Фозил Фарҳод. Юмшатиш белгиси (ҳажвия)

Ушбу машмаша бундан бир неча йил илгари – ҳали ташбеҳ нималигини англамаган пайтларим – газетамизда бир филолог олимнинг «КЕРАКСИЗ БЕЛГИ» деган мақоласи босилганидан кейин бошланган. Мақола айнан юмшатиш белгиси тўғрисида бўлган.

* * *

У эрталаб соат тўққизда кабинетга кириб келар, кечки олтида тошойнага қараб, бўйинбоғини обдон тўғирлаётган бўларди. Кейин оҳиста-оҳиста қадам ташлаганча уйига қараб жўнарди. Унинг ишхонадаги кун тартиби тахминан шундай – таҳририят шартнома қоғозида кўрсатилганидай: тўққизу олтилардан иборат. Журналист учун бегонароқ бундай тартибга узоқ йиллар давомида кўниккан. Ҳатто орқада қолиб кетадиган соатларни-да унинг ишга келиб-кетиши орқали бемалол тўғирлаб олса бўларди. У фақат сонияларда адашарди, холос.
Таҳририятга энди келганимда мен ҳам уни намунали ишчи деб ўйладим. Бора-бора менга номаълум жиҳатлари намоён бўла бошлади: сергап, хаёлхўр, ножоиз ҳожатбарор, доимо бир нимадан норози. Алоҳида айтишим керак бўлган сифати: «ЮМШАТИШ БЕЛГИСИ».
Ҳар бир таҳририятда деёлмайман-у, аммо ҳамон эскича қолипларда иш юритаётган нашрларда мазкур тоифадаги шахслар учрайди. Халқ тилида содда қилиб айтганда, қаҳрамонимиз саккиз ўлчаб бир кесадиганлар хилидан. Кесаётганда ҳам тағин негадир бир карра ўйлаб оладиганлардан. Хуллас, буёғини ҳикоямиз давомида билиб олаверасиз.
Уни нега «юмшатиш белгиси» дейишларини яқинда ишдан ҳайдалган мусаҳҳиҳ опадан билгандим. Сабрингиз кўпчимасин-у, буни сизга сал кейинроқ – ўз ўрнида сўзлаб берганим маъқул. Унгача ҳикоямни ўша фожиа содир бўлган кунда у тушлик вақтини ўтказаётган ошхона столи устидан давом эттира қолай.
Вайсақов учинчи чойнакдаги охирги чой томчиларини пиёласига сириқтирди-да, деразага тикилганча нималарнидир ўйлади. Сўнг совиб қолган чойни шошмасдан симирди. Айнан нимани ўйлаётганини унинг ёшига нисбатан илгарироқ улғайган деразадаги аксидан билиб олиш анча мушкул. Бироқ уни таниганларга шуниси аниқки, у ҳозир ҳар доимгидан сал бошқачароқ. Буни пайқаган хизматчи қиз ҳисобни келтиришга шошилмади. У шу ерга ишга келганидан бери эслайдики, мижоз доим бир коса овқат, 100 грамм оқидан буюрарди. Бугун қоида бузилди: бирваракайига икки хил таом, 200 грамм ҳалигидан айтилди. Мижознинг бошқаларга кўп жиҳатдан ўхшамаслиги хизматчиларга ёқарди: таом кечикиб келтирилса индамасди, илиқроқ овқат олиб келингандаям уларга бир ўқрайиб қўярди-ю, ўзига-ўзи тўнғиллаб-тўнғиллаб еяверарди. Шу боис, қайсики хизматчи бўлмасин унга хизмат кўрсатишни ўзига «шараф» деб биларди.
Бўш пиёлани чойнак ёнига қўйиб, хизматчини қидирди. Зир-зир югуриб юрган қизил фартукли қизларнинг ичидан уни бир амаллаб топди. Чақиришга шошилмади. Юмушларни бажариб бўлишини кутди. Бу пайт ошхонани аксарият хўрандалар тарк этиб улгурганди. Бироз вақт ўтгач, хизматчининг ўзи ҳисобни келтирди.
