Бир танча бўлиб гурунглашиб, ғўза чувиб ўлтирган қиз-жувонлар қўярда-қўймай Сарвар холадан ўтган гаплардан ҳикоя сўйлатмоқчи бўлдилар. Сарвар хола қўлидаги кўсакнинг оғзини ёрар экан, жавоб кутиб тикилган жувонларга қаради-да:
— Қуриб кетсин ўша бемаъни гаплар, ишларингизни қилсаларинг-чи, айланайлар,— деди. Бунга Мукамбарой унамай:
— Улар, хола, нима қилармиш, биз ҳам ўша, сизнинг бошингиздан ўтган гаплардан эшитиб қўйсак,— деди.
Хонпошшо Мукамбаройга қўшилиб:
— Айта қолинг, шунча одамнинг сазасини бекорга ўлдирманг, — деди.
Сарвар хола ўлтирган хотин-қизларга бир тикилиб олди-да:
— Хайр, қани айтсам айтай, — деди, лекин қулоқларингни солиб, жим ўлтирасизлар, биронталаринг қилт этиб оғиз очсаларинг, ҳикоя ўша ерда адойи тамом. Мендан гина қилманглар, хўпми?
— Хўп, қани бошланг.
Сарвар хола ҳикоясини бошлади:
— Дадам ўроқчиликда михчагарлик қилар эди. Ўзи камбағал, ёлғиз қўл одам эди. Ёнига биронта шогирд ёки халфа солиб ишлатишга қурби етмас эди. Онам кўпинча қўни-қўшниларимизнинг тўй, маърака, уй-рўзғорларидаги юмушларига қарашиб, улардан нон, ош олиб келиб тирикчиликка қарашар эди, мен бўлсам энди ўн еттидан ўн саккизга қадам қўйган навқирон қиз эдим. Бизнинг уй ичимизда мендан кичик иккитагина ўғил укаларим бўлса ҳам, уларнинг қўлидан ҳали ҳеч иш келмас эди. Маҳалламизда биздан уч қўшни нари Қосимбой деган катта пойкўпчи бўлиб, унинг тўрт-беш жойда катта-катта жувозлари, гуручбозорда беш-олтита дўконлари бўлар эди. Булар ҳар ҳафтада вагон-вагон гуручларни Бухоро томонга жўнатиб турар эдилар. Қосимбойнинг қўл остида ками элликлаб гумашталари, хизматкорлари, шаҳардан шаҳарга қатновчи одамлари бор эди. Буларнинг ҳамма ҳисоб-китобларини тўғрилайдиган бойнинг ўттиз бешлар чамасидаги Ғанибойвачча деган ўғли бор эди.
Мен кундан-кун ўсдим. Ўғил укаларим ҳам улғайиб, бўйлари чўзила бошлади. Дадам бечоранинг бошида янги умидлар, мени эрга бериш, укаларимни суннат қилиш каби орзу-ҳаваслар уйғона бошлади.
Қиз маъно бировнинг хасми, қачон бўлса ҳам ўз тенги чиқса, ўраб-чирмаб олиб кетади. Лекин ўғил боланинг иши қийин. Уни суннат қилиш, уйлантириш — ҳаммасига ҳам ота-она жавобгар. Дадамнинг миясида ҳам мени эрга беришдан илгари укаларимнинг қўлларини «ҳалоллаб» олиш ташвиши каттароқ эди. Чунки катта укам ўн иккига, кичиги ўнга кириб қолганларидан маҳалла-кўйдаги кишилар ҳам дадамни кўрганда, нуқул шу тўғрида сўз очиб, уялтирар эканлар. Баъзилари:
— Раҳматқул ака, тўйни қачон қиламиз? Қачон сабзи тўғраймиз?— десалар, баъзилари биронта сотиладиган нарсани дадамга рўкач қилиб:
— Раҳматқул ака, сиз шуни олиб қўйинг, мана, яқинда, худо хоҳласа, бошингизда тўйингиз бор. Бирор эгилингизга яраб қолади, — деяр эканлар.
Ҳатто бир куни маҳалланинг сўфиси:
— Раҳматқул, домламизнинг елкалари ҳам қичиб қолган эмиш. «Қачон тўй бўлади?» деб сўрамоқдалар. Бу йил куздан қолмас, иншоолло, — деб дадамни мулзам қилар эканлар.
Дадам халқнинг таъна-тавбасидан зерикиб, бир кун онам билан маслаҳат қилдилар. Қандай бўлса ҳам бир ўнқовини топиб, киши кўргандай орзу-ҳавасли тўй ўтказиш ниятида эдилар.
Отам билан онам ўйлаб-ўйлаб, охири Қосимбойваччадан бирор юз эллик сўм қарз олишни маъқул кўрдилар.
Шу билан дадам эртасига бомдоддан чиққандан сўнг тўғри Қосимбойваччанинг ҳовлисига бориб қарз сўрамоқчи бўлибди.
