Ғафур Шермуҳаммад. Фахрий ёзувчи (ҳикоя)

Хонанда қизнинг чучмал муҳаббати ҳақидаги ёстиқдай роман қўлёзмасининг “сувини сиқиб” ўтирган эдим, ички телефон жиринглади.
– Ҳозироқ олдимга киринг, – деди нашриётимиз директори тантанавор оҳангда. – Сизга зўр янгилигим бор!
Қанақа янгилик? Яхши ишлаганим учун мукофот бермоқчими? Шошма… Мени бош муҳаррирликка тайинласа-я! Миямга чақмоқдай урилган бу фикрдан аъзойи баданим бўшашиб, қулоқларим тагида ёқимли куй жаранглагандай бўлди.
Қўлимга дафтар-қалам олиб, директорнинг ҳузурига югурдим. Иззат Анварович саксон ёшлар атрофидаги жиккаккина, чўққисоқол отахон билан гаплашиб ўтирарди.
– Бу киши фахрий ёзувчимиз Турғунмат Ўртаовулий бўладилар! – деди у чолга имо қилиб. – Нуроний ёшида ҳам қизғин ижод билан машғул эканлар. Газета-журналларда кўп асарлари чиққан. Яқинда ажойиб роман ёзибдилар. Биринчи саҳифасини ўқибоқ кўзимга ёш келди. Бу асар фақат бизнинг нашриётда чиқиши керак! Тағин битта-яримта бетайин “босмакашлар” илиб кетмасин. Сиз ҳамма иши­нгизни йиғиштириб, шу асарни нашрга тайёрлайсиз.
Боядан бери қулоғим тагида янграётган майин оҳанг ўрнини аллақандай ёқимсиз шовқин эгаллади. Директоримиз қалингина дафтарни қўлимга тутқазганида эса аламдан иссиғим чиқиб кетди. У аҳволимни сезди, шекилли, чолга сездирмай “кейин гаплашамиз” дегандай муғомбирона кўз қисиб қўйди.
– Бу романим бир дафтар бўлди, – деди директорнинг мақтовидан оғзининг таноби қочиб ўтирган фахрий ёзувчимиз. – Кейингисини икки дафтар қиламан. Неварамнинг айтишича, дўконларда бундан ҳам каттароқ дафтарлар бўлар эмиш…
– Сиз бемалол ёзаверинг, Ўртаовулий ота, – директоримиз унинг гапини бўлди. – Лекин бир шартим бор – уларни ҳам бегона қилмайсиз. Бундай пурмаъно романлар фақат бизнинг нашриётда чиқиши керак!
Фахрий ёзувчимиз қаттиқ ҳаяжонланиб дик этиб ўрнидан туриб кетди. Нимадир демоқчи бўлди, лекин тили калимага келмай, бўғзидан “ғийқ” этган товуш чиқди. Худди авлиёни кўраётгандай бошлиғимизга бақрайиб қараб қолди. Иззат Анварович виқор билан столни айланиб ўтиб, унинг елкасига қоқиб қўйди.
– Демак, келишдик!
Турғунмат Ўртаовулий хонамдаги алмисоқдан қолган курсига жойлашиб ўтириб олгач, увада халтасидан бир даста газета олиб, олдимга қўйди.
– Мен бир умр озиқ-овқат базасида ҳалол хизмат қилганман, – деб гап бошлади. – Пенсага чиққандан сўнг бекор ўтирмай деб ижод қила бошладим. Манави газеталарда асарларим чиққан. Шу кунларда ҳаётда кўрган-кечирганларим ҳақида кўп серияли китоб ёзяпман. Кеча оқшом биринчи сериясини тугатдим. Сен буни китоб қилгунингча иккинчи сериясини ҳам олиб келаман.
Баттар энсам қотди. Бу чол кино билан китобнинг фарқига бормайди, шекилли. Истар-истамас газеталарни варақладим. Ана холос. Ўртаовулий ота деганлари жуда серқирра ижодкор чиқиб қолди-ку. Газеталарнинг бирида беш-олтита тўртлиги чоп қилинган бўлса, бошқасида аллақандай гиёҳларнинг саломатликка фойдаси ҳақида маслаҳатлари ўрин олибди. “Юқоридарё садоси” деган туман газетасида унинг имзоси билан майда-чуйда хабарлар, лавҳалар босилган. “Тилсиз ёв келтирар ташвиш” деган мақолада фахрий ёзувчимиз ёнғиннинг зарарини бирма-бир санаб, ундан эҳтиёт бўлиш чоралари ҳақида ўгит берибди.
