Гулчеҳра Асронова. Тонг ёғдуси (ҳикоя)

Шаҳарчамизда шов-шувга сабаб бўлган фотокўргазмага ошиқиб етиб бордим: газетага хабар ёзишим керак эди, бироқ Исломжон деган ҳаваскор сураткашнинг мўъжазгина тўпламига маҳлиё бўлиб, мақола ёзиш учун маълумотлар олишни ҳам унутдим.
“Тонг” деб номланган коллажга жамланган суратлар баайни мўъжиза! Оқараётган тонглар битта ракурс – бир нуқтадан суратга олинган, лекин ҳайратланарли манзаралар! Ўндан ортиқ тасвир ва шунча бетакрор субҳидам. Адирнинг икки ўркачи оша оламга аста бўйлаётган офтоб жамоли дам ярим очиқ, дам ерда тик турган олтин тангадек товланади…
Суратларга узоқ тикилиб, биттасида муаллақ турган уч-тўртта шаффоф томчини пайқаб қолдим. Қизиқ, ойнадаги ёмғир томчисими бу? Яхшилаб разм солсам, айримларида дераза рахининг чети, яна бирида эса ойнадаги чироқ акси кўзга ташланди. Ажабо, демак… уларнинг барчаси уй ичидан, дераза ёнидан суратга олинган экан-да? Чапда турган уч-тўрт новда ҳам эътиборимни тортди. У бир лавҳада куртак­лари бўртиб, бошқасида япроқлари сарға­йиб турар, гўё фасллар шу ердан бошланиб, шу ерда интиҳо топгандай ҳар тус ва тараддудда намоён эди.
Нега муаллиф фақат бир жойда, уй ичида туриб ишлабди? Шафақнинг бундай рўйларини илғаш ва “тутиб қолиш”гача неча фасл алмашди экан? Ё Исломжонни топиб, ҳаммасини ўзидан сўрасаммикан?
Кўргазма ташкилотчилардан бирини топиб, Исломжон ҳақида сўрадим ва… устимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди.
– “Тонг”ми? Бу тўшакка михланган йигит олган суратлар. Электрон почтадан олганмиз, телефон рақами бор. Агар зарур бўлса…
…Исломжоннинг уйига торгина йўлакдан борилар экан. Мен кенг, мўл ҳовлида турса керак, деб ўйлагандим. Бу ҳовли маҳалланинг четида бўлиб, пастаккина, саранжом-саришта экан. Мени унинг онаси – истараси иссиқ, серҳаракат жувон кутиб олди. Исми Моҳларой экан. “Қўнғироқ қилганингиздан бери бетоқат бўлиб кутяпти”, дея даҳлиздан ўтиб, ичкарига бошлади у.
Пастга оҳорли якандозлар чорбурчак қилиб солинган, тўрдаги диванда ўн икки-ўн уч ёшлар чамасидаги рангпар, лекин тим қора кўзларида ҳаёт меҳвари порлаб, бутун қиёфасида аллақандай теранлик барқ уриб турган ўсмир қават-қават ёстиққа суяниб ўтирарди. Унинг саломига алик ола туриб: “Мен сизни катта киши деб тасаввур қилгандим, қойил, Исломжон!” дея яқинлашиб, қўл узатдим.
Бола негадир қимир этмади. Ранги хиёл ўзгардию нигоҳини олиб қочди. Шунда Моҳларой чаққонлик билан ўғлининг кўрпача устидаги бемажол қўлини ушлаб мен томонга узатди. Юрагим бир қалқдию ўзимни ҳамон мамнундек тутиб ўсмирнинг нозик қўлини кафтларим орасига олдим.
– Яшанг, ўғлим, зўр суратлар олибсиз, – дедим ўриннинг оёқ томонига омонат ўтириб. – Мана, атайлаб шаҳардан келдим. Сиз ҳақингизда ёзмоқчиман.
– Газетагами?
Боланинг кўзига бояги жилвалар қайтди.
– Ҳа, эҳтимол, китобга.
– Зўр-ку! Суратлар сизга ёқдими? Унда менмас, онам ҳақида ёзинг. Ахир, мен суратга ололмайман.