Қосимбойвачча аввалига: «Қўлимда нақд оқчам йўқ, берганим билан вақтида узолмасдан уяладиган бўлманг. Сиз билан биз ёнма-ён қўшни, тағин ўртамизга совуқчилик тушиб, нари-бери гапга қолмайлик», деб турли шартлар билан векселга қўл қўйдириб, юз эллик сўм бермоқчи бўлибди. Бу пулнинг юз сўми нақд оқча, қолганига ўз жувозидан гуруч берар экан, дадам юз эллик сўмга ҳар ойга беш сўм ижара тўлаши лозим экан.
Шу билан уйимизда хурсандчилик пайдо бўлди, Ҳамманинг оғзида «тўй-тўй», қавм-қариндошларимиз «муборак бўлсин»га кела бошладилар. Ўн беш кунга қолмай дадам ўғилларининг қўлини «ҳалоллаб» олди.
Сарвар хола сўзини шу ерга етказганида қиз-жувонларга қараб:
— Бўлди, қоқиндиқлар, менинг бошимдан ўтгани шу,— деди.
Қиз-жувонлар чувиллашиб:
— Улар, дадангизнинг тўйи қурсин, бизга унинг нима қизиғи бор. Қолганини айтинг. Гапнинг мойлиги келганда тўхтатманг-да, холажон,— дейишди. Сарвар хола жилмайиб туриб сўзга бошлади:
— Орадан бир неча кун ўтди. Бир кун бойнинг уйида хизмат килиб юрадиган Шафоат амма деган оқсоч онамдан: «Ишларимга озроқ боқишиб юборсин», деб мени сўраб олиб чиқиб кетди. Мен чиқдим. Дадамнинг бойдан қарзлари бўлганидан, бойнинг уйида бўладиган бутун мовлиятларда чиқиб, хизмат қиладиган бўлиб қолдим. Бора-бора: «Кимсан, бойбувангдан қочасанми!» дейишиб Қосимбойдан қочмайдиган қилишди. Мен бойнинг уй юмушларини қилишга кўп чиқар эдим. Бир кун бойнинг катта хотини мендан койиб:
— Сарвар, агар бизнинг уйдагиларнинг ҳаммасидан ҳам қоча берадиган бўлсанг, бизнинг уйга чиқма, наҳотки биттаю битта Ғанибойваччадан қочсанг, худога шукур, у кичкина одам эмас. Сендайларга зор ҳам эмас,— деди.
Мен бойнинг ўгли Ғанибойваччага салом бериб кўриндим. Уялганимдан қора терга тушиб, ерга термилар эдим. Ғанибойвачча менга жуда қаттиқ тикилиб кулди-да:
— Ҳа, Сарвархон, омонмисиз, баракалла-баракалла, катта қиз,— деб чиқиб кетди. Ғанибойваччанинг хотини Зумрад келин ойи машҳур бойлардан Иноятҳожихоннинг қизи бўлиб, унча айтатурган чиройли эмас эди. Ғанибойвачча унга кўп ҳам иқи суюб қарамас эди. Шу важҳдан Ғанибойвачча ким кўринган кишиларнинг хотин-қизларига олайиб юрар эди. Мен Ғанибойваччага кўринганимни онамга айтганимда, онам койиб:
— Ғанибойваччанинг кошки нияти соғ бўлса, дадаси топганини кўча-кўйда совуриб юради, чакки қилибсан, қизим,— деди.
Хайр, бир кун яна Қосимбойнинг уйига меҳмонлар келадиган бўлганидан, оқсоч мени чақириб кетди. Мен уларнинг келди-кетдисининг кўплигидан зерикиб, чиқмай деган эдим ҳам-ку, бироқ дадам бечоранинг юз-хотирини қилиб чиқишга мажбур бўлдим. Мен чиққанимда, бойнинг уйига ҳеч қандай меҳмон келишининг асари бўлмай, уйда ҳатто бойнинг хотинлари ҳам, келинлари ҳам йўқ эдилар. Оқсоч мени алдаб олиб чиққан экан. Шафоат амма менга илжайиб:
— Оппоқ ойимлар билан келинлари нах кўч-кўронлари билан қудаларининг уйига зиёфатга кетишди. Абдуфаттоҳ Ғулжадан қайтган экан, бу кун у ерга ҳамма йиғилган. Бойбобонг ҳам ўша ерда. Бугун сен билан мен ёлғиз уйнинг бекасимиз, ҳе-ҳе-ҳе.
Мен майда-чуйдани суриштириб ўлтирмай, ҳовли юзаларини супуриш-сидиришга бошладим. Қозон-товоқларни ювдим, Шафоат амма бу пайтларда уй ичларини йиғиштириб юрар эди. Мен ариқ лабида самоварнинг кулини тўкар эдим. Шафоат амма бойнинг кичик хотинининг уйидан:
— Сарвар, ҳай Сарвар, опанг айлансин, бориб келин ойингнинг уйини сен йиғиштириб қўя қол, кошки у ойимхоним ўлгурлар бировга ўз юкларини ортмоқчилаб юрмасалар,— деди.
