Фозил Фарҳод. Амалкурси (ҳажвия)

Қизил курсининг «беҳосият» эканини учинчи касбдошим ишдан бўшатилганидан кейин билиб қолдим. Албатта, у ҳам қисман ўз айби билан «тепилди». Бироқ ўша курсига эришганига уч-тўрт кун бўлганидан сўнг ишдан ҳайдалгач, менда саволлар пайдо бўла бошлади: наҳотки, айб курсида бўлса-я? Ундай эмасдир-ов? Бироқ ўша савилни ўзиники қилиб олган одам тўхтамасдан таҳририятдан бўшаб кетмоқда эди. Келинг, яхшиси бир бошдан!
Кўкламнинг охирги ойининг илк кунларининг бир тонгида ёмғир шиғалаб ўтди. Ишга оёғим тортмайроқ келардим. Гўё шу бугун нимадир бўладигандек. Бинога кириб, тепага кўтарилиш учун лифт чақирдим. Хаёл оғушида кўз очиб-юмгунимча ёнимда уч нотаниш киши пайдо бўлди. Улар менга жудаям шубҳали кўринар, туришидан фуқаро кийимидаги махсус одамларга ўхшарди. Битта қаватда тушганимиз шубҳаларимни янада оширди. Тўғри бориб Султон аканинг хонасига таққиллатмасдан кириб кетганидан сўнг ичимга совуқ бир нима кириб олгандек бўлди.
Тахминимча, бу пайт Султон акамиз хонасидаги қизил курсида ирғалиб-ирғалиб қандайдир муаммонинг ечимини ахтараётган бўлса ҳеч гапмас. Хаёллар поёнига етмаёқ тақиллатилмасдан хона эшиги очилади ва бояги нонаниш кишиларнинг жиддий қиёфалари кўринади. Ичкаридаги гап-сўзлар менга қоронғу!
Таҳририятда ишдан чарчагандимда Султон аканинг хонасига кириб, телевизор кўриш ё у билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиш одатим бор эди. Кеча кирганимда доим қувноқ кайфиятда юрадиган бу одамнинг хаёли негадир фаромуш эди. Мен билан истамайроқ сўрашгач, қизил курсига бемалолроқ жойлашиб, оҳиста-оҳиста чайқалиб нималарнидир ўйларди.
Курси бошқа ўриндиқлардан фарқ қилар: унда ўтириб ишласанг ҳам, чарчаганингда дам олсанг ҳам бўлади. Тўшакда ётгандек бутун тананг роҳатланади. Айниқса, унинг чайқалишига кўпчилик ишқивоз. Султон ака ташқарига чиқиб кетган маҳалларда мен тезда унга жойлашиб, чайқалиб-чайқалиб олардим: «Қандай роҳат-а!»
Кайфияти тушкунлигини кўриб, менинг ҳам юрагим ғашланди. Ўрнимдан туриб, индамай хонамга жўнадим. У бу маҳалда ҳамон чайқалар ва миясида ниманингдир ечимини ахтарарди. Хаёлга шунчалик бурканганидан, чиқиб кетаётганимни ҳам сезмади. Эшикни қиялатиб, ичкарига мўраладим: у ҳамон ирғалганча чуқур хаёл сурарди. Ўша хаёлпаришонлик бояги уч одамнинг келиши билан боғлиқлиги мана энди яққол билинарди.
