Ёз жуда иссиқ келди. Дадамнинг тоғлик эски қадрдони бўларди, ўша кишининг ўғли сурувга қўшган жонлиқларидан хабар олгани икки кунга кетаётган экан, бизни ҳам йўл бошлаб тоққа таклиф қилибди.
Сафар тадоригини кўра бошладик. Озиқ-овқат ҳақида оғиз очгандим, опам малол олди:
— Сен тоғликларни билмайсан-да! Абдуллажон шаҳарликлар келишлари билан хабар беринг, меҳмон қиламан, деб ўтган йилдан бери йўлларингни пойлайди. Сен фақат иссиқ кийим ғамла, қолганини мезбонга қўйиб бер.
Эртаси куни тонг саҳарда опам набираси билан, биз эса оилавий йўлга ҳозир бўлдик. Ниҳоят, машина келди. Абдуллажон деганлари салобатли, тик қараб, шаҳдам сўзлайдиган чайир одам экан. Тоғ йўлларига мослашган “Жип” нусха машинасига ўтириб, йўлга равона бўлдик.
Икки-уч соатлар чамаси вақт ўтиб, тоғ этакларига туташган манзаралар намоён бўла бошлади. Кўп ўтмай азамат қоялар сафи тобора зичлашиб, бир-бирига суянган иккита тоғнинг қоқ ўртасидан ўтган йўлга кириб бордик. Ҳайратимиз ортгани сари болалар Абдуллажонни тинмай саволга тутишар, энди на нотекис йўлнинг машаққатини, на тиқилинчдаги ноқулайликларни сезардик. Боягина “вой-бўў, олову олов! Бугун нақ ёндиряпти-ку!”, дея очиб юборган ойналаримизни тақа-тақ ёпдик. Вақт пешиндан оғган паллада, ниҳоят, Абдуллажон манзилга яқинлашиб қолганимизни айтди.
Уч томондан баланд тоғлар қуршаган жойда, сой шовуллаб турган яйловда кичиккина уйча кўринди. Унинг атрофидаги кенг майдон мол-қўй кирмаслиги учун бел бўйи ҳарсанг тошлар билан ўралган, уч чақиримча масофани ичига олган бу қўрғон ҳайбатли гўшада чорсидеккина туюларди. Ёшлар машинадан тушибоқ ўтлоқ бўйлаб югуриб, ўзларини шовуллаб оқаётган сой томонга урдилар. Шивалаб ёмғир ёғар, юзимизга урилаётган муздек томчилар баттар завқимизни қўзғарди. Шу пайт… “Қор!” деб ҳайқириб юборди кимдир. Ҳаммамиз осмонга қарадик. Дарҳақиқат, майда томчилар кўз ўнгимизда қор зарраларига айлана бошлади. Худди эртакка тушиб қолгандек, кафтларимни ҳавога ёздим. Чинданам, қор!!! Ёз чилласида-я! Боягина бизни жазирама қозонида куйдириб-пишираётган дунё шумиди?
Бунақа мўъжизаларнинг саноғи йўқ эди. Қор бир зумда тиниб, қуёш чарақлаб кетди. Булутлар тоққа тўш уриб қоқ иккига бўлинар, эринчоқлари бир зум қояларни бағирлаб, шу ернинг ўзида қўним топарди. Бир тоғнинг бағри қизимтил, тарам-тарам жилғалари ялтираб кўринади, бирисида эса кўм-кўк қуюқ арчазор.
Оқшом чўкди. Кўкда юлдузлар шунчалар кўп эдики, ой ўзига жой тополмай, чўққилар ортидан ҳар замон мўралаб қўяди. Юлдузли тунда сойнинг шовуллашига қулоқ тутганча бу пурвиқор манзараларга термилиб, худди ҳозиргина дунёга келгандек сезаркансан ўзингни…
Биринчи куни йўл чарчоғи ғолиб келиб, тезда ухлаб қолдик.
Тонг отди. Қуёш аллақачон уйғонган, бироқ тоғлар оша бизга кўриниш бера олмай ҳалак. Сой сувидан юз-қўлларимиз қақшаб, совқотди. Туни билан чўғи ўчмаган танчанинг тафти жонимизга аро кирди. Ичкарида биқиниб ўтирганимиз маҳал ғала-ғовур эшитилди, деразадан қарасак, бу ердаги ягона қўшни — Абдулазиз чўпон ўғли билан келиб, Абдуллажонга қўй сўйишда ёрдам бераяпти. Хижолат чека бошладим — тузукроқ танимаган одаминг шунчалик манзират кўрсатса ноқулай бўларкан. Кўнгли кенглигини-чи буларнинг…
Тушгача арчазор кездик, кейин сой бўйлаб сайр қилдик, қияликдан митти ва ранго-ранг тоғ гулларини тердик — эсдаликка, гербарий қилиш учун. Ҳали-бери уйчага қайтмоқчи эмасдик, лекин ҳаво бирдан айниб, кечаги тунд авзойини намоён қилди. “Ҳар куни бир марта ёғингарчилик бўлади, тоғнинг одати бу”, дейишгани рост экан — панага зўрға ўтдик ҳам, ёмғир бирдан қуя бошлади. Сал ўтмай майдароқ, кейин йирик дўл доналари майсазорга маржондек тўкила бошлади. Ажабо! Тоғ ортидаги ҳаёт қарийб 40 даража ҳароратда қовурилаётган бир пайтда биз айвонда қунишганча дўлни томоша қилардик!
Бу жараён қандай тез бошланган бўлса, шунчалик тез тугади. Аммо ҳаво анча совиб қолганди, бир муддат ичкарида суҳбатлашиб ўтиришга келишдик. Ҳайратларимиз чегара билмас, болалар гал бермай чуғурлашар, мезбон адоғсиз саволларга завқ билан жавоб берарди.
