Бу — иккиси учун ҳам оғир бўлган мавзуда улар кўп гаплашишган, фикрлашишган… қайғуришган аммо, начора! Бир гал аёл юрагини ғижимлаб ётган бу саволларни айтиб юборишига бир баҳя қолганини ҳозир ҳам ўшандай дардли кечинма билан эслаб қўяркан, тағин кўкси симиллаб кетди.
Одатда ҳеч ким айбдор бўлмаган ана шундай жумбоқлар кишиларни кўпроқ эзади. Кимга айтсин, нима деб айтсин? Бироқ ичидаги гапдан, сўздан фақатгина айтиб қутулар эканда одам болалари!
Жимжит хона. Стол устида безатилган дастурхон, мевалар, ичимлигу ширинликлар…ҳеч бирига қўл тегмаган. Ҳаммаси шу жимлик ва аёлнинг тилсиз фарёдидан карахт ва маъюс. Бугун байрам куни, мавсум байрами. Аммо байрам бу манзилга етиб келмаган гўё. Катта пешгир мис соат юргиси келмаётган вақтни ҳайдаб унинг ғашига тега бошлади.
Аёл бошини секин кўтариб соатга қаради. Тун яримлай деб қолибди. Ойнинг хийра гардиши булутдан гоҳ озод бўлса, гоҳ яна унинг бағрига сингиб кетади. Шу олисдаги самовий жисм ҳам аёлга яна ўзини эслатди.
У деворга суянганча ўрнидан турди ва аллақачон совуб улгурган чойнакдан пиёлага чой қуйди-да, оғриқ қолдирувчи дори билан қўшиб ичди. Сўнгра яна жойига—креслога қайтди. Бадани ловуллаб ёнаяпти, иситмаси баланд. Балки ундай эмасдир, аёлга шундай туюлаётгандир. Бўлса бордир. У бошини кафтлари орасига олиб чангаллаганча қаттиқ сиқди. Кўзидан оқаётган шашқатор ёшларни шундагина сезгандек ёноғини силаб қўйди.
Ўзи унга нима бўлаяпти? Бу ҳолга уни ким солди, ким сабабчи бунга? Наҳотки барчасига ўзи айбдор бўлса…
У ҳеч бўлмаса бугун эрининг қайтишига ишонганди. Байрам бўлса-да, ундан совға ё бирор-бир ортиқча нарса кутгани йўқ, фақат ўзи келса, бас… Дастурхон тузади, тансиқ таомлар пиширди. Бу кунни қачонлардан бери кутаётганди, неча кундан бери тараддуд кўради бу кунга. Негадир унинг шу бугун келишига ишонганди. Барчаси бефойда кетди—у келмади. Бу кутиш шу ҳолида бутун ҳайбати билан юзага қалқиб чиқди ва бошида яна бир ёқимсиз, бетийиқ оғриқ турди.
У яна мижжаларини артди. “Ҳали вақт бор, балки келиб қолар”, ўйланди аёл умид билан. Сўнгра ўзини овутиш учун хаёл оғушига чўмди. Бу ўйи ўзини овутгандек, бир зумга енгил тортди.
* * *
Улар бир-бирини ёқтириб турмуш қуришди. Турмуш қурганларидан сўнг эса бир-бирига жуда ўрганиб қолишди. Айниқса аёл, ҳамма оилада ҳам шундай бўлса керак: кимнингдир меҳри кимнингдир меҳрига эргашгандай, суянгандай бўлади. Эри кўнгли кенг, босиқ, кулгуси ҳам, изтироби ҳам ўзидай тайинли, ростгўй одам эди. Топиш-тутиши яхшигина эрнинг иши шаҳарда бўлганлиги учун уй олиб шаҳарга кўчиб ҳам келишди. Гўё ҳаммаси рисоладагидек, аммо… Фақат фарзанд бўлавермади. Кўп кутишди… Ўн бир йил бўлибди. Эҳ-ҳе… Шифо излаб бормаган дўхтирлари қолмади. Қишлоққа ҳам йилда бир борадиган бўлиб қолишди. Нима қилсин, элчилик, биров бўлмаса бировнинг оғзидан лоп этиб бир гап чиқиб кетади. Аёл ич-этини ерди: айб ўзида эди. Иккаловининг ҳам орзу умидлари ҳар гал пучга айланяпти. Эри унга ҳеч нимани сездирмаса-да, аёл ҳаммасини билиб юради. Унга бир нима деб таьна қилаётгани йўқ. Аёл шунинг учун ҳам куйиб кетарди. Ахир, улар тенгиларнинг фарзандларининг олди бўй кўрсатиб қолди. Кўча-кўйда бирга юришганида болаларини етаклаб юрганларни кўрса, эрининг улар ортидан бир зумга бўлса-да, тикилиб қолганига кўп марталаб гувоҳ бўлди. Шундай пайтлари аёлнинг бўғзини нимадир куйдириб ўтгандай бўларди.