Кабинетимга кириб, ичимда юрган совуқлик билан курашаётган эдим, каридорнинг у ёғидан бу ёғига ғўнғир-ғўнғир овоз «ўтиб» кетди. Бу иш бошқарувчимиз Вазира сатанг ва бош муҳаррирнинг товуши эканини фахмладим. Чиқиб қарашга ботинолмадим. Бироз ўтиб овозлар тинди. Эшикни очиб, секин мўраладим. Султон аканинг хонасига томон оёқ учида яқинлашарканман, ичкаридаги гапни яхшироқ эшитиш учун Вазира сатанг эшикка қулоқ бериб турарди. Ичкаридан эса тушунарсиз ғўнғир-ғўнғир келарди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай эшик шарт очилди-ю, кўзлари ола-кула бўлиб кетган, қон босими кўтарилганидан юзлари қизарган раҳбарнинг башараси сатанг билан юзма-юз бўлиб қолди. Унинг кўриниши ичкарида жиддий масала муҳокама қилинганидан дарак берарди. У сатангни кўриб, нима гап дегандек кўзларини бақрайтди. Сатанг кўзини олиб қочди. Бош муҳаррирнинг нигоҳига тик боқишдан қўрқди. Нигоҳлар шунчалик ўткирки, гўё бу қарашларни баджаҳлроқ кимсадан «ижарага» олиб тургандек эди. Илгари мен ҳам уни бу қиёфада кўрмагандим. Сатанг орқага тисарилди-да:
– Ҳ-о-ж-а-т-х-о-н-а-г-а б-о-р-а-ё-т-у-в-д-и-м… – дея қочиб қолди. Раҳбар эса бесўнақай лўккиллаганча хонаси томон кетди. Нигоҳи каби юришлари ҳам доимгидан айрича эди. Вазирахон унинг хонасига кириб кетишини ҳожатхона эшиги олдидан кузатиб турди, сўнг яна эшикка қулоғини қўймоқчи бўлганди, эшик яна очилиб, ичкаридан аввал Султон аканинг, сўнг бояги кимсаларнинг гавдалари кўринди. Ташқарига жим чиқишди. Вазира сатанг қотиб қолди. Нотанишлардан бири лифт чақирди. Бу пайт мен Султон акага, у эса менга «нима бўляпти» дегандек маъносиз қараб турардик. То лифт келиб, улар жойлашиб, табақалари ёпилгунча шу ҳол давом этди. Бу Султон акани охирги марта кўришим эди.
Куннинг иккинчи ярмига бориб иш бошқарувчимиз сатанг Вазирахон етказган хабардан маълум бўлдики, Султон ака ҳақиқатда ишдан бўшабди. Тўғрироғи, бўшатилибди. Газетамизда ўқишсиз мақолалари чиқиб турадиган истеъдодсиз бир ҳамкасбимизни ишга жойлаштираман, деб ундан «кўкидан» минг олган. Бош муҳарриримиз эса ишга олишга иккиланган. Орадан анча вақт ўтган. Ҳам ишга жойлашолмаган, ҳам пули қайтарилмаган «дипломли», аммо истеъдодсиз журналист тоқата тоқ бўлиб, охири Султон акани махсус идорага ёзиб берган. Бундан кейинги тафсилотлар эса ўзингизга маълум.
Хуллас, Султон аканинг ишдан бўшатилиши бутун газет биносига тарқалди. Ишга келаётганимда, кетаётганимда ё бўлмаса, тушликка чиққанимда қўшни таҳририятдагилар бўшатилиш сабаблари билан қаттиқ қизиқарди. Мана шу сўроқлардан қочиб, ишга бир соат аввал келадиган ва бир соат кейин кетадиган одат чиқардим. Тушликни эса портфелимда олиб келадиган бўлдим. Бу маълумотлар билан нафақат журналистлар, балки қаровуллар ва фаррошлар ҳам қизиқиб қолишди. Бироқ бу ишда курсининг «қўли» борлигини ҳозирча ҳеч ким хаёлиги ҳам келтирмади.
Султон ака кетгач, раҳбар бизни хонасига чақириб, унинг ўрнига ким ишлайди, дея ўртага масала ташлади. Гўё ҳамма мум тишлаб ўтирарди. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, раҳбар орадаги сукунатни бузди ва орқасига қўлини қўйганча юриб келиб, иқтисод бўлимидаги Амир аканинг қаршисида тўхтади ва унга «ўтасанми?» дегандек назар ташлади. Амир ака эса кўзларини олиб қочди. Бироқ раҳбар ундан кўзини олавермагач:
– Билмасам, эплай олармиканман? – дея унғайсизланди.
– Бемалол эплаб кетасиз, – ювиқсиз қошиқдек орага суқилди масъул котиб.
– Ҳа, ҳа, шундай! – дея тасдиқлади мум тишлаб ўтирган жамоа бирдан жонланиб.
Мажлис тугагач, ҳамма эркаклар уни қучоқлаб табриклашди. Аёллар эса елкасига қоқиб қўя қолди. Ўша куни кечқурун Амир аканинг кўтарилиши муносабати билан зиёфат ташкил қилинди. Базмда бош муҳаррир қадаҳ сўзи айтди:
– Ҳурматли Амир Бойтўраевич! Таҳририятимиз ва сизнинг истиқболингизга юксак парвозлар тилаймиз! Доим юксак-юксак чўққиларни кўзлаб юраверинг! Мартабангиз юксалаверсин!
