Қатнашувчилар:
Зариадр – суғд саркардаси
Одатида – шаклар подшоҳи Омаргнинг қизи
Гуштасп – Суғдиёна подшоҳи
Омарг – шаклар подшоҳи
Мардон – Зариадрнинг дўсти, саркарда
Саксфар – шаклар саркардаси
Аршак – саркарда
Фарҳод – уруғ оқсоқоли
Мидия шаҳзодаси, мулозим, чўпон, соқчилар, саркардалар ва уруғ оқсоқоллари.
Воқеалар тақрибан эрамиздан аввалги 7-6-асрларда Суғдиёна ва шаклар диёрида бўлиб ўтади.
БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Яксарт дарёси яқинидаги суғд лашкари қароргоҳи. Зариадр чодири. У чодир олдида ерга санчилган тол новдаларини қилич билан бир зарбда қирқиш машқини олмоқда. Соқчилар қирқилган новдалар ўрнига дарҳол янгиларини санчишади. Мардон пайдо бўлади.
Мардон: Саркарда жаноблари! Навкарлар ҳудудимизда ов қилаётган шак қабиласига мансуб бир овчини ушлабдилар. Эгнидаги либоси ва отига қараганда, аслзода эмиш.
Зариадр: Биз бу қабила билан тинч-тотув яшамоқдамиз. Шундай экан, уни иззат-икром-ла ҳузуримга келтиринг.
Мардон (таъзим қилиб): Бош устига.
Зариадр ўз чодирига киради. Бироздан сўнг эркакча либосдаги Одатида кириб, енгил таъзим қилади.
Одатида: Суғдиёнанинг жасур саркардаси Зариадрни кўриш бахтидан бошим осмонга етди! Ҳурмуз ҳаққи, ўлжамни олиб тинчгина қайтмоқчи эдим, лек навкарларингиз монелик қилишди.
Зариадр: Ҳақиқатни сўзлаётганингизга амин бўлсак-да, бу ер бизнинг ҳудудимиз эканлигини эслатмоққа мажбурмиз. Ов қилиш учун олдин рухсат олганингизда дуруст бўларди.
Одатида: Буғуни дарёнинг нариёғида таъқиб қилаётгандим, аммо у ярадор ҳолида бу соҳилга кечиб ўтди.
Зариадр (кулиб юборди): Қойил! Бошқа мамлакатга қочиб ҳам қутулмабди-да, бечора. Майли, у энди сизники. Меҳмондорчиликдан сўнг сизни дарёдан ўтказиб қўйишади.
Одатида: Ташаккур, саркарда. Дўстона қабулингиз ва таклифингиздан бошим осмонга етди. Миннатдорчилик белгиси сифатида ўртамизда муаммо туғдирган буғуни қолдириб, ўз диёрим сари йўл олсам. Ҳамроҳларим ахтариб юришгандир – овга қизиқиб, улардан ажраб кетгандим.
Зариадр: Ихтиёрингиз, аммо жиндек сабр қилсангиз маъқул бўларди – буғу энди бизники бўлса, кабоб ҳам кўп куттириб қўймас. Йўл олдидан тамадди қилиб олинг.
Мулозим киради.
Мулозим: Саркарда ҳазратлари, маҳаллий бир чўпон муҳим бир гапни айтиш учун ҳузурингизга кирмоқчи.
Зариадр: Майли, кирсин.
Чўпон кириб таъзим қилади.
Зариадр: Хизмат?
Чўпон (Одатида томон имлаб): Ҳазрат, ҳузурингиздаги бу овчининг ким эканлигини биласизми?
Зариадр: Бизга дўст бўлган шаклар қабиласидан. Шунинг ўзи етмайдими?
Чўпон (ўхшов кулиб): Саркарда! Омад сизга кулиб боқди. Бу овчи – аслида шаклар подшоси Омаргнинг эркакча кийиниб олган қизи Одатида. Ҳа, ҳа – оғангиз Суғдиёна подшоҳи Гуштаспнинг совчиларини қайтарган Одатида мана шу гўзал қиз бўлади! Мен унинг худди шундай кийиниб, Яксарт бўйларида ов қилиб юрганини кўп бор кўрганман. Чодирингизга бошлаб кетишаётганини кўриб, қўйларни ҳам ташлаб чопдим. Сизни алдаб, қочиб кетмасин яна, дедим-да! Энди уни оғангиз подшоҳи олам Гуштаспга элтсангиз, зап иш қилган бўлардингиз. (ялтоқланиб) Қулингизнинг хизматини қандай тақдирлаш эса олий ҳимматингизга ҳавола.
