Тоғай иккинчи хотини билан яшай бошлаганига шу кузакда беш йил тўлади. Бошида кўника олмади, лекин лорсиллаган аёли бир ширин қизалоқ, бир полвон ўғилни туғиб бергач, ўламан саттор, ажрашмайман, деган одам биринчи хотинини унутди-қўйди. Эй, бўлмаса, суйиб олган Зарифаси қандай аёл эди-я: ойдай жамоли, кундай феъли бор эди хокисорнинг. Тоғайга ўзини пойпатак қиларди.
Улар турмуш қуришганида Тоғай тиббиёт институтининг иккинчи курсини энди тамомлаганди. Авваллари қишлоғига йилда бир зўрға қорасини кўрсатган Тоғай уйланди-ю, икки ойда Бўйрабопга қатнайдиган одат чиқарди.
Зарифани суйишдан умрбод чарчамайман, қариганимда ҳам бадимга урмайди, деб ўйларди Тоғай. Лекин тирноққа зор юравергач, институтни тамомлаб, туман шифохонасида иш бошлаган кезлари яқинларнинг гап-сўзидан, одамларнинг ғийбатидан Тоғайнинг боши эгилди, эгачиларининг ота-энамиз сени бизга омонат қолдириб кетган, хотининг ўзи яхши, лекин бу дунёдан ном-нишонсиз ўтиб кетаверасанми, деган қистовига бардоши етмай, бор-эй, деди-да, аёлига йўқол, деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Шундай хотинини ҳайдашга қандай кўзи қийди, буни Зарифанинг лаш-лушларини мошинага ортишаётганда билди. Ўшанда ҳаммомга кириб, ўкириб-ўкириб йиғлаганларини бўйрабопликлар ҳалигача гапириб юришади. Бечора аёлнинг-ку, Тоғайдан кўнгил узиши осон бўмади. Аёл-да, иложсиз дардини ичига ютди. Хуллас, ҳамманинг ҳаваси келадиган гулдай оила тўзиди-кетди.
Зарифа кетгач, Тоғай икки ҳафта мижжа қоқмади, икки ҳафта туз тотмади, икки ҳафта ишга бормади. Қанча-қанча касалларнинг жонига оро кирган Тоғайнинг энди ўзи бир аҳволда эди…
Учинчи ҳафта тўғри Боймоқлига – қайнотасининг олдига борди-да, ич ёрди. Қайнота ҳам куёвнинг дардини тушунди, талоқ қилмаган бўлсанг, майли, қизим билан яша, лекин ёлғиз қизимни уйингга жўнатиб, опаларингга ем қилдириб қўй-майман, деди. Тоғай қайнотасининг нимага шаъма қилганини тушунди-ю, лекин ичкуёв бўлишга юраги бетламади. Учинчи ҳафтани ҳам бир амаллаб ўтказди-да, ҳеч кимга айтмасдан, нима бўлса бўлди, деб кийимларини йиғиштирди-да, Зарифасининг олдига чопди. Иккаласи бир-бирини кўзёшлар билан қаршилади, бир-бирини кўзёшлар билан кечирди, бир-бирини кўзёшлар билан эркалади…
Бу хабарни Тоғайнинг опалари эшитгач, қуда бўлмишнинг уйига ноғора чалиб келишди. Укамизни иссиқ-совуқ қилгансан, бўлмаса, келиб-келиб қўлтиғингни бошпана қилармиди, дея Зарифага кун беришмади. Бундан безори чиққан Тоғай пешонамга заррабин билан ичкуёв деб ёздирсаларинг ҳам уйга қайтмайман, ўлсам, ўлигим шу ердан чиқади, болам бўлмаса, бирорта мард чиқар мени кўмгани, дегач, авлодимиздан ҳали бундай исноти чиқмаган, дея опалар укасини қарғай-қарғай, уйларига тарқашди.
