Шу дейман, кейинги пайтда «эъжод»корнинг китоб чиқариши анча жўнлашди-ёв. Мавзу тайёр, хомий бисёр бўлса, бунинг нимаси қийин. Қалам оппоқ қоғозга юргизиб кетилаверса, қарабсизки, қуён бир болалагулик муддатда роман битади-қўяди. Мана, шундай “сермаҳсул” ёзувчи деса арзигулик кимсан Жавлон Кўпайсиновнинг бир-икки ҳайбаракачилардан фотиҳа олиб, қалам тебрата бошлаганига ҳам беш йил тўлди. Кичикроқ “юбилей” ўтказсаям бўларкан. Тўғри-да, касал бўлиб ёзолмай қолган сўнгги икки йилни ҳисобламаганда, ўша уч йиллик ҳосил – саккиз қиссаю тўққиз романни мақтаб, адабиётнинг нақ янги босқичига йўйганлар озмунча бўлдими?! Ҳа энди, бир нимани билишгандирки, шундоқ деган-да.
Аттанг, у пайтларда Кўпайсинов ихлос қўйган, ўзи ишлаётган катта бир ташкилот раҳбарининг давримиз илғорлари деган гап-сўзлари йўқ эди-да! Бўлмаса, биринчилардан бўлиб «қаҳрамон»ни китобларига жойлаб қўярди. У қаламкашларнинг шундай хилидан – Каттанинг оғзидан чиқар-чиқмас, унинг нутқларидан ёстиқдек роман, жуда бўлмаганда, семизроқ қисса ясайди. Катта Кўпайсинов учун илҳом манбаи. Шунинг-чун унинг қатор асарига уруғ-аймоғи билан қўшилишиб кириб кетган. Кўпайсинов асарларида Катта гапирмаган гапларниям унинг оғзидан гапиртирганда айтадиган боҳонасиям тайёр: «Шу гап кўнглингизда бор эди-ку! Оғзингизнинг учида турганди-я! Қачонлардир барибир айтмоқчийдингиз-ку!» Унинг куйиб-пишиб гапиришини кўрган Катта ҳам «Ижодкорнинг кўнглини ранжитиб бўлмайди. Телба бир ёзувчи бўлса, кимга зиёни тегарди. Ёзса ёзибди-да. Қайтага, шулар орқали тарихда қоламан-ку!», дея индамай қўя қоларди.
К¬¬¬ўпайсинов замонавий ёзғувчи. Асарининг хамиртуришидан то тандирда пишиб, қайси бозорда сотилишигача кузатади. Ҳар гал янги китоби чоп этилиш арафасида у-бу мухбирларга интервью бериб қолар, маҳалла-кўйдами, суҳбатлар ҳам уюштирарди. Китобларнинг рекламасига-ку алоҳида эътибор қаратади. Пул кетса кетсин, карьера керак, дейди. Бу ёғини сўрасангиз, у ишбилармон “ёзувчи”, харажатларни китоб сотувидан ўн баравар қилиб қайтиб олмаганига қўймайди. Куни кеча қайсидир радиоканалда унинг янги китобини реклама қилишди. Бир-икки адабиётчи чойхонадошларига учини чиқарганди, силлиққина тақризчалар ҳам тайёр бўлди-қолди. Барини ўзи каби бўлажак “ёзувчи” укалардан таҳририятларга бериб юборди. Ўзи оборишни сал хижолатда эп кўрмади. Кап-катта одам бўп қолди энди. Таҳририятма-таҳририят ўзи ҳақидаги тақризни қўлтиқлаб юрса бўлмас.
Тақдимотга пухта тайёргарлик кўрилди. Бир пиёла чойи билан. Таниш-билиш, ошна-оғайни – бари айтилди. Газет-журналларга хатлар жўнатилди.