Одатида (жаҳл билан): Бўҳтон! У алжияпти – мен овчиман!
Чўпон: Ҳали шунақами!
У кутилмаган ҳаракат билан Одатиданинг бошидаги қалпоғини юлиб олади, сочлари ёйилиб елкаларига тушган Одатида ғазабланиб, ханжарини суғуради. Лол қолган Зариадр ўрнидан туриб кетади.
Одатида: Муртад!
Зариадр: Ханжарингизни булғаманг! Бу чўпон қилмишига яраша жазо олур. (соқчиларга) Меҳмонимизни беҳурмат қилгани учун унга қирқ дарра урилсин!
Соқчилар фарёд чекаётган чўпоннинг қўлларини қайириб, олиб чиқишади.
Зариадр (Одатиданинг қалпоғини ердан олиб, илтифот ила узатаркан): Бу азиятлар учун узр, малика. Нима ният билан келганини билганимда чўпонни асло киритмаган бўлардим. Икки дўст халқ орасига низо солишдан ёмони йўқ. Сиз хотиржам бўлинг. Ижозат этсангиз… ўзим сизни кузатиб қўяй!
Одатида: Ташаккур, саркарда. Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман. Бироқ кузатишнинг ҳожати йўқ – қандай келган бўлсам, шундай кета оламан. Хайр!
Зариадр: (унга завқу шавқ билан қарайди) Бундан буён сиз таъқиб қиладиган буғуларнинг барчаси шу тарафга сузиб ўтишини Тангридан илтижо қиламан! Токи, баҳонаи сабаб билан сизни яна ва яна кўришга мушарраф бўлсам.
Мардон (Одатида чиқиб кетгач): У ҳақда қўшиқлар тўқилгани бежиз эмас экан-да. Дарҳақиқат, Суғдиёна маликаси бўлишга муносиб қиз.
Зариадр (хаёлчан): Йўқ… у бутун дунёнинг маликаси бўлишга муносиб.
Мардон: Қизининг ҳусн бобида тенгсиз эканлигини билган шоҳ Омарг барча совчиларга рад жавобини бераётибди. Шу жумладан, Хоразм ва Бақтрия ҳукмдорларидан келган совчилар ҳам қуруқ қайтишибди. Қизим ҳали ёш, деган баҳона билан ҳатто оғангизнинг совчиларини қайтариб, сал бўлмаса, ўртамизга низо туширай деди. Эшитишимча, шу кеча-кундузда шаклар диёрига Мидиядан катта карвон келибди. Етти йиллик хирожни совға-салом тариқасида келтирган Мидия шаҳзодасининг ўзи ҳам карвон сафида эмиш. Балки унга омад кулиб боқар – Омаргнинг мол-дунёга ўчлигини ҳамма билади.
Зариадр (тушкун аҳволда): Наҳот у қизини мол-дунёга алмаштиради, деб ўйласанг? Балки, муносиб куёв чиқишини кутаётгандир?
Мардон: Бе! Подшою шаҳзодаларки куёвликка номуносиб экан, улардан зўри чиқармиди!
Зариадр: Бу малак баайни кўкдан ерга тушган Ноҳиднинг ўзи. Ҳатто унинг ҳозиргина чодиримизда бўлганига ишониш қийин. Гўёким самодан бир лаҳзага ерга қўниб, сўнг бу зерикарли заминни тарк этган каби.
Мулозим киради
Мулозим: Саркарда ҳазратлари, кабоб пишди.
Зариадр (Мардонга): Навкарлар билан баҳам кўрингиз. Менинг негадир иштаҳам йўқ. (улар чиқиб кетишгач) Одатида! Ростдан ҳам кўкдан тушганмисан ёки ер қизимисан? (кўксини ушлаб) Сен инъом қилган буғу сихга тортилдими, ёки менинг юрагим!
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Шоҳию ҳарир пардалар билан безатилган хобхонада канизаклардан бири йиғлаётган Одатиданинг сочларини қирқкокил қилиб ўрмоқда. Одатида ортига ўгирилади, сўнг, шу ўтирган кўйи унинг кўксига бош қўяди.
Одатида: Ана, қалбим тўридаги барча сирлардан воқиф бўлдинг. Энди айт, нима қилай? Қандай қилиб унга туйғуларимни изҳор қилсам бўлади? Бунинг имкони борми?