– Тилла қизим, сизга кат-т-а раҳмат! – деди сиполик билан қиздан кўзини узмай. Бундан хижолат чеккан хизматчи кўзларини бошқа томонга олиб қочди. – Доимо соғ-саломат бўлинг, тилла қизим!
—    Кеп туринг! – Ҳар кунги гапини такрорлади қиз.
– Билмадим, бу ерларга яна қайтиб… Ҳ-а-а, майли! – дея қўлини силкиб, ташқарига жўнади. Ғалатитабиат мижознинг узуқ-юлуқ гапидан ҳайрон бўлиб, ортидан тикилиб қолган қиз унинг нега бундай деганини ҳар қанча уринса-да фаҳмлай олмади ва кўздан ғойиб бўлгунча уни кузатиб туриб, тағин ишига шўнғиди.
Кўклам ҳавоси намхўш. У ёмғирпўшининг тугмаларини қадади-да, соатига қараб олди: 13:51. Тағин ўйлади:
«Тўрт дақиқада кабинетда бўламан. Яна беш дақиқа бор…»
Узоқ ўйланувдан сўнг, тамаки тутатишни аҳдлади. Бугундан эътиборан унга иш вақти умуман аҳамиятсиз эса-да, бироқ ҳозир ҳам тушлик соатига беихтиёр риоя қилди. Эрталаб котиба у ишлаётган ўрин қисқарганлиги-ю, энди таҳририят бундай таҳрирчига муҳтож эмаслиги боис бош муҳаррир шундай буйруқ чиқарганини дона-дона сўзлаб етказди. Бу гапдан кейин то кеч олтигача у умрида илк бора ўзини ҳеч кимга кераксиз одамдек ҳис этиб юрди.
Хонага кириб келиши биланоқ шу яқиндаги ҳиёбонда жойлашган курантлар бонг ура бошлади. Икки маротабадан чалинган занг товушларини санаб бўлгандан кейингина ёмғирпўшини кийимилгичга илди. Курсига шошилмай жойлашди. Кўзойнагини обдан артиб, қулоқларига қистирди. Қизил сиёҳли ручкасини олиб, ҳали чала қолдирган мақолани бўяй бошлади.
Ишни тугатгач, билагидаги соатига тикилди: 14:45. Кўзойнагини ечиб, ёнида турган телефон дафтарчасидан анча вақт рақам қидирди. Керакли рақамни топди шекилли, гўшакни қўлига олиб, гардишни айлантира бошлади. Қуюв сўрашувдан кейин бўялган материални қўлига олиб, бир нималарни жавради. Чамаси, нарёғдаги киши мақола муаллифи эди. Суҳбат тамомлангач, тағин соатига эриниб термулди. Бу пайтда курантлар навбатма-навбат уч маротабадан бонг урди. Тушликдан чиқиб, ишга келмасаям бўларди. Лекин мақола муаллифига қилган ваъдаси… Кўнгилчанлиги ҳам унинг мана шундай ҳолатга тушиб қолишига оз бўлса-да, ўз таъсирини ўтказганди.
Мақолани котибага қолдириб келди. Сўнгги маротаба иш курсисига чўкди-ю, узоқ хаёл сурди. Тағин қизил сиёҳли ручкасини олиб столда турган тақвимдаги бугунги сананинг устидан чизиқ тортди.
Унинг қатъий амал қиладиган яна бир нарсаси – тақвим. Ҳафтада беш кун ишга келар, мабодо тақвимнинг қизарган кунларида таҳририятда бирор юмуш чиқиб қолиб, ходимлар чақиртирилса, буни адолатсизлик санарди-ю, келишни бутунлай рад этарди. Дам олиш кунида дам олиниши керак, деб ҳисобларди. Ҳатто, иш вақтидан ташқарида иш ҳақида ўйлаш унинг учун мумкинмасдек эди.