«Юксак» қадаҳ сўзларидан сўнг Амир аканинг гувоҳномаси ва пешонасига «Тижорат бўлими бошлиғи» дейилган «муҳр» босилди. Эртаси куни уни тантанали равишда Султон аканинг хонасига кўчирдик. Эшик тепасидаги «Султон Давлатович Султонов» битиклари ўрнига «Амир Бойтўраевич Амиров» дейилган ёзувлар пайдо бўлди. Шундай қилиб, Амир аканинг қисқа муддатли бўлса-да, «юксак» парвозли кунлари бошланди.
Орадан чамаси уч-тўрт кун ўтгач, иқтисод бўлимига – Амир аканинг олдинги ўрнига янги ходим олинди. Вазира сатанг янги ходимнинг пой қадамини хушламай-хушламай жойини кўрсатди. У одам исини ёқтирмасди. Содда қилиб, «одамёввойи» деса бўларди. Амир ака ишлаган ўриннинг ҳужжатларини янги ходимга беришдан аввал сатанг бир сидра кўздан кечириб чиқибди. Бу ҳужжатлардан ниманидир «хитлагандек» бўлиб, бу ҳақда бош муҳаррирга тўлиқиб-тошиқиб «баёнот» берибди.
Бу пайт эса Амир акамиз хонасидаги қизил курсида ирғалиб-ирғалиб юксалиш режаларини тузарди, эҳтимол. Ширин хаёллар поёнига етмаёқ эшик тақиллайди. Шарт очилиб, Вазирахоннинг хўмрайган башараси кўринади. Ирғалишлардан ўзини тута олмай қолган Амир ака полга юзтубан думалаб тушади.
– Тинчликми? – дейди Вазирахон пинак бузмай.
– Ўзингиздан сўрасак, Вазира Петровна? – дея саволга савол билан жавоб беради Амир Бойтўраевич бўш келмай. Вазира сатангнинг иккинчи лақаби ҳам бор, буни унинг юзига айтсак хафа бўлмасди: «Петровна!»
– Сизни бош муҳаррир ҳузурига чорлаяпти. «Соғинибди!» – дейди-ю, салом йўқ, сўрашиш йўқ, орқасига бурилиб жўнаб қолади.
Амир ака анграйганча қолиб кетади. Костюмидаги полдан юқтирган чангни қоқа-қоқа:
– Тинчликмикан, ишқилиб? – дея бошлиқ қабулига йўл олади.
Қабулхонага кириб борганида Петровна сатанг котибанинг олдидан қандайдир қоғозни олиб чиқиб кетарди. У Амирга рўпара келганида тиржайиб ярми синган тишларини кўрсатади, камига энсасини қотиради-ю, чиқиб кетади. Бу тиржайиш ва энса қотириш ортида бир бало борлигини фаҳмлаган Амир ака ҳижолат торта раҳбар ҳузурига киради. Бир оздан кейин ичкаридан раҳбарнинг аввал секин, кейин қаттиқ товуши кела бошлайди. Қўлидаги қоғозни баҳона қилиб котибага олиб келиб қайтариб берган Петровнахон яхшироқ эшитиш учун бақир-чақир овозлари келаётган эшик тирқишига қулоғини қўяди. Унинг юзида бу ҳолдан лаззатланиш аломати сезилган бўлиши табиий. У буни оғзи билан ошкора баён қилган ҳам: «Баттар бўл!»
Тушликдан қайтгач, адабий котибимизнинг хонасига йиғилиб, энди нима бўлишини кута бошладик. Кутганимиздек аввалгиси сингари вазият маълум бўлди. Вазира Петровна Амир аканинг ишдан бўшагани тўғрисидаги хабарни етказиб, ҳаммадан «суюнчи» олиб чиқди. Бизга етказилган маълумотга кўра, Амир ака аввалги вазифасида бироз қинғирликка йўл қўйгани ва таҳририятга тегишли уч миллион сўм пулни осонгина ўзлаштиргани ҳақидаги сир раҳбариятга фош бўлибди. Раҳбар ҳафта давомида ўйлаб-ўйлаб охири Амир акани судга бермоқчи бўлган-у, суддагилар ҳам «аввал ўзаро келишиб олинглар, агар ўшандаям муроса қила олмасаларинг кейин чора қўллаймиз», дейишибди. Вой, тавба! Шунақаям суд бўларканми?.. Суддан кўмак ололмаган муҳаррир андиша қила-қила бугун эрталаб ноиложликдан Амир аканинг хонасига келиб барини айтган.