Канизак (бироз ўйлаб туриб): Мактуб битинг, ҳазрати олиялари. Уни қандай етказишни эса мен зиммамга оламан.
Одатида (саросималаниб): Мактуб? Қиз бола бўла туриб-а?! Бирортасининг қўлига тушиб қолса нима бўлади? Қолаверса, унинг ўзи буни қандай қабул қилади?
Канизак (ишва қилиб): Ўшанда кўзларида нима акс этганини ҳалигина айтмадингизми!
Одатида: Менимча, барча эркаклар менга шу нигоҳ билан боқишади, аммо фақат унинг кўзларидагина ҳақиқий муҳаббатни кўрдим. Ҳурмат-эҳтиром-чи! Агар унинг ўрнида менга оғиз солган шоҳлару шаҳзодалар бўлганида, ҳолим не кечган бўлишини тасаввур қилиб кўр! Айниқса, ўзига бино қўйган унинг акаси Гуштасп! Кўргани кўзим йўқ! Эшитишимча, менга етиша олмаганидан сўнг, бир баҳона топиб бизга қарши уруш очмоқчи бўлиб юрган эмиш.
Канизак (яна ўша ишва билан): Мидия шаҳзодаси шу ерда-ку! Қўл қовуштириб ўтирмас! Айтганча, кўзим тушди – келишгангина йигит экан. Бойлигини айтмайсизми!
Одатида: Алжима! Мен Зариадрни ўнта Мидия шаҳзодасига ҳам алмаштирмайман!
УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Зариадрнинг чодири Яксарт соҳилига тикилган. Дарё кўриниб турибди. Зариадрнинг кўз ўнгида Суғдиёна пойтахти Мароқандда акаси Гуштасп билан бўлиб ўтган суҳбат гавдаланади.
Гуштасп (кескин): Энди айбингни ё бошинг, ё қўлдан чиқазганинг ўша қизни саройимга келтириш билан ювасан.
Зариадр: Қизнинг отаси, қолаверса, ўзи рози бўлмай, қандай келтираман?
Гуштасп: Ихтиёрингда катта қўшин. Шаклар юртига юриш қилиб, Одатидани асира қилиб келтирасан!
Зариадр: Бир қизни деб икки дўст халқ орасида уруш очиш қанчалик ўзини оқлайди?
Гуштасп (парво қилмай): Бу муаммони урушсиз ҳал этиш имконини ўзинг барбод қилдинг. Ўз оёғи билан келган экан – қисматига кўникмай, қаёққа борарди! Очкўз отага эса совға-саломлар юбориб, қизининг Суғдиёна бош маликаси бўлганини айтардик. Энди нима қилиб бўлса-да, уни саройга келтирасан. Акс ҳолда, укам эканлигингга ҳам қараб ўтирмай, жаллод қўлига топшираман!
* * *
Зариадр (нариги қирғоққа термулади): Эвоҳ, лашкар билан яна бир қадам олға босмоқ, шакларга қарши уруш очилганини англатади. Одатида, Одатида! Ўртамиздаги ишқдан бехабар акам сени банди қилиш учун юбораяпти. (кескин бош чайқайди) Йўқ – Зариадрнинг бутун вужуди сен томон талпиниб турса-да, юртингга ҳеч қачон лашкар тортиб бормайди!
Мулозим киради
Мулозим: Шаклар юртидан мактуб келмиш. Чопар уни ўз қўли билан сизга етказмоқчи.
Зариадр: Айт, кирсин.
Мулозим чиқиб, чўпон кириб келади ва унга мактубни узатади.
Зариадр (мактубни олиб, чўпонга): Яна сенми? Боравер, хизматинг муносиб тақдирланур. (чўпон чиқади) Бу сафар Одатида нима ёзибди! Ё тангрим, бунда менга мамотдан дарак борми ё ҳаётдан мужда! (мактубни очиб ўқийди) “Эй баҳодир! Мени дея юртимга лашкар тортишингга не ҳожат! Барча шоҳу шаҳзодалар қолиб, сени танлаганимни ёзмаганмидим! Икки ўт орасидаман. Қабиладошларим қирғин, юртим вайрон бўлишини истамайман. Аммо сенга ҳам мағлубиятни раво кўрмайман. Зариадр! Баҳодирим! Мени ёнаётган бу икки ўт орасидан олиб чиқ! Яна бир гап: қароргоҳингга савдогар либосидаги жосус жўнатилган. У жисман ва қалбан сенга ўхшаб кетадур. Эҳтиёт бўл!” Ҳой! Ким бор! (мулозим кириб, таъзим қилади) Лашкар орасида савдогар кийимидаги бегона одам бор. Кўриниши менга ўхшаш. Дарҳол ушлансин!