Тақвимга термулиб бўлгач, тортмасидан оппоқ қоғоз чиқарди-ю, ариза ёзишга киришди. Ёзиб бўлгач, уни икки маротаба ўқиб чиқди. Учинчи ўқишда бош муҳаррирнинг исми тўғрисига келиб тўхтади. Хато қилиб қўйганини фаҳмлади. «Эҳ, аттанг!» дея пичирлади. Қилган хатоси шундай эди: муҳаррирнинг исмидаги «ў» ҳарфининг думи сал қийшайиб қопти. Тортмани очиб, янги қоғоз олди. Қайтадан ёза бошлади. Янги аризага «ў» ҳарфини ўта эҳтиёткорлик билан кўчирди. Навбатдаги «дум» кўнгилдагидек чиқдими, бошқа ариза қораламади.
Ёмғирпўшини кийимилгичдан олди-да, хонага маъносиз тикилди. Калитни икки марта айлантиргач, эшикни итариб кўрди. Эшик қулфланганидан кўнгли хотиржам бўлгач, йўлак бўйлаб юрди.
– Биздан яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса, узр! – деди қўлоғида гўшак, оғзида сақич, клавишларни бармоқлари билан тинмасдан тақ-тақлатиб ётган котибага юзланиб. Унинг кирганини гапирганидан сўнггина пайқаган котиба бармоқларини ҳаракатдан тўхтатди ва елкаси билан гўшакни қулоғига қисган кўйи у узатган калит ва аризани олиб, тиржайди.
– Хавотир олманг! СИЗНИ ҳамда ЮМШАТИШ БЕЛГИСИни бир умр унутмайман! – илжайишини янада зўрайтирди котиба.
Кетаётиб, бундай тарзда ҳамиятига тегишларини сираям кутмаган таҳрирчи йўлакка чиқиши билан ўзига эшиттирмасдан котибани бўралатиб сўкди: «…ҚИСИР ЭЧКИ!!!»
Асаби чиқиб бораркан, қабулхонадан ҳеч қанча узоқлашмасдан котиба унга етиб олди ва раҳбар қайтариқсиз қўл қўйиб берган аризани унга тутқазди. У ариза билан тўғри ҳисобчининг хонасига борди.
У сўнгги ойлигини олгунча, сизга «Кераксиз белги» мақоласи қолдирган «из» ҳақида сўзлайман. Муаллифининг хулосасига кўра, тилимизда юмшатиш белгисидан фойдаланмасаям бўлади. Унинг бизга ҳеч қандай нафи йўқ. Таҳририят шундан сўнг белгидан воз кечади. Таҳрирчимиз эса бунга тиш-тирноғи билан қарши чиқади, дод-вой солади, буни сиёсий хатога йўяди. Ҳар икки гапнинг орасида қайта-қайта такрорлайди:
«Ахир, фолон йилда низом қабул қилинган. Юмшатиш белгисисиз ҳаёт ҳаётми?»
Қабул қилинган мезонлару тил қоидаларига вақти-вақти билан зарурат юзасидан ўзгартириш киритилиши мумкинлигини хаёлигаям келтиролмайдиган таҳриричимизнинг «мезони» бошига бало бўлиб, «мукофот»ига касбдошлари томонидан лақаб орттириб олади: «ЮМШАТИШ БЕЛГИСИ!»
Шу-шу ҳамма уни орқасидан «юмшатиш белгиси» дея атай бошлайди.
Тўғриси ташқаридан қараганда у жуда интизомли ходимдай кўринарди. Соат тўққиздан кечикмасдан ишга келса, кечқурун олтидан олдин уйига кетиб қолмаса, содиқ ишчи деганлари шунча бўлади-да! Йўқ, янги муҳаррирга бошқачароқ ходимлар ёқарди: соат тўққиздан кечикса ҳам мақолалари ўз вақтида тайёр бўладиган, касби учун фидойи. «Журналист учун мавзу кўчада» дерди раҳбар. Ишга ўз вақтида келган бўлса-да, уйига кетиш учун кечки олтига зориқиб ўтирадиган ишчиларни эса ёқтирмасди. Шунинг учун таҳрирчимиз бу муҳарриримизга маъқул келмади.
