ХИЗР ЮРГАН ДАШТ…
Бундай барокатли дашт Амирлик ҳудудида танҳою ягона, десаям бўлаверади. Абдуллахон замонида Зарафшон суви қўл меҳнати билан Эски Анҳор канали орқали шу кенг даштнинг ярмидан кўпини сероб қилганида Бухородан Қарши орқали Самарқанд сари йўл олган карвонлар, бу даштнинг нақ киндигини кесиб ўтган йўл ёқаларида мевазор боғлар бисёрлиги учун уларга интилмасин, зиёни тегмасин, дея туялар оғзига тўрхалта тутиб ўтишгани оғиздан-оғизга ўтиб келади. Шимол томони Галатепа-Жом қишлоғи, кун чиқиш тарафи Кеш воҳаси, қибла тарафи Бухорога, оёқ-адоғини Қарши тарафга узатган бу даштга сув келтиришга бот-бот уринишлар кўп бўлган. Чашмиоб сой йўлига тошқалоқ банд қилдирган Араб қизи Жийдагули номи билан боғлиқ Араббанди селхонасига сув йиғилмай қолганидан бери ҳам беш-олти пушт одамлар ўтиб кетган…
Айни кўклам сой ёқаларида қўнғироқ бўлиб гуллайдиган, бойчечак тусли, аммо кўм-кўк сиёҳ ранг Эрбаҳоси Чўлика телпак гуллар ям-яшил майсалар устига сиёҳ тўкилгандай сочилиб ётади. Қизалоқлар уни териб олиб, бошига чамбарак ясайдилар. Унинг ғоят шифобахшлигини билган аёллар сояда қуритиб, ич оғриғига даво қиладилар. Эрбаҳоси бор жойда йигит ўлмас, дегани шундан қолган.
Боши Ургут тоғларига туташган, адоғи Жомда тўхтаган, Офтоб йўли тоғнинг адоқ тарафида худди шу тоққа монанд чўзилган, аммо ярмини бўйлайдиган Қорақия адирларида Бешчашма деган жилғали юртга, элсаройликларнинг қачон келганини ҳеч ким билмайди. Бу адирларнинг баҳори файзиёб. Ёз бўйи ҳам Бешчашмадаги зилол булоқлардан билакдай сув оқиб туради. Ҳамал тўлишган паллада сой ёқалари қип-қизил лолага тўлиб кетади. Лолабулоқ қишлоғи ҳам шу юртда…
Жанубдан қишлаб қайтаётган булбуллар бу даштни қўналға қилишмайди. Агар турналар қанотига қўниб қайтаётган бўлса ноилож. Чунки тождор турналарнинг қарийб юз суруви кўкламни шу даштда ўтказади. Жавзогача сабр қилган булбуллар ўз эгаллаган жойини мезбон тўрғайларга қолдириб, тоғ ораларидаги дарахтзор, бутазор юртларга йўл олади. У ёқда бола очгунча шундай сайроқи бўладики, боғ-роғлар кечаю кундуз қўшиққа тўлиб кетади. Бу ёқда Араббанди даштларида қишловга қоладиган тўрғайлар, “сўфитўрғай” деб аталмиш булбулдан бироз катта дашт тўрғайлари субҳи содиқдан чулдираб-чулдираб, мудроқ даштни уйғотиб юборади. Айни чошгоҳда даштнинг ҳар ер -ҳар ерида бир-икки арғамчи бўйи баландликда ҳавода муаллақ туриб қоладиган тўрғайни кўрсангиз, фақат ерда юришга маҳкумлигингиз, қуш бўлиб туғилмаганингиз ёдга келиб, ҳафсалангиз пир бўлади. Салкам икки қулоч қаноти бор чўл бургутлари ҳам баднафс эмас, сабру қаноатда ҳар қандай қанотли жонзотга сабоқ беради.
Аслида ўн беш даҳага бўлинадиган, баъзида саноғидан адашиб кетиб, сонсиз сарой, деган атамага ҳам эгалик қилган бу элнинг минг йиллик макони бўлган Бешчашмага Хизр бобонинг назари тушган. Бироқ адоқдаги даштда қудуқ қазувчилик ҳунари, новвой ёки қассобникидан кам эмас. Қудуқчилар қудуқ атрофидаги заранг ердан шундай ўхшатиб чим ўядики, гугурт қути каби терилганда, бири бошқасидан сира фарқ қилмайди.
Араббандининг шундоққина елкасидан ўтадиган Кеш ва Бухоро, Самарқанд карвон йўли ёқасида от бозори бор. Бу бозор йилнинг тўққиз ойида гўшангага кирган куёвнавкарлар олдига тортиладиган тўққиз товоқ каби ранг-баранг, назар-эътиборли бўлади. Отбозлик, чавандозлик элсаройликларнинг ота-бобосидан қолган. От йигитнинг – муроди, деган нақл балки шу элдан тарқаган бўлса ажаб эмас. Бу элнинг бойлари яхши насллик отни қаердан бўлса топиб келтиради. Эрону Афғон, Туркману Қирғиз йўрға отларини ҳам шу бозорда учратса бўлади. Элсаройликлар уруғига чатишиб кетган найманлар (улар ўзларини қара найман деб аташади), қаерда донғи чиққан от бўлса, ўғирлаб бўлса ҳам келтиришни эплайди. Қара найманлар ўзларидан чиққан чапдаст от ўғриларини йигитнинг зўри, каҳрамон сифатида эъзозлашади. Қадим қўнғиротларнинг Мавлеш деган тўфорида ҳам шундайларни учратса бўлади.
Бозор – эл кўрки. Эл ободлиги, ҳунармандлиги бозорда билинади. Араббанди бозорида тилло ёки кумуш безакли юган жиловни, дубулға дастали қамчин, узангию эгар-жабдуқни, тулпор отларни, бели биқинида тойчоғи тепиб турган сулув бияларни бир сафга тортилганча, қиблани кўзлаб турганини кўрганда, ишқибоз одамнинг боши айланиши турган гап. Айниқса, бешчашмалик усталар томонидан қуйма, терма пўстлоқдан елимлаб ясалган, аждар бошли, қуйма карсонли эгарларнинг ҳар қайсисига икки панжи қўчқорнинг пулини берсанг ҳам, пулинг ўзинг билан кетади. Эгарсозлик – қадимги касб. Бу ҳунар Бешчашмада қондан-қонга, отадан ўғилга ўтиб келади. Бу элда ёрма жабдуқ, ўрама-бабр ясовчи усталар, ёпиғ гиламча тўқийдиган аёллар, чарм пишириб, унга анор пўстидан ранг бериб, айил, пуштан, чавандоз этик ясайдиган ноёб ҳунарли усталар ҳам борки, уларнинг таъриф-тавсифи амирликка бориб етган.
Гавжум расталарда бошдан-оёқ от анжомлари бисёрлиги учун анча арзонга тушириб олса бўлади. Юрган йўлида урчуқ кўтариб, жун йигирадиган момолар терма, араби, ғажари, патгиламларни қотириб тўқийди. Эркак – оила бошлиғи, от-эшагига чиройли хуржун ташлаб, бозорга боради. Бозор деворига қатор қилиб илиб қўйилган хуржунлар кўзига бегона қўл яқинлашмайди. Кўкламги ёмғир икки-уч марта зиёдроқ тушгани учун арпа-буғдой ҳосили мўл бўлади. Камида икки-уч ой сомон шувоқли охур-хаммада дам олиб етилган буғдой донаси лой сувоқдан куч олиб мағзи тўлади. Ҳар бири ўн-ўн беш қопдан дон йиққан деҳқон кеч куздан қиш бошланиб, то ёз оёқлагунча от-эшак, туяларда ғалла ортиб унлатиб келгани, тоғ орасидаги серсув қишлоқларга тегирмонга боради. Тоғ орасида нуқра тангадай сочилиб кетган Лангар ота, Тарағай, Тутли қишлоқларида катта-кичик сув тегирмонлари кечаю кундуз ишлайди. Ҳар бир бешчашмалик учун бу қишлоқларга юмуш билан ёки беюмуш келиб-кетиш саёҳат ёки зиёрат каби хуш ёқади. Ҳар қайсисида айни кўклам пайти тўлиб тошадиган дарёю дарёчалар, унинг қирғоқлари, ҳатто ўртасида ҳам қиқирлаб-биқирлаб оқиб ётадиган бесаноқ чашмалар сероблигидан чети уч пахса девор билан ўралган токзорлар, ҳар ҳовлида кўм-кўк суви чайқалиб турадиган ҳовузлар, атрофи чинний райҳонлар ҳидини бир марта ҳидлаш, энг табаррук маскан Лангар Ота мачит-мадрасаси тупроғини “ялаш” ҳам кўпчилик ёшларнинг орзу-ҳаваси. Араббандининг катта бойларидан Жумағулбой ҳам ўша мадрасанинг тупроғини “ялаган”. Лангар Ота мадрасасида диний билимлар қатори, дунёвий билимлар, сўз санъати, нотиқлик санъати, фалсафадан ҳам сабоқ берилар, чинакамига илм қувганлар сабоқни Бухорода давом эттирар, баъзилар чекка қишлоқ овулларига имомлик, шариат илмини пишиқ ўзлаштирганлар эса қози калонлик қилиб кетарди.