Мулозим: Бош устига! (чиқади)
Зариадр: Ҳайҳот! Ўзимни оламдаги энг бахтли кимса деб атайинми, ё энг бахтсиз! Одатида мени севишига яна бир бор амин бўлдим. Аммо бир-бирига қарши қилич кўтарган икки халқни қай йўл билан яраштирай! Бунга эришиш учун – агар талаб қилинса! – ҳеч иккиланмай бошни садқа қилардим! (соқчилар қўллари орқасига боғланган Саксфарни келтиришади) Бизни холи қолдиринг. (Соқчилар чиқиб кетади. Ҳайратланиб). Тавба, кўзгуда ўзимни кўраётгандекман! Йигит, жосуслигинг ошкор бўлди. Мақсадинг не? Яширмай барчасини айтсанг, ҳаётинг ўзингга сийлов.
Саксфар (мағрур): Зиммамдаги вазифани бажаролмай, душман қўлига тушдимми, энди менга ўлим афзал!
Зариадр: Мен, аслида, шакларга душман эмас – бу урушни тўхтатиш чорасини ҳар он, ҳар сонияда қидираётган, бунинг учун ҳамма нарсага тайёр дўстман. Ўлимни бўйнингга олиб жосус сифатида келганинг, элингни севишингга далолатдир. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма Одатида мансуб бу элни мен сендан кам севмайман. Хуллас, биз душман эмас, балки кераксиз бу урушнинг олдини олишда иттифоқчи бўлишимиз даркор. Шунга рози эрсанг, элимга хоинлик қилаяпман деб ўйламагин-да, саволимга жавоб бер.
Саксфар: Сўзинг самимийлигига шубҳам йўқ. Буни маликамиз номини тилга олган маҳалинг кўзингда порлаган ўтдан сездим. Демак, сен ҳам унинг ошиқларидан бирисан.
Зариадр (ажабланиб): Наҳот бу борада ҳам сен билан рақиб бўлсак! Исминг нима?
Саксфар: Мен шаклар лашкари саркардаси Саксфарман. Лекин хотиржам бўл – менинг ўз суйганим бор. Отам савдогар эди ва болалигимда унга ҳамроҳлик қилиб, юртинг бўйлаб кўп кезганман, унинг йўллари, пасту баланди, шаҳару қишлоқларини яхши биламан. Шу сабаб юртимиз хатар остида қолганида жосусликка ўзим дов бўлдим. Бироқ бу юмуш тижорат каби бехатар эмас экан – қароргоҳингга келган кунимоқ қўлга тушдим.
Зариадр (тантанавор): Ва амин бўлдингки, ёв эмас, дўст қўлидасан! (бироз ўйлаб туриб) Энди сен билан либосларимизни алмаштирсак.
Саксфар (ҳайрон): Нега? Менинг савдогарча либосим сендек саркардага на ҳожат?
Зариадр: Сен бўлиб юртингга бораман – зора шу йўл билан урушни тўхтатиш имконини топсам. Сен эса менинг либосимни кийиб, бу ерда йўқлигимни билдирмай турасан. Ҳа, айтгандек, бирон мушкулот чиқмаслиги учун, ишончли саркардаларимни ушбу сирдан воқиф этаман.
Либослар алмашинади.
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Омарг саркарда ва уруғ оқсоқоллари билан ҳарбий кенгаш ўтказмоқда. Совчиликка келган Мидия шаҳзодаси ва шак саркардаси либосидаги Зариадр ҳам шу ерда. У Саксфардан сира фарқ қилмаслик учун қиёфасига сал ўзгариш киритган.
Омарг: Куни кеча жасур саркардамиз Саксфар душман қароргоҳида бўлиб қайтди. (Зариадр туриб таъзим қилгач, қайта ўтиради) У етказган хабарга кўра, ёғий сони бизникидан ортиқ. Тўғри, шак саҳроси бепоён – чекиниб, суғдларни саҳро бўйлаб адаштириб-улоқтириб, ҳолдан тойдириб, сўнгра ногаҳоний ҳужум билан тор-мор этиш мумкин. Бироқ қочиш бизга муносибми?
