Ниманингдир товушидан чўчиб уйғониб кетдим. Кўча томонга қараган ғира-шира ёруғ тушиб турган дераза тез-тез, қаттиқ-қаттиқ чертилар, “Қизлар, эшикни очинглар”, деган овоз келарди. Онгим кеча қариндошиникига кетган дугонам эканлигини идрок этгач, ўгирилиб ҳамхонамга қарадим. Унда қимир этган ҳаракатни кўрмагач, истамайгина ўрнимдан турдим.
Оббо, эрталабдан нима бор экан бунга уйда. Дарс ўнда бошланса, ўша ёқдан борса бўмасмиди. Билади, кечаси дарс тайёрлаб, эрталаб ухлашимни. Бориб эшикни очдиму, унга қарамасдан, қулфлаб келинг, деб хонамга югурдим. Ўрнимга кириб бурканиб ётиб олдим. У хонага киргандан кейин, уч киши бемалол сиғадиган диваннинг ёнига келиб, бирпас турди-да, бирданига ўзини “гурс” этиб ўринга ташлади. Кўрпага буркаб олган бошимни чиқариб унга қарадим.
— Жиннимисиз?
У ҳавони қучоқлаб олмоқчидек қулочларини кенг ёйди.
— Ҳа, мен севгидан жинни бўлдим, мен севиб колдим, — деди бақиргудек бўлиб.
Боягина тириклик нишони кўринмаган ҳамхонам ўрнидан туриб, ўтириб олди.
— Кимни?.. Биз таниймизми ёки тўйда учратдингизми шаҳзодангизни?
Севги-муҳаббат деса ўзини томдан ташлайдиган бу қизнинг гапидан жаҳлим баттар ўт олди. Бор заҳримни дугонамга сочдим.
— Сиз бутунлай юракдан иборатсиз, ҳар соатдамас, ҳар дақиқада севиб қоласиз.
Гапимдан дугонамни зардаси қайнади. Лаҳжасида гапира кетди.
— Жўқ бўл. Ўзи сенде журек деген нерсенинг ўзи жўқ. Саған усағанлар хеш қашан суймей ўтип кетеди. Хеш кимди суймегенинг ушўн ҳем кўрмеген-билмеген адаминга турмусға шиғип атўрсанг.
“Э боре”, дедим-да, бошимни кўрпага буркаб олдим. Чунки менга уни сўзларимас, озгина мизғиб олиш муҳим эди.
Кўзларимни юмиб ётарканман, ростанам бўлғуси умр йўлдошимни бир мартаям кўрмаган эканман-а, деган фикр ўтди хаёлимдан. Лекин бу мен учун фожиа эмас эди. Нима бўпти, онам ҳам отамни тўйгача кўрмаган. Бувим ҳам бобомни кўрмасдан чимилдиққа кирган. Муҳаббат, муҳаббат дейишади, ҳақиқий муҳаббат тўйдан кейин бўлади-да. Қизларгаям ҳайронсан, йўлда учраган одамдан муҳаббат кутишади. У одам ким ўзи, нима иш қилади, хаёлида нима бор, бу ёғи билан ҳеч қайсинисининг иши йўқ. Қарашса баланд бўйли, қорақош, қоракўз, худди ҳинд актёрларидек ҳазилкаш, қарашлари чиройли, меҳрли. Ўргилдим, ўша меҳрларидан.
Хаёлларни қувиб, ухлашга ҳаракат қилдим. Қизларнинг эса гаплари тугай демасди. Бир уришиб бергим келди-ю, лекин на илож, чидашга мажбурман. Улар ҳам мени кечаси билан чироқ ёқиб, дарс таёрлашимга чидашади-да.
“— Аслида, ҳамма нарсага ўзинг айбдорсан, — энди ўзимни-ўзим тергай бошлагандим. — Ўқишга кеч келиб ётоқхонадан ҳам қуруқ қолдинг. Олдин “дом”да ижарада турдинг. У ерда юрагинг сиқилиб, бу ерга кўчдинг. Олдинига катта ҳовлини кўриб, бемалол экан, деб роса қувонгандинг. Лекин айни қиш заҳмига минганда газ фақат бир хонани иситадиган бўлиб қолди. Табиийки, ҳамма бир хонага қамалди-қолди. Энди қизларни узундан-узоқ гурунгларини эшитишга мажбурсан”.