Дунё яратилган куни Жумада таваллуд топган Жума ўғли, шевада Жумағулбой бир кун келиб минг қўйли машҳур бой бўлиши, унинг бир бошқа саховати билан бус-бутун тўфор бой эл, деб ном олишини, унинг шарофати билан неча қавму қариндош амирлик назарига тушгани, Бухоро ва Самарқандда таҳсил олгани, экин майдонлари кўз илғамас бўлиб кенгайиб кетишини қаердан билсин?
Ўшанда энди етти ёшга етиб, Наврўз куни бошланадиган хат-савод мактабига бораман, деб шайланиб турганда отажони тўсатдан бандалик қилиб, ўқиши ҳам аро йўлда қолиб кетди. Шу-шу унга мактаб насиб қилмади. Икки акасининг қўй-эчкиларини боқадиган беминнат чўпон бўлиб қолди. 11-12 ёшларда эди. Даштда қўй боқиб юриб, ғафлат босди-да, ухлаб қолди. Уйғонса, сурув бўлиниб кетган, изиллаб йиғлаб, роса қидирди. Йўқ. Оз эмас, салкам қирқ жонлиқ изи-туби билан йўқ. Қош қорайганда судраниб уйга борди. Бўлган воқеани оқизмай-томизмай акалари Яхшибой ва Қўйлибойларга етказди. Яхшибойнинг сарғишдан келган қизил юзи бирданига ловуллаб кетди:
– Сен бола қачон бўлсаям бизни хонавайрон қиласан. Аввал ҳам бир марта шундай қилгандинг. Тун бўйи от миниб қидириб, тонготарда топган эдик. Бу сафар нима қилдинг? Тайин, ўликдай қотиб ухлаб қолгансан!..
Ака, уканинг қўлидан чўпон таёғини тортиб олиб, хайрият, бошига эмас белига, оёқларига қарсиллатиб ура кетди.
Жумағул айбдор, миқ этмай бош эгиб турди…
– Уйгинанг куйгур, сен қурсоқ кенжатойни, бор жўғол, қаердан бўлса ҳам, осмоннинг устидан, жернинг остидан бўлса ҳам топиб кел! Қуруқ келсанг, ўлдираман!
Борлиқни зимистон ўз қаърига тортиб борарди. Қайдадир Ёсуман кампирнинг қаҳқаҳига ўхшатиб бойўғли қичқиради.
Бу пайтда шўрлик эна ҳам уйдан чиқиб бўлган, кори-ҳолдан огоҳ бўлиб, оёқ-қўли қалтираб, тили калимага келмай Жумағул қошига етган, ҳадеб жаврарди.
– Жоман тиймадими, болам, ҳаҳ қўллари синсина, Яхшибой бўлмай Жомонбой бўлдинг-а,болам! Мол топилади, одам топилмайди. Жур болам, иккимиз қидирамиз. Жаратган эгамдан жилаб сўраймиз. Барибир топамиз, топмай қўймаймиз, Худойимнинг ўзи жўлимизни жоритиб туради.
Болакай энаси пинжида анча дадилланди. Бирданига юзини қиблага қаратиб, илк бора дуога қўл очди:
– Э бор Худоё, мениям, энамниям ноумид қилма! Йўғимизни бор қилгин. Ўзингдан сўрайман, Эгам!
Муштипар эна ҳам бу дуога қўшилди.
Эна-бола шошилганча қоронғулик қаърига сингиб кетдилар.
Эна олдинда илдам борарди. Ўғил кейинда, чор тарафга аланглаб энага базўр етиб боради. Мол қидирганда тусмол-таваккал қилиб қидириб бўлмайди. Мўлжал билан, сурувни тушликда ётқизган жойга етиб, кейин ўриш томон кетиш керак. Улар эски қўтонтепага етиб келганда, кун ботиш тараф, осмон гумбазининг бир четидан кемтиккина бўлиб ой чикди. Узоқ-яқин ёришиб кўрина бошлади. Тоғ тарафдаги сув ювиб кетган арна сойлар ичи, билтанглаб тоққа ўрмалаётган қора илон каби ваҳимали кўринади.
Йўқолган қўйларни балки ўша қора илонлар ютиб юборгандир. Бундай тусмолни энага айтиб бўлмайди.
“Эна, қўйларимиз ҳув анави арна сойлар ичига кириб ўзини панага олгандир…”
“Ким билади, болам, қани ўша тарафга кириб кўрайлик-чи…” Улар яна йўлга тушишди.
Бир пайт Жумағул бехос ортига қараб, ҳайрон қолди. Улар изидан оппоққина бир ит эргашиб келарди.
“Эна, анави ит!”
“Ишинг бўлмасин, болам, ортингга қарама!”
Жумағул болалик қилиб қанча қизиқса ҳам, ортига қарашга ботинолмади. Ой ёруғида улкан чинор коваги каби тоққа томон чўзилган арна сойлар сони учта эди. Эна-бола қўрқа-писа учала сойга ҳам бир-бир кириб чиқа бошлади. Сўнгги илинж билан учинчи сойга бурилишганда йўл бошида орқаларидан эргашган оқ ит лип этиб олдинга ўтиб сой ичига кириб кетди. Бўлиниб кетиб, кўздан йўқолган қўйлар кундузи боши оққан|томонда ўтлаб юриб, кечқурун нимадандир ҳайиқиб ўзини панага олган, сой тўрида бир-бировининг пинжига кириб, ғужғон бўлган арилардек тўп бўлиб турарди. Эртага эрталаб яна офтоб балқиб чиқишидан хабар бериб субҳи козибда ярқираб чиққан Зуҳро юлдузи, Ҳисортоғ устига чиқиб кўриниш берганда, эна-бола бўлинган сурувни бутлаб, уйга киришди-да, тескари тўшалган пўстак устига чўзилишди. Барибир энанинг кўзига уйқу келмади. У қаттиқ чарчаган, “ё тавба, ё тавба” деб пичирлагани-пичирлаган эди.
Офтоб ёйилганда икки катта ўғлини ҳам бирдай чақириб, кўкайидаги иддаони кўндаланг қўйди:
– Икковинг ўнг қулоғинг билан ҳам, чап қулоғинг билан ҳам эшит! Отангдан қолган бу сурув – бу қўйлар учаланг ўртангда ҳам теппа-тенг. Ҳатто менинг ҳам ўлимлигим учун бироз ҳаққим бор. Шу бугуннинг ўзидаёқ ўзларинг эп кўриб, Жумағулнинг ҳақини айириб беринглар-да, қўйларингни ўзларинг боқинглар. Меникини ҳам кенжамга беринглар. Бу кетишда мендан замон ўтса, ўлигимни ҳам зору сарсон қилмай Жумағулнинг ўзига ташланглар!
Укаси орқасидан ўзини бойвачча санаб юрган акалари, ноилож рози бўлишди. Ука улушини ажратиб бердилар. Қўйлар алмашиб кетишининг олдини олиб, Жумағулнинг қўйлари қулоғига қулоқча шаклида эн солишди. Бир кун келиб, икки ака ҳам шу кенжатойнинг подасини боқиб, жон сақлашини ким хаёлига келтирибди дейсиз…
Энали етим гул, отали етим шўр етим деганларидек, Жумағул ўн олтига кирганда бўй-басти чўзилиб, овози бузилиб, қўй-эчкисига ҳам барака эниб, икки акасининг қўйини қўшиб ҳисоблаганда ҳам улардан ошиб кетди. Ўртанча ака чўпонликни бўйнига олиб Жумағулга тегишли қўйларни ҳам қўшиб ҳайдай бошлади. Кенжатой фаҳму фаросат соҳиби, акасининг чўпонлиги учун ҳақмадор ҳақини узмай бериб турди. Катта акани ҳам закотдан қуруқ қўймайди. Эна бундан рози бўлиб, яна бир ҳиммат қилди. Кенжасининг пешона юлдузи балқиб турганини сезибми, уни икки-уч тенгқурига қўшиб Лангар Ота мачит-мадрасасига ўқишга жўнатди. Отадан қолган ҳамёнга уч- тўртта тилло танга солишни ҳам унутмади.