Шундай бўлса-да, ишхонада сатанг хонимдан бошқа ҳеч ким Амир аканинг ишдан бўшатилганини хушламади. Қайтанга, ходимлар хавотирга туша бошлашди. Адабий котиб хабарни етказган Вазирахонга қараб:
– Энди навбат кимга экан, сатангхон Петровна? – дея жилмайди. Ишихонада ёлғиз адабий котибимиз Вазирахонга сатанг дея мурожаат қила оларди. Вазирахон бетгачопар эмасми:
– Сизга… жаноб «Абадий қотиб»! – деди-ю, шарт бурилиб чиқиб кетди. Бу гапдан эсанкираб қолган адабий котиб сатангнинг ортидан сўкиниб қолди:
– … фалондай қилай, қисир эчки! Балки сенгадир!
Гур этиб кулиб юбордик. Гап келиб яна Амир аканинг ишдан бўшаши билан боғлиқ тафсилотларга кўчди. Кимдир унга ачинди, кимдир эса унинг эски айбини эслаб, қилиғига яраша топди, деди. Хуллас, ҳақиқий баҳс бошланди. Бироқ қизил курси ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Агар ишдан бўшашга курси сабаб бўлаётгани ошкор бўлганида орадан уч кун ўтиб уни адабий котиб ўз хонасига олиб келмаган бўларди.
Дарвоқе, адабий котибни Вазирахон нега «Абадий қотиб» дегани тўғрисида айтиб ўтай. Ёши элликдан ошиб қолган Нарзи ака, яъни адабий котибимиз жуда узоқ йиллардан бери таҳририятда ишлайди. Ишга вақтида келиб-кетишини айтмаса, унинг мақташга арзирли бирор хислати йўқ. Лўнда қилиб гапхўр, хаёлхўр одам дейиш мумкин. Қўлидан мақтагулик иш келмаслиги ва узоқ йиллар давомида битта ишхонада ишлаб келаётгинини ҳисобга олиб муҳарриримиз унга «Абадий қотиб» деган лақаб қўйган.
Иккинчи ходим ишдан бўшагач, бошлиқ яна мажлис ўтказди. Бу гал у адабий котибимизнинг тўғрисига келиб тўхтаганди, Нарзи ака бошини сарак-сарак қилиб кескин эътироз билдирди:
– Йўқ, ўртоқ бошлиқ! Йўқ!
– Мен ҳали сизга бир нима деганим йўқ-ку!
Сатанг хоним ва масъул котиб пиқ этиб кулиб юборди. Шундан сўнг уларга муҳаррир қўшилди. Кейин ҳамма қўшилди. Нарзи ака изза бўлса-да, кулмаса гўё биров уни ишдан хайдаб юборадигандек ўзи ҳам қиқирларди. Мажлисдан кулиб-кулиб чиқдик. Кулгу баҳонасида адабий котибимизни тижорат бўлими бошлиғи вазифасидан асраб қолдик.
Эртаси куни раҳбар «Тижорат бўлими»ни тугатиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Энди таҳририятдаги ҳамма тижорий иш билан шахсан ўзи шуғулланармиш.
Ишни хонани тозалашдан бошладик. Раҳбар бошчилигидаги таҳририят ходимлари Амир Бектўраевич Амировнинг хонасини йиғиштиришга тушдик. Раҳбар хонадан ким нима хоҳласа шуни олишини айтди. Биринчи бўлиб адабий котиб раҳбарга сўз очди:
– Қизил курсини олсам майлими?
– Ихтиёрингиз, – деди раҳбар хотиржам.
Биринчи бўлиб адабий котиб ишга киришди: ўзи юрар қизил курсини хонасига томон судради. Шундан кейин ким нима хоҳласа шуни олди. Тўғрисини айтганда ёки бошқа таҳририятдаги касбдошлар кўзи билан қараганда ҳаммамиз кафандузд, яъни уруш ҳаракатлари жойидаги аҳолини ё жанг майдонида ўлган ва ярадор бўлганларни таловчи одамлар эдик. Камина ҳам бу «шараф»дан қуруқ қолмадим. Менга ўн беш йил аввал чоп қилинган, бироқ ора-орасидаги варақлари бирлашиб, ҳали очиб ҳам кўрилмаган бир иккита китоб тегди.