Ноумид шайтон экан… Бир куни газета ўқиб ўтириб, бир эълонга кўзи тушган аёл жонланиб қолди. Эълонда ёзилишича, бепуштликни табиий дорилар билан даволаш мумкин экан. Сўнгги умид унга ҳаёт бахшида этди гўё. Эрининг ишдан келишини интиқ кутган аёл, дарров мақсадга ўтишга ҳаракат қилди:
– Бугун газетада яна….
У гапини бошлашга бошлади-ю, аммо нима деб давом эттиришни билмай қолди. Бир неча дақиқалик жимликдан сўнг эр гап нимадалигини сезди чоғи:
– Қўйсанг-чи энди бу гапларни! Худо бераман демаса, бандасининг қўлидан ҳеч иш келмас экан, кўряпмиз-ку, – дея гапга нуқта қўймоқчи бўлди.
– Нега қўяман?.. Нима учун?.. Сизга барибир бўлиши мумкин, лекин мен адойи тамом бўлаяпман,— аёл оловланиб кетди бирдан. — Тенгқурларимни кўрсам ичимни ит тимдалайди… Бугун бозорга чиққандим, қишлоқда бирга ўқиган синфдошимнинг синглисини кўриб қолдим. Шу ерда ўқиркан. Опасининг ўғли мактабни битирибди. Кичикларининг ҳам бўйлари чўзилиб қолибди, ўзим сўраб билдим. Зийраккина қиз экан, акам яхши юрибдими, деб кўзини ерга олди. Шугина қизлар ҳам…
Изтиробдан юзи тундлашиб безовталанган эр аёлининг қўлини маҳкам ушлади ва иккиланиб қолди:
– Барибир фойдаси бўлмаса-чи? Бу сафар ҳам яна ўша гап бўлса сен ҳам, мен ҳам кўтаролмаймиз…
– Майли, мен чидайман. Насиб бўлса, ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Сиз рози бўлсангиз, бас….
Сўнги умид. Шу илинжда улар бу гал хусусий врач ҳузурига йўл олишди. Аёл қаттиқ ишонарди: бу сафар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади… Аёлнинг чеҳраси очилганидан эри ҳам хушнуд эди. Дўхтирнинг тавсияси бўйича барча муолажалару дори-дармонлар олинди.
– Ҳар уч ой ичида даволанишлар такрорланади, кейин албатта ўз натижасини беради, – дея ишонч билан гапирди дўхтир. У профессор экан.
Саккиз ой ўтди, икки марта муолажага боришди. Афсуски, ҳеч бир ўзгариш сезилмади.
Уларнинг умиди яна барбод бўлди. Аёл бир неча кун эрининг юзига тик қарай олмай қолди. Эр ҳам.
Эрининг индамаслиги, дардини ичига ютиб юравериши эса баттар бағрини эзарди. Қани энди, эр-хотин ўтириб ҳасратлашишса, аёл тўйгунча йиғлаб олса. Нима қипти шундай бўлса? Ахир, иккисининг ҳам юраги зардобга тўлган-ку, иложсиз-ку иккисиям. Кейин ҳеч нима кўрмагандай бир-бирига қараб кулиб ўтиришса. Ана, дунёнинг ярим одами бефарзанд ўтиб кетяпти. Бундай куюнмайдиям. Лекин бу гаплар жуда бегонада бу ўзбек деганига…
Эри аёлига қанчалиқ вафодор, қанчалар меҳрибон-а? Бирон марта “болам йўқ” деб нолимади. Аёлни кесатиб ёки ҳақорат қилиб, хўрлагани йўқ. Фарзандсиз ҳам шунча йилдан бери тотув яшашяпти. Агар унинг ўрнида бошқа бир номард бўлганида…
Аёл шуларни ўйлар экан, қатъий қарорга келди. Ҳаммасига нуқта қўяди. Эрининг ҳам бошқа аёлга уйланиб фарзандли бўлишга ҳаққи бор. Ахир, умри шундай ўтиб кетавермайди-ку. Агар эрига қўйиб берса, аёлини ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Шунинг учун…
Аввалига аёл буни айтолмай анча ўйланиб юрди.