Бешчашманинг Самарқанд билан чегарадош тоғ оралиғида жойлашган Лангар Ота қишлоғи олти қишлоқнинг қоқ ўртасида, мувозанат нуқтаси бўлиб қад ростлаган. Қишлоқ ўртасида жойлашган кўҳна, аммо ҳашаматли мачит айвони билан беш юз намозхонга мўлжалланган. Ярим ой шаклида қурилган гумбазли ҳужраларда талабалар ётиб ўқишади. Лангар Ота авлиёларига мўлжаллаб Аштархоний ҳукмдорлари томонидан кўтарилган баланд, маҳобатли хонақоҳларда муаззам руҳ ҳукмрон. Шаҳар қиёфасида гузарларга бўлинган қишлоқнинг ҳар бир гузарида алоҳида меҳмонхоналар ишлаб туради. Бу ўзига хос мусофирхоналар текин, бир бовур элнинг холис хизмати билан ишлайди.Ўшанда Жумағул ўқишга борганида қишлоқда қарийб йигирмадан зиёд уруғлар амирлик эътиборидаги эшонлар қаноти остида баҳамжиҳат яшаётганини кўриб ҳайрон қолганди. Маърифат қўрғони бўлган Мачит-мадраса ёнидаги баланд кунгурали мезанада муаззин беш вақт намоз олдидан азон айтар, қишлоқ аҳли ҳам, каттаю кичик талабалар ҳам намозга шошилар, бир бошқа файзу фаришта атрофда ҳукмронлик қиларди. Ҳужраларда талабалар ёшига қараб жойлашар, домлалар ҳам ён ҳужраларда яшаб, диний ва дунёвий билимларини сингдиришдан чарчамас эди. Бўлғуси талабалар бу ўқув юртига ўз овули оқсоқоли ёки мулласининг тавсия-йўлланмаси билан келар, бу ерда уларнинг алоҳида иқтидори синаб кўрилар, ўзлаштириш даражасига қараб икки йилдан етти йилгача ўқишни давом эттириб, ҳар йили Бухоройи шарифдан келиб имтиҳон оладиган нуфузли домлалар назаридан ўтгач, кимдир катта мадрасаларга, кимдир ўз қишлоқ-овулига домла-имомлик қилгани жўнаб кетарди. Мачит ва Мадраса таъминоти учун ҳукумат томонидан хатлаб берилган “Вақфия” ерларга экиладиган экинлар ҳосилидан ажратиб берилган, боз устига саховатпеша бойларнинг ёрдам кўмагидан баҳраманд эдилар. Жумағул зўр иштиёқ ва ихлос билан икки йил ўқиб домла-имомлик ҳужжатини олиб, Бухоройи шарифга эмас, ўз қишлоғи Араббандига қайтди. Бош сабаб, энажони қариб қолганди. Жумағулнинг асл муддаоси бой-бадавлат бўлиб, топган-тутганига ишониб, керилиб юриш эмасди. Нияти Баҳовуддин Нақшбанд йўли- “Дил ба ёру даст ба кор” тарзида қалбни Аллоҳ билан маҳкам боғлаб, ҳалол меҳнат билан кун кечириш эди. У аввало лалмикор деҳқончилик сир-асрорини ўрганди. Ота мерос бир жуфт ҳўкиз, омоч, бўйинтуруқни ҳар йили иккитадан кўпайтириб 10 жуфтга етказди. Оби-тобида ер ҳайдаб, дона сочган деҳқоннинг косаси оқарди. Кигиз кимники – билак шуники, деганларидек, Жумағул шудгор пайтида сираям хизматкорларига қараб ўтирмай, бир ўзи навбатма-навбат икки жуфт ҳўкизни омочга қўшиб, ўнг қўлда гаврон, чап қўли билан омоч тишини ерга маҳкам ботириб, майдон айланарди. Унинг бу хатти- ҳаракатидан улгу, завқ-шавқ олган ёлланма шудгорчилар ҳам хўжайиндан қолишмасликка интилиб, жон-дили билан меҳнат қилишарди. Унинг йилдан-йил кенгайиб борган даласида ҳеч ким, ҳатто ҳўкизлар ҳам ғирромлик қилишга ботинолмасди. Бой бува ерни ҳам, ерга эгилган ҳар кимсанинг ҳам ҳақига хиёнат қилмас, Худойим ҳалолидан берсин, деган жумлани бот-бот такрорлар эди. Буғдой ранг, хушрўй юзли, ҳар қандай эшикдан эгилиб кирадиган полвон гавдали, бир оз қисиқ кўзлари билан тикилиб қараса ерни тешадиган бой хокисор, ҳалимликда ҳам олдинда бўлган. Ғалла ўроғи пайтида мана-ман, деган ўроқчидан кам ўрмас, янчиб совуришда “майда” қўшиғини овози борича айтиб, ҳуштак чалиб шамол чақиришда ҳам устаси фаранг эди. Жумағулбой ўттиздан ошиб қирққа яқинлашганида тўрт ўғил, тўрт қизнинг отаси бўлганидан ташқари, сурув-сурув қўй-эчкили, бияли, туяли заминдор бойга айланиб улгурди. Унинг даласида зиғиру кунжут яхши бўлади. От жувозлар кечаю кундуз ишлаб, бирданига косага солиб, нон ботириб еса бўладиган тотимли ёғ эл-элат, қавму қариндошдан ташқари атроф бозорларни ҳам обод қилишга яраб қолганди. Ўзбек бой бўлса, хотин устига хотин олади, деган гап Жумағулбойнинг шаъни-шавкатига кўпам ярашмайди. Уст-устига туғиб, учта қорабош фарзандини ерга берган Зарбуви беморланиб, рўзғорга ярамай қолди. Ўзи рози бўлиб бегини уйланишга кўндирди. Кимдир айтганди: соғу сандал, егулик-ичкилиги кам бўлмаган эркак қирқдан ошгач, топилса, ёш қизга уйланиши керак.
Шунга амал қилибми ёки бошқа важданми Жумағулбой уйланди. Қайси тарафдан дейсизми? Айнан кун чиқиш тарафдан. Мойбалиқ дегани чашма кўзида бўлади. Агар чашма суви оқиб дарёга қўшилса, мойбалиқлар ҳам анҳор балиқларига қўшилиб-чатишиб мазали ширмой балиқлар дунёга келади. Ғилон пари қишлоқ. Унинг қизлари дарё сувига юзини чайса, оқаваси адоққа, Кеш водийсига оқиб тушади. Кешлик қизларнинг хушрўй, каклик кўз, шўх-шодон бўлиши балки шундандир.Кешлик келин Зарнигор, олам жаҳон ҳусни малоҳатдан ташқари, Араббанди воҳасига бир бошқа назокат, одобу икром, меҳмоннавозлик, фаҳму фаросат, файзу тароват ҳадя қилганини айтмасак бўлмас. Аввал бошдан Жумағулбойнинг мол-мулки учун вақтида закот бериши, олиқ-солиқ, хайру эҳсонни мунтазам адо этиши ҳақида ишорат қилгандик. Зарнигор суярча хотин бўлиб тушган йили қирқ қозонда ош дамлаб, шундай тўй бердики, тўйдаги беримнинг таърифи тилларда достон бўлди. Бу тўйдаги кураш-кўпкарида нақ Чироқчи хонжони Азиз тўранинг ўзи кайвонилик қилди. Чопағонликда, бел олишда чуйит, қушчи полвонлари бир тараф, Кеш-Китоб полвонлари бир тараф олишиб, тақимлашдики, элсаройда бундайи бўлмаган эди. Той ёки байтал миниб, кўпкарига кириб томоша қилган ҳам, қўлига улоқнинг қили-да тегмаган отлиқ ҳам, курашса-курашмаса ечиниб, даврага чиққан ёш бола ҳам, кафтига туфлаб тенгқурига талаб солган қария борми, бирортаси ҳам совринсиз қолмади. Тўйга келиб бир кеча кўноқ бўлган меҳмонлар Араббандига сиғмай кетиб, ён-атроф хонадонларга бориб жойлашди. Энг қизиғи, ўша оқшом меҳмон тушган хонадон борки, ҳаммаси қўноқчилар баҳона қозони қайнади. Меҳмонжонлар орқасидан хонадон бола-чақаси ҳам шўрваю паловдан баҳраманд бўлди. Кўпда Хизр бор. Кўпнинг дуоси кўл. Кўпинча Ҳайит кунида ёрилиб ўладиган мечкайлар чидаб берганига қойил!..
АМИР МЕҲМОН БЎЛДИ, УНДАН АНТИҚА ГАП ҚОЛДИ
Бугун ҳам Араббанди даштини саҳархез тўрғайлар чулдираб уйғотди. Ҳали тўрғайлар уйғонмасдан бурун уйғонадиган Жумағулбойнинг ёдига лоп этиб кечаги кун тушиб, ҳушёр тортди. Куни кеча пайшанби, айни тушда Чироқчи хонжони қабулида бўлиб, изн сўради-да, анчадан бери кўнглида тугиб юрган муддаосини айтиб ёрилди:
– Жаноби бек, анчадан бери хаёлимни банд этиб келган бир хоҳиш-истагимни сизга баён этсам, ҳою ҳавасга йўйманг.