Мидия шаҳзодаси: Аълоҳазрат, суғдларни юртга монесиз киритиб, саҳрога чекиниш муборак номингизга ростдан ҳам доғ туширади. Энди сизда Мидия подшоҳлиги каби қудратли иттифоқчи бор эмасми? Мен чопар юбордим – Мидия қўшини жанубдан бостириб киради ва шу тариқа суғдларни исканжага оламиз. (таъзим қилиб) Бу ёрдам учун мени соҳибжамол ва оқила қизингизга муносиб кўрасиз деган умиддаман.
Фарҳод (тараддудланиб қолган Омаргга): Қулингизнинг бир қошиқ қонидан кечинг, шоҳим. Мидияликлар босқинчиликлари билан оламда маълуму машҳур – Суғдиёнани забт этгач, юришни биз томонга давом эттирмасликларига кафолат қани? Фикри ожизимча, суғдлар билан муросаю мадора йўлини излаган маъқул.
Омарг: Қизимни қўш қўллаб Гуштаспнинг ҳарамига элтиб берайми? Бошқа фарзандим бўлмаса!
Фарҳод: Шундай экан, наҳот унинг узоқ Мидияга кетишини истасангиз?
Омарг (қатъий): Қизим фақат шаклар маликаси бўлғуси!
Аршак: Донолигингизга тасанно, шоҳим! Бу нафақат сиз, балки бутун элнинг тилаги. Жанг олдидан сир сақлашга ҳожат йўқ: биз – барча саркардаларингиз маликага ошиқмиз! Истаганингизни куёв қилинг! Қолганлар эса қисматига тан берур. Куёвингиз қўмондон бўлиб, бизни жангга бошласин. Унинг изидан ўтга ҳам, сувга ҳам кирамиз, зеро, Одатиданинг ёри бош бўлган қўшин ҳар қандай ёвни енгишга қодир!
Омарг: Қизимни ўз ихтиёрига қарши мажбуран ҳеч кимга бермайман. Яхшиси бўлажак ёрини унинг ўзи танласин. Одатидани чақиринг. (Одатида кириб таъзим қилади). Қизим, кўзимнинг оқу қораси! Элу юрт тақдири сенга боғлиқ бўлиб қолди. Саркардаларимдан қайси бири ёринг бўлишини истасанг, мана шу жомни тутқаз – у менинг куёвим бўлиб, қўшинимни зафарли жангга бошлаб борур!
Одатида олтин жомни олиб Зариадрнинг қўлига тутади. Ҳар томондан “Саксфар!”, “Омад қуши Саксфарнинг бошига қўнди!”, деган хитоблар ёғилади. Бошқа саркардалар тиз чўкади.
Омарг: Қисматни ўзгартириб бўлмас. Саксфар яқиндагина хатарли бир юмушни уддалаб қайтган эди, бугун эса тақдир унинг зиммасига улуғ бир вазифани юклади. Бу – Тангрининг инояти. (саркардаларга) Энди сиз ҳам сўзингизда туриб, қаттол ёвга қарши у бошчилигида жангга отланинг! (Саркардалар ўринларидан туриб, таъзим қилишади) Саксфарга бош қўмондонлик либоси ва қурол-яроғлар келтиринг!
Зариадр ва Одатидадан бошқалар чодирни тарк этишиб, мулозим либос ва қуролларни қўйиб кетади.
Одатида (Зариадрнинг кўксига бош қўяди): Зариадр! Баҳодирим!
Зариадр (унинг сочини силайди): Мени танидингми, азизам? Қандай қилиб ҳақиқий Саксфардан ажрата олдинг?
Одатида: Севгувчи қалб янглишмас!
Зариадр: Юрагим бахтдан лиммо-лим бўлса-да, бироқ бошим қотиб қолди – бир-бирига қарши турган ҳар икки лашкарнинг бош қўмондони ўзим. Ғалабага ташна ҳар икки тараф ҳам мендан умидвор. Қандоқ йўл тутай?
Одатида: Шак лашкарига Яксарт томон ҳаракат қилишга фармон бер. Шундай қилайликки, тўқнашган икки тараф бир-бирининг қонини тўкиш ўрнига, тўйимиз муносабати билан ўтказиладиган базмда байрам қилсин. Кучини кураш ва чавандозликда намоён этсин.
Ноғора ва бурғу садолари янграб, Зариадр ва Одатида чодирдан чиқишади.
БЕШИНЧИ КЎРИНИШ
Яширинча ўнг соҳилга ўтган Мардон лашкар билан Яксарт бўйига етиб келган Зариадрнинг чодирига киради. Унга таъзим қилиб, Одатидага шубҳа билан қарайди.