– Тинчликми, нега паришонхотир бўлиб ўтирибсан? – дея кечқурун гап бошлаб қолди эр.
Барча гапни айтишнинг айни пайти келганини сезган аёл мақсадга кўчди:
– Сиз билан ортиқ яшолмайман! Илтимос, менинг жавобимни беринг ёки… – аёл шундай деркан бўғинлари бўшашиб, тутилиб қолди. Кўзларини дастурхон четига тикди. Нималар деяпти ўзи?
Аслида эса… ундан ажралишни умуман истамайди-ку. Лекин қачонлардир, кимдир бу ҳукмни ўқиши мумкин, мумкин эмас, аниқ. Шундай экан… аёл бунинг узоққа чўзилишини хоҳламади. Хўжайни балки бошқа аёл билан турмуш қурганида бахтли бўлар? Балки, ҳалиям кеч эмас…
Шунинг учун ҳам аёл ўзи истамаса-да, гўёки ўзини енгди. Эр худди унинг гапларини эшитмаётгандай, қимир этмади.
– Гапиринг, нима дейсиз, мен кетаман ёки сиз кетинг, бахтингизни синаб кўринг сиз ҳам… – деб юборди аёл бўғзигача бостириб келган йиғини тўхтатишга тиришиб.
– Ҳозир анча толиққансан. Асабларинг ҳам ўйнаб турибди. Шунга…
Эрнинг гапи чала қолди.
– Нима, телбасан демоқчимисиз? Ҳа, шундай. Мен телбаман! Шунинг учун кетинг! Ҳозироқ! Мен кунимни кўриб тураман, бирор маънили фикрга келсам, сўнг қишлоққа қайтаман. Сазойи бўлган мўлтонидай бўп…калит ўз жойида бўлади.
Эр яна индамади. Хотин унинг чиндан ҳам кетиб қолишига кўнглининг туб-тубидан ишонмас, аммо бу ҳис айни дамда бўй кўрсатмас ҳам эди.
– Сизга турмушга чиққан мен аҳмоқ… – деди аёл охири.
Бу чиндан ҳам аҳмоқнинг гапи эди. Эрнинг ранги ўзгариб кетди. Аммо ҳеч нима демади. Бир зум таёқдек жим қолди ва ўрнидан турди-ю, индамай чиқди-кетди.
У қайтмади.
* * *
Изиллаб йиғлаётган аёл юзини ёстиққа босди. У ўзича тўғри иш қилганди. Эри балки энди бахтини топар… бахтини топгандир ҳам. Бўлмаса, бундай, сувга тушган тошдай йўқоладими бус-бутун одам ҳам.
Эри кетганига қирқ кун бўлган эди.
Аёл бир нуқтага тикилганча жим қолди. Кутилмаганда телефон жиринглади. “Ким экан… Наҳотки…” Аёл талмовсираб бир зум жим турди, гўё телефон овози хаёлида — истагида садо бераётгандек эди. Аппарат яна жиринглади, унинг бу галги товуши худди бировнинг зорланганидай бўлиб туюлди унга. Ким бўларди, ахир? Аёлнинг юзига бир ғаройиб ҳиссиёт ёйилди: ким ҳам бўларди шу маҳалда. Телефонга шошди.
– Ало…
Жимлик. Аёлнинг юраги гупуриб кетди.
– Ким бу, гапиринг… – деди яна аёл.
– Бу мен… – ниҳоят жавоб келди.
Жувоннинг юзи қизарди, бошида турган оғриқ таққа тўхтади. У ўзини енгил ҳис қилди. Унинг юраги алдамаганди, қўнғироқ қилган эри эди.
– Байрамни яхши кутиб олдингми? Ўша куни эрталаб командировкага жўнаб кетишим керак эди. Бугун охирги кун. Эртага уйга қайтаман. Ўшанда бироз қизишиб кетдим, шекилли… — эркакнинг сўнгги жумласида хотини ҳам кутаётганига тўлиқ ишонч ва бироз завқ бор эди, у яна қўшимча қилди. — Сени соғиндим…
– Мен ҳам… – базўргина пичирлади аёл. – Сизсиз яшаш азоб экан…
Айни дамда уларнинг ҳар иккиси ҳам бениҳоя шодон ва бошқа бировлар туйиши, тушуниши қийин бўлган бир кўнгил ганжига етишган эдиларки, бошларида бошқа бирор савдоси ёки кичик ташвиши ҳам йўқ эди гўё. Ўтган қирқ кун уларнинг умрининг бутун бир, алоҳида даври бўлган эди асли.