– Гапираверинг, сиз билан яқин биродармиз.
– Шу десангиз, Амиримиз сиз билан яқин қариндошлигидан фойдаланиб, ул зотни хонадонимизда бир кунга меҳмон қилиб, дуоларини олсам девдим.
– Билмасам, кучингиз етармикан? Айтмоқчи, Амиримиз аёнлари билан Араббанди бозорига от олгани келади. Уни худди шу жойда Шаҳрисабз беги ҳам кутиб олади. Унинг ҳам Амирни бир жойда меҳмон қилиш нияти бор. Ундан олдинроқ мен оғиз соламан. Йўқ демас.Бўлди, олиб борамиз. Жойни Қўштегирмон адоғидаги чорбоғингизда қилаверинг. Гужум садалар сояси энг мақбул жой. Ҳозироқ уйга қайтиб, тадорик кўраверинг.
Хўш, аввал бошига иккитагина туянинг бўз бола тайлоғини сўйиб, ҳалимга соласиз.Икки қўзи қўчқорни Амиримиз оёқлари тагига сўясиз.Оқ шўрва, оҳ-воҳ шўрва. Яхнаю тандир, Қалқаманинг ширмой балиғи, Каттақўрғон майизи, Чиялининг ёғли ҳалвоси, пашмак парвардаси, яхна гўштидан қилдиринг. Ор келса, отингни сот, деган гап бор. Шу баҳона бироз яйлов ҳам сўраб оласиз. Тила тилагингни, деб қолса, яна бамаслаҳат иш қиламиз…
Бу гап ёдига тушган бойнинг юраклари ҳапқириб кетди. Хайриятки, кеча кечқурун чорбоққа бориб туяларини сўйдирган. Туя гўшти солинган ҳалим қозонга тушиб, билқ-билқ қайнаб тургандир.
Худоё, ўзинг шарманда қилма!..
Амир бозорга кирса, аввал қўй бозорини оралаб, қўчқорларни томоша қилади. Кўнглига ўтирса, бир-икки жуфт бурама шохли уришқоқ қўчқор олади. Кейин албатта от бозорига ўтади. Бугун эса Амир қўй бозорида тўхтамай, тўппа-тўғри от бозорига ўтди. Жумағулбой айни шуни кутганди. Той бозорида ўн беш чоғли тойни ўнглаб бир четда кутиб турганди.
Амир кўпам шоҳона кийинмаган, йўл уст-боши билан ҳам салобатли кўринар, бозорда гўё ундан бошқа бирорта харидор кўзга ташланмаётган эди.
– Ҳув анови қизил қашқа жийроннинг нархи қанча?Эгаси бўлса тортинмай айтаверсин.
Амирнинг сўрови такрор-такрор эшитилганда, Жумағулбой саман той ортидан чиқиб, жавоб қилди.
– Тақсир, баҳолаш сиздан.
– Айтаверинг, мол сизники!
– Амирим, тойнинг баҳоси йўқ. Бироқ сўрадингиз, айтайин. Қирқ тилло берсангиз бўлади.
Амир рози бўлиб хазиначисига имо қилди.
Жумағулбой шоша-пиша Амирга қуллуқ қилди.
– Тақсирим, шунча йўл юриб, босган изларингиздан айланай, шу ғунонга кўнглингиз кетибдими, биздан сизга арзимас ҳадя бўлсин. Ҳиммат қилиб қабул этсангиз, бошимиз этагингизда. Амрингизга кўра бозор қоидаси бўйича нархини айтган эдим. Хазиначи иримига икки тилло берса бўлди.
– Баҳай, баҳай, қўлингизни беринг, шунга розисиз?
– Мингдан минг розиман…
Жумағулбой эгилиб келиб, Амирнинг қўлини олди. Ўпиб тавоф қиларкан, анча дадил овоз билан деди:
– Амирим, агар лозим кўрсангиз қадамларингизга ҳасанот, хонадонимиздан бир пиёла чой ичиб кетсангиз. Элсарой номидан айтишга жазм этдим.
– Ҳа, хонжон ҳам айтган эди. Энди бормасак бўлмас. Сизга рухсат, тадорик кўраверинг.
Жумағулбой қушдай енгил бўлиб, отига минди-да, қанот чиқариб чорбоғ томон шамолдай учди.
У чорбоғга етиб келганида чанг кўчаларга қалин сув сепилган, сада ва ўриклар соясидаги шоҳсупаларга жулҳирс, ғажари гиламлар тўшалган, пар ёстиқлар қўйилганини кўриб кўнгли хотиржам бўлди. Энг катта супадан бошланган поёндоз сифатидаги патли гиламлар бир хилда тўшалиб катта кўчагача олиб чиқилгани ярашиб турарди. Ичкарида эса кешлик келин барча егулик-ичкуликнинг тузини тотиб кўришдан бошлаб, чойнак-пиёла, чиннивор ювиб-артилгани, қайси дастурхоннинг қаерга мос келишини назоратга олиб, куйиб-пишмоқда. Унга томон юриб, яқин келган бойнинг суюкли хотинига тобора ҳурмати ортиб, тилига келгани шу бўлди:
– Бегойим, Амир келаяпти, шошилинглар, уялиб қолмайлик. Амир мамнун бўлиб кетса, сизга алоҳида туҳфамиз бор.
– Қуллуқ, қуллуқ, бегим.
– Ҳалим тайёр, совиб қолмасин-а. Шўрванинг оловини пасайтириб, шопириб туринглар! Мис офтобаларни йўлга чиқариб, ҳар бирига биттадан хушрўй йигитчаларни кийинтириб, қўл ювдиришга шайлаб қўйинглар. Ўзимизнинг ўғиллар ҳам шулар орасида бўлсин. Айтмоқчи, уларнинг ҳар бири қўлга сув қуяётганда “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, валака мислика золика” дейишни унутмасин. Кешдан келган ошпазлар бедана, каклик, қирғовул гўштларини пишириб, тайёрлаб қўйдими? Чиялининг яхна гўштидан икки карсон буюрган эдим. Касбидан келтирилган гулдор сопол лаганларга солдириб кўйсангиз.
– Бегим, ҳаммасига ўзим қараяпман. Амиримизнинг пой-қадамларидан айланай!
– Яна бир нарса ёдимдан кўтарилипти. Ҳув четдаги супада пешин намози учун патгиламлар устига жойнамоз тўшатиб қўйинглар.Балки овқатдан олдин пешин намозига ўтишар.
– Хўп, хўп бўлади, бегим…
Орадан тахминан бир ош пишгулик вақт ўтгач, кўча бошидан жарчининг овози эшитилди.
– Одамлару одамлар, эшитмадим деманглар, Элсаройга Бухоро Амири ташриф буюрмокда. Йўл бўшатинглар!
Бундай хушхабар Араббанди водийсида илк бор янграмоқда эди. Ҳамма ҳушёр тортди. Қизиғи, итлар ҳурмай, товуқлар қоқоғламай, эшаклар ҳанграмай, отлар кишнамай қўйди. Негадир гўдакларнинг ҳам овози ўчди.
Жумағулбой ёнидан носқовоғини олиб, тилининг тагига бир отим нос ташлади. Бой ота носнинг кайфини олишга базўр улгурди. Кўча бошида қумғон ушлаган йигитлар бирваракайига “келаяпти” деб қолишди. Бой тили тагидаги носни бир четга туфлаб юбориб, йигитчаларга буюрди:
– Отларни ушланглар, сувлиқ юганни олиб, белини бўшатиб, якка михга тортиб, ҳар қайсисига бир боғдан кўк беда ташлаб қўйинглар.
Бой ҳовли олдида кутиб олишга сабри чидамай, кўча бошига чикди. Амир аркони давлатининг қораси кўринганида, эгилиб таъзим қилиб турди. Аркони давлат қирқ кишидан кам эмас. Вазирлар, хазиначи, қозию қуззот, лашкарбошию ўн чоғли қуролланган сарбозлар, ҳатто бош Мадраса имом хатибигача ҳамроҳлик қилмоқда эди.
Бой аввало Амирнинг оти жиловидан тутди. Унинг отдан тушишига кўмаклашди. Эгасини авайлаб, мувозанат сақлаб ерга туширган ҳар бир от яна эгалик бўлди…
Амир беқасам тўнли йигитча қўлига қуйган сувдан баҳраманд бўлиб, унинг оғзидан чиққан “Валака мислика золика” дуосини эшитиб, хотиржам бўлди-да, Жумағулбойга юзланди:
– Бир четда таҳорат ушатиб, пешин намозига ўтсак.
– Мана бу четда, чорбоғ буржида ҳожатхонаю таҳоратхона, офтобалар бор.Марҳамат, Амирим.