Мен «хўп» дедим-да, супургини кўтариб, Ғанибойваччанинг хотинининг уйига кирдим. Тўғридан ҳам, уй йиғиштирилмаган, келиннинг бутун пардоз-андоз буюмлари, ечган кийим-кечаклари ер билан битта бўлиб, уй юзасида чочилиб ётар эди. Ҳатто ўринлари ҳам йиғилмаган эди. Менинг ёшлигим, нодонлигим қурсин, кўнглимга шу пайтда бир пардоз қилиш келиб қолиб, келиннинг ойнасининг ёнига келиб қолиб, упа-элик, сурмалари билан қош-кўзларимни пардоз қилмоққа бошладим. Шафоат амма уйнинг эшигини очиб, келиб менга қаради-да, кемшик тишларини иржайтириб:
— Ҳа, қиз ўлмагур, ҳеч ким йўғида пардоз-андозингни қилиб қол, тағин эр олиб қочиб кетмасин,— деб эшикни ёпиб чиқиб кетди.
Мен унинг орқасидан кулиб қолдим. Шу тобда бирдан уй ичидан:
— Сарвар,— деган товуш эшитдим. Юрагим урмоққа бошлади. Атрофга кўз югуртириб, ҳеч кимни топа олмадим. Тағин:
— Сарвар, пардоз қилмасанг ҳам чиройлисан,— деди ҳалиги овоз. Ялт этиб қарасам, Ғанибойвачча тахмондан зардиволни қайириб, менга жилмайиб турар эди. Мен, «войдод» деб эшик томонга югурдим. Қарасам, эшик орқасидан занжирланган эди.
Шафоат амма билан Ғанибойвачча бирикиб, мени шундай қўлга туширмоқчи бўлганларини пайқадим. Қочиб қутулишга бирорта эшик қидирар эдим. Ғанибойвачча тахмондан туша келиб, қўлимни маҳкам ушлади.
— Сарвар, бари бир, қочиб қутула олмайсан. Ўзинг яхши биласанки, мен хотинимга кўнгилсизман. Мен сени ўзимга хотин қилиб оламан,— деди.
Бу чоқда, у ўз сўзларини бўғилиб-бўғилиб, ютоқиб сўзлар эди. Мен йиғладим. Ҳеч иложим қолмади.
Сарвар хола ўз сўзини шу ерга кёлтирганда бир уҳ тортиб қўйди ва кўзига ёш олиб:
— Юзимга совуқ сув сепиб, Шафоат амма ўзимга келтирганда, Ғанибойвачча йўқ, мен бир пуллик одам бўлган эдим,— деди.
Бутун бир танча хотинлар бир-бирларига қарашиб олдилар-да:
— Келинг, хола, садағайи кўз ёшингиз кетсин, ўтган ишдан туш яхши, қолганини гапиринг, кейин нима бўлди,— дедилар.
—Қоқиндиқлар, кейин нима бўлар эди, — деди Сарвар хола,— дадамнинг бойдан оқча олганига бир йилча бўлган бўлса ҳам бир тийин тўлай олгани йўқ эди. Бой нотариусдан одам билан келиб, уйимизни ҳатлатди. Маҳалла-кўйнинг нархи билан ҳовлимизни бой ўзига бир юз етмиш беш сўмга қолдирди. Бойнинг дадамдаги ҳақи ижараси билан икки юз ўттиз беш сўм бўлар экан. Қолган олтмиш сўм пулни дадамга закотга ушатди. Биз ўз уйимизни бойга топшириб, кўчларимизни ортмоқлаб, мана шу ерга келиб қолдик. Дадам мени бир қошиқ оби ёвғон билан ҳозирги эрим Саъди халфага эрга берди. Шундан сўнг, куёв, қайин ота чорикорлик қилиб, бизни боқмоққа бошладилар. Биз ҳам қўни-қўшнининг хизматини қилиб, уларга қарашар эдик.
Мана ҳозир бўлса, отам-онам ўлиб кетдилар. Саъди акангиз ер ислоҳотида Қосимбойнинг ерини эгаллаб, мол-мулкли бўлди. Укаларим поччасининг ёнида ёрдамчи. Қосимбой ўлиб, Ғанибойвачча шаҳарда оёқ чўткалар эмиш, ери ҳукумат томонидан бўлашиб берилган, деб эшитган бўлсам ҳам, аллазамонлардан буён кўрганим йўқ,— деб Сарвар хола сўзини тугатди.
Бутун хотинлар Сарвар холанинг ҳикояси устида гапира-гапира бир қанча ғўзани чувиб қўйганларини билмай қолдилар.
Мен аямнинг ёнбошига суяниб, пиш-пиш уйқуга кетган эдим.
1928