– Қўлёзмангизни қолдириб кетасиз, – дедим газеталарни ўзига қайтариб. – Уч-тўрт кунлик ишларим бор. Шуларни бирёқлик қилиб, кейин сизникини…
– Бошқа ишларингни қўя тур, болам, – Ўртаовулий ота гапимни бўлди. – Аввал менинг китобимни чиқар. Боя бошлиғинг ҳам тайинлади.
Чолга гап уқтириш бефойдалигини сезиб, индамай қўя қолдим.
Ўртаовулий ота бир варақ қоғозга исм-шарифимни, телефон рақамимни ҳижжалаб ёзиб олди-да, тез орада хабар олишини айтиб чиқиб кетди.
Бироздан сўнг Иззат Анварович қўнғироқ қилди.
– Қалай, фахрий адибимизни эсон-­омон кузатдингизми?
– Кузатишга-ку кузатдим, – дедим оғриниб. – Лекин қўлёзмасини нима қиламиз.
– Шуям муаммоми? Ғаладони­нгизнинг бир чеккасига ташлаб қўйинг, тамом-вассалом, ‑ деди кесатиб.
– Ахир, Ўртаовулий отага ваъдани қуюқ қилиб юбордик…
– Соддасиз-да, укажон, – кулди директор. – Отахон бир адашиб кеп қопти. Биз уч-тўрт оғиз ширин гап билан кўнг­лини чоғлаб жўнатдик. Шу билан олам гулистон бўлди.
Қизиқиш устун келиб Ўртаовулий отанинг қўлёзмани варақладим. Катак дафтарга нуқта-вергулсиз, зич ёзилган сатрларга қараб туриб кўзим тиниб кетди. Бор-ей, деб уни тортмага ташлаб қўйдим.
Икки кундан сўнг Турғунмат Ўртаовулий қўнғироқ қилди.
– Китобим чиқдими, болам?
– Китоб чиқариш осон эканми, отахон? – дедим ғашим келиб. – Аввал қўлёзмани ўқишимиз керак.
– Нима, ҳалигача ўқимадингми? – деди у таҳдидли оҳангда.
– Дастхатингиз тушунарсиз экан. Ўқишга қийналяпман.
– Ўқишга қийналсанг, кампутирга сол. Газитдагилар ҳам шундай қилишади.
Эси жойидами бу чолнинг! Бир камим унга котиблик қилиш қолувди. Аччиқ устида фахрий адибимизни хафа қилиб қўймаслик учун ўзимни босдим.
– Хўп, отахон, сиз айтгандай қиламан. Озгина сабр қилинг.
Ўртаовулий отанинг дафтарини тортмадан олдим. Лекин бирор сатрига ҳам тишим ўтмади. Бу қўлёзмани хатм қилиш учун тажрибали матншунос бирор йил заҳмат чекишига тўғри келади.
Бу ёғига нима қилишни билмай, жимир-жимир қилаётган сатрларга анча вақт умидсиз термилиб ўтирдим.
Шундан сўнг ҳар гал телефон жиринг­лаганда юрагим пўкиллайдиган бўлиб қолди. Аксига олиб, фахрий адибимиз кунда-кунора қўлёзмасидан хабар олишни канда қилмайди. Мен эса “Асарингизни ўқияпман, кейинроқ бафуржа гаплашармиз”, дея бир амаллаб қутуламан.
Душанба куни эрталаб ишга келсам, нашриёт даҳлизида Турғунмат Ўртаовулий ҳазратлари савлат тўкиб ўтирибди! Уни кўриб қай аҳволга тушганимни айтиб ўтирмайман. Ноилож салом-аликни қуюқ қилиб, хонамга бошладим.