Ҳаммамиз адабий котибни янги курси билан табрикладик. Қитмирроқ ҳамкасбимиз қистаганди, Нарзи ака ойлик чиққан куни курсини ювиб берадиган бўлди. У ҳам Султон ва Амир акалар сингари курсида ётиб олиб ирғалар, биз эса гоҳ унга хавасимиз келар, гоҳ уни нақд тушликка тушурганимиздан ҳузурланардик.
Ниҳоят ойлик бериладиган кун келди. Маош олаётганимиздан эмас, котибнинг «курсисини ювиш маросими»га бораётганимиздан қувонардик. Уч мухбир адабий котибни ўртага олиб, гўё уни кафтимизга кўтаргудек бўлиб борардик.
Маросим бошланди. Тушликка икки хил овқат, икки шиша «Тарас булба»дан айтилди. Бояги қитмирроғимиз кайфимиз ошиб бораётганини билиб, адабий котибга луқма ташлади:
– Мана шу курсида абадий қотинг!
Чапак чалиб тиржайиб турсак-да, бироқ ҳаммамиз гап тагидаги гапнинг мағзини ҳис қилиб турардик. Ҳатто маст бўлиб қолган адабий котибимиз ҳам гап унинг лақабига ишора эканини англади ва қитмирнинг елкасига қоқиб қўйди.
Ишхонадаги қоидага кўра, иш вақтида ичкилик ичиш мумкин эмас. Шу боис, ичганимизни билдирмаслик учун ёшлар сақич чайнадик. Нарзи ака ишхонада энг қария, яъни «карол» ходим ўзимман, менга ҳеч ким даҳл қилолмайди, дея буни инкор этди.
Тушликдан қайтиб, ҳамма жой-жойига жойлашди. Нарзи ака кўпроқ отиб юборгани учун қизил курсисида пинакка кетди. Ёйилиброқ ухлади. Биров-ярим кириб қолса нотўғри тушунмасин, деб уни бир неча марта уйғотиб қўйдик. Бироқ у уйғонишни истамади ва курсида янаям ёйилди. Сўнг ястанди. Бошлиқ ўринбосари келганида ҳам, сатанг хоним ташриф буюрганида ҳам, сатанг хоним бош муҳаррирни эргаштириб келганида ҳам адабий котиб қотиб ухларди. Бош муҳаррир унинг тепасига келиб, бошига чойнакдан шириллатиб сув қуйди. Аввалига котиб юзига оқиб тушган сувни лаби билан ялаб тамшанди. Сўнгра кўзини очиб ҳамма уни томоша қилиб турганини кўргач, апил-тапил ўрнидан турди ва салом берди. Муҳаррир ҳўмрайди. Алик олмади. Хуллас, курси ювиш маросими адабий котибга қимматга тушди. Унга ҳам ариза ёздирилди. У кетаётиб, биз билан хайрлашди-ю, аввал хонага, сўнг гердайиб турган ўша қизил курсига бир қараб:
– Бари тугади! – деди ва каридорга чиқиб, қабулхона, котибиятга қарата сўнгги сўзини айтди:
– Ҳамманг тўнка!
Адабий котиб мастлигимда мени синаб кўриш учун ҳазиллашиб ариза ёздирди, дея ўйлаганиданми ё ишхонага шунчалик ўрганганиданми, кайфи тарқагач, бир ҳафта қаватимиздаги каридорда чекиш бурчагига келиб ҳам юрди. Ушбу жойни уники десак ҳам бўлади. Сабаби ўша жойда у ҳаммадан кўп турарди ва ким келса ўшанга ҳамсуҳбат бўларди.
Бу воқеадан сўнг каридор хувиллаб қолди. Қўшни таҳририятдаги чекувчилар бундан ҳавотирланишиб, Нарзи акани сўрай бошлашди. Унинг ишдан кетгани уларга ҳам маълум бўлгач, бари чекувчи биродарларнинг унга том маънода ичлари ачиди. Бу ачинишнинг асл сабаби Нарзи аканинг нафақага чиқишига атиги бир йил қолганида эди.
