Ғафур Ғулом. Менинг ўғригина болам (ҳикоя)

Отамизнинг ўлганига анчагина йил ўтиб кетди. Бу йил — ўн еттинчи йилнинг кўкламида онамиздан ҳам ажралиб, шум етим бўлиб қолдик. Биз тўрт етимдан хабар олиб туришга катта онам — онамнинг оналари Роқиябиби келиб турибдилар. Бу кишини биз эркалаб «қора буви» деб атаймиз.
Оқшомлари бувим бошлиқ ҳаммамиз олди очиқ айвонда увунтўда  кўрпа-ёстиқларга ўралиб, биттагина Ўратепанинг кир ип шолчаси устида ухлаймиз.
Сентабр ойларининг охири, илк куз оқшомларидан бири эди. Ҳаво анчагина салқин. Биз етимлар бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб, бир-биримизни иситиб уйқуга кетганмиз. Қаторда энг сўнгги бўлиб, она чумчуқдай қора бувим ётардилар, у киши саксондан ошиб кетган, носкаш кампир эдилар.
Бу оқшом уч хўроз ўтгандан кейин, етти қароқчи юлдузи тик келганда ғўнғир-ғўнғир овоздан уйғониб кетдим. Бувим ким биландир анчагина баланд овоз билан суҳбатлашмоқда эдилар. Ҳовлимиз, ота-бувадан қолган, анчагина катта бўлиб, тўртбурчак таноби ҳовлилардан эди. Гир атрофи иморат, шимол томонда амакиваччаларимиз туришарди. Лекин улар ёзда боғга кўчиб кетардилар. Ҳозир улар томон бўш.
Буни қаранг-а, бизнинг уйимизга ўғри кепти. Бизни ҳам одам деб йўқлайдиган кишилар бор экан-да, дунёда? Эртага ўртоқларимга тоза мақтанадиган бўлдим-да: «Бизнинг уйга ўғри келди». Ғурур билан айтилса бўлади. Лекин ишонишармикан?
Ўғри ўша амакиваччаларнинг томидан секин юра келиб, бувимнинг тўғриларига келганда акса уриб юборибди. Бувим эса ёстиқни кўкракларига қўйиб, тил тагидаги нос билан ўйлаб ётар эканлар. Бувим «туф» деб носни туфлаб, томга қараб:
— Ўғригина болам, ҳой ўғригина болам, ҳойнаҳой бирор тирикликнинг кўйида томга чиққан кўринасан, ахир касбинг нозик, тумов-пумовингни ёзиб чиқсанг бўлмайдими, — дебдилар.
Ўғри томдан туриб:
— Ахир, бувижон, сиз ҳам бироргина кеча тинчингизни олиб ухласангиз бўлмайдими, бизнинг тирикчилигимизнинг йўлини тўсаверасизми? — дебди.
Мен гап шу ерларга келганда уйғониб кетган бўлсам керак. Қолган гапларни эшитганимча қилиб ёзаман.
— Ҳой, айланай, ўғригина болам, бошимда шундай мусибат турганда кўзимга уйқу келадими? Мана: олти ой бўлди, бирор соат мижжа қоқиб ухлаганим йўқ. Кундуз кунлар гарангдай довдираб юраман. Бирор ерга ўтиб мизғигандай қуш уйқуси қиламан. Кечалари хаёл олиб қочиб кетади.
— Нималарни хаёл сурасиз, бувижон? — бу гапдан кейин устидаги тўнини турмучлаб  бўғотнинг устига ёстиқ қилиб қўйиб, ўғри ҳам ёнбошлаб олди.