– Романингизни ўқидим, отахон, – дедим ғаладондан таниш дафтарни олиб. – Жуда ҳафсала билан ёзибсиз. Қаҳрамонларингиз ўзига хос…
– Қайси бирини айтяпсан, болам? – сўраб қолди гапларим мойдай ёқиб, сузилиб ўтирган Ўртаовулий ота дабдурустдан.
– Ҳалиги… бош қаҳрамон бор-ку?
– Мен фақат бош қаҳрамонларни ёзаман!
– Тўғри, ёзганларингизнинг ҳаммаси бош қаҳрамон… – Бирор арзирли гап топиш илинжида дафтарни варақладим. Ажи-бужи ёзувлар орасида “Арслон” деган сўзга кўзим тушиб қолди. – Ҳа! Айниқса, Арслон образи ўзининг эзгу фазилатлари, самимийлиги билан бошқалардан ажралиб турибди.
– Арслон – қўшнимизнинг кучуги, – деди Ўртаовулий ота. – Ўзи зотдор ит. Мен асаримда унинг Садир пиёнистани калласидан тишлаб олганини ёзганман.
– Шунақами?.. Хуллас, роман анча ҳафсала билан ёзилган. Лекин уни янаям қизиқарли қилиш учун озгина ишлаш мумкин. Биринчидан, асарга сарлавҳа топиш керак. Шу пайтгача бирорта китоб сарлавҳасиз чиқмаган…
– Унда китобга “Арслоннинг эзгу фазилатлари” деб ном қўямиз.
– Романингиз кучуклар ҳақида бўлганида шундай сарлавҳа қўйсак ярашарди, – дедим пичингдан ўзимни тиёлмай. – Бахтга қарши, унда одамлар ҳам бор-да!
Турсунмат Ўртаовулий кинояни пайқамади.
– Ундай бўлса, ўзинг бирорта ном топа қол, болам.
– Кейин фабулани ҳам жиддий ишлаш керак. Воқеалар анча тарқоқ, тушунарсиз. Характер, тил масаласида ҳам камчиликлар етарли…
Боядан бери яйраб ўтирган Турсунмат Ўртаовулийнинг қиёфаси ўзгариб, қисиқ кўзлари катталашиб кетди.
– Ҳозиргина ўзинг романимни мақтаётган эдинг. Энди бўлса, хатолари кўп деяпсан!
– Мени тўғри тушунинг, отахон, – дедим мулойимлик билан. – Ҳар қандай асарнинг ютуқлари билан бирга нуқсонлари ҳам бўлади. Уни китоб қилиб чиқаришдан олдин яхшилаб пишитиб олиш керак.
– Бобонг тенги одамни танқид қилишга уялмайсанми?
– Мен романингизни танқид эмас, таҳлил қиляпман.
– Китобимни чиқармайсан, шекилли? – деди у менга ўқдай тикилиб.
– Узр, отахон, бу аҳволда нашр қилолмаймиз.
– Сен жуда бемаза бола экансан. Мендай фахрий ёзувчининг романини ёмонлашга нима ҳақинг бор? Ҳозироқ бошлиғингга кираман!
Турғунмат Ўртаовулий дафтарини қўлимдан юлиб олиб, шитоб билан чиқиб кетди. Шу заҳоти Иззат Анваровичга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим.
– Ғалати чол экан-ку, – деди у киши ҳам ўйланиб. – Одамларга ҳайронсан, кўнгли учун бир-икки оғиз илиқ гап айтсанг, нақ бошингга чиқиб олади… Бўпти, котибага айтиб қўяман, мени йўқ деб юборади.
Анча вақт қўлим ишга бормай шумшайиб ўтирдим. Кунда-кунора шу аҳвол. Асарингиз бўшроқ десанг, барака топгур муаллифлар нақ ётиб ёқалашади. Қайси куни биттаси каминани “адабиётнинг душмани” деб атади. Нашриёт деган даҳмаза жойда ишлаётганимдан хафа бўлиб кетдим.
Тушлик ҳам татимади. Босмахонанинг хўрандалар билан гавжум ошхонасида анча вақт хаёл суриб ўтирдим. Шу пайт Замон Али деган шоир дўстим емак тўла патнис кўтариб келиб қолди.
– Нега отасидан дакки эшитган боладай шумшайиб ўтирибсан? – деди у салом-аликдан сўнг косасидаги лағмонга сирка аралаштира туриб. – Тинчликми?