Шу тариқа мен қизларнинг гапларини ўзим истамасам ҳам эшитишга мажбур эдим.
— У шунчалар келишган, шунчалар ёқимлики, — эҳтирос билан йигитни таърифини келтирарди дугонам. У энди ўзини анча босиб олган, ҳамхонам тушуниши учун соф ўзбек тилида гапирарди. — Мен бунақа йигитни ҳеч қаерда учратмаганман. Уни менга қандай тикилишларини кўрсангиз эди.
— Йўғ-э, — деди ҳамхонам шивирлагудек бўлиб. Овозини титрашидан дугонамдаги ҳаяжон унга ҳам ўтганини пайқаб олиш қийин эмасди. Ҳозир мен унинг юзини кўрмаётган бўлсам ҳам, тинмай илжаяётганини тасаввур қилиб турардим.
— Фақат уни қайта кўрармиканман, — илинж аралаш маъюсланди дугонам, — Менда унинг на телефони бор, на манзили. Фақат у тоғаваччамнинг дўсти эканлигини биламан, холос.
— Ундай бўлса, унинг телефон номерини тоғангизнинг ўғлидан сўранг, — маслаҳат солгандай бўлди ҳамхонам.
— Қизиқмисиз, қандай сўрайман. Нима қилмоқчисан деса, севиб қолдим дейманми?
Улар бирпас жим қолишди.
— Келинг, яхшиси бунақа қиламиз, — бироз қатъийлашган ҳолда гап бошлади дугонам. — Ҳозир мен сизга қорақалпоқчани ўргатаман. Кейин тоғамни ўғлига сизнинг телефонингиздан қўнғироқ қиламиз, кейин ундан дўстининг телефон номерини сўрайсиз.
— Майли, — деди ҳамхонам унинг таклифига рози бўлиб.
— Бўлмасам бошладик. Қайтаринг. Қолой Садық. Ахуаллар қолой? Мен кешеги тўйдоғи қизбан, Сарбиназ.
— Холой Соддиқ. Ахваллар холой? Мен кечеги тўйдағи қизмон, Сарбиноз.
Унинг талаффузи шу қадар кулгули чиқдики, ўзини гапириши нашъа қилиб, ҳамхонамнинг ўзи ҳам кулиб юборди.
— Холоймас, қолой, — кулги аралаш такрорларди дугонам.
Шу пайт жиринглаб қолган қўл телефонимни ахтарарканман мен ҳам кулгудан ўзимни тўхтатолмасдим. Ниҳоят, телефонимни топиб, тугмани босдим.
— Алло.
— Алло, ўзингмисан, — онамни овози келди гўшакни нариги тарафидан.
— Ассалому алайкум, ўзимман ойи. Яхшимисиз?
— Яхши, ўзинг соғмисан. Яхши юрибсанми, даданг салом деяпти.
— Саломат бўлсинлар, ўзлари яхшиларми?
— Ҳа, яхши… Энди гапимни яхшилаб эшит. Ўзинг биласан, баҳорга чиққандан кейин тўйинг бўлади. Куёвни эса ҳали кўрмадинг. Эртага ёнингга куёвнинг синглиси боради, у сени акаси билан учраштиради… Ҳар ҳолда бўлғуси турмуш ўртоғинг билан учрашганинг маъқул. Анча ўрганибам қоласан… Даданг ҳам учрашсин деяпти. Майли, қизим, соғ бўл!
Онам менинг жавобимниям кутмай алоқани узиб қўйди. Ҳайрон бўлиб телефонга қарадим. Мана, дегандай телефонимни экрани вақтни кўрсатиб турарди.
— Вой қизлар, соат тўққиз бўпти. Ўнда лекция, — дедим ўрнимдан ирғиб турарканман.
Ҳалиям кулгудан маст бўлаётган қизлар, бараварига соатга қарашди. Ҳамма апил-тапил кийинишга тушди…
…Дарсдан дилхира чиқдим. Ахир, домлаям нақ ўттиз жуфт кўз олдида лоладай қизартирди-я?! Бир ўзим бўлгандаям бошқа гап эди. Умримда биринчи марта кечикканимга ўртада ярим соат қадаб қўйиш шартми?!