Тоғай билан Зарифа яна олти ой бир-бирларини еру кўкка ишонмай, ардоқлаб яшашди. Муҳаббат қаршисида ҳатто Тоғайнинг ичкуёвлигиям билинмай кетди. Ҳавас қилгулик шундай кунларнинг бирида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ишлар бўлди.
…Тоғай одатдагидай иш кунини тугатиб, хотинига эрталаб ваъда қилган қизил бошмоқни олиш учун бозорга кетаётганди, гузарда уч-тўрт ошнасини учратди. Улар Тоғайни амаллаб даврага қўшишди, қўярда-қўймай анови зормандадан беш-олти қўл қуйиб беришди. Гап орасида ошналардан бири қачонгача туғмас хотиннинг қўйнида яшайсан, сен тенгиларнинг болалари мактабга борадиган бўлди, бу туришда ўлигинг кўчада қолади, деган гапи унга оғир ботди. Қолганлар ҳам бу гапга қўшилишди. Ваъда қилинган қизил бошмоқ-ку, эсдан чиқди-кетди, лекин қайнотасининг уйини қийналмай топиб келган Тоғайнинг юрагига ошналарининг гапи наштар бўлиб санчилди. Уни бу аҳволда кўрмаган, шу боис ажабсиниб қолган Зарифанинг туғмас хотинлигини Тоғай юзига солди. Ичкуёвлиги эсидан чиқиб, камига уч талоқ қилди. Тоғай эртасига кайфи тарқагач, нима қилиб қўйганини ўйлаб, ич-этини еди. Лекин энди кеч эди. Зарифанинг пиқ-пиқлашига қарамай, қайнона-қайнотасига индамасдан костюмини елкасига ташлади-да, кўчага чиқди. Энди Тоғай учун бу хонадоннинг бири кичик, бири катта зулфини бор қизғиш дарвозаси ёпилди.
Тоғай иложсиз ота уйига қайтди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, битмас ярасига туз сепиб, уни уйлантириш тараддудига тушган гирдикапалак опаларини дарвозадан қувиб солди. Эшикдан ҳайдасанг, тешикдан кириб келаверадиган опалар барибир устун келишди. Нима қилсаларинг ҳам ўзларинг биласизлар, деган Тоғай иккинчи хотинини тўйдан аввал кўрмадиям. Кўнглим йўқ дегандай, бирор ҳафта келинга яқин йўламай, бошқа хонада ётиб юрди. Лекин яна опаларининг қистови билан иккинчи бора чимилдиқ ҳатлади, иккинчи бора аёл нафасини туйди, иккинчи бора гўшангада севилди. Лекин суя олмади. Кўнгил Зарифада қолди. Оҳ, Зарифа, бунчалар оҳанрабо бўлмасанг!..
Турмуш деганлари сўнгги ҳужайраларигача муҳаббатдан лов-лов ёнаётган ошиқни ҳам совитиб қўяркан. Борим-борлиғим, деб суйган Зарифасини унутиш учун Тоғайга бир йил етарли бўлди. Қизалоғи туғилгач, эски хотиралар ҳурмати ҳаққи унга Зарифа деб исм қўйди. Бора-бора у бошқа Зарифа билан овунадиган бўлди. Энди унга ростдан узоқ ўтмиш бўлиб туюладиган даврларни қўмсамай қўйди. Кўзёшларига чўмилиб эркалайдигани – катта Зарифа ҳақидаги хотиралари кичик Зарифа қаршисида эриб бораётганини Тоғайнинг ўзи ҳам сезмасди.
Дард устига чипқон деганларидай, бир-икки йил аввал Зарифанинг ота-онаси изма-из қайтиш қилибди-ю, катта ҳовлида ёлғиз қопти. Узун қулоқ гапларга қараганда бошқа турмуш қилмаптиям.
Бу орада Тоғай шифохонага бош врач бўлиб тайинланди, иккинчи фарзанди дунёга келди. Аммага айланишган, тегирмон тошