Сайлов ҳақидаги дарак бир кунда қишлоққа ёйилди – охирги хонадонга довур етиб борди. Тадорик-да ўша куннинг ўзидаёқ бошланди: ариқлар тозаланди, кўчалар супирилди, уйлар оҳакланди, йўл четларига гуллар экилди.
Қишлоқ вакиллари кенгашиб, сайловни мактаб биносида ўтказадиган бўлишди. Бир тўхтамга келингунга қадар, номигагина баҳс бўлди: кимдир боғчада ўтказиш керак деди, яна кимлардир эски маданият уйида деди. Боғча ўн беш йилдан бери ишламай, қоровулнинг сигирлари учун оғилхонага айланган, маданият уйи ҳам уз-о-оқ йиллардан буён қаровсиз – сувоғи тўкилган, ёғоч ўриндиқлари синган, ёмғир-қорда томидан чакки ўтади. Шу боис қисқа кенгашувдан сўнг кўпчилик сайлов талабларига мактаб биносини жавоб бера олади, дейишди.
Кенгаш тугагач, директорининг уйига чопар жўнатилди. У камдан-кам хонасида ўтирарди. Бозор иқтисоди, дея қўшимча даромад қиларди – ҳар якшанбада бозордан беш-олти қўй олиб, ем бериб боқарди-ю, нариги ҳафтага бориб пуллаб келади. Шу билан оиланинг қора қозони бинойидек қайнайди. Қўй олди-сотдиси билан шуғулланганидан бери қишлоқнинг эсини танийдиганлари уни Дамин олибсотар дерди орқасидан.
Дарвоза томондан чопарнинг овози эшитилган пайт у қўйларга эндигина ем бериб бўлиб, уларнинг овқатланишини мириқиб томоша қиларди. У тезда кийимини алмаштирди-да, дарвозахонада ялтираб турган оппоқ мошинасига ўтирди.
Мактабга келиб, биринчи қилган иши биология ўқитувчиси томонидан ўтилаётган адабиёт дарсида ўтирган ярим синф битирувчиларга қўнғироқ чалинмай туриб, шанбалик эълон қилди. Шанбаликдан қочганлар йил охирида шахсан директор жанобларининг имзоси билан бериладиган тавсияномадан қуруқ қолиши мумкинлиги тўғрисида қаттиқ огоҳлантирилди. Шундан кейингина унинг кўнгли бироз тинчигандек бўлди.
Шунча гап-сўз бўлди-ю, аммо ким ва нима учун сайланиши ҳақида – ойналарига довур қоп-қора бир мошина мактаб дарвозаси олдига келиб тўхтамагун-ча – қишлоқ аҳли бу ҳақда ҳеч нима эшитмади. Бошмоғидан тортиб, кўзойнагигача мошинасининг рангига монанд киши ундан тушди. Дарвоза ёнидаги пистачи хола ва дарсдан қочган бир неча ўқувчи қишлоққа ёт бу манзарани кўриб, ҳанг-манг бўлишди.
Сайлов бўлармиш дейилган кундан бошлаб оромкурсисига михланиб қолган директор бу хабарни эшитиб, дарвоза олдига қандай келиб қолганини билмай қолди. Кўзойнакли кишини дарров таниёлмади. Яқинроқ келиб, юзи яхшилаб «ўрганилгач», башанг кийинган бу боди Назар тракторчининг пойтахтдаги ўртанча ўғли бўлиб чиқди.
– Вой Қобил, ўзингмисан? – деди эсхонаси учаёзган директор сал хотиржам бўлиб, анчадан бери кўрмаган ҳамқишлоғини бағрига босаркан.
– Ўзим бўлмай ким бўларди! – Олифталигини улоқтириб жавоб берди шаҳарлик.
– Барибир қайтибсанда? Охирги марта қачон келиб эдинг, ўзи? – тусмолланиб сўради Дамин директор.
— Эсимда йўқ! – жавоб бергиси келмай сўзлади шаҳарлик.
– Киндигингдан узилиб, қаергаям борардинг! Яхшими-ёмонми мана шу қишлоқ кўз очиб кўрганинг-да, Қобилбой.
Улар бу орада директорнинг хонасига етиб қолишганди. Директор меҳмонга жой кўрсатди. Ўзи ҳам унинг ёнига чўкди.
– Узр! Чой ич деёлмайман Қобилбой! «Свет» йўқ. Эрталаб, кечқурун бир-бир соатдангина беришади, «баракатопкурлар!» – Гўё Қобилбой бу муоммони тезда ҳал қилиб берадигандек нолий бошлади директор. – Ҳозир-ку яхши! Аммо қиш пайти синфхоналар гўристонга ўхшаб қолади.
– Анча бўлдими? – бу ҳақда биринчи бор эшитаётгандек ўзини ажабланганга солишга уринди жиддий қиёфага кирган шаҳарлик. Анчадан бери қишлоғига келмаган бўлса-да, асли бундан унинг хабари бор эди.
– Беш йил бўлди. Районнинг катта қарзи бор эмиш. Ўчириб қўйса «эканом» бўлармиш. Газмиди у сенга трубада ушлаб турса бўладиган? Токни сақлаб бўларканми? Ё бизни гўл, содда, қишлоқи, ўқимаганлар, деб ўйлашадими, тушунмайман? – жағи очилган директор т-е-п-а-д-а-г-и-л-а-рдан ҳафа бўлиб, уф тортиб қўйди.
Орага жимлик чўкди. Шаҳарлик гапни нимадан бошлашни билмай турганда директор яна гап бошлаб қолди:
– Эй, буларни қўй, ука! Кўникиб ҳам кетдик! Ўзингдан гапир: нима қилаяпсан? Ким бўлиб ишлаяпсан?! Катта одам бўп кетибсан деб эшитамиз… Ишхонанг газ…таъ…ми…но…ти…ми…ди? Ё-о-о, кўтарилдинг…ми?
– Ҳа энди! Юрибмизда насибамизни тери-иб. – истамайгина жавоб берди Қобилбой.
Ҳамқишлоғининг нима мақсадда хонасига келганига ҳали ақли етмаган директор ташриф сабабини очиқдан-очиқ сўрашга ботинолмай турганди шаҳарликнинг ўзи мақсадга ўтди:
— Шу десангиз… тумандан номзодлигимни қўйдим…
– Эй, ҳали ўша бўлажак депутат менман дегин. Оббо айёр-эй! Шу пайтгача исини чиқармаганингни қара-я! Ҳадемай, я-н-а-я-м к-а-т-т-а-л-а-ш-и-б кетаркансан-да? – тўлқинланиб гапираверди ҳайратларини яширолмай қолган директор. – Қўнғироқ қилиб, шунақа деб қўйсанг, осмон узилиб ерга тушармиди? Нимаики бўлса, биз бечора қ-и-ш-л-о-қ-и-л-а-рга охирида етиб келади.
– Югур-югур билан бўлиб унитибман. Ҳозирам вакилларимни бошқа участкаларга жўнатиб, ўзим буёққа чопдим. Ўзингиз тушунасиз, тарғибот-ташвиқот дегандай…
– Тушунмай ўлибманми? Ўн саккиз ёшимдан бери сайловда қатнашаман. Директор бўлганимдан кейин-ку миридан-сиригача билиб олдим. Саккиз йилдан бери нечтасини мана шу ердан туриб «кўтариб» юбордик. Аввало ҳаммаси қоп-қоп ваъда беришади: «Газ» опкелтираман, «асфальт» қилдиртираман, «свет» муоммосини ҳал қилиб бераман…»
– Бўлмаса мен борай. Борадиган жойларим кўп. – бу гаплардан ўнғайсизланиб, қўлини жуфтлаштириб директордан дуо сўради Қобилбой. Юзларга фотиҳа тортилгач, ўрнидан қўзғалар экан шаҳарлик гапида давом этди, – Энди бир қўллаб юборасизлар-да!
– Қўлламай ўлибмизми? Ўзимизники бўсанг! Қанча бегонасиниям сайладик-да! Буёғидан ҳавотир олма? Б-о-п-л-а-й-м-и-з!
Директор уёқ-буёқдан гапириб, бўлажак депутатни мошинасига қадар кузатди. Тош кўча бўйлаб охиста-охиста чайқалганча, қишлоқ оралаётган «иномарка»ни ўқувчию кўчалаган ёш-яланг тугул кап-катта директор ҳам анграйганча кузатиб қолди.