Маъруза хонасидан зарда билан чиқиб кетаётган эдим, кимдир елкамдан оҳиста туртди. Қарасам ҳамхона дугоналарим.
— Ётоққами?
Паст овозда сўради қорақалпоқ дугонам.
— Ҳа, қаёққа бўларди бошқа. Кейинги пара қолдирилди-ку.
— Келинг, яхшиси озгина айланамиз, кайфиятингиз ҳам кўтарилади.
— Ўзларингиз айланаверинглар. Мен кетаман, — дедим қатъий қилиб.
Қизлар саросималаниб, бир-бирига қараб туришди-да, бирин-кетин менга эргашишди.
Ётоққона томон борадиган автобусга уриниб-суриниб зўрға чиқиб олдик. Йўловчиларнинг кўпчилиги талабалар. Одам тирбанд. Агар бирон-бир бекатда тушиб қолмоқчи бўлсангиз, тушиш учун анчагина ҳаракат қилиш керак. Мен автубусдаги одамларга лоқайд назар ташлаб турарканман, тиқилинч бўлишига қарамасдан нигоҳим китоб ўқиб кетаётган йигитга тушди. Ўзим билмаган ҳолда китобга қизиқиб қолдим. Кимнинг китоби экан, деган ўй ўтди хаёлимдан. Китобга синчиклаб қарар эканман, шеърий драма шекилли, деб ўйладим, чунки шеърий бандларни узоқдан кўриб турардим. Йигитнинг қўли билинар-билинмас титраб турарди. Беихтиёр нигоҳим китобдан йигитга кўчди. Унинг қора жингалак сочлари пешонасига тушиб турар, автобус тебранганда унга монанд силкинарди. Кўзлари китоб саҳифаларида югурар, гоҳи қошлари чимирилиб кетса, гоҳида юзида ним табассум пайдо бўлар, буғдойтус юзига бу ўзгача тароват бағишларди. Уни кузатаётганимни сезди шекилли, китобдан нигоҳини олиб мен томонга қаради.
Менга қараётганини сезиб нигоҳимни бошқа ёққа бурдим. У бирпас шундай турди-да, яна китоб ўқишга тутинди. Мен яна уни кузата бошладим. Унинг учлари қайрилган қошлари юзига шунақа ярашгандики, бунақа қошли йигитни ҳеч қаерда кўрмаган эдим.
Унинг тушадиган бекати келди шекилли, китобни ёпиб, эшик томонга сурила бошлади. Мендан нигоҳини олмасдан эшикка яқинлашиб келар, мен ҳам ҳарчанд уринмай унинг кўзларидан кўзимни узиб ололмасдим. Гўё унинг кўзлари мени сеҳрлаб олгандай эди. Автобус навбатдаги бекатда тўхтади. У тушаётиб ҳам мендан кўзини узмади. Тушгандан кейин ҳам менга қараб тураверди. Автобус жойидан силжиркан, унинг кўзлари тушмайсанми, деган саволни берарди.
Автобусда силкиниб-силкиниб борарканман, ҳамма нарсани унутгандим. Ҳатто, энди ёдимдан чиқаролмайман, деган домланинг койишини ҳам. Шу топда фақат у ҳақда ўйлагим келар, мен учун дунёда ундан бошқа одам йўқдек эди гўё.
Уйга борганимиздан кейин қизлар яна қорақалпоқчадан шуғулланишга тушиб кетишди. Мени уларнинг ҳазил-ҳузуллари қизиқтирмас, бутун фикри хаёлим ўша йигит билан банд эди. Ким ўзи у? Нимага у ҳақда шунчалик ўйлагим келаяпти? Нимага у менга унақа қаради? Нимага уни хаёлимдан кеткиза олмаяпман? Мен бурчакка тиқилиб олиб, саволимга жавоб излардим. Бирданига юрагим “ахир у сенинг бир умр кутганинг-ку”, дегандай бўлди. Наҳотки! Нега энди? Нега олдинроқ эмас? Ахир мен унаштирилганман-ку! Бу ҳақиқатдан ўзим қўрқиб кетдим. Кўз олдимга у келди. Мана, юзларидан нур ёғилиб турибди. Бирданига унинг ёнида куёв пайдо бўлиб қолди, бесўнақай, бадбашара, сочлари ўсиб кетган, юрганида бир тарафга қийшайиб юради. Қочиб кетаман, деган фикр келди хаёлимга. Лекин қаёққа? Ор-номусингни топтабми? Отангнинг юзини ерга қаратибми? Онангнинг аҳволи нима кечади? Уни ўйламадингми? Тегмоқчи эмас экансан, нега нон синдирилмасдан бурун айтмадинг? Нега ота-онангни ўзига ташладинг тақдирингни? Энди ди
йдиё қиласан. Ахир унда уни учратмаган эдим-ку, — ўзимдан ўзимни ҳимоя қила бошладим, — ахир у менинг бир умр кутганим-ку. Майли, кутганинг экан, унинг кимлигини биласанми, қаердан топишни-чи? Сени кўнглингда у бор экан, унинг кўнглида-чи, балки уйлангандирам, балки болалари ҳам бордир.