Амир изидан ҳамма ўша томонга юрди. Имом хатиб хушовоз экан. Азонни шундай ўхшатиб айтдики, намозхонлар паст овозда жўр бўлиб турдилар. Намоз сўнггида имом дуойи хайр қилди. Унинг дуоларидан таъсирланган бой кўзларига ёш олди. Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Сендан улуғ ким бор?…
Амир аввало бир қишлоқ бойининг дастурхонида нимаям бўларди, деб бироз менсимаган эди. Туя гўшти солинган ҳалим изидан оқ шўрва, лаззатли парранда гўштлари, Каттақўрғон майизи, Маймоноқ бодоми, Самарқанд нони – ҳамма-ҳаммаси иштаҳани қитиқлаб, томоқдан ўтгани ҳамоно, ҳузурижон бўлиб сингиб кетарди.
Айниқса, қўзи гўштидан бошқа ҳеч қандай масаллиқ солинмай пиширилган оқ шўрвани ҳамма бай-байлаб ичди. Оқ буғдой унидан қаймоқ суртиб тайёрланган патир оқ шўрвани янада хуштаъм қилиб юборди. Охирроғида ҳазми таом сифатида тортилган қатиқли гўжа жойига тушди. Яхшиям бу даштнинг ҳавоси енгил. Агар шу овқатни шаҳарда танаввул қилинса, ҳар қандай зўрни бўктириб қўйиши тайин. Хитойдан келтирилган қирмизи чойнакларда аччиққина қилиб дамланган чой нафс қутқуси билан ошқозонга тушган кетма-кет гўшту ёғни жигар устидан пуркалаётган зидди заҳар билан баб-баравар парчаламоқда эди. Тоғ оралиғидаги Қуруқсой қишлоғи токзорларида етишган қора лўнда узум сувидан ичи сирланган хумларда оби-тобига келтириб тайёрланган мусаллас ич-ичдан қиздира бошларди. Иштаҳа очилиши билан бирга меҳмонларнинг қулфи-дилини очиб юборди. Жумағулбой, Амир унга зимдан бот-бот қараб қўяётганини сезиб қолди. Нигоҳлар учрашиб қолганда Жумағулбой бошини бурмасдан кўзини ё юқорига, ё пастга олар, ичимдаги дардимни Амир билармикан, Худованда, ўзинг Халлоқ, унга етказ, дея ич-ичдан илтижо қиларди. Амирнинг фаҳму фаросати эса бойнинг ўзига етарлича дарди борлигини бозордаёқ англаб етган, пайти келса гап очишни мўлжал қилиб турганди. Хайриятки, дастурхонга фотиҳа тортилди. Амирнинг хос мулласи хайру эҳсон зиёфат учун узундан-узун дуойи хайр қилди. Ҳамма унга қўшилди. Кўпнинг дуоси кўл. Амир мамнун жилмайганча Жумағулбойга қаради:
– Элсаройнинг ҳимматли оқсоқоли, зиёфат учун ташаккур! Биз энди қўзғалурмиз. Иншооллоҳ, бугун кеч Қарши бегининг меҳмони бўлурмиз. Бирор истагингиз бўлса, тортинманг…
– Амирим, ҳимматингизнинг чеки йўқ. Агар мумкин бўлса, анови Отқамар томондан бироз яйлов, лалми экин қилиш учун ер берсангиз… Элсаройда фаҳму фаросати ўзига етарли оқсоқол бўладиган йигитларимиз бор. Шулардан баъзи бировларини танлаб берсак, маҳкама хизматига олсангиз. Яна беш-тўртта муллавачча йигитларни шариат илмидан чуқурроқ сабоқ олишлари учун Бухоройи Шариф Олий мадрасаларида ўқиб, илм олишларига изн берсангиз. Охиргиси эса, ижозатингиз билан меҳмонларимизнинг табаррук елкаларига биттадан тўн ёпишимизга розилик берсангиз…
– Баҳай, баҳай, давлатингиз бундан-да зиёда бўлсин! Малолли юмуш сўрамадингиз.
Кейин бош мирзога ўгирилиб деди:
– Жумағулбойга сўраган ерларини аниқлаб, ҳозирнинг ўзида “вақф” ёзиб беринг.Толиби илмларни бемалол Бухорога жўнатаверинг. Ҳалиги бўлармон йигитлар билан Чироқчи хонжони шуғулланади. Бошқа гап-сўзингиз йўқми?
– Жўқ, жўқ, э, йўқ, тақсирим! Умрингиз узоқ, ризқингиз фориғ, сояи давлатингиз бундан-да зиёда бўлсин! Олий ҳимматингизга тасанно!
Амирга зар қўшиб тикилган Кеш дўпписи, Бухорий зардўзи тўн, каштали камар-пўта, қолганларнинг ҳар қайсисига симобий беқасам адрас, кимхоб тўнлар ёпилди. Меҳмонлар қўзғолдилар. Ўрнидан тураётган вазирлардан бири қўполроқ ҳазил гап қилди:
– Элсаройлик бойнинг ҳаммаёғига жир битиб, қўтонигача ёғ босган экан. Қўтонбой десаям бўлаверади. Туф, туфай, илоё кўз тегмасин! Амир ҳам ҳазил аралаш мамнуният билан айтилган жайдари гапга бош ирғаб, кулиб қўйди. Олий зотнинг самимий кулгуси унинг ҳам эътирофи сифатида қабул қилиниб, орадаги ноқулайликни кўтарди.
Жумағулбойнинг ўзи бу гапни мақтаниб ҳеч кимга айтмаса ҳам, чор атрофга тез тарқалди. Бойнинг уруғ-аймоғи эса сўраб- суриштирганга бу гапни кимсан Амир айтган, деб оғзини тўлдириб мақтанадиган бўлди:
“Асли бойликни Бой Отамизга Худонинг ўзи берган. Ҳаммаям Қўтонбой бўлавермайди-да. Ана Барот тўқсоба бизнинг тўфордан чиққан, ерларимизнинг поёни йўқ.
Бухоройи шарифни битирган муллаларимиз, берилиб азон айтса, овози Маккага етади.
Томиримиз жантоқнинг томиридай сувга етган…”
Тўфор аҳлининг мақтанганича бор эди. Жумағулбойнинг шарофати барокатга айланди.
Яйловларнинг кенг-мўллиги деҳқончилик ва чорвага барака киритиб, мағзи тўқ, ўқимишли илму одоб соҳиблари эса эл-улуснинг бошқарувига яраб қолганидан бисёр хотиржам яшаб келгани бор гап.
Жумағулбой давру давронини шуйтиб ўтказди. Ундан нима қолди? Бироз қўполгина Қўтанбой деган ному, ҳалолу поклик, элим-элим, деб эмранмоғу бир чимдим орият қолди. Саксондан сакраб ўтишу Иймом, Ўроз, Ирза, Маҳкамбой деган ўғиллари қолди. Улар отасидай ном чиқарган бой бўлмаса ҳам, яхши зуваладан тўкилган урвоқ каби ўз бошича тотимли зурёд бўлди. Бундай зурёднинг ҳеч бўлмагани увол-савобни биладиган, шайтоний, раҳмоний туйғуни дарров ажратадиган, икковнинг ўртасига кирса, оғзига қаратадиган, озгина қийшайганки бор, эпга соладиган одамшаванда бўлгани ҳаммасидан аъло. Билъакс ҳар тўкисда бир айб, дейдилар. Улар орасида бехос бировга яхшилик қиламан деб, ўзига гуноҳ орттириб, минг пушаймон еб, дунёдан ўтганлариям бор. Иккинчи қисм шу ҳақда…
МАҲКАМБОЙНИНГ ТАВБАСИ…
Отани кўрган ўқ йўнар, онани кўрган тўн бичар. Отасиз ўғилнинг ўмгани, онасиз ўсган қизнинг кўкраги катта. Кимгаки, отали, онали бўлиб вояга етиш насиб этса, бу – беармон тақдир туҳфаси. Кимгаки туғилган тупроғида яйраб-яшамоқ, қариб-қартаймоқ насиб этса, бу ҳам беармон толе. Кимники пешонасига бола-чақа битиб, изида қолса, буям армонли дунёнинг таскину юпанчи…
Араббандилик Маҳкамбой, кимсан донғи кетган Жумағулбойнинг кенжа ўғли, танглайи илик мойи билан кўтарилган, киндиги остонага кўмилган. Ҳар кун тонгда адашмай чиқадиган офтоб нурига чўмилиб, хулқу одобдан ками йўқ, бола-чақасидан бошқа ғами йўқ бўлиб, қирчиллама ёшида билиб-билмай хато қилиб, умр сўнггида минг пушаймон қилиб турган жойини кўринг…
Ул зотнинг пушти камаридан бўлган Нарзилла бой айтарди:
– Отамиз раҳматли саксондан учтагина ошиб, қазо қилдилар. Бобомиз ҳам шу ёшда қазо қилган. Отанинг ёши бир марра-да, болам. Куни битиб ризқу насибаси тугаб бораётганини олдиндан сезган шекилли, мени ёнларидан сира жилдирмади. Ҳар сафар бироз ўзига келганида, улгуриб қолайин, деб шаҳодат калимасини такрорлар, бироз нафасини ростлагач, ичидан чиқаётган ҳасратидан тутун кўкка ўрлар, ҳўнг-ҳўнг йиғлар, тутила-тутила тилига келгани шу бўларди:
– Астағфуруллоҳ, астағфуруллоҳ, тавба қилдим, тавба қилдим, Эгам! Ўзингга сиғинаман. Ўзинг кечир! Мени кечирармисан? Агар кечирмасанг, чин дунё – жаннатинг менга насиб қилмайди. Ахир, билиб-билмай қилган гуноҳим учун кўрган азобим дўзах азобидан кам бўлмади. Шўримни қарангки, оз эмас, никоҳли бўлиб, жамисидан ўн саккиз фарзанд кўриб, ўн бештасини қўшқўллаб тупроққа бердим-а. Кўрган-билганим шу учтагина ўғилга овуниб, суяниб турибман. Астағфируллоҳ, шунисига ҳам шукр! Тирноққа зор қилиб қўйса, қаёққа борардим. Уччовгиналаринг бир бўлиб, Нарзулла, сен бош бўлиб, тепкилаб-тепкилаб кўминглар. Қолдирадиган мерос-насиҳатимга амал қилинглар. Бола-чақаларинг қулоғига маҳкам қуйинглар!