У ўша кунни сабрсизлик билан кута бошлади. Ниҳоят, кутилган кун келди. Мухбирлар ҳам. Бўйинбоғини гавдасига қўшиб, олдинга ликкиллатганча тез-тез юриб, келган ҳар битта меҳмонни ўзи қаршилади. Бўйи калта, қорниям каттагина калласидан уч ҳисса каттароқ Кўпайсинов меҳмонлар билан қўшқўллаб кўришар, вақтини аямай келгани учун уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида миннатдорлик билдирарди. Меҳмонлар келиши сийраклашиб, ўзини бурчакдаги ойнага солганда катта-катта мовийранг кўзлари қувончдан яна-да катталашарди. Рапидадек ясси юзидаги шолғом бурнининг йирик-йирик канаклари эса хансираб, тез-тез нафас олганидан кенгайиб-торайиб турарди. Оғзи бошқа пайтдагидан кўра икки хисса қулоқларига томон йирилган.
Тақдимотни Катта очди ва деди: «Замонамизнинг серқирра ижодкори Жавлон Кўпайсинов ишхонамизга келганидан бери…» Буёғини ёзсам, очиғи сиз ҳам зерикасиз. Чунки йиғилганларнинг аксарияти иш соатининг ниҳояланишига интиқ ходимлардек унинг гапи тугашини сабрсиз кутишарди. Эснаётган, мудраётганлар унинг «сермаъно» сўзларига чалинган ҳавойи қарсаклар шовқинидан ўзларига келишди.
– Жавлонжоннинг жавлон уриб қалаб тебратаётганига атиги бир неча йил бўлган бўлса-да, бугун сермаҳсулликда унга етадиган ижодкорнинг ўзи йўқ. Агар шу йўсинда кетадиган бўлса, романчиликда шуҳрат қозонган Онаре де Бальзакни ҳам ҳадемай ортда қолдиради-ёв…. – дея сўз бошлади китоб сўзбошичиси…
Унинг сўзлари бошлиқникидан фарқ қилди: сал қалампирлироқ. Танқид ҳам керак-да. Ёзувчининг истиқболи учун. Буни ҳаммаям яхши қабул қилавермайди. Кўпайсинов эса устозининг гапини нуқта-нуқтасигача эътибор билан тинглади. Ён дафтарига ёзиб ҳам қўйдиям. Ёзилажак романларида бу ҳикматомуз гаплардан фойдаланса, ажабмас.
Дарвоқе, муаллиф билан савол-жавоблар қиёмида кечди. Ҳаммасидан ҳам меҳмонларга муаллиф ҳисобидан биттадан китоб улашилгани Кўпайсиновнинг кўнглидаги иш бўлди-да. Сўнгсўзда Катта Кўпайсиновнинг китоблари янаям кўпаяверсин, деб фотиҳа қилиб, йиғилишнинг биринчи қисмини якунлади.
Сўнгра меҳмонлар иззат-икромда бинонинг пастки қаватидаги емакхонага олиб тушилди. Обрўли газатанинг ардоқли мухбири сифатида мени ҳам чойхўрларнинг сафига қўшдилар. Бир пиёла чойимиз бор, дейишганди, дастурхонда турли ноз-нематлар бор-у, чойдан дарак йўқ.
Иккинчи қисмниям Катта очди. Қолган-қутган изҳорларга навбат тегди. Сўзбошичининг бундай зиёфатларга тоби йўқ чоғи, жуфтакни ростлаб қопти. Ўзи тепада айтган жўяли гапларидан билгандим, у бундай давраларнинг одами эмаслигини. Адашибми ё илтимоснинг кучи биланми, китобга сўзбоши ёзганини ҳисобга олмаса, бамаъни одамга ўхшайди.
Хуллас, даврадан қандай чиқиб кетиш тадоригини кўриб ўтиргандим, тепамда ширакайф Кўпайсинов пайдо бўлди. Ҳали ташқаридаги сўрашганидай тағин қўшқўллаб кўришди. Қайси таҳририятданлигим билан қизиқди. Газетамизнинг номини айтганим замоноқ, елкамдан қўлини оширди-ю, оғзимдаги гапимни илиб кетди: «Эй, укажон! Мен сизнинг мақолаларингизни газетанинг ҳар сонида кузатаман. Кейинги сонларини интиқиб кутаман. Айниқса, эсселарингиз…»
«Бу одам ростдан маст бўлиб қолибди ё мени аврашга тушди. Ҳали эссе ёзмагандим-ку. Ҳа, ҳа. Эсладим. Касбдошимнинг гапларини. Кўпайсиновнинг олдинги китобининг тақдимотига келганида унга ҳам худди шундай деганини».
