Ҳовли.
Ошхона.
Тандир…
Қуёш ҳовлига кираверишдаги йўлакчанинг ўнг ва сўл томонларига бир чизиқ қилиб экилган райҳонларни, томорқада кўкараётган сабзи, бодринг ва бошқа қатор экинларни, охурида суви тугаб қолганидан ба-балаб ишора бераётган қўй-қўзилар қамалган оғилхонадан тортиб, жамики атроф-оламни аямай қиздирарди.
Она шу атрофда куймаланиб юрарди. Унинг бақувват билакли кўллари меҳнатда қаварган, яноқлари ёз офтобида тобланиб куйган, тупроқ, чанг ва ариқ сувидан бошқасини кўрмайдиган товонларида тилим-тилим ёриқлар бор эди. Унинг юзи хорғин ва ташвишли кўринарди.
Кўча эшиги очилиб, читдан одмигина тикилган жажжи кўйлак-лозимни эгнига илиб олган Зумрад охшона томон югурди. Ҳойнаҳой, онаси шу ерда бўлиши тайинлиги унга яхши аён.
– Ойи, акам билан опам ҳалиям мактабдан қайтмадими? – сўради қизча бетоқатлик билан. Унинг ҳар нафасида томоғидан ғиқ-ғиқ этган товуш эшитиларди.
– Вой, болам-ей, ҳиққилашинг ўтиб кетмаяпти-ку! Энди нима қилсам экан?! – деди она ёнига келиб чўккалаган қизининг пешонасидан ўпиб. Аёлнинг юзидаги хавотир яна бир ҳиссага ошгандек эди.
Қизалоқ ўрнидан туриб, қизил гулли рўмол остидан чиқиб турган онасининг ўрама сочларини қўли билан таради. Гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга ташлаб кўрди.
Аёл эса катта ёзилган сурпа устида нон ясарди. Болалари мактабдан, хўжайини ишдан тушликка келишгунига қадар иссиқ нон тайёрлаш ҳаракатида эди. Ҳали беш ёшга тўлмаган кенжатойи эса кун-у тун онасининг изидан қолмасди.
– Бир, икки, уч, беш… – қизча нонларни санашга уринаркан сўради: – Ойййи, кулча ҳам ясайсизми?
Болакай гапириши билан яна томоғида бир нарса ғилт-ғилт ўйнар, бунга сайин бўйин томирлари бўртиб-бўртиб чиқарди.
– Вой, Худойим-ей! – она қаттиқ ташвишланганидан кўзида йилт-йилт ёш кўринар, овози, қўллари қалтирарди. – Ахир табиб тезда ўтиб кетади, деганди… Ишонган дўхтиримиз ҳам ёрдам беролмади… Энди кимга югурсам экан!… Шўрим қурсин-а! – пичирлади у синиқ, қалтироқ овозда.
Унинг хамирга юмалоқ шакл бераётган қавариқ кўллари дир-дир титрарди. Рўмол соясидан бўлак дунёни кўрмаган пешонасида реза-реза терлар ялтирарди. Ахир уч кундан бери ҳаловати йўқ. Уч кундирки, қизининг бошида кечаларни бедор ўтказади. Уч кун… Аммо бу синов унинг назарида, уч ҳафта, уч ой, балки уч йил, балки уч асрдек туюлаётганди. Вақт ўта секин, жуда оҳиста одимларди.
Бу йил ҳовлидаги олма дарахти шоҳларига маржондек тизиб мева солди. Энди ранг ола бошлаган мевалар ҳали пишиб-етилмасдан кўни-қўшниларнинг болаларига ем бўлди. Олма ҳали хом, ҳам қаттиқ. Уй бекаси ҳарчанд болаларнинг соғлигидан хавотирланса-да, кўшниларнинг “қизғанибди” деган нотўғри ўйларидан истиҳола қилиб, уларга индамасди. Бир неча кун аввал ака-опалари билан хом олма еб, сакраб ўйнаётган Зумраднинг томоғида мева бўлаги туриб қолди. Ўтиб кетсин деб, сув ичиришди, нон едиришди. Фойдаси бўлмади. Ҳар нафас олганида қилт-қилт этган товуш эшитилади. Эртаси кун қишлоқ шифокорига, индинига табибга югуришди. Ҳеч қандай ёрдам бера олишмади.