Ёлғону ўтрикдан от миниб қочинглар. Зинҳор ва зинҳор қасам ичманглар! Ҳеч қачон ёлғон гувоҳлик берманглар! Икки нафсини тийганга Оллоҳ ўзи барака ато этади. Даври қиёматда ҳақ азобидан қўрқинглар!
Отам дунёдан ўтгач, ул зотнинг тириклигида қандай кабир гуноҳи бўлганини сўраб-суриштирдим. Кўпчилик елка қисди. Бироз англаганим шуки, отам тириклигида билиб-билмай қилган гуноҳларини эсга олиб, тавбага чоғланган. Отамизнинг гуноҳларини Ўзинг мағфират қил! Ҳозир бир учини чиқарай, эринмай эшитсангиз, сизгаям ибрат бўлар…
Бурунгининг бир топишмоғи бўларди: Сой-сой қамиш – сой қамиш, сайланиб турган бир қамиш. Жавобини оқсоқол, кайвони, марқа, бек ёки хон деб айтилса, тўғри бўлади.
Жумағулбойдан сўрашди: “Бойбува, ўзингиз олийҳиммат, яхши одамсиз. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, элимизда онда-сонда чиқиб турадиган ёмонларнинг ҳам тарафини оласиз. Ёмон бўлса, қилмишига яраша жазосини олсин-да…”
“Қўй бўрисиз, эл ўғрисиз бўлмас. Яхши ҳам, ёмон ҳам менинг ўзимдан. Шоир айтади: Орқаси бор орқасини мақтар мудом.Орқаси йўқ марқасини мақтар мудом. Ўша ёмон менинг ёмоним. Ёмон кунимга ярайди, ҳали ҳеч ким шаҳардан тобуткаш ёллаб кетмаган…”
ДЕВОНА КЎНГИЛ…
Ишқу муҳаббат ҳаммадан кўра Тангри Таолода бисёр, мўл-кўл. Раҳиму Раҳмонни кўринг. Ўзидан эп кўриб, бир чимдим меҳр заррасини шу Заминга, борлиқ хилқату жонзотга берган. Одам Ато, Момо Ҳавога берган.
Инчунун одамзод зурёди Ишқи Аллоҳдан бенасиб эмас. Дарё тўла сув, ит дегани тили билан ичади деганларидек, меҳру муҳаббат туйғуси ҳам бировда кўп, бировда оз. Бировда ботиний, бировда зоҳиран.
Қўтонбой тўфоридан Тошбой дўмбирачиники, анча-мунча ошкор бўлганидан ташқари серғалвалиги ҳам бор. Тошбой тўрт қиздан кейин пайтини топиб туғилиб, суйгумчик, эркароқ бўлиб ўсди. Мўйлаби сабза уриб, овози дўриллаб қолганида ҳовлисидан икки уй нарида, елкасига ип солиб қудуқдан қовға тортаётган қизни кўриб қолди. Тўғриси, Тошбой бу қизни аввал ҳам бирда- ярим кўрганди. Эътибор қилмаган экан. Э, бу Каримқул қудуқчининг от чоптириб юрадиган қизи Мисқол-ку. Каттариб қопти. Сахти-сумбати бўлиққина, ранги сариқ ҳам, оқ ҳам эмас, раъно гулига монанд, ўсма-сурма кўрмаган қош-кўзлари ўйнаб турибди. Офтобда қизғиш, сояда қоровут кўринадиган майда ўрим кокиллари ироқи дўпписию ғижим рўмолидан пастга осилиб туради.
Ҳали охурлар тўлишига анча бор. Қизнинг нозик елкаларини арқон қийиб қизартирган шекилли, тишини тишига қўйиб иҳраб-иҳраб қўяди. Айтмоқчи, қудуқ бошида ҳам кимдир бор. Яна бир қиз, синглиси шекилли, тўлиб чиққан қовғани охурга ағдармоқда. Шу туришида Мисқолни бошқа бир бўйдоқ йигит кўриб қолса унчалик ошиқ бўлмас. Бироқ Тошбой негадир дадил бўлиб гап қотди:
– Мисқол, кел, бироз ёрдам берай!
Мисқол ёнига кимдир келаётганини сезса ҳам, кимлигига эътибор қилмаган эди, бехос бурилиб қаради.
– Тошбой ака, сизмисиз. Жўғай, ўзим эплайман. Ҳар кунги ишим-да.
– Бер, берақол, қара, нозик елкаларингни арқон қийиб кетипти. От-уловларинг жўқми?
– Жувош байтални отам қаққадир миниб кетган. Бойловдаги отни қудуққа қўшиб бўлмайди. Яхшиси ўзим..
– Бер энди, сенга раҳмим келди.
Мисқол қизариб-бўзариб арқонни берди. Тошбой қўлига туфлаб, арқонни оларкан, қизга деди:
– Сен энди кетиб қолма, худди шу ерда, шунда тур. Сув тортиш баҳонасида сени бир кўриб олай.
Қиз индамай ерга қаради.
Ер ҳайдамоқ – бормоқ, келмоқ, дегандай қудуқдан сув тортмоқ ҳам боришли-келишли.
Мисқол қудуқ бошидан ўттиз қадам берида турибди. Тошбой – бўз йигит. Икки-уч челак сув сиғадиган қовғани тўлдириб тортар, қудуқ бошидаги қизгина сув тўла қовғани базўр охурга ағдарар, унинг қийналаётгани Тошбойнинг хаёлига ҳам келмас, елкадаги юкли арқонни писанд қилмай Мисқол сари интилар, етганда қизга бошдан-адоқ тикилиб тўймас, агар панароқ бўлса, борасолиб қучоқлаб ўпишдан ҳам тоймас эди.
Чамаси ўнинчи боришда охур липиллаб сувга тўлди.
Йигит юрак ютиб, қизга гап қотди:
– Мисқол, менга жоғиб қолдинг! Қош қорайганда шу қудуқ жонига келасанми?
– Билмасам, иложи бўлармикан?
– Бирор баҳона топарсан, майлими?
Ўша куни қош қораймоғини интизор кутган ҳамма эмас, икки ёш бўлди, десак чиппа-чин бўлар. Тошбой ҳам, Мисқол ҳам илк учрашувда айтмоқчи сўзларини тинмай такрорлар, юраклар дупуридан танада сезгин қалтироқ ҳукмрон эди. Бу ёғига “тавба,” деса бўлади.
Қишлоқдаги девор-дармиёнсиз ҳовлиларнинг ҳар бирида биттадан ит бор. Ит бўлгандаям нақ бўрибосар. Чақириб келганнинг ҳар бири қўлида узун арқон ёки таёқ бўлмаса, қирқ йил олдин ўлиб кетган момосини кўради.