— Бу кўрганларингиз ҳали ҳолваси! — деди Абдуллажон, бизни янада қизиқтириб. — Чўққида қўтослар ўтлаб юрибди. Агар от минишни билганларингда, ҳўв ўша тик қояга олиб чиқардим. У ерда жуда кўп жониворлар бор: тулки, бўри, олмахон, қобон, суғур, эҳ-ҳе…
— Борсак, кўрармидик?
— Дарров эмас-ку, пойлаб турсангиз кўрасиз. Овни ҳам асосан ўша қояда қиладилар.
— Сиз ҳам ов қиласизми?
— Илгари қилардим, ҳаваскор эдим. Энди ташладим.
— Нимага?
Қизимга ҳадеб савол беравериш яхши эмаслигини англатиш учун норози қараб қўйдим. Лекин на у, на Абдуллажон бунга эътибор бердилар.
— Охирги марта суғур овлагандим. Нақ пешанасидан отибман. Ўшанда учинчи синфда ўқийдиган қизим Сайқални ҳам олиб келгандим тоққа. Бир мақтангим келиб суғурни кўрсатувдим, узоқ қараб турди-да:
— Дада, сиз ёмон одаммисиз? — деб қолса бўладими!
Нега, деб сўрасам, “Устозимиз мана бунақа ҳайвонларнинг суратини кўрсатиб, шундай чиройли жониворларни ёмон одамлар отиб, қириб ташлаяпти, дегандилар”, деди. Ғалати бўлиб кетдим. Биринчи марта ўлжамга қараб, ичим ачишди. Шу-шу милтиққа қўлим бормай қўйган.
Ажаб… Абдуллажонга зимдан назар солдим. Келбати отни ҳуркитадиган, қарашлари ўткир, гаплари бутун. Шундай алп вужудда шикаста қалб борлигига ишонгиси келмайди кишининг.
Ярқ этиб чиққан қуёш нурлари деразадан ёғилиб, хонани ёритиб юборганида уйдан чиқиб, яна тоғлар бағрига сингиб кетдик. Мен сойнинг тоғ этагига ёндош жойида, улкан тош устида, кийикдек сакраб юқори кўтарилаётган қизалоқларни томоша қилганча ўтириб қолдим. Чор тарафдан қуршаб турган маҳобатли тоғларга қараб ўйга толдим. Нақадар улкан, собит ва мангудир улар! Айни чоғда қалбим бу улкан абадият ҳиссини сиғдириш учун тобора кенгайиб бораётгандай эди. Гўё ҳаётимдаги шу икки кун мени янада улғайтирар, дилимга бепоёнлик бахш этарди. Шаҳардаги торгина уйим, ҳар куни бир хил йўл босиб борадиган мўъжаз ишхонам, аксарият моддий ва майда ташвишларим боис торайиб кетган ботиним чегаралари чилпарчин бўлар, тоғлар юрагимга бостириб кирарди гўё. Забардаст қоялар қаршисида ҳаёт ва абадият ҳақида ўй сурар эканман, бирдан ҳис-туйғуларимга ойдинлик инди — Абдуллажоннинг қўлидан қуролни тушириб юборган туйғу шикастадиллик эмас, олижаноблик бўлса, не ажаб! Менга азим тоғлар орасида киши руҳияти-да уларга тақлидона нимадир юксалиб боришини, тафаккур мезонлари бепоён кенгликларга туташиб кетишини англатар эди.
Жўнгина ҳаётимизга эртакона лаҳзаларни бахш этган икки кун поёнига етди. Кетиш керак… Истар-истамас, бу жаннатмонанд гўшани кўзимиз қиймай тараддудландик. Шунда ҳам, юкларни жойлай туриб, меҳмонлардан биттаси бир оз нолиган бўлди:
— Алоқа йўқлиги чатоқ экан-да. Икки кун ҳеч ким билан хабарлашмадик. Чўққиларнинг биттасига антенна ўрнатилса бўлмасмикан-а?
Абдулазиз ака жилмайганча бош чайқади:
— Бўлмайди. Унақада одам босиб кетади-ю бу ерларни. Аввал антенна ўрнатишади, кейин уй қуриб, электр олиб келишади. Ана ундан кейин арчаларни кесиб ёқишади, жониворларни қиришади, сувга тўкинди ташлашади… Бу ерларни одамлардан қизғоняпти деб ўйлама. Ахир, қаердадир табиат шундайлигича қолиши керак-ку?
Чўпон ҳақ эди. Атрофга назар солиб, икки кунлик ташрифимизнинг бир нечта оқибатларини кўрдим: супуринди, пўчоқлар, ҳар ёнда учиб юрган елим халтачалар… Атига икки кунгина яшаб, бизга бошпана берган хилқатнинг пок бағрини булғашга улгурибмиз. Бу гўшага онда-сонда, йилда бир-икки мартагина меҳмон келади, дейишганди. Шуниси маъқул экан… Табиатнинг дахл қилинмаган пучмоқлари бўлиши, кўпроқ -бўлиши керак!
Йўлга тушдик. Қиялаб бораётиб арчазорга жуда яқин келган эканмиз, кимдир шодон қичқириб юборди:
— Қаранглар, олмахон!
— Қани?
— Ана, ана!
— Йўқ, бу олмахон эмас!
Зангорлик бағрида бир-икки кўриниш берган чапдаст жониворнинг асли нималигини англаёлмадилар. Мен ич-ичимда бу ўша суғурнинг омон қолган боласи эканлигига ишонгим келар, энди унга қаратилган милтиқлар сони биттага бўлса ҳам камайгани ҳақида ўйлар эдим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 21-сон