– Тинчлик, – дедим истар-истамас. Туйқус Замон Али ишлайдиган газетада ҳам Турғунмат Ўртаовулийнинг шеърлари чоп этилгани эсимга тушиб қолди.
– Қайси куни газетангизда беш-олтита ажойиб тўртлик чиққан экан, – дедим гапни узоқдан бошлаб. – Турғунмат Ўртаовулий деган шоирники…
Иштаҳа билан лағмон еяётган дўстим кутилмаганда қалампир чайнаб олгандек афтини буриштирди.
– Эслатма шу одамни!
– Нега?
– Тўғриси, ўша тўртликларнинг муаллифи ўзимман!
– Тушунмадим?
– Турғунмат Ўртаовулий деганлари – ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган кекса бир одам, – куйиб-пишиб тушунтира кетди у. – Ўзича бир нималарни қоралаб, газеталарга қатнаб юради. Ёзганларини ўқиб бўлмайди. Лекин чоли қурғур қадалган жойидан қон олмай қўймайдиганлар хилидан. Газетада бир энлик нарсаси чиқмагунча ҳоли-жонингга қўймайди. Бунинг устига, кекса одам… Шунга кимдир шапалоқдек мақоласига, кимдир бирорта хабар-пабарига унинг исм-шарифини қўйиб юборади. Отахон ҳам худди ўзи ёзгандай хурсанд бўлиб қолади. Қалам ҳақини ти­­йинма-тийин санаб олади. Мен ҳам ўша тўртликларни унинг номидан чиқариб тинчидим.
– Сенинг ўша арзанда шоиринг рубоийга қаноат қилмай, энди роман ёзишга ўтибди! – дедим алам билан. – Бир ҳафтадан бери “Китобимни чиқарасан”, деб бошимни қотириб ётибди.
Шоир дўстим ичакузди латифа эшитгандай мириқиб кулди.
– Ҳа, сенга қийин бўпти, – деди сўнг ҳамдардлик билан. – Бизга ўхшаб газетада ишлаганингда ҳам майли эди. Энди ундан осонликча қутулмайсан.
Тушликдан баттар дилим хуфтон бўлиб қайтдим. Хонага киришимни кутиб тургандай телефон асабий жиринглади.
– Ёғлиққина ошларни еб, маишат қилиб келяпсизми? – деди Иззат Анварович киноя билан.
– Йўқ… Карам шўрва ичдим, – дедим ҳеч нарсага тушунолмай.
– Сизнинг дастингиздан мен бечора оч-наҳор хонада қамалиб ўтирибман!
– Тушунмадим…
– Ғалчамисиз, нимага тушунмайсиз? Анави чол қабулхонада чайла қуриб ётиб олган. Мен билан учрашмасдан кетмасмиш!
– Ия! Турғунмат Ўртаовулий ҳалиям шу ердами? – дедим ҳовлиқиб.
– Ярим соатдан сўнг вазирликда мажлис бошланади, – деди бошлиқ вазмин, аммо қаҳрли оҳангда. – Ҳозироқ чолни тинчитмасангиз, бошқа кўзимга кўринманг!
Оёғимни қўлимга олиб қабулхонага югурдим. Котибанинг ёнидаги курсида ғўдайиб ўтирган фахрий ёзувчимиз мени кўриб баттар қовоғини уйди.
– Сен болани ишдан ҳайдатмагунча қўймайман. Керак бўлса, бошлиғингдан катталарга ҳам бораман!
– Кечиринг, отахон, – дедим тилим зўрға калимага келиб. – Китобингизни албатта чиқарамиз. Юринг, хонада гаплашайлик.
Бахтимга, Турғунмат Ўртаовулий кўнгилчан одам экан. Шу заҳоти жаҳлдан тушиб, ортимдан эргашди. Елкамдан тоғ ағдарилгандай енгил тортдим…
Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, деб бекорга айтишмаган экан. Шу воқеа сабаб анчадан бери навбат кутиб ётган мўъжаз китобчам босилиб чиқди. Фақат муқовасида “Турғунмат Ўртаовулий” исми-шарифи савлат тўкиб турарди.

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 4-сон