Газет биносида ҳамма лол. Нима учун, нега, деган саволлар кун тартибига қўйилган. Мухбирлар мақола ёзиш ўрнига ўша саволларга жавоб топиш билан андармон. Ушбу ҳол, айниқса, бизнинг таҳририятда бирламчи масалага айланди-қолди.
То масъул котиб қизил курсини олиб кетмагунча у бир икки ҳафта эгасиз қолди. Тадбирдан қайтиб хонага кираётсам, курсини йўлак бўйлаб хонасига томон судраб бораркан, ҳамма ходимларнинг битта-битта ишдан бўшашларига курси сабаб бўлмаяптимикан, деган фикр хаёлимдан ўтди. Масъул котибга эргашдим. Хонасидан курсига жой ажратди.
– Ма, ол! Сенга шунисиям бўлаверади. Бизга ўхшаб каттарсанг, мана бунақа шоҳона амалкурсиларда ўтирарсан! – дея эски стулни шогирдига томон итарди. Индамас шогирд ғинг демай, стулни олди. Қайтанга, унга ҳам яхши: ўзининг олдинги стули ғичирларди-да.
Масъул котиб курсида ястаниб ётаркан, йўлакда хаёлимга келган фикрни унга ҳазиломуз айтдим:
– Ғани ака, шу курси беҳосиятга ўхшаяпти-ёв, ким унга ўтирса ишдан бўшаб кетяпти!
– Ҳа-ҳа-ҳа! Беҳосият эканми? Ўша беҳосиятликнинг палончисини… Менга бало ҳам урмайди. Ҳа-ҳа-ҳа!
Гапирган гапимдан ўзим уялиб йўлакда кетарканман, унинг тағин хохолаб кулгани эшитилди.
Масъул котиб қорачадан келган, бесўнақай бўлиб, ғалати қилиқлари ҳам бор эди. Шаҳарда неча йилдан бери яшаётган бўлса-да, муомала маданиятини умуман ўрганмаган, ундан дипломат чиқади, деса биров ишонмасди. Ким биландир ўн беш дақиқа гаплашса тамом, дарров жанжал чиқарар, ходимлар билан ҳам қаттиқ-қаттиқ овозда гаплашарди. Адабий котибчасига лўнда қилиб айтсак, у ғирт «даштлик» эди. Бироқ муҳаррир унинг кўпроқ ичишини ҳисобга олиб, бошқачароқ лақаб қўйганди: «Мас ул котиб!»
Масъул котибнинг қувончи узоққа чўзилмади. Орадан бирор ҳафта ўтгач, унинг ҳам кирдикорлари ошкор бўлди. У аризани ўзининг қадрдон эски стулида ўтириб ёзарди. Беҳосият курсини эса хона бурчагига суриб қўйганди. Ёзганларидан кўнгли тўлмадими, варақни ғижимлаб, ахлат челакка ирғитди. Ёзди. Яна ирғитди. Тағин ёзди. Бу ҳолат унинг ишдан кетишни жудаям хоҳламаётганини билдирарди. Гўё менинг кирганимни пайқамагандек, бошини кўтармасди. Унга ҳалал бергим келмай, эшикни ташқаридан ёпдим. Бугундан бошлаб унинг таҳририятдаги истиқболли кунлари якунланаётгани аниқлашиб борарди.
Аризани бош муҳаррирнинг хонасига олиб бораркан, йўлакда тўқнашдик. Кўзимга тик боқишдан қўрқди. Чамаси, унинг қарашлари «Сен ўшанда тўғри гапирган экансан!» деяётгандек эди.
Тушдан кейин Вазира сатангнинг етказган маълумотларидан яна маълум бўлдики, масъул котиб ижодий ходимларнинг қалам ҳақидан «уриб» қолаётгани муҳаррирнинг қулоғига бориб етибди. Ҳатто шогирдининг ҳисобига қалам ҳақи ёзиб, ярмини ўзи олаётгани ҳам. Бу кирдикорлар анча йиллардан бери давом этаётган бўлса-да, иш айнан курсига ўтирганидан кейин очилгани жуда сирли эди. Бу сирлилик – ишни ким ва қандай очгани тўғрисидаги хабар бизга ҳам номаълумлигича қолди.
Масъул котибнинг ишдан кетганидан кўпчилик хурсанд. Айниқса, ижодий ходимларнинг кўкрагига шамол тегди. Ҳа-да, ўлиб-тирилиб бир ҳафта деганда битта-яримта мақола ёзасан-у, ўзи шундоғам кам қалам ҳақини яна масъул котиб бир четидан юлиб қолса, кимга алам қилмайди.