Хонадон аъзоларидан бирови безовтароқ бўлса яхши ит ҳаммадан бурун сезади. Ҳавога отилган кесак кўринмай қоладиган бўлганда, Тошбой қийшайиб уйдан чиқди. Йигит бехабар, Бўйноқ изидан индамай эргашди. Қудуққа яқин келганда Мисқолнинг қораси кўринди. Хайрият. Бироқ қиз изидан ҳидини олиб келаётган яхши ит Тўрткўзни ҳеч ким сезмади. Ими-жимида титроқ қўллар бир-бирига чирмашганда, икки яхши ит бир-бирига ташланиб, ғириллашиб қолса бўладими? Буни ҳеч кутмаган ошиқлар бараварига овоз чиқарди:
– Бўйноқ, Тўрткўз, кўзинг кўрми, мен ўзим…
Таажжубки, итлар овози бирдан ўчди. Бир-бировини ҳидлаб-ҳидлаб нари кетди. Ана бу бошқа гап. Титроқ қўллар яна чирмашди. Ҳеч гап-сўзсиз йигит қизни бағрига олди. Балоғат ҳидлари туташди. Илк бўса таъмидан қўш юрак аввал жўр бўлиб, дукиллади. Қўш бадандаги титроқ бирдан босилди. Такрор-такрор бўса хуружидан ловуллаб ёнган ўнг ёноқ, чап ёноқ ҳоври босилди. Лаблар лабларга интилаётганда, қиз йигитни тўхтатди:
– Тош ака, бугунга етади. Ҳаддингиздан ошманг.
– Пари қиз, эртага ҳам келасизми?
– Эртага қўзи-улоқларни ҳайдаб Узунжар тарафга чиқаман.
– Эртагача барибир соғиниб қоламан. Тушларингга кирсам майлими?
Улар ноилож, бироқ мастона ажралдилар.
Ўзаро ҳид алмашган итлар ҳам мамнун, лўкиллаб, эгалари изидан эргашди.
Ошиқлар пинҳона кунда, кунора учрашиб юрдилар. Ўзларича аҳду паймон қилишди. Бироқ “насиб”ни айтишмаган экан…
Йигит ҳаяллатмай совчи қўйди. Бирдан рад жавобини олди. Қудуқчи қизини Чоркўсалик касбдош ошнасининг ўғлига ваъда қилиб қўйган экан, бермади. Тошбойнинг отаси ўртага оқсоқолни аралаштирди. Барибир бермади. Қудуқчи ошнасига хабар қилди. У ёқдан тўй тезлашиб кетди. Мисқол зор-зор ялинди. Буёқда суйганим бор, деб айтолмади. Кўзда шашқатор ёш билан эллик чақирим нарига келин бўлиб кетди. Куёвга кўнгилсиз, шўр пешона, шўр тақдир…
Бундайин кўз ёшли чимилдиқ ҳеч жойда бўлмади. Мисқол пари қақшаб қон бўлди. Куёв ҳайрон, лол бўлди. Чилла дегани завол бўлди.
Энди гапни буёқда қолган Тошбойдан эшитинг. Тошдай оғир, босиқ йигит ўз-ўзидан енгил табиат бўлди.
Аввал ўзига-ўзи гапирадиган Мажнунга ука тутинди. Кейин қўшиқ айтди. Қайдандир дўмбира топиб келиб, устоз кўрмай чалиб ётди. Маймоноқдаги Хўжамуродбахши Отани қирқ кун тунаб қайтди. Ҳуй-ҳуйлаб, бўй-бўйлаб айтадиган бахши бўлди. Бундайроқ бахшидан яхши бўлди. Аввал “Тоҳир-Зуҳро” ни, кейин, “Вомиқ Узро”ни айтди. Азага борган дардини айтиб йиғлайди. Қай тараф тўйга борса, айланиб айтгани – Мисқол, Мисқолой бўлди…
Маҳкамбой кенжа ўғил бўлгани учун Бой ота меросидан олгани бир чимдим зиёд бўлди. Ҳаммадан олдин ўзини тутди, ёмон кунни унутди. Ўғил отадан бир баҳя кам бўлади дегани рост шекилли, унчаям ошиб-тошиб кетмади. Жумағулбойга қиёс қилганда, Амир тугул, хонжонни ҳам уйига таклиф қилганини ҳеч ким эшитмади. Бироқ Авазбек деган ошналарига қўшилиб, анчайин шариатбоз бўлганини эл билади. (Бу жумланинг қисқа шарҳи шуки, ўша даврнинг шариат қонун-қоидаларига қаттиқ амал қилувчи, талаб қилувчи қозиларга яқинлик) Икки нафсини тийгандан балойи бад ҳазар қилади. Ризқу рўзини ердан топадиган одамзод ер учун талашиб-тортишмаган куни борми? Қўтонбойлар уруғига бироз наридан туташадиган Карчин (Буям бир сарой уруғининг тўфори) тўфори ҳосилдоргина 100 таноблик ер устида талашиб-тортишиб келади. Жумағулбой даврида бу жойга Қўтонбойлар эгалик қилгани тайин. Катта бойнинг замонида Карчинлар тилини тишлаб юрарди. Энди улар ғимирлаб қолишган. Миш-миш тарқалди. Карчинлар сотиб-совуниб, одам йўллаб, Амир даргоҳига бош суқиб шу ерга “васиқа” олишибди. Кузги шудгор олдидан йиғилиб шу “васиқа”ни эълон қилармиш. Бу гап-сўз ҳаммадан кўра Маҳкамбойга ёқмади.
Маслаҳат қилгани уста Дангал билан Авазбой ёнига борди. Улар гапни бир жойга қўйишди. Карчинлар Дўнгтепа устига жамланган куни Маҳкамбой ҳам беш-олти оғайниси билан жийин (йиғин)га борди. Маҳкамбой ширин гап-сўз, устакорлик билан Карчинлар оқсоқолига деди:
– Биродар, моли-мўмин жони-мўмин, ери мўмин-хуни мўмин, деганлар. Яхши кору хайрга қўл урибсизлар. Энди орамизда ҳеч қандай низо бўлмайди. Васиқа-ҳукми Амир. Оқсоқол, ўша “васиқа”ни буёққа беринг-чи, бир ўқиб кўрайлик. Табаррук хатни кўзга сурмоқ керак-да. Мана шариатбоз Уста Дангал, Авазбеклар ҳам ўқисин, буёғи хотиржамлик бўлади. Оқсоқол ийиб кетиб, Маҳкамбой томон таъзим қилди-да, “Хат”ни унга берди. Самарқанд қоғози пишиқ қоғоз. Ҳуснихатни мирзо ёзган. Аммо муҳрида озгина хилофи бор. Буни икки шариатбоз ҳам, Маҳкамбой ҳам сезди. Маҳкамбой қўлидаги хат аввал бироз титради, кейин бирдан қўл билан болаликдан оғайни бўлган оғизга равона бўлди. Бақувват тишлар орасида чайналиб, ютилиб кетди. Хуллас Маҳкамбой “васиқа хат”ни ҳеч нарса кўрмагандай осонгина ютиб юборди. Биров билди, биров билмай қолди. Қўли қуруқ қолган, бор илинжидан айрилган Карчинлар оқсоқолининг “э,э” дейишдан ўзга ҳоли қолмади.
Маҳкамбойнинг охирги гапи ўлганнинг устига тепган бўлди.
– Оғайнилар, бу ернинг “васиқа” си Жумағулбой билан бирга кетган. Бойнинг танаси чириб кетгандир. Лекин эринмай қидирсак, уни албатта топамиз. Гап тамом-вассалом. Уй-уйга тарқаламиз!…
Орадан олти ойу олти кун ўтди. Тошбой бахши Мисқол парига етаман, деб кўкрагини захга бериб, ётгани йўқ. Дарду дилини ҳар жойда, ҳар кимга айта-айта “уйтиб-буйтиб” ўзини юпатиб юрди…
“Ёзи билан Зебо” изини қидириб Майманоққа борди. Қовчинда “Тоҳир Зуҳро”нинг тиканли мозорини тавоф қилди.
Ай ёронлар айтайина, айтайин,
Яхшини топиб, ёмондан қайтайин
Қиз боланинг баданида оловча бор,
Қўй гўшти, қуйруқ ёғи паловча бор.
Аҳайласанг, қўй қўшилмас подага
Рўмолингни ёниб илгин ходага.
Мисқол пари, қоматингдан айланай
Бўйларингга бори умрим садаға.
Дардим ёмон, рангим сомон, отим ориқ,
Ишқу дардим азобидан қулар осмон.
Толеимдан висол эмас, минг пушаймон
Қўшиғим қўшиқ, томоғим тешик
Бир бурда нон берсанг, айтаман қўшиқ .