Тартибларга кўмилиб-да инсон неларгадир эришса бўлар. Масалан, у салгина ҳаракат қилса, хонасида ўтириб-да ўртамиёна ёзувчи ё ҳеч бўлмаганда, мукофотхўр журналист бўлиши мумкин эди. Лекини шуки, қаҳрамонимиз хонадаги вақтининг асосий қисмини иккиланишларда ўтказар, журъатсизлик унинг улкан душманларидан бири. Лоақал унда-бунда қўлига бирорта бадиий китоб ҳам олиб ўқимасди. Касби бўйича журналист бўлса-да, шу ёшигача бирор мақола ёзишга уриниб-да кўрмаганди. Балки у ўз вақтида узил-кечил хулоса чиқариб бўлгандир: “Ўртамиёна ёзувчи бўлгандан кўра, ҳеч ким бўлмай ўрганинг тузук!” Бироқ Вайсақов билан бир-икки оғиз гаплашган фаросатли одам унинг бундай хулосага келишга ақли калталик қилишини дарров фахмларди.
Таҳрири ҳам ҳаминқадар – мусаҳҳиҳона: гап қурилиши, имло хатолари ва ҳоказо. «Айтарли»га ўхшаш сўзлар «деярли»га алмаштириларди, холос. Бундан ташқари, фалон йилда нашрдан чиққан бир дона китоби бор. Ўша эски китоб унинг энг яқин ишонгани. Тортишувларда кўпинча ушбу китоби билан ғолиб чиққан. Унинг жон куйдириб гапиришини кўрган ҳар қандай суҳбатдош ҳам келтирган исботи эскирганини билса-да, индамай қўя қоларди.
У энди нима қилишини ҳам, қаерга ишга боришиниям билмасди. Бугунча бу ҳақда ўйлагиси келмади. (Нафақага чиқишига бир йил қолган БУНДАЙ ОДАМни ким ҳам ишга оларди?) Шунинг учун Пайғамбар ҳам бугунини ўйлаган экан деган мақолга қатъий амал қилиб, булар ҳақида бошқа гал ўйлаб кўриш ҳақида узоқ ўйлади-да, тушдан кейинги вақтини кўнглини ёзишга сарфламоқчи бўлди. Қиёфасига ҳаётида ҳеч қандай кўнгилхушлик содир бўлмаган кишилар ниқобини кийди-да, гердайганча юзига киборли кулгу оралатиб оҳиста-оҳиста ишхонадан чиқди. Йўлда учраган танишларга янада жилмайиброқ бош силкиб қўярди.
Кетаётиб йўл четидаги устунга ўрнатилган рекламадаги ёзувларга кўзи тушди. Янги алифбода ёзилган у ердаги битта сўзда юмшатиш белгисидан фойдаланилмаганди. Ёзувларга қараб, истеҳзоли тиржайди ва секин пичирлади:
«Вой, афандилар-э!!!»
Уйига боришга ҳам шошилмади. Уйида ҳам қари онаси, хотини унинг қолип гапларини эшитавериб зерикишган. Отасининг табиатидан безор фарзандлар эса ундан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолган. Энг катта фожиа – буларнинг ҳаммасини унинг ўзиям биларди. Бундай яшаш тарзидан воз кечиш ўз қўлида эканини ўйлаб кўрарди-ю, лекин ўзгартиришни ҳар гал орқага сурарди. Агар бошқача бўлишига ҳаракат қилганида борми, неча йиллик итоат қилиб келаётган иш тартибида лоақал заррадек бўлса-да, ўзгариш – юксалиш сезиларди.
Театр олдидан ўтаётиб, чиптахона ёнида одамларнинг тўпланишгани уни ажаблантирди. Вайсақовни ўзига кераксиз бўлган кўп нарса қизиқтираверарди. Ҳатто қўшниларининг оиласидаги ички низоларга-да бир неча бор аралашгани, натижада, улардан панд еганини оғзидан эшитганман.