Эҳ, онани яратмасин экан! Шу қисқа муддат ичида аёлнинг юзидаги ажинлар сони ортгандек, улар янада чуқурлашгандек кўзга ташланиб қолди. Ҳар бир фарзанднинг ўз ўрни, ўз қадри бор. Агар боласига бирор шикаст етгудек бўлса, она ҳаммадан кўп озор чекади. Минг бир тикан баданига қадалгандек, ҳам тани, ҳам руҳи зир титрайди. Онага осон тутманг… У ҳар бир дилбандини вояга етқизгунча оз-мунча синовларга дош бермайди, дейсиз! Афсуски, шундай фарзандлар борки, балоғатга етгач, ҳудди ўз-ўзидан униб-ўсгандек, онасига “мен учун нима қилиб қўйибсиз?!” дея даъво қилишади. Эҳ-ҳе… Волида-и муҳтараманинг жигарбанди учун кўрган-кечирганларини санаб-саноғига етиш мумкинми, ахир?!
* * *
Аёл нонни ясаб, устига енгил дастурхонни ташлади. Сурпани ичидаги унни қоқиб-қоқиб ўртага йиғиб, тахлаб тортмага жойлади. Қизи эса аллақачон кўзи илиниб, кўрпача устида уйқуга кетганди. “Ҳайрият, болам бечора ҳеч бўлмаса, уйқусида енгил нафас ютаяпти. Оллоҳим, ўзинг мушкулимни осон қил!” – дея ёлворди она кўзларини чирт юмиб, нималарнидир ичида такор-такрор қайтариб.
Жувон ясалган нонлар бироз кўтарилгунига қадар овқатга уннади. Аввалроқ тайёрлаб қўйган масаллиқларни ўчоқ қозонда жиз-биз қилиб, сўнгра сув қуйди. Помидор оралатиб экилган яшил ловиялардан териб келиб, пўстлоғидан ажратди. Иккита челакка сув тўлдириб, қўйхона тарафга отланди. Узоқдан эгасини таниган қўй-қўзилар янада овозини баландлатиб баради.
– Ҳозир, ҳозир жониволар… бораяман, бироз сабр қилинглар! – деди оғир юкни кўтаган аёл инқиллаб.
У оғилхона эшигини очиши биланоқ, бетоқат жониворлар унинг қўлидаги челакка интила бошлади. Бир амаллаб “чув-чувлаб” ўтиб, катта идишга сувни бўшатди. Қўйлар охурга бошини тиқиб, сувни симира кетди.
– Кун иссиқ, ичинглар жониворлар! Мен унгача яна сув келтираман, – дея шу кўйи икки-уч қатнади.
Сўнгра қўйхона эшигини маҳкамлаб ёпиб, челакларни ёнғоқ дарахти шохига илди. Бир боғ катта ўтин ғарамини қўлтиқлаб, ортга қайтди. Шу орада тандирга ўт қўйиб, овқатга ловия ва мошни чайиб солди.
Тандир аввал қоп-қора тусга кирди, кейин оқариб ёнишдан тўхтади. Жувон кесов билан қип-қизил чўғларни ўртага уйиб, нонни вақтидан олдин қизаришдан сақлаш мақсадида устига тунука тўсиқ ташлади.
Саватни олиб ошхонага кирганида, қизи мириқиб, тинч ухларди. “Нафас олиши бир маромда… Ишқилиб, уйғонганида ҳаммаси ўтиб кетган бўлсин-да!” – бека шуларни ҳаёлидан ўтказиш асносида саватга аввал нонларни, устидан кулчани терди. Гўё жажжи фариштадек ширингина ухлаётган қизининг пешонасидан оҳиста ўпиб, тандирхонага шошилди.