Мисқолойни бир кўрсам ҳам, бас эди
Ҳеч кўрмасам тупроқ, хору хас эдим…
Ғиж-ғиж юлдузли осмон эди. Кимгадир висол, кимгадир армон эди. Чоркўса овулида аломат тўй бўлаётган эди. Меҳмонлар қўноқ жойдан чиқиб, тўйхонага тўп-тўп бўлиб йиғилаётган жойи эди. Давра ўртасида тараша ўтиндан ёқилиб, унга кимдир ермойи сепиб турганди. Мардон бахши зардоли дўмбирасини қўлга олиб, тўйга муносиб куй изидан бўтадай бўзлади. Гўрўғлидан бошлаб Авазхондан қайтди. Ўхшатиб айтди, қақшатиб айтди. Ўртада ёзилган белбоғ, қоғоз пул, пошшойи тангага тўлиб кетди. Навбат Тошбой бахшига келганда қиз-жувонлар орасидан кимдир “вой” деб юборди. Бу овоз ёш бахшининг қулоғига ҳаммадан бурун етди. Бахши энтика-энтика шундай жўшиб айтди-ки, эшитган қулоққа мойдай ёқди. Ахир дунёнинг энг толмас қанотли қўшиғи Ишқ қўшиғи-да. Ва лекин Тошбой бахши ўхшатди. Ошиқлик термалари орасига асталик-усталик билан кўнгил дардини қориб-қориб пуркаб юборди. Дилнома айнан Мисқолга, Мисқолойга қаратилган эди.
– Мисқолим, жоним, жаҳоним, сенсиз дилим вайрон, умрим хазон. Ҳозирнинг ўзида мен билан кетасанми? Ҳув нарида, тўйхона ортида Жийрон қашқа отим гижинглаб турибди. Чиқсанг бас, иккимиз қанот чиқариб учамиз, висол қучамиз. Нарёғи Худо пошшо!!!
Устоз бахши барибир зўр-да. Ундан бошқа ҳеч ким Тошбойнинг ишоратини сезмади. Мардон бахши қўлини кўтарди. Тошбой тўхтади. Навбат Лўли шоирга берилди. Қаршилик Лўли шоир кўҳна айтишувни бошлаганида, Тошбой секин қўзғалди. Қўлида зомбирча дўмбира билан оти томон юрди.
ЭЙ ОШИҚЛАР ПИРИ, ЎЗИНГ МАДАДКОР БЎЛ!
Ё Худойимай, ана омад, мана омад, Мисқолой паранжига ўралиб, беллари буралиб, кўзи ёниб, минг бора қувониб, Тошбой отининг ёлларини силаб турибди.
– Мисқолой, жоним, ўзингмисан. Хайрият, тушунибсан.
– Тош ака, кетдик, кетайлик!
– Мисқол, сен олдинга ўтир, яхши бошқарасан. Мен кейинда, қучоқлаб кетаман.
– Тош ака, менга ит теккан, яна юзимга солмайсизми?
– Ҳали ит экан, чўчқа бўлса ҳам, сен менга ҳалолсан, Мисқол!
Ҳар қандай яхши от эгаси кўнглини дарров сезади. Ризқ берган хонадонга тинмай интилиш эса ҳар қайси жониворнинг суюкли одати.
Жийрон қашқа кун ботиш тарафни кўзлаб, ўқдай учиб кетди. Туёғидан ўт чақнаб, қулоқлари орасидан жаннат шамоли эсиб, ғайрати жўшиб кетди. Ҳадемай манзилга етиб боради. Отнинг нақ калласидай келадиган юраги, устидаги қўш юрак билан жўровоз тепаётган, тўрт оёғи ҳам уларга жўр бўлиб чопаётган эди.
Эрта тонгдан Чоркўсада дув-дув гап тарқалди. Фалончининг келини фалон билан қочипти. Вой шарманда, асли бузуқ экан-да.
Эр бўлмиш тўрт-беш йигит билан дов тўкиб Тошбойникига борди. Бахши кўриниш бермади. Мисқолойнинг ўзи чиқиб рад жавобини берди:
– Сен менга эр бўлмадинг, қаро жер бўлдинг. Дарров талоғимни бер! Мард бўлсанг аяма! Бер, берақол, ялиниб айтаман. Мен энди Тошбойники бўлдим. Шунча хўрланганим етар.
Эр бўлмиш ори келдими, узангига оёқ тираб, уч талоқ, минг талоқ, осмондаги юлдузча талоқ, деб охирида тилга олиб бўлмас сўз билан сўкиб юборди…
– Эна талоқ, ҳароми Тошбойингга айт! Мен уни уруғ-аймоғи билан зиндонда чиритаман!
– Билганингни қил. Ҳезалак, ҳезалаксан!
Ҳар қандай балойи бадга олдиндан рози бўлган бахши Мисқолойни ҳаяллатмай никоҳига олди. Чимилдиқ, ирим-сирими эса ҳовлидан ташқарида қолди.
Эндиги гапни Чоркўсадан эшитинг. Сонсиз саройнинг ҳар тўфорида ўзича орият, ул нари, биз бери деган гап бор. Тошбой қўшиқ (унинг шундай номи ҳам бўлган) билиб-билмай бир тўфорнинг қилдай нозик ориятига тегиб кетди. Бундай пайтда ким ҳам қолади. Беш-ўн кайвони жам бўлиб, шариат қозикалонини қидириб кетди. Арзномага жами эркагу аёлнинг бармоғи ранглаб босилган эди. Қуруқ қошиқ оғиз йиртади. Нафс қозонига бир бўлак думба ёғ тушиб, жази эриган қозикалон маҳкама миршабу мирғазабларини олиб, айнан Тошбой қўшиқнинг овулига қўшин ташлади. Энг аввал Тошбой кўшиқнинг тўфори Беклибой уруғининг ўн чоғли оқсоқолини айбдорга қўшиб, бўйнига арқон солиб, ертўлага қамаб ташлади. Бош айбдор, ёки айбига иқрор келиндан бир оғиз сўраш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Аввал бизга таниш уч шариатбоз Уста Дангал, Авазбек, Маҳкамбой яна иш берадиган бўлди. “Учлик” дегани узоқ талашиб-тортишди. Хайриятки, тўртинчи одам йўқ. Тепада Аллоҳни аралаштириб, режа тузишди. Яна олдинга Маҳкамбой кўкрак кериб чикди. Ахир битта ёмон деб шунча гуноҳсиз оқсоқол зиндонда ётадими? Қолаверса, ўша ёмон ҳам ўзимизнинг ёмонимиз. Бахташ таваккал.
Маҳкамбой кўчма қозихона олдида тиз чўкиб, шаҳодат калимасини айтиб гувоҳлик берди:
– Қозикалон жаноби олийлари, шариат ҳукми-олий ҳукм. Ҳақ таоло олдида гувоҳлик бериб айтаманки, бу ўринда эл оқсоқолларида зарра гуноҳ йўқ. Бу аёлни ҳам ҳеч ким ўша ёқдан олиб қочиб келгани йўқ. Ўзи, ўз оёғи билан ота-энасини кўргани келган, шу ерда Тошбой билан топишиб аҳду паймон қилган. Аёлнинг ўзи аввалги эридан талоқ олиб, бахшининг никоҳига кирган. Ишонмасангиз, ўша номард келиннинг ўзини чақириб сўранг. Маҳкамбой Жумағулбой ўғли номим билан айтаманки, Тошбойда ҳам, эл оқсоқолларида ҳам гуноҳ йўқ. У ёғи ўзингизга ҳавола.
Қози катта китобини узоқ варақлаб, бир тўхтамга келди. Бир гап бўлмаса, шундай баобрў бой ўзини тикка тутиб, гувоҳлик берармиди?
Қозикалон ишорат қилди. Бўйнига сиртмоқ солинган оқсоқоллар қозикалонга ҳам, Маҳкамбойга ҳам тасанно ўқишди. Маҳкамбойнинг гувоҳлиги бироз ўтрикка қорилган бўлса ҳам, уни фош этишга ҳеч ким журъат тополмади. Аслида Маҳкамбойнинг сохта гувоҳлиги Тошбой ва Мисқолга қайишгани, тўфорига қайишгани эди. Яна тепадаги катта Қозидан бошқа ким билади дейсиз?
Ҳамманиям Худо яратган. Ўша пайтда боши эгилиб қолган эр бўлмиш тарафдан қарғанмаган одам қолмаган экан. Мен қиламан тўққиз, Худо қилади ўттиз. Ҳеч бир тўққиз ўттизга тенг келармиди?
Маҳкамбойнинг бир чимдимгина имони борлиги учун умрининг сўнгги чорагида тиллари тавбадан тушмади. Ўлими олдидан ўғли Нарзуллабойга мерос сифатида тайин қилгани ҳам ўша тавбаларининг шарҳи-ашъори эди. Ота ўғил, падар ўгитига, тавбасига, иқрору ибратига амал қилиб яшади. Бола-чақаларини ҳам шунга ўргатди. Орадан уч-тўрт пушт ўтсаямки, зурёдлар боболарининг ўша тавбасини, иқрорини сира унутишмайди. А, буям бир эски ривоят-да, деб қўл силтаб кетишмайди. Баракасини берсин!
– Ўтганларни Ўзинг мағфират қил, Эгам!
Араббанди, 2012 йил, мезон…
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 11-12-сонидан олинди.