– Тўғри, суратга мен олганман, – дея гапни илиб кетди Моҳларой. – Лекин манзараларни у танлаган. Ҳар саҳар қуёш чиқишини суратга олинг, деб чақираверади.
Секин-аста гапимиз қовушиб, суҳбат қизиди.
Исломжоннинг битта укаси бор, отаси вафот этган экан.
Моҳларой зийраклик билан муддаога ўтди.
– Бир куни эрта тонгда, укасини мактабга жўнатаётган пайтим мени чақириб қолди. Хавотирланиб кирсам, деразадан ташқарига ҳайратланиб боқиб турибди. “Ая, қаранг, қуёш булутни тешиб ўтяпти!” деди. Ростданам, қуюқ булутларни тилимлаб ўтган оқ нурли биллур устунлар ерга туташиб турибди. “Ажойиб-а? Расмга туширинг?” – деди сўнг. Телефонда суратга олиб қўйдим. Кейин хотиржам ўтириб кўрсак, жуда бошқача чиқибди. Шу-шу кўнглимизга чўғ тушди. Ҳар сафар Исломжон тонг отишини кузатиб, ғаройиб манзаралар топиб, мени чорлайди. Ҳар доим мана шу ердан суратга туширамиз.
– Майлими, мен ҳам…
– Албатта, – дея Моҳларой ўзини четга олди ва мен Исломжоннинг бош тарафига ўтдим.
Ҳа, бу ўша ракурс!
Дераза рахи, новдалар, ҳу-ув адир ўркачлари…
Йўқ, бу мен ўйлагандай оддий бир кунжак эмас, беғуборлик, ҳаётсеварлик ва меҳр кесишган буюк нуқта эди. Унинг таъсир майдонига кириб қолгандек, адирлардан кўз узолмай қолдим…
– Ажойиб! Тор кўча, зич уйлар, анави тепалик – ҳаммасини четда қолдириб, кунчиқарнинг ўзинигина муҳрлабсизлар.
– Тўғриси, мундайроқ суратларимиз ҳам бир ғарам, сиз энг яхшиларини кўрдингиз.
Мен Исломжонга қарадим. Унинг кўзлари сувдай тиниқ ва тубсиз эди.
– Бу ердан адирлар жуда чиройли кўринар экан.
– Ҳа, айниқса, эрталаб, – деди Исломжон энтикиб. Олис-олисларга термулиб, сўнг ғурурланиб қўшиб қўйди: – Аям менга: “Сен бошқалар кўролмаган рангларни кўрасан”, дейди. Худо хоҳласа, тузалиб кетсам, аям билан энг баланд қирга чиқамиз. Ўшанда булутларни яқинроқдан кўраман. Зўр суратлар оламиз.
– Илоё, шундай бўлсин…
Боланинг орзусидан қалбим тўлқинланиб яна анча суратларни томоша қилдим, соҳира тонг товланишларини ҳис этдим. Унинг “Худо хоҳласа” деб бошланувчи мана шу тонглар сингари орзулари мўл, соф ва рангин эди. Исломжон мўъжизакор тонглардан бирида янги ҳаёт бошлашига ишонарди.
Унга оламнинг нақадар кенглиги ва ҳар зарраси Яратганнинг мўъжизаси эканлигини анг­латган онанинг кўз ёшларини истарали юзидаги синиқ табассум тийиб турарди. Она курашарди. Назаримда, унинг ич-ичида нимадир тўлиб борар, офтоб олган юзини ҳар замон силаб ўтаётган жолалар денгиздан томчи эди, холос.
Адашмабман, сал ўтмай у ўғлини гўдакни ётқизгандай осонгина ёнбошлатиб, “Томорқадаги боғимиз роса гуллаган, бир кўринг”, деган баҳона билан мени ташқарига бошлади.
Биз чорсидеккина мевазорнинг бир четидаги сўрига ўтирдик. Ҳавода ўрик гулининг сезилар-сезилмас ифори кезар, қушларнинг ёқимли чуғури бир тиниб, бир авж оларди. Олам шундай сокин, гулларга ғарқ бўлиб ётган бу ҳовлида ҳайрату шавқдан бўлак туйғуга ўрин йўқдек.