— Нималарнинг хаёлини сурардим. Шу тўртта етимнинг эртасини ўйлайман-да, болам. Замонни ўзинг кўриб турибсан, тириклик тошдан қаттиқ, туянинг кўзидай нон анқога шапиғ. Ҳали буларнинг қўлидан иш келмайди. Сўққабошгина аравакаш тоғаларининг топгани ўзининг рўзғоридан ортиб, буларга қут-лоямут  бўлиши қийин. Рўзғорда бўлса, кўз кўриб, қўл тутгудай арзигулик буюм қолгани йўқ. Бир чеккадан сотиб еб турибмиз. «Туриб еганга турумтоғ чидамас», деганлар. Эҳ-ҳа, бу болалар қачон улғаяди-ю, қачон ўзининг нонини топиб ейдиган бўлади! Чор-ночор хаёл сурасан, киши. Тағин бу етимларнинг биттагинаси ўғил, учтаси қиз. Энди ўн тўртдан ўн бешга ўтди. Қизлари қурғур қачон бир ерга элашиб кетади-ю. Ўзи ўраб, ўзи чирмаб оладиган жой чиқмаса, буларга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди дейсан. Замон қаттиқ, ўғригина болам, замон қаттиқ!
— Тўғри айтасиз, бувижон, — деди ўғри, — менинг ҳам икки болам, хотиним, битта кампир онам бор, бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак, деганларидек, шуларни боқишим керак. Тўртта чавати нон  топиш учун ўзимни ўтга, чўғга, Алининг қиличига ураман. Бўлмаса, ишлай десам билагимда қувват бор, ақл-у ҳушим жойида. Менга ҳозир шу қилиб турган ўғрилик касби ёқади, дейсизми. Туппа-тузук аёлманд косибнинг боласи эдим. Замон чаппасига кетди. Керинска пошшо  бўлгандан кейин уруш тўхтайди, деган эдилар. Ҳали-бери тўхтайдиган кўринмайди. Ҳали ҳам замон-замон ўша илиги тўқларники.
— Бирор бошқа касб қилсанг бўлмайдими, болам, — деди кампир.
— Нима касб қилай? Ҳамма касбларнинг ҳам бозори касод. Ота касбим кавушдўзликни қилайми? Аввало шуки, кавуш тикишга на чарм бор, на сирач, на мих, на лок. Масаллиғининг ўзи битиб чиққан кавушдан уч баравар қиммат. Ҳаммоллик қилай десам, аввалгидек қоплаб ғалла, қоплаб сабзи-шолғом оладиган бадавлатнинг тухуми қуриган. Тунов куни шу маҳалланинг девкор этикдўзларидан Бувамат ота бутун қолип-у шон-у сўзан, бигизларини улгуржисига икки пуд жўхори унга мовоза қилди. Яхши қилди. Унинг этигини киядиган ўзбек, қозоқ, қирғиз деҳқонлари қаёқда дейсиз, қолган эмас. Фақат уларнинг етимларигина шаҳримизни тўлдириб юрибди. Қайси бурчакка, қайси чордеворга бош суқманг, ўн бешта етим ювуқсиз қўлини чўзиб: «Амаки, нон беринг», дейди. Нон-а, ўзимникига тополмайман-у! Битта ман эмас, буви, маҳалладаги ҳамма косибларнинг аҳволи шунақа. Пичоқчилар ҳам, бўзчилар ҳам, кўнчилар ҳам, борингки, мактаб домлалари ҳам, муллаваччаларнинг ҳам ранги пано. Бир қошиқ оби ёвғонга зор. Санқиб юрибди.
— Ҳув, худоё уруши бошига етсин, қиёмат-қойим дегани шудир-да, а, ўғригина болам-а. Ҳа, майли, шу етимларнинг ҳам пешанасига ёзгани бордир. Хўш, энди ўзингдан сўрай. Ахир, ноиложликдан-ку, шу ҳаром йўлга қадам босибсан, ўзига тўқроқ, бадавлатроқ одамларникига борсанг бўлмайдими? Мана шу маҳаллада Карим қори деган читфуруш бор, Одилхўжабой деган пудратчи бор. Матёқуббой деган кўнчи бор. Буларнинг давлати-ку мил-мил. Бешикдаги боласи ҳам четига байт ёзилган чинни косада ош ичади. Шуларнинг томини тешсанг бўлмайдими?
— Эй, бувим тушмагур, соддасиз-да, содда, — деди ўғри. — Бойларнинг уйига тушиб бўладими, уларнинг пахсаси саккиз қават, эшиклари темирдан, ҳар биттасининг қўрасида эшакдай-ешакдай иккита, учтадан итлари бор. Бу итлар ҳовли саҳнидан битта капалак ўтса, бир ҳафта вовуллайди. Одилхўжабойнинг ғуломгардишида-чи , милтиқ ушлаган городовой туради. Жонимдан кечибманми, ўлдирмаганда ҳам сибир қилиб юборади.