Бу воқеадан сўнг курсининг «беҳосият»лиги янада равшанлаша бошлади. Таҳририятдагиларнинг аксари бундан хабар топганди. Бош муҳаррирдан ташқари. Чунки унинг бунақанги «майда-чуйда» гаплар билан иши бўлмас, вазифаси газетада чоп этилажак мақолаларнинг «юрагини суғуриб олиш» эди.
Бу гапга масъул котибнинг дўсти, яъни Вазира сатанг ҳам унчалик ишонмади. Сабаби улар анча йиллик қадрдон эди-да! Халқ таъбири билан айтганда, уларнинг тили бир.
Вазирахон биз ўйлаб топган тахминларга ишонмаслигини исбот қилиш учун бурчакка суриб ташланган курсининг чангини яхшилаб артди ва «дўстимдан ёдгорлик» дегандек унга ўзи ўтиришга қарор қилди.
Масъул котибнинг ишдан кетиши билан боғлиқ гап-сўзлар энди тинчий бошлаган эди ҳамки, Вазира сатанг ишга келмай қўйди. Орадан бир ойча вақт ўтса ҳамки, у келавермагач, ўзимизча унинг ишдан бўшатилганини башорат қилдик. Иккинчи ой бошланганидан сўнг унинг ўрнига янги ходима келди. Ана шундан сўнг Петровнамизни қайтиб кўрмадик. Унинг ишдан кетиш сабаблари тафсилотлари мавҳумлигича қолди.
Кетганларни бир-бирига боғловчи қандайдир мажозий ришта ҳам бордек. Сабаби уларнинг бари ижодий муҳитдан умуман бехабар, таҳририятнинг техник ходимлари эди. Улар ишга шунчаки келиб кетар, келганида ҳам асосий вақтини компьютерда ўйин ўйнашга ёки эснаб ўтиришга сарф қиларди. Қисқаси, уларни пашша қўрувчилар дейиш мумкин эди.
Бироқ бўшаганлар ичида адабий котиб ноҳақроқ кетдими дейман. Иш вақтида ичган бўлса-да, жанжал қилгани ё бировни сўккани йўқ эди-да. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қурур баравар ёнади деганларидек, у ҳам «қуруқ»ларга қўшилиб ёнди-кетди.
Ваҳоланки, иш вақтида ичиб келувчи битта у эмасди. Масалан, масъул котибнинг иш пайтида ичганини муҳаррир бир неча бор кўрганди-билганди. Лекин миқ этмаган. Энг алам қиладигани, муҳаррир ижодий ходимларга эмас, кўпроқ техник ходимларга таянар, уларга ишонч билдирар ва ҳатто ёлғонларига ҳам ишонарди. Қизиқ томони ҳафтада уч кун техник ходимларга «ижодий кун» саналарди. Улар ўша кунлари «мириқиб ижод қилишарди!»
Муҳаррир ижодий ходимларга «яхши ишламаяпсилар, мақола кам ёзаяпсилар, агар вазият шу тарзда давом этадиган бўлса, ҳаммаларингизни бўшатаман! Газетани бўм-бўш – оппоқ қоғозлар билан ҳам чиқаравераман! Тушундиларингми?» дея ўшқирарди. Бироқ биз бу гаплардан зора қўрқсак. Нега қўрқарканмиз! Ҳаммамизнинг қўлимизда қаламимиз бор. Агар бу ердан кетган тақдиримизда ҳам бошқа жойда бемалол илдиз отиб кетишимиз мумкин. Шу боис, бош муҳаррирнинг бу гапидан фақат ғашимиз келарди.
Курси ҳақидаги гап қўшни таҳририятда эллик йилдан бери ишлаётган қари билгичга етиб боргач, калаванинг учи топилгандек бўлди. Қария бундан ўн беш йил бурун бизнинг таҳририятда озроқ ишлаган, ўша кезлари газетага сержаҳл бир киши раҳбарлик қилган. У келгач, ишни курсисини алмаштириш ва қўл остидаги истеъдодли (ўзидан кучли!) ходимларни биттама-битта бўшатишдан бошлабди. Ўшандан кейин бегуноҳ ходимларнинг қарғиши курсига текканми, олти ой ўтмай юқоридагилар раҳбарнинг меҳнат дафтарчасини қўлига тутқазишади.