Ёнимга яқинроқ ўтириб, юзимга туприк сачратиб гапиришда давом этди: «Эҳ-ҳэ, мен болалигимда нималарни кўрмадим…»
Болалиги, ёшлиги ҳақида, ёзғувчилик кўчасига қандай адашиб кириб қолганигача гапирди.
Айтишича, мендан яхши ёзувчи чиқармиш.
Емакхонани деярли барча тарк этиб бўлгандаям биз гаплашиб ўтирардик. Хизматчилар йиғиштиришга тушган дастурхонда ейилмай қолган овқату ичилмаган ароқлар, меваю нон бўлаклари, столнинг ҳар-ҳар жойида меҳмонларга совға қилинган унинг сўнгги асари турарди. Муаллиф кўрдими-йўқми, аммо бу менга қаттиқ таъсир қилганди.
Кўпайсинов столга бош қўйганча ухлаб қолди. Бошим ғувиллаб ташқарига чиқдим. Кеч бўлишига қарамасдан таҳририят томон борарканман, муаллифга нисбатан бошида юрагимда туғилган беписандлик бу пайтга келиб ачинишга айланганди.
«Еган оғиз уялар. Газетанинг индинги сонига битта тақриз ёзиб бермасам бўлмайди», дедим ичимда.
Ишхонага бориб, китобни ўқиб чиқдим: «Қайтиш». Яхши ном. Бироқ ичидагига ёпишмаган. Қанақадир шиорбоз шоир ҳақида ёзилган китобга бундай ном ҳайфдек. Бунинг устига, қаҳрамонлар жонсиз. Сюжет бир-бирига уланмаган. Балки номни-да саҳийлик қилиб, сўзбошичи «совға» қилиб юборгандир. Балки бу ном остига Кўпайсиновнинг аслиятга қайтиши яширингандир.
Кичикроқ тақриз ёздим. Кўнглим тўлмади. Яна нимадир ёзгим келаверди. Ушбу ҳикояни бошладим. Кўпайсинов айтган яхши ёзувчининг илк уринишлари шудир, эҳтимол.
Бу орада мен ёзган тақризча чиқди. Кўпайсинов қўнғироқ қилди. Каминага чуқур миннатдорлик билдирди ва суюнганидан яна битта чойга таклиф қилиб юборди. Шу-шу, у билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Унинг лўккиллаб юришлари ҳам кўзимга фазилатдек кўрина бошлади.
Қайсидир куни менга қўнғироқ қилиб, бир жойга боришимизни айтди. Ижодий куним, ишдан озодман. Рози бўлдим. Уйимиз яқинидаги бекатга чиқдим. Бекат ёнида кийимлари кирга ботган, сочлари оппоқ йўқсил чол ахлат қути титиб, елим идиш ва қоғоз ахтарарди.
Кўпайсинов ўн дақиқа ўтар-ўтмас келди-ю, мени машинасида олиб кетди. Қаерга десам, сир, деб қўя қолди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб, манзилга етдик. Қарасам, мактаб. Бойгина. Директор бизни хушрўй қаршилади. Кўпайсинов мошина юкхонасини очиб, қоғозга ўралган иккита тўртбурчак нарсани туширишимни айтди. Оғирлигидан китобларга ўхшайди. Ичкарига йўрғаладик. Директор Кўпайсиновни хонасига олиб кетди. Мени қоровул мактаб кутубхонасига бошлади. Кириб борганимизда кутубхоначи хола жавонларни артаётган экан. Унинг хабари бор шекилли, қўлимдаги юкни кўрди-ю, бурнини жийирди. Аввалига тушунмадим. Жавонларда Кўпайсиновнинг олдинги китоблари кўп нусхадан турганини кўриб, кубубхоначининг бурун жийиришини фаҳмлагандай бўлдим. Юкларни қўйиб, чиқиб кетсамми деб тургандим, директор билан Кўпайсинов келиб қолди. Улар жавонлар оралаб китобларни кўздан кечирди. Худойберди Тўхтабоев, Ғофур Ғулом, Кристиан Андерсен, Марк Твен, Жюль Верн, Александр Носов, Сервантес, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Абдулла Қодирийнинг асарлари қайта-қайта ўқилганидан, варақлари кирланган, униққанди. Ҳатто адабиётга энди кириб келган истеъдодли шоиру ёзувчиларнинг яқин-яқинда чоп қилинган китоблари-да шуларга яқин ҳолатда эди.