— Бу гапинг ҳам тўғри, ўғригина болам. Аммо-лекин эҳтиёт бўл. Эл-юртнинг олдида тағин бадном бўлиб қолмагин, — деди бизнинг кампир.
— Гапингиз тўғри, буви, тунов куни Ориф сассиқнинг отхонасидан тўртта товуқ, битта хўроз ўмарган эдим.
— Товуқ, хўроз дедингми? Ҳа, бу махлуқлари қурғур қақақлаб сени шарманда қилмадими?
— Ҳамма ишнинг ҳам ўз мароми бўлар экан, буви, товуқ олгани борганда чўнтагимга бир шишага сув солиб оламан. Кейин қўндоқнинг тагига бориб, оғзимни сувга тўлдириб товуқларга пуркайман. Товуқдай аҳмоқ жонивор оламда йўқ. Ёмғир ёғяпти, шекилли, деб ўйлаб, бошини ичига тиқиб, ҳап ётаверади, кейин битта-битта ҳиқилдоғидан тутиб халтага соламан.
— Шунақа дегин, вой тавба-ей. Ҳамма ҳунарнинг ҳам ўзининг мурт гардони  бўлар экан-да.
— Шундай қилиб десангиз, бувижон, сиримнинг хашаги очилишига оз қолди. Йўқ, элликбошимиз Раҳмонхўжага хўрозни олиб бориб берган эдим, ишни босди-босди қилиб юборди. Раҳмонхўжа мен билан тузук, яхши одам. Бултур уни-буни сотиб, саксон уч сўм пул жамғариб: «Топганимиз шу, элликбоши ота», деб пора берган эдим, рабочийга кетишдан олиб қолди.
— Ҳа, ишқилиб, бола-чақасининг эгилигини  кўрсин. Энди буёққа қара, ўғри болам, ҳадемай тонг ҳам ёришиб қолар. Ана, ёруғ юлдуз ҳам тиккага келиб қолди. Ошхонанинг ёнидаги тутдан сирғалиб пастга туш, ўтинимиз йўқ. Ошхонада бир замонлар боғдан келган бир-иккита ёнғоқ тўнка бор, болтани олиб, шунинг бир чеккасидан озгина учириб бер, қумғон қўяман. Кеча тоғанг бериб кетган зоғорадан иккитасини олиб қўйганман, биргалашиб чой ичамиз.
— Йўғ-е, буви, — деди ўғри, — тўнка ёриб-ку берарман, аммо чой ичолмайман, чунки кун ёришиб қолса, мени таниб қоласиз. Жуда ҳам юзимни сидириб ташлаганим йўқ, андишам бор, уяламан.
— Вой ўлай, қутлуғ уйдан қуруқ кетасанми, болам? Бир нима олиб кет. Тўхта, нима олиб кетсанг экан, ҳа, дарвоқе, ошхонада битта ярим пудлик қозон бор. Аллазамонлар уйимизда одамлар кўп эди, катта қозонда ош ичардик. Худонинг ғашига тегдик шекилли, шундоқ катта, гуркираган хонадондан мана шу тўрттагина етим қолиб турибди. Эҳ-ҳа, булар қачон катта қозонни қайнатар эди-ю… Шуни олиб кета қол. Сотиб бир кунингга яратарсан, ўғригина болам.
— Йўқ, йўғ-е, буви, ёмон ният қилманг. Ҳа-ҳув дегунча бу кунлар ҳам унут бўлиб кетади. Яна катта оилалар жам бўлади. Ҳатто бу қозон ҳам кичиклик қилиб қолади. Ўша етимларнинг ўзига буюрсин. Тўйларида ўйнаб-кулиб хизмат қилайлик. Хайр энди, буви, мен кетаман, тоғ томон ҳам ёришиб қолди.
— Хайр, ўғригина болам, келиб тур.
— Хўп, она, хўп…
Мен ўша ўғри кишини танир эдим. Ҳалигача ҳеч кимга кимлигини айтган эмасман.

Ҳикоянинг аудиоверсиясини сақлаб олинг.