Барибир бориб, одамлар орасига бош суқди. Сўраб билдики, қайсидир шоирнинг янги комедиясига чипта сотилаётган экан. Уларга қўшилиб, навбати келишини пойлади. Бир амаллаб чипта олди. Спектаклга кирди ҳам. Ё товба, умрида қилмаган иши.
Театрдан чиқиб, йўлка бўйлаб юрди. Томоша кўнглини ёзадими деса, баттар қилди: гўё қўйилган комедия унинг ҳаётидан сўзлагандек, томошабинлар устидан қаҳ-қаҳ отиб кулгандек. Тағин унга ёқмагани:
«Асар ниҳоятда жўн ёзилган, саҳналаштириш ҳам маромига етмаган, қаҳрамонлар тили ҳам шевада».
Шеваларни азалдан ёқтирмасиди. Ҳамма нарса адабий тилда бўлишини ва барча, ҳатто юртида яшаётган лўлилар ҳам соф адабий тилда гаплашиши керак дея ўйларди, бу ҳақда танишларига доим гапириб юрарди. Адабиётда, театрда, кинода қаҳрамонларини шевада сўзлатган ёзувчи-шоирларни ўта чаласавод санарди. Хуллас, янги комедия ҳам унга маъқул келмади.
Хиёбонга етгач, йўл четидаги дарахтларга кўзи тушди. Энди уларнинг нега қийшиқ ўсиши тўғрисида ўйлай бошлади. «Теп-текис ўсса нима қиларкин, а?» дея уларга узоқ тикилиб, анчагача бош қотирди. Табиатнинг қинғир-қийшиқ дарахтлари унинг ғашини келтирди. Шу пайт дарахтлар орасидаги халтаси титилиб кетган бир қоп цементни кўриб қолди. Чамаси, у ёмғирда қолиб қотган, кейин эса ҳеч нимага яроқсиз матаҳга айланганди. Негадир у ўзини мана шу дардисарга қиёслади-ю, аччиғланди.
Уни кўрмаслик учун ҳиёбонни иложи борича тезроқ тарк этиб, катта йўлнинг нариги бетига ўтишни ўйлади. Қидириб, пиёдалар йўлакчасини топди. У йўл ҳаракати қоидаларини-да ҳеч қачон бузмасди. Светофорнинг қизил чироғи ўчиб, яшили ёнишини пойлади. Яшил чироқ ёнди ҳамки, у юришга шошилмади. Йўлнинг нариги томонидан келаётган бир йигитга кўзи тушди ва унинг келишини пойлай бошлади. Йигит келди. Таҳрирчимиз у билан қуюқ сўрашди. Йигит унинг бирга ишлаган ҳамкасби эди. Вайсақов қўлини йигитнинг елкасига қўйди-да юмшоққина қилиб вайсай бошлади:
– Бир машҳур фильм қаҳрамони айтганидек, одатда охирида бошини ўйлай бошлар экансан. Энди бўладиганим бўлди. Аслида, менинг ҳам бир дунё орзуларим бор эди. Бу орзуларга етиш учун ҳам ҳаракат керак экан. Бироқ афсус… – дея бошини қуйи солди. Беш дақиқалар жим тургач, калласига зўр фикр келиб қолган одамдай яйраб гапида давом этди. – Тағин бир гап. Ишга олтию тўққизда кеп-кетсанг-да, бироқ ишдаги асосий вақтингни бекорга сарфлама. Майли, ишла. Бироқ ортган вақтингда албатта бадиий китоблар ўқи, излан, хуллас, умрингни бекорга совурма. Шунда афсусланмайсан. Бу гаплар мендан сенга омонат. Бошқа кўришамизми-йўқми!.. Борақол, ҳали ҳаётинг олдинда. Омон бўл!..
