Бизнинг 8-“А”дан биринчи бўлиб севги савдоси Аҳмад малланинг бошига тушганига орадан шунча йил ўтиб ҳам ишонгим келмайди. Сарғиш юзини мошдай-мошдай сепкил қоп¬лаган шумшук партадошимнинг туппа-тузук нозик кўнгли борлиги етти ухлаб тушимга кирмаганди. Лекин танаффус пайти ҳаммамиз тўпланиб турган даврада ошиқ бўлиб қолгани, айниқса, хат ёзмоқчилигини айтганида бирдан эътиборга тушиб қолгани бор гап. Энг қизиғи, бу нотавоннинг суюклиси “Б” синфдаги Раъно экан – демак ғаройиб саргузаштнинг ривожини узоққа бормай, шу атрофда кузатишимиз мумкин.
Дарслар тугаб, ишқий мактуб “ҳашар”ига нақ беш йигитча сафарбар бўлдик. Аҳмадларникида шароит йўқлигидан, Собирнинг бобоси ўтгандан кейин ҳувиллаб ётган ҳужрада йиғилдик. Бугун шунча бола бир бўлиб “дарс тайёрлаш”га келганимизни кўрган аяси шўрлик ўзида йўқ суюниб кетди: яхна чойларгача опкириб бериб, ўғлининг пешонасидан чўлпиллатиб ўпиб кетди.
Шундай қилиб, ишга киришдик. Аҳмадвой бирваракайига учта фандан тутган катак кўзли дафтарининг ўртасидан бир жуфт варақни суғуриб олди-да, хонтахта устига ёйиб, аълочимиз Машрабжонга юзланди:
— Сен ёзасан, хатинг чиройли.
— Майли, лекин нима дейишни айтиб турасанлар.
— Ташвиш қилма, буёғини қийворамиз! — деди Вали қитмир ўз-¬ўзидан ҳаволаниб. — Ёз. Севгилим Раъно! Тўхта! Ҳурматли севгилим Раъно…
Яқинимда ўтирган Аҳмаднинг “қулт” этиб ютунганини аниқ эшитдим. — Мен сизни… Менга қара, нечанчи синфдан бери яхши кўрасан ўзи?
— Ҳмм… Олтинчидан деб қўявер.
— Довдир, Раъно ўзи ўтган йили келди-ку мактабимизга!..
— Унда еттинчидан-да.
— Майли, “биринчи кўргандаёқ севиб қолганман”, деявер. Ўшанда қизиқ бўлади.
— Тағин-чи, сен ҳаммадан чиройлисан, десин…
Раънонинг ҳусни аслида жуда мақтагулик эмасди, бироқ бизнинг ошиқ девонага қиёслаганда гўзалларнинг гўзали, деса ҳам бўлаверади. Хуллас, ҳаммадан бир чимдим бўлиб мактуб ҳам битди. Лекин малланинг яна бир ҳунари чиқиб қолдики, на кулишни биласан ва на…
— Эй, шошманглар, — деди ҳовлиқиб, — шундан яна битта кўчириб беринглар? Ҳар эҳтимолга қарши-да. Матлубага…
— Кимга?!
— Матлубага. Агар Раъно йўқ деса, унга бериб кўраман.
Анграйиб қолдик. Бу сермуҳаббат туллакнинг иши пишиқлигини қаранг! Ғўр ақлимиз билан севги мактубидан Матлубанинг номига ҳам нусха кўчирдик. Кейин кимдир акаси қизларга хат ёзганида атир сепишини айтиб қолди.
— Тўғри, қизларнинг таъби нозик бўлади, — дедим мен ҳам маъқуллаб. — Уйларингда атир борми?
— Ҳа, дадам соқол олгандан ке¬йин сепадиган адикалўн бор.
— Тез опке!
У бир муддатга ғойиб бўлиб, сўнг тиржайиб кириб келди ва кўйлаги ичидан “Шипр” деб ёзилган кўк шишани чиқарди.
— Буни суртсанг, сиёҳ шувалиб кетади-ку, — гап қотди аълочимиз.
— Тўхта, йўли бор! Ма, хатни ушлаб тур.
Вали атирни қўлига олиб қопқоғини чала очганча қийшайтирди-да, жонининг борича “пуф-ф-ф!” деганди, одеколон томчиси майда заррачаларга бўлиниб, тўғри бориб қоғознинг юзига қўнди. Шундай қойилмақом усул билан иккинчи номани ҳам хушбўйлаб қўйдик. “Анқиб” турган шу ифор айни дамда бошимизни айлантиргудек ёқимли эди…
Энди буни Раънога қандай етказиш режасини туза-туза, тарқалдик. Ахир қизнинг отаси кимсан Жўра жонталаш, ушлаган жойини узиб оладиган одам. Аксига олиб, мактабдан пахта чопиғига жавоб берворишган – хатни сумкага солиб қўйишдек зўр имкониятдан мосувомиз.
Вали иккаламиз Аҳмадга шерик бўлиб, “Б” синф ишлаётган қартага ҳар куни тушлик пайти велосипедда қатнадик, лекин бу қиз тушмагурлар майда ўрим сочдек бир-биридан ажралишмади. Учинчи куни кечқурун юрак ютиб уйларига борадиган бўлдик. Аммо қишлоқ жойда қоронғида қизи бор уй ёнига бордингми — балога қолдинг!
Қўрққанимиз бўлди — Жўра тоға дарвоза ёнида пойлаб ўтирганимизни кўриб қолдию урра солиб қува кетди. На у сўради сабабини, на биз оқланишга уриндик. Яхшиям дала яқин. Зовур бўйлаб ўлгудай югуряпмиз-у, орқамизга тарс-турс кесак уриляпти. Ҳар калтак еганда: “Вой доод!”, “Яхши кўрмай ўл, малла!..” — деб ёзғириб қўйишни канда қилмасдик.
Алқисса, жонталаш чарчаб тўхтагунча жонимиз ҳалқумга келди. Бу биз — юрагида севги аталмиш тотли туйғу эндигина ниш ураётган, сирли олам оҳанрабосидан сармаст йигитчалар учун биринчи сабоқ эди. Зимис¬тон далада тупроққа тиззалаб ўтирганча ҳансираётган учовлоннинг анчагача сўзлашга ҳолимиз бўлмади. Сукунатни Валининг дўрилдоқ овози бузди:
— Ҳой мубтало, бўлди, қизлар мактабга қайтгунча кутасан! Бунақада анўв қайнатанг сенга қўшиб бизниям пачақ қилади.
— Жонталаш деганларича бор экан. Аҳмад, ўзи бу даданг югурдими ё кесак тердими?
Кулгининг портлаган товушидан тут шохларида мизғиб ўтирган қушлар бир потирлаб, тинчиди. Тебраниб-тебраниб кулдик, Аҳмад эса ҳар замон кўйлагининг кўкрак чўнтагини авайлаб пайпаслаб қўяр, назаримда, хатни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқарди.
Биз кейин ҳам кўпдан-кўп хушбўй мактублар ёздик. Қанчаси рад этилди, яна қанчаси, эҳтимол, ҳали-ҳануз синфдош қизлар сандиғида рўмолчага ўраб сақланаётгандир…
“ЎзАС”дан олинди.