— Йўқ, мумкинмас!
— Йўқ, мумкин!
Майли, уйланмаган ҳам бўлсин. Уни кўрдинг ҳам дейлик, юзингдаги ҳаё пардасини йиртиб, сизни севиб қолдим дейсанми, ёки фотиҳани бузаман, менга уйланинг дейсанми?
Мен шу тариқа тонггача ўз-ўзим билан олишиб чиқдим. Эрталаб ўриндан турганимда кўзларим қизариб, юзларим салқиган ҳолда эди. Буни кўрган ҳамхонам:
— Нима бўлди сизга? — дея сўради. Мен ҳаммасини соғликка тўнкаб, индамай қўяқолдим. Чунки буларни унга айтишнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ эди.
Институтдан уйга келиб, энди устки кийимларимни ечаётган эдим, эшик кўнғироғи жиринглаб қолди. Эшикни очганимда остонада тахмин қилганимдай, бўлғуси умр йўлдошимнинг синглиси турарди.
— Келинг, — дедим жилмайишга уриниб.
— Салом, келинойи, — деди қиз мени қучоқлаб. Бу ёқимтой шаддод қиз билан олдинам учрашгандим. Ўшандаям бу қиз “келинойижон” деб қучоқлаб, юзимдан ўпганди. Ўшанда бу қизнинг шўхлиги, самимийлиги менга жуда ёқиб тушганди. Ҳозир эса қандайдир эриш туюлди, ҳатто ойнага қарашга ҳам ҳафсалам бўлмай, ташқарига йўналдим. Қиз мени қўлтиқлаб оларкан, акаси ҳақида гапиришни бошлади. Қиз гапирар, лекин бу гаплар менинг қулоғимга кирмас эди. Мен учун энди ҳаммаси барибир эди. У билан ўзим хоҳлаб эмас, мажбурият юзасидан турмуш қураётган эдим. Ҳатто тўйдан кейин ажрашаман, деган фикрга бориб қўйдим. Йўл-йўлакай ажрашиш режаларини тузиб борар эканман, бўлғуси қайнсинглимни “ана, акам”, деган гапидан кейин хаёлимни йиғиб тўхтадим. Ўн қадамлар нарида биз келаётган тарафга бир йигит орқа ўгириб турарди. Қиз унинг ёнига чопқиллаб кетди. Улар томонга қарашни истамай, юзимни бошқа ёққа бурдим. Менда ҳозир йигит ёнимга келса, қўрслик қилиш истаги пайдо бўла бошлаганди. Икк
и-уч дақиқа ўтар-ўтмас қадам товушларини эшитдим. Бу қадам товушлари мен томон яқинлашиб келаётган ўша йигитдан дарак берарди. Мен ҳамон юзимни бурганимча турардим. Қадам товушлари ёнимга келганидан кейин тинди.
— Яхшимисиз?
Мен кутгандай хирилдоқ эмас, мусиқадай тиниқ овоз эшитилди. Ўзим билмаган ҳолда унга қарадим. Қаршимда ўйлаганимдай бесўнақай бадбашара эмас, баланд бўйли истараси иссиқ йигит жилмайиб турарди. Фақат унинг сочлари жингалак, қошлари қайрилма эмасди.
Тўй ҳам ўтди. Вақт ўтиб бир нарсани, жингалак сочлар, қоп-қора қошларни ўрнини босадиган бир нарсани, юксак эҳтиром ва туганмас меҳрни пайқадим.