Йигит бир-икки қадам олдинга юрди ва ажабланиб ортига ўгирилиб қаради. Чунки то бугунгача бирга ишлаган бу касбдошидан илк бора бамаъни гап эшитаётганди. Бунинг устига у худди ўлишини билган кишидай гаплашди-я. Тавба. Бу пайт светафорнинг яшил чироғи ёнди. Ниҳоят, жамиятнинг ноқулайликларидан норози таҳрирчимиз айни дамда пиёда ҳуқуқидан оқилона фойдаланиб, – гўё ҳеч қандай хавф унга раҳна сололмайдигандек, солиши ҳам асло мумкин эмасдек – чапу ўнг тарафига назар ташламасдан яқиндагина оппоқ қилиб бўялган пиёдалар йўлкаси орқали хаёлида қийшиқ дарахтларнинг танасини «таҳрир» қилганча гердайиб кетарди. Шу пайт қаердандир учиб келган қип-қизил улов не бало бўлди-ю, тормизи ишламай қолдими; ишқилиб уни оппоқ йўлакдан ташқарига улоқтириб юборди. Кутилмаганда қалқиб, нима бўлаётганидан ҳали бехабар Вайсақов шу лаҳзада ҳаёти давомида учраган барча «ноқулайлик»ларни эслашга уриниб, ўзига-ўзи такрорларди:
«ҲАММАСИ БЕТАРТИБ!»
Уфқ қизара бошлаган паллада олисдаги курант капгирининг иш вақти тугаганидан дарак берувчи занги қимирлаш учун ўзида куч топа олмай қийналаётган таҳрирчининг қулоғига элас-элас эшитиларди…
Уни туртиб юборган улов тўхтади-да, ичкаридан ранги оқариб кетган икки йигит тушди. Бояги йигит ҳам чопқиллаб келди. Хайрият, ҳеч нима қилмабди. Йигитлар уччовлашиб уни ўрнидан турғазиб мошинага шошилинч тиқишди-ю, уйи жойлашган кўча бурилишигача элтиб қўйишди. Ҳануз бетартибликдан норози жабрланувчининг сўзларига яхши тушунмай йигитларнинг абжирроғи унга бир даста минг сўмлик тутди ҳамда: «Акажон, тағин гап-сўз қилиб юрманг, мана буни дори-порига ишлатарсиз!» деди. У эса: «Пулингни нима қиламан, ҳеч ким «низом»га амал қилмайди!» дея ғудраниб, ер тепсинди. Йигитлар қўймасдан пулни касбдош йигитга тутқазиб, машинани буриб оларкан ўзаро гурунглашишарди: «Қанақа низомни айтди? ГАИдан пенсияга чиққан одамга ўхшайди. Тағин ким билсин?..» Улар зумда ғойиб бўлишди.
Таҳрирчимиз сал ўзига келгач, ҳамроҳига: “Ҳар қандай тартибда ҳам тартибсизлик, ҳар қандай тартибсизликда ҳам тартиб бор экан. Аслида ҳаётнинг қонуни шуми, дейман. Шугина қоидани англаб етгунимча шунча яшабман-а!.. Ҳаммасини бошқаттан бошлашга эса энди кеч. Аттанг! Бояги гапларим ҳам эсингдан чиқмасин! Энди қайтсанг ҳам бўлади. Буёғига ўзим етиб оламан…” деди. Тушунарсиз тилда ўзича ғудраниб кўча деворига суянганча, гандираклай-гандирайлай ижара уйи томон йўрғалаётган ғалати касбдошимни анграйиб кузатиб қолишдан бошқа чорам қолмади.

* * *

Ёстиқдай ромон бўлгулик ҳам кулгили, ҳам қайғули қисмат-а!..
Орадан йиллар ўтиб, ёзувимиз шакли ўзгаргач, тилимизда юмшатиш белгисидан бутунлай воз кечилди. Ўша учрашувдан сўнг ўзимизнинг «Юмшатиш белгиси»ни ҳам қайтиб учратмадим. Ундан икки оғиз фойдали насиҳат ҳамда ушбу ҳикоя «мерос» қолди.
Ҳикоямизга нуқта қўйишдан бурун қаҳрамонимизга нисбатан қўллаган ташбеҳимизни ўқинг: шундай бўлиши керак бўлгани учун эмас, унинг ўзи бошқача бўлишини хоҳламагани учун ҳам жамият уни юмшатиш белгиси сингари ўз сафидан сидириб ташлади.

2011 йил, март.