Кўпайсинов ўзининг асарлари қаторлашиб турган жавон тўғрисига келганда тахтадек қотди. Уларни бир-бир варақлади. Ҳар бири ғичир-ғичирлаб очиларди. Қай биринингдир бошроғида нашр қилинаётганда кесилмай қолган икки варақ бирлашган жойи бор экан. Муаллиф уни иккига ажратди ва китобни аста жойига қўйди. Ўгирилиб, эшик томон оҳиста-оҳиста қадамлади. Кўриниши кутубхонага кираётгандагидан тамоман айрича: юзидаги қувноқлик, эҳтирос, иштиёқ қаергадир беркинган эди.
Ҳеч ким билан хайрлашмасдан тўғри бориб мошинасига чиқди. Директорнинг ҳай-ҳайлашига-да қулоқ солмади. Мен қўлимдаги китобларни қолдиришимниям билмайман, олиб кетишимниям. Ҳеч ким қўй демагач, юк билан Кўпайсиновнинг ортидан жўнадим. Кутубхонадан чиқишда деворга осилган «Мактабимиз фахри» номли лавҳага кўзим тушди. У ерда Кўпайсиновнинг сурати осиғлиқ турар, расмнинг тагида унинг таржимаи холи ёзилганди. Бу ёзувлар унинг шу мактабда ўқиганидан сўзларди…
Китобларни юкхонага солдим. Кўпайсинов мошинада кета-кетгунимизча менга ҳам чурқ этмади. Бекатимга келганда уловни тўхтатди. Ўшандаям гапирмади. Мен ҳам индамасдан тушиб қолдим. Бекат ёнида ҳалиги йўқсил чол ҳамон ахлат қути титарди. Мошинадан узоқлашдим. Кетаяпман-у, ортга қайтгим, у билан гаплашгим, кўнглини кўтаргим келди. Бироқ бу пайт унга бир оғиз сўз ортиқчалигини билиб, йўлимда давом этдим.
Ортга бурилдим. Мошина жойидан жилмаган, у рул устидаги қўлларига бошини қўйганча бироз силкинарди. Шу кўйи анчагача турди. Сўнг мошинани жойидан жилдириб, беш-ўн метр юргизди. Тағин ортга қайтарди. Тушиб, юкхонани очди. Бояги икки боғлам китобларни олиб, ахлат қутилар ёнига борди. Чол ҳамон бошини қуйи солганча қоғоз қидирарди. Кўпайсинов китобларни қутига ташлади. Буни кўрган йўқсил қути титишдан тўхтади ва нотаниш кимсанинг қизарган кўзларига маъносиз тикилди. Улар бир неча лаҳза бир-бирига шу куйи қараб туришди. Кўзлар нималардир тўғрисида сўзлашаётгандек эди. Бу ёғини “таржима” қила олмадим.
Кўпайсинов изига қайтди. Бир неча кун яшашга етадиган шунча «макулатура»ни кўрган чолнинг эса ғамгин мовий кўзлари қувнаб кетди. Нотаниш одамдан миннатдор бўлгандек мошинани кўздан ғойиб бўлгунча кузатди.
Хазонлар тўкилган йўлакчадан кўзларим жиққа ёшга тўлиб, ижара уйимга кетарканман, ҳаммасини унинг ўзи англаганидан хурсанд бўламан, қалби вайрон бўлганидан эса хафа. Яхшими-ёмонми анча қадрдонлашиб қолгандик-да!
Ўшандан сўнг унга бўлган ҳурматим янада ортди.