Ҳавонинг иссиғидан нафас олишгада мушкул паллада она жизиллаган тандир олдида куймаланарди. Унинг чўғ тафтидан куйган бўйин атрофлари, лўппидай яноқлари қизғиш тус олганди.
Бироз ўтиб, қизиб турган тунукаларни ушлагичлари ёрдамида еҳтиёткорлик билан тандир ичидан олиб ташлади. Она меҳри, муҳаббати қўшиб ёпилган нонлардан ҳовли бўйлаб хушбўй ис таралди. Уларни узиб олишдан аввал, юзларига сув сепалаганди ҳамки, гўё лола чеҳрали дуркун қизлардекнонларнинг ранги очилиб, ялтираб кетди.
Энг охирида кулчалар узилди ва бари саватга жойланди. Жувон уларни ўрик дарахти соясидаги супага келтириб қўйди. Нон ёпиш асносида таомни ҳам тайёрлаб бўлганди. Она ушбу юмушларни бажариш мобайнида тинмай ичида қизалоғига соғлик тилаб, Тангридан илтижо қиларди.Чин қалбидан, юрак-юрагидан ўтиниб сўрарди она…
– Қизим, турақол! Кулчанг аллақачон пишган, – деди у ховли тарафдан туриб. – Қорнинг ҳам очгандир?!
Нон иси димоғини қитиқлаётган Зумрад дарров уйғонди. Қуёшда туриб илиб қолган офтобадаги сувга юз-қўлини чайиб, сўрига чиқди. Унинг ҳиққилоғи ҳануз ўтиб кетмаганидан онанинг юраги эзилди. Қизча эса шошиб –пишиб саватдаги ўзи учун аталган кулчага кўл узатди.
– Эҳтиёт бўл, Зумрад! Ҳали иссиқ. Тағин қўлинг куйиб қолмасин! Сариёғ суриб берайми?
Зумрад ҳиққиллаганча бош ирғади. Қорни очганидан кулчани иккига бўлиб, ютоқиб-ютоқиб ея бошлади. Энди не қилишини билмай, она ўйга чўмганди.
– Ойи, мактабга бориб келай, хўпми? – деди қорни тўйган бола кутилмаганда.
– Нега? – сўради жувон қизининг дабдурустдан қилинган қароридан ҳайратланиб.
– Акамнинг, опамнинг ҳам қорни очиб кетгандир. Уларнинг кулчасини олиб бориб бераман – деди Зумрад қийналиб. У гапирган сайин тобора ҳиқиллоғи зўрайиб борарди.
Бундан онанинг баттар кўнгли бузилди. Бу бало ўлгур қайдан тамоғидан ўтиб кета қолмади! Нима қилса экан энди?! Кимдан нажот сўраб борсин?! Ким унга ёрдам бера оларкин?! Ким ахир?! Саволлардан боши тарс ёрилаёзган она жигарларинининг ғамини чекаётган қизалоғига сўз қотди.
– Ўзим ўргилай сендан! Мактабдан қайтадиган вақт бўлиб қолди. Ҳали замон келиб қолишади ўзлари. – деди сўридан пастга тушиб шиппагини оёғига илар экан. Қизи ҳануз ҳиқиллаб, дастурхон учини ўйнаб ўтирарди. – Зумрад, кел бағримга, қўзичоғим ўзимни! – дея она қучоғини кенг очди. Иложсизликдан кўзларидан шашқатор ёшлар юмаларди.
Тўрда ўтирган Зумрад югуриб келиб, ўзини онасининг бағрига отган эди ҳамки, бўғзидаги бало-и азим шилқ этиб оғзидан отилиб чиқди. Боланинг нафас олиши ҳам аввалгидай бир маромга тушди. Нелар бўлганини англаб-англамай қолган она қувончдан унинг юз-кўзларидан ўпганча қаттиқ бағрига босиб, юм-юм йиғларди. Лаблари эса тинмай шукроналик келтирарди…