Гулноз Мамарасулова. Пинҳона (бадиа)

Йиллар…
Сониялар…
Ана оқ от, оппоқ от шамол рақсига ҳамоҳанг тарзда ҳилпираётган ўзининг узун-узун ёлларига маҳлиё бўлиб чопиб кетаяпти. Бу еллар уни қай юртларга элитади, қай манзиллардан макон топтиради, кимлар билан ошна қилади-ю сўнг қай кунларни бошига солишини ҳеч ким билмайди… билолмайди…
Мен ўша оқ от ёлларига ёпишган бир тола бахтни топдим. Ҳа, уни топдим. Қанча машаққатлар, қанча озорларни қўрган бўлсам нима бўлибди?! Муҳими у энди меники, менинг пешонамга битилгани. Ахир қанча ситамларга қон ютиб бўлсада чидаб бердим-ку… Кимлар нималар демади, не бўхтон-у уйдирмаларни эшитиб, тилингни чирт тишламадинг.
“Ҳаммаси ўткинчи, ҳаммаси ёлғон…
Фақат биргина ришта бор умурбоқий у…
Қўлларимдан тутгин қўлларимдан тут!
Ахир меникисан энди, меникисан сен….”
Кўнглим минг бўлакларга бўлиниб кетгандек гўё. Ана қаранг, ҳув кўкдаги ёниқ митти юлдузчани кўраяпсизси? Ундан таралаётган нур қанчалаб инсонларнинг йўлини, дилини ёритишини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ишонгмасангиз , ҳозир сизга бир нечтасини санаб бераман.
Тунларни бедор ўтқизадиган бувижоннинг хонасига мўралайман. Йўқ, ўйламанг. У даврлар ўтди-кетди. Аввалгидек эртак айтишларини сўраб, хиралик қилиш йўқ энди. Осмондаги юлдузчага қараб қўяман. Аввалги жойидан озгина силжигани рост. Бу ҳам яхши, яхшилик йўлига. Ахир, яқиндан биламан, деб керилган дўстингни кун келиб танимай қоласан-ку. Бу беозоргинанинг қимир- қимири нима бўлибди. Ҳар қалай, у ҳам бувижоннинг деразасига яқин келиб, ҳамроҳ бўлай, деган илинжда. Хира ёғду бағрида тасбеҳ санаётган бувимнинг иссиқ бағирларига бош қўйиб, мудраганча уйқу топаман. Интернет-у бало-гардонлардан, совуқ чеҳралардан толиққан дилгинамни яйрашини бир кўринг қани.
Уйнинг тўридаги хона чироғи билан “қани кимнинг ёғдуси чароғонроқ экан…” қабилида ўйнашаётган юлдузчага мафтун бўлганча, падари-бузрукворимнинг ёнларида пайдо бўламан.Наҳотки, сочларига оқ оралабди… Наҳотки кечагина мени даст кўтариб, осмонга отиб қувнаган падарим билан бугун бўйим тенглашиб қолди. Оқшомлари атрофларида вижир-вижир қилиб ухлаб қолсам, секингина кўтариб жойимга элитардилар. Улардан уфураётган меҳр нафаси мени сўзсиз тарбиялайди. Матонат, тўғри сўзлилик, қатъиятлилик, ҳалоллик қонимга сингади. Парвоналарни шайдо қилган чироқ ёғдусида қоғоз қоралаётган отажонимга ҳалал бермаслик илинжида оҳиста қадам оламан. Отам битган қораламаларни ур-сур-у “севги” деб ном берилаётган, аслида эса беҳаё тасвирларга бойитилган минг хил мукофотларга лойиқ топилган чет элнинг бебаҳо дурдонасига ҳам алишмайман.
Бу хонадан тун-у кун ажиб туйғулар ифори таралиб туради. Бир бора кирсангиз маст-аласт бўласиз-у бу туйғунинг асирига айланасиз. Кейин шу манзил томон талпинаверасиз, талпинаверасиз… Ўқишда юрибди болам, деб ғурурланиб юрган волидам, қайтишимни интизор бўлиб кутганча йўл пойлайди. Меҳр-мухаббатини қўшиб ёпган иссиқ кулча нонни қўлларимга тутган онамнинг пойига дунё-и дунни тўксам ҳам кам аслида. Ул шундайин зотки, минг яхшилиги асло миннатли бўлмагай… ул шундайин зотки, олам гуллари ундан ранг олиб гуркирайди, қуёш бобо тафт олиб курраи – заминни қиздиради… Митти юлдуз милтираб турган осмон остида онагинам ҳадиси шариф мутолаасига берилган.
Эндиги йўл… У нима билан банд экан. Ёғдули митти михчаларга лиммо-лим кўклик бағрида У неларни хаёл қилмоқда. Ким ўзи менга у? Уни ким деб атай? Нега ғалати ҳисларга бурканиб қолавераман уни учратсам… Нима учун мен музлайвераман-у У бепарво, бегонадек. Отнинг ёлидаги бир тола бахтимга наҳотки У битилмаган бўлса… Минг ўйларни ўйлайман-у ғурур қурғур ҳеч йўл берай демайди.
Нега?… Нега?… Нима учун аввал мен?… Бу каби жавобсиз саволларни ўзимга кунига юзлаб, балки минглаб берарман. Кошки садо чиқса… кошки У ёнимда пайдо бўлса… кошки У ҳам мени деса… Юлдузим йўлимни ёритдинг, энди қалбларга ҳам илиқлик юбор! Йўлимни унинг қўнимхонасига солганимни сезмай ҳам қоламан. Ана У! Ўз юмушига овунганча мени сезмайди ҳам тошбағир! Дилим минг пора бўлиб, унга яқин келаман. Унинг забардаст елкалари оша мўралаб….Суръат ?! Ким бўлди экан бу толе кулиб боққан қиз? Сония сонияларга, дақиқаларга уланиб, бошим узра осмон-у фалак гир айлана бошлайди. Яхшиси, расмга қарамай қўя қолай. Кўрганда не наф?! Энди бунинг нима аҳамияти бор! Кўнглимдан шуларни бир-бир ўтқизаман-у ҳолсизланган оёқларим ўзимга бўйсунмайди. Ким у қиз?… Ё қудратингдан…. Ахир қўлидаги менинг сувратим эмасми?! Мени ўзига шайдо қилган бу кўзлар менинг тасвирим туширилган парча қоғозга термулмаганми… Пинҳонагинам деб атайман сени….
Бу каби ажойиботлари кўп дунёнинг. Ҳамма ўзининг бахт суръатини чизиш билан оввора-и сарсон бўлиб ўтади бу дунёдан. Менинг эса оқ тулпорнинг ёллариданда мўлроқ бахт-у тахтим кутиб турибди. Ҳали бор-йўғи улардан биттасини кўрдим халос. Оқ тулпор эса ёлларига маҳлиё шамол рақсида ўйинга тушади…