Шаҳарлик анчадан бери кўрмаган қишлоғини ойнадан томоша қилиб кетди: қарама-қарши томонга кетаётганларнинг кўпчилиги қўлига иккитадан сатил кўтариб ёки сувдон ортилган араваларни бўш судраб, чопқиллаб кетишарди; у нима гаплигини англади.
Мошина одамлар гавжум бўлиб турган «Қишлоқ врачлик пункти»нинг шундоққина биқинида қўним топган «Фуқаролар йиғини» олдига келиб тўхтади. Мошинадан тушаётган Қобилбой қишлоқдошларининг олдида сипо кўринишни истаб, кўзойнагини ечди ва тўпланганлар билан сўрашиб, сўнг ичкарига кирди.
Қобилбой қишлоқ фуқоролар йиғинининг с-о-в-у-қ-қ-и-н-а хонасида депутатликка номзоди қўйилганини оқсоқолга мақтанаётган маҳалда ўғлининг қишлоқ оралаганини эшитган Назар бобо хассасига таянганча, чанг кўча бўйлаб соғинганининг истиқболига чиққанди. Уч оёқлаб, мошина олдига хансираганча, зўрға етиб келган ота оқсоқолнинг олдидан қайтаётган ўғлининг қучоғига ўзини отди. Узоқ кўришувдан сўнг, ота-бола кўчани чангитганча, уйи томон жўнади.
Кенжабекнинг хотини ўчоқда чой қайнатиб, шаҳарлик қайноғасининг олдига қўйди. Дуд иси ўрнашган чойни Қобилбой бир-икки ҳўплади-ю, бошқа ичолмаслигини билиб, пиёлани нарига суриб қўйди. Ўғил бор гапни отасига ҳам етказди. Назар бобо қувонди, кўзёш қилди. Ўғли яна бир нечта жойга бориши кераклигини айтганди, фотиҳа берди. Қобилбойни кузатаётган ота мошина ойнасига ўмганлаб, ўғлидан қаттиқ илтимос қилди: «ҳеч бўлмаса сен «свет», газ муоммоларни ҳал қилиб бераман демагин! Ёлғон ваъдалар одамларнинг жонигаям тегиб кетган. Ваъда бермасанг ҳам барибир сени сайлайди».
Яна бир неча кундан кейин вакиллар келиб, номзодлар ҳақида маълумотлар кўрсатилган эълонномаларни кўзга кўринадиган жойларга – дўкон, қишлоқ врачлик пункти, дорихона, мактаб деворларига илиб кетишди. Назар бобонинг илтимоси бажарилмади – учрашувларда доимги ваъдалар такрорланди. Шундан кейин сайловгача бўлган кунлар бир зумда ўтди-кетди.
Сайлов қишлоққа ҳақиқий байрам кайфиятини олиб келди: тегирмонлар кечаю кундуз тинмади, «артезиан» кран доимий ишлаб тургани учун ҳеч ким сувдон ортиб, арава судрамади. Кўчаларнинг чанглигию қишлоққа газ келмагани буларнинг олдида билинмай ҳам кетди.
Кечга яқин Қобилбойнинг сайловда ютиб чиққанлиги маълум бўлди. Ана энди қишлоқда ҳақиқий байрам бошланди. Ҳамма уни яхши ўғил, яхши ҳамқишлоқ, ваъдасининг устидан чиқиб, қишлоққа қайишадиган энг биринчи депутат дейишди. Назар бобо хушхабарни эшитиб, аввалига хурсанд бўлди, сўнг кўзёш тўкди.
Эртаси куни кечга яқин қишлоқнинг турли жойларига илинган эълонномалар вакиллар томонидан йиғилиб, мошиналар юкхонасига солинди ва улар тош кўча бўйлаб ирғалиб-ирғалиб кўздан ғойиб бўлишди. Сайловхона вазифасини в-а-қ-т-и-н-ч-а бажариб берган мактаб остонасида эса сайловни эслатадиган йиртиқ қоғоз бўлакларигина қолди. Орадан чорак соат ўтиб, яқиндаги тегирмоннинг товуши бирдан тинди. Мактабнинг орқа томонидаги «артезиан»нинг чийиллаши ҳам тўхтади. Бир зумда ҳамма ёқни қоронғулик, сукунат қоплади. Бироздан сўнг хонадонлар деразаларидан мойчироқлар ташқарига хира нур тарата бошлади…