳайиқдим, нега, ўзим ҳам билмайман, сўнг севиниб кетдим. Юрагим минг бир бўлакларга бўлиниб, томирларим бўйлаб югургандек бўлди. Хатни қайта-қайта ўқидим: “Сизни кечга дарвоза ёнида кутаман…”
Хатни қўлтиқлаб Анварнинг олдига борсам, у ҳовли четидаги омборхона ёнида симдан трактор ясаб ўтирибди. Иккаламиз омборхона эшигига суяниб, севги мактубини муҳокама қилишга тушдик.
– Унча чиройлимас-ку, – дейди Анвар, – бошқаси қуриганми сенга?!
– Ишинг бўлмасин, – дейман жаҳлим чиқиб. – Лайлиям чиройли бўлмаган…
– Ў-ў, Мажнун бўлмоқчимисан, – дейди у устимдан кулиб.
Шу пайт уйдан Меҳри хола чиқиб қолди. Бизни ҳужра ёнида кўриб, кўзлари ола-кула бўлиб бақира кетди:
– Нимангни йўқотгансан, ҳамманг шу ерга келасан?!
Меҳри хола ерда ётган Амирнинг шақилдоғини олиб отди. Иккаламиз оёғимизни қўлимизга олиб, икки ёққа гумдон бўлдик. У анорзорга, мен кўчага қочдим. Кўп ўтмасдан иккимиз яна молхона тарафда пайдо бўлдик.
Кун ботай деб қолди. Деворга суяниб турган қуёш секингина уй ортига ўтиб кетгандек. Оёқ-қўлларимни ювиб, дастурхон бошига ўтираман. Отам чой ичиб бўлгач, бир четга ёнбошлайди-да, оёғини менга узатади. Укамга ишора қиламан:
– Бугун сан!
У лабини буриб, тумшуғини бир кўтаради-да, секингина каравотдан тушиб кўздан ғойиб бўлди. Яна оёқ уқалаш ўзимга қолади. Отам хуррак отади. “Ана ухлади”, дейман, оёғини тиззамдан пастга эҳтиёткорлик билан қўймоқчи бўламан; хуррак тўхтайди-ю, отамнинг таҳдидли овози эшитилади: “Қаёққа?” Мук тушиб отамнинг оёқларини энди ғижимлаб-ғижимлаб уқалай бошлайман. Отам оғриқдан бўлди қил дейдими десам, қайтангга: “Ў-ў-ў, ана шундай, шунда-ай…” деб мамнун бўлади. Мен отамга қарай-қарай қачон ухларкан деб уқалашда давом этаман. Анчадан сўнг отам ростакамига ухлаб қолади…
Аммо бу пайтда Феруза “ваъдасига вафо қилмаган” йигитдан аразлаб аллақачон уйига кириб кетган бўлади. Мен эса Ферузани мактаб ёки кўчада кўрсам, уялиб, узоқроқдан ўтиб кетадиган бўлдим.
Мактаб даври ҳам тугагач, қадрдон қишлоғим билан хайрлашиб, шаҳарга ўқишга кетдим. Аммо хаёлимда шақилдоғини судраган Амир, сирли қутичаю мўъжазгина ҳужра, ўғлининг бошига муштлаб ураётган қўшни хола… – болалигим билан боғлиқ мана шу хотиралар бегоналар яқин йўлатилмайдиган сирли ҳужра ичида эди гўё.
* * *
Анвар билан тушгача гаплашиб ўтирдик. Охири кетар чоғ чордоқдан тушарканман:
– Эсингдами, онанг анави ҳужра ёнига ҳеч кимни йўлатмасди, – дедим ҳужрани кўрсатиб.
– Эсимда! – деди Анвар қандайдир ҳорғин овозда ҳужра томонга қараб қўяркан. Шу пайт ҳужра сиридан воқиф бўлишга жудаям қизиқаётганимни билгандай елкамга қоқиб, мени ўша томонга бошлади. – Қани, юр! Санга бир нарса кўрсатаман.
Унинг гапидан қизиқишим янада ортиб, изидан эргашдим.
Анвар катта қулфни шарақлатиб очди. Ҳужра оғир тебранди. Ичкарига қадам ташлашимиз билан унинг бурчагига қўйилган сим каравот устида ўтирган девсифат қоп-қора одам эшикдан отилиб кирган нурга дош беролмай билаги билан кўзларини тўсиб олди. Жойимда ҳайкалдек қотдим. Кўзлари йирик ва ҳорғин, сочлари елкасига қўнғироқ бўлиб тушган, соқоллари ўсган ҳайбатли одам менга қараб турарди. Устида – тўн, нокадан қилинган йўл-йўл иштон, оёғида – калиш. У шундай қаттиқ тикилдики, қалқиб кетгандек бўлдим, сўнг гўё мени илгари ҳам қаердадир кўргандек жилмайди. Ўрнидан туриб, яна жойига ўтирди. Анвар эса омбор тўрида нималарнидир ковлаштирарди.