Зариадр: Гапиравер, ундан яширадиган сирим йўқ.
Мардон: Саркардам, йўқлигингизда фалокат юз берди – Ўкуздан кечиб ўтган Мидия қўшини жанубий сарҳадимиздан босиб кирди. Оғангиз Гуштасп пойтахтда қолган лашкарни йиғиб, ғаним йўлини тўсса-да, кучлар тенгсизлиги туфайли жанг бой берилиб, унинг ўзи маҳв этилмиш!
Зариадр (чексиз андуҳ билан): Шўрлик акам! Мамлакат эгасиз қолдими?
Мардон: Энди унинг эгаси ўзингиз! Эркини сақлаб қола билсангиз, албатта. Жангда катта талафот кўрганига қарамай, тезда ўнгланган Мидия қўшини аламзада шаҳзода бошчилигида пойтахт Мароқанд сари юришда давом этмоқда. Биз олдинроқ етиб, ёв қўлидан устунликни тортиб олишимиз лозим. Бироқ шаклар билан сулҳ туза олсаккина бунга эришамиз.
Зариадр: Азизам! Отанг ҳузурига қайтиб, Суғдиёна тарафдан шакларга ҳеч бир хавф таҳдид солмаслиги ҳақидаги лафзимни унга етказ. Мен эса дарёдан ўтиб, яна ўз лашкаримга бош бўлиб, юртим озодлиги учун курашга отланаман.
Одатида: Мен қаллиғингман ва сендан ажралмайман. Айниқса, шундай синов дамларида. Саркардалар мен олтин жом тутган кишига итоат этишга онт ичишган. Бу эса сенсан! Икки лашкарга бош бўлиб, ҳар қандай ёв устидан ғалаба қозонишингга ишончим комил.
Зариадр (иккиланиб): Отанг не деркин?
Одатида: Отам ҳам лафзига содиқ қоладур!
Зариадр: Нафақат ёр, балки мададкорим ҳам ўзинг. (Қарс уради. Кирган мулозимга) Саркардалар машваратга йиғилишсин. (Мардонга) Сен ҳам иштирок этасан.
ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ
Мароқанд саройи. Зариадр тахтда, ёнида Одатида.
Зариадр: Иттифоқликда Мидия устидан қозонган бу ғалабамиздан кейин, Тангрим Суғдиёна ва шаклар заминига абадий тинчлик ато этсин. Севишган қалблар ҳеч бир қон тўкишларсиз бир-бирларининг висолига етадиган кунлар жуда яқин.
Мулозим киради.
Мулозим: Шаклар подшоҳи Омаргнинг элчиси ташриф буюрди.
Зариадр: Энг ҳурматли меҳмон сифатида ҳузуримга бошлаб кир.
Фарҳод кириб, таъзим қилади
Фарҳод: Подшоҳи олам Омарг сиздек баҳодир куёви ва суюкли қизига кўпдан кўп саломлар айтиб, ёв устидан қозонилган ғалаба билан муборакбод этиш учун юборди.
Зариадр: Шак қабиласининг мўътабар оқсоқоли элчи сифатида ташриф буюрганидан бошимиз осмонга етди. Бу ғалабага шак лашкари ёрдамисиз эриша олмасдик. Бундан буён шаклар юртига бирон ёқдан хавф пайдо бўлса, дарҳол кўмакка етиб боришни суғд лашкари ўзига бурч билур.
Фарҳод: Суғду шак иттифоқини Тангрим боқий этсин! Завжангиз эрмиш малика шоҳимизнинг ягона фарзанди эканлиги сизга маълум. Шу боис шоҳимизнинг бир илтимоси борки, унга биноан қизидан туғилган илк ўғил фарзанд унинг тахтига ворис деб эълон қилинса.
Зариадр: Биз аълоҳазратнинг илтимосини буйруқ сифатида қабул қилиб, у ҳозирнинг ўзида инобатга ўтганини етказишингизни сўраймиз. Зеро, суғдлар ва шаклар аслида Яксартнинг икки қирғоғида яшайдиган бир халқдир. Бизнинг зурриёдларимиз бўлмиш келгуси авлодлар суғд ёки шак эмас, балки битта эл номи билан аталишига имоним комил.
Муғаннийлар чолғу чалиб, мутриблар суғд ва шак қардошлиги ҳақида куйлай бошлайдилар.
Парда