Алғов-далғовлар тиниб, яхши кайфият билан ишга шўнғидик. Ҳамма бўшатилганлар ўрнига янги ижодий ходимлар олинди. Масъул котибнинг жойини эса «стули ғичирлайдиган» шогирд эгаллади. Қалам ҳақимиз ҳам бироз кўтарилгандек бўлди… Янгиларнинг бариси китоб ўқир, шунинг учун ҳам халқ ҳақига хиёнат қилинмасди. Хуллас, таҳририятда ахил ижодий жамоа ва ижодий муҳит шакллана бошлади. Фақатгина муҳаррир бу муҳитга ўзини номуносибдек тутарди. Тўғрироғи, юлғич техник ходимларга рағбат билдиргани, бир йилча аввал сатанг хоним тўқиган ёлғон иғволарга ишониб, қалами зўр битта журналист қизни ва мусаҳҳиҳ опани бесабаб ишдан бўшатиб юборгани ва шу сингари хатоларини ўйлаб, ўзини айбдор санарди. Бироқ мақолаларнинг «юраги»ни кесиб олиш, яъни «қассоб»лигини ҳеч қўймади-қўймади.
Бир куни қабулхонага мақола ташлагани кирдим. Муҳаррир курсисини ётқизиб олиб нимадир қиларди. Яқинроқ бориб, салом берсам:
– Ҳа, савил, мана бунинг оёғини бузилганини қаранг, – деди.
Курсининг иккита ғилдираги синиб кетибди. Роса уриндик. Икковлашиб ҳам тузатолмадик. Энкайиб курсининг ғилдиракларини тузатишга боз уринаётган муҳаррирга қараб, миямга ғалати фикр келди ва буни тезда баён қилиш кераклигини ҳис қилдим:
– Айтгандай, Мирза Тўраевич! Курсингиз тузалгунча йўлакдаги анови курсига ўтириб турсангиз бўлмайдими?
– Қанақа курси? – талмовсиради муҳаррир.
– Бояги, Султон аканинг қизил курсиси-да! – дедим мен ҳам бўш келмай.
– Қанақа Султон? – бош муҳаррир оқарган сочини қашлаган кўйи ажабланди. – Ҳа-я, анови Вазирахоннинг қизил курсисини айтаяпсизми? Унда ҳалиги… янги ходимамиз ўтирмаяптими?
– Йўқ. Унга оддий стул ҳам бўлаверармиш.
– Вой, камтаргина-ей!
Мақолани унга қолдириб, қабулхонадан чиқарканман муҳаррирнинг тағин «Вой, камтаргина-ей!» деган овозини эшитдим. Шунда ўзимга-ўзим тинмай «шу таклифни тўғри айтдимми?» деган савол берардим. Қаранг, ўша онда курсининг беҳосиятлиги ҳақидаги гап ҳам хаёлимга келмапти. Охири бахайр бўлсин, дея хонамга келдим. Ушбу курси билан боғлиқ саргузашт ҳикоя ёзиш фикри туғилди. Компьютеримга ўтириб унга сарлавҳа қўйдим: «Оромкурси». Ўчириб қайта ёздим: «Амалкурси». Энди тўғрироқ бўлди-ёв.
Курси билан боғлиқ хотирамда сақланиб қолган бари воқеаларни ёзиб бўлдим-да, қониқиб керишдим. Уни қоғозга чиқариб таҳрир қилдим. Хато кам чиқди. Демак, ёзишга анча қўлим келишиб қолибди-да! Тайёр бўлди деб, ҳикояни адабиёт газетасига олиб тушиш учун ташқарига чиқарканман, йўлакда ажойиб ҳодисага кўзим тушди. Не кўз билан кўрайки, муҳаррир қизил курсини хонасига томон судраб борарди…

* * *

Аввалига ҳаммасини тушунмай қизил курсидан нафратланган бўлсам, энди бари ойдинлашгач, унинг «пешона»сидан ўпиб қўйгим келарди. Дунёнинг ишлари қизиғ-а! Баъзан адолатни инсонлар ўрнатишга қийналган дамларда жонсиз курсилар ёрдамга келаркан-да!.. Оламнинг ҳамма нарсаси ҳисоб-китобли эканига ўша воқеадан кейин яна бир бор амин бўлдим.