Бироз ўтгач, Анвар чанг босган қутичани кўтариб келди. Дарров танидим – ўша қутича. Аммо мен ортимда ўтирган одамдан ҳадиксираганимдан бу қутичани нима учун кўтариб чиққанига аҳамият бермадим: хаёлимда гўё ўша одам ҳозир ортимдан келиб мени бўғиб оладигандек. Анвар нималарнидир гапирарди-ю, бироқ бутун фикру хаёлим ортимдаги одамда эди.
– Анвар, Анвар, – дедим эҳтиёткорона унинг билагига секин туртиб ва ортимга ишора қилиб сўрадим. – Ким бу?
– Танимадингми? – деди Анвар.
“Йўқ” деган маънода бош ирғаганимни кўргач, қўрққанимни сезди, шекилли, кулиб юборди.
– Амир-ку. Акам, – деди қўлларини елкамга ташлаб. У қўққисдан қандай кулиб юборган бўлса, яна шундай ғамгин тортди. – Акамга шу ердан жой қилиб берганмиз.
Ичимдан нимадир чирт узилгандек бўлди. Амир уялгандек ерга қараб турарди. Анвар акасининг каравотига қутини қўйиб, ерда сочилиб ётган нарсаларни йиғиштиришга тушди. Қутини қўлимга олиб очдим: бужмайиб қолган кичкинагина қўл. Сесканганимдан оёқ-қўлларимгача музлаб кетди. Қутини бехос қўлимдан тушириб юборганимни билмай қолдим. Қопқоғи очилиб, ичидан қўл отилиб чиқди. Пўстак терисидек тиришиб қолган қўл ва хиёл букилган бармоқлар… Кўз олдимга бир қўли йўқ Элмурод раис келди. Анвар ялт этиб менга қаради. Мен бу ҳолатдан ҳижолат тортганча ерда ётган қўлга тикилиб турардим. Шу пайт Амир қутини ўнглаб, қўлни аввал қандай ҳолда турган бўлса шундай жойлади. Аммо қўл билан бирга капалакдек оҳиста ерга қўнган тумор шаклидаги қоғоз буклами Амирнинг эътиборидан четда қолди. Мен ўша тумор шаклидаги қоғоз букламини олиб, беихтиёр ичини очдим. Сиёҳ ранглари бироз хира тортган жумлалар кўзимга аллақандай таниш туюлганидан синчиклаб қарадим: Ферузанинг Анварга ёзганлари экан.
Амир бир хатга, бир қути ичидаги тарашадай қуриб миттигина бўлиб қолган қўлга қараб турар, Анвар эса ҳамон нарсаларни йиғиштириш билан овора, ора-сира нималарнидир гапириб, “Эсингдами?”, “Тўғрими?” деб қўярди. Мен эса унинг гапларини англаб-англамай “Ҳа” деб қўя қолардим, аммо ўзим олис хотираларга ғарқ эдим. Хатни Амирнинг қўлига тутқаздим-у, ташқари чиқдим. Ортга қарадим, гўё омборхона эшигидан бир қўл кўкка санчилиб тургандек, йиллар ғуборини яшириб келган ҳужра қартайгандек; Меҳри момонинг ўзи мана шу ҳужрага эврилгандек, у барча бахтсизликларини шу ҳужрада асраган-у, очса, улар оламга тарқалиб кетадигандек туюлди менга.
* * *
Ёз чилласи эди. Эрталаб ишга борганимдан телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим. Таниш овоз: синфдошим Икром экан. Қисқа салом-аликдан сўнг Элмурод раиснинг тонг-саҳарда жони узилганини, пешинда чиқарилишини хабар берди. Гўшакни қўйдим-у, ишдан жавоб олиб, тўғри қишлоққа жўнадим.
Уйга яқинлашганимда азага келганлар марҳумни олиб кетаётганлари устидан чиқдим. Таксидан тушиб, сафга қўшилдим. Ҳайдовчи ҳам ортимдан эргашди.
Одамлар марҳумни қабрга қўйгач, гўр оғзига ғишт қалаётган эдики, узоқдан қутича кўтарганча ҳаллослаб келаётган Амир кўринди. Анварни туртиб, ўша томонга ишора қилдим. Иккимиз гап нимадалигини тушундик. Анвар дарҳол мулланинг олдига бориб, унга нималардир деди. Мулла қабр ичида ғишт қалаётган кишиларни тўхтатди.
Амир етиб келгач, Анвар унинг қўлидаги қутичани олди-да, ғишт қалаётган кишиларга узатди. Кейин дафнга йиғилганлар сиқимлаб тупроқ олиб, дуо ўқиб қабрга ташлай бошлашди. Назаримда, одамлар Элмурод раисни эмас, бир пайтлар докторлар дорилаб қутига жойлаб берган қўлни кўмаётгандек эди. Шу пайт ортимдан ғайриоддий ҳўнграган овоз эшитилди…
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 6-сон