– Боғингиз бирам файзли экан!
– Ҳа, дадаси ўз қўли билан эккан кўчатлар бугун рўзғоримизни тебратяпти, шукр. Энди…
Моҳларой бир лаҳза тараддудланиб, жим қолди.
– Исломжоннинг дадаси… болаликда рассом бўлишни орзу қилган экан. Бу ҳақда кўп гапирарди. Бинойидек чизарди ҳам.
– Ростдан-а?
– Ҳа, аммо… сақланиб қолмаган. У ҳам отасиз ўсган, тўнғич фарзанд бўлгани учун мактабни битирар-битирмас тирикчилик ташвишига кўмилган. Рассомлик ҳақида ўйлашга фурсати бўлмаган. Лекин, биласизми, ҳар замон-ҳар замонда сурат чизиб турарди. Тонг пайтлари.
Моҳларой билан нигоҳларимиз тўқнашди.
– Ҳа, отаси ҳам тонгни яхши кўрарди. Худди ўша адирлар ортидан мўралаган қуёшнинг оламга янги ранглар сочганини ҳайратланиб сўзларди. Чизишдан тўхтамади, аммо кейинчалик нияти ўзгарди. “Энди Исломжон рассом бўлади!” дейдиган бўлди. Нуқул: “Исломжон рассом бўлади! Менинг орзуларимга ўғлим етади, ҳали кўрасан!” дерди Атак-чечак пайтидан унинг қўлига қалам тутқазиб, устидан ўзи ушлаб уфқни чизар эдилар. Улардан бахтли одам йўқ эди!
Укаси туғилган пайтлари Исломжон тўсатдан оғриб қолди. Ўшанда бошимиздан ўтган кунларни айтишга тилим бормайди… Хуллас, бир йил шифохонама-шифохона юрдик. Шол деб ташҳис қўйишди… Гўдаккинага!.. Аввал оёқлари, кейин эса қўллари ишламай қолди. Начора, осмон узоқ – ер қаттиқ, аста-аста тақдирга кўндик. Лекин отаси… Миттигина жонсиз қўлларни сийпалаб, туни билан йиғлаб чиқарди. Бир куни эса… барча чизган суратларини боққа олиб чиқиб ёқиб юборди. “Мана, ниҳоят орзуларимга ўт қўйдим!” деди. Йиғлайвердим, йиғлайвердим… Юраги ҳам ёниб адо бўлган экан ўшанда, кўпга бормади…
Аёл чуқур хўрсинди, елкалари бир кўтарилиб-тушди.
– Афсус… У дунёсини берсин. Исломжон ўшанда неча ёшда эди?
– Тўрт ёшда, дадасини элас-элас билади. Аллоҳнинг қудратига ҳайронлар қоламан, опа. Ота орзуси барибир қондан ўтган экан. Қўлларида жон бўлса-ку, балки…
Онанинг кўзларида яна ёш қалқдию тезда ўзини қўлга олди.
– Ноумид шайтон, Моҳларой. Болангиз ҳали ёш, тузалиб кетади.
– Ҳа, Худодан умидимиз бор. Кеча пойтахтдан келиб кўрган шифокор кўнглимни кўтариб кетди. Кейин, ўша кўргазма, мана сизнинг қадамингиз… ҳаммаси боламга куч беряпти. Ҳали газетда чиқса, қувончи бир жаҳон бўлади!..
Кетяпман.
Беихтиёр ортга ўгириламан – у ҳамон деразадан қараб турибди. Сездим, маъсум чеҳрасига ним табассум ёйилди. Ҳалиги таниш новдалар эса гўё тириклик тантанасидек тебранади. Улар ҳозир ям-яшил, гуриллаб ўсяпти.
Тош кўчадан катта йўлга чиқдим. Қуёш аллақачон тиккага келиб, адир устига тўпланган бир тўда оқ булут эса гўё улкан юрак шаклига эврилар эди…

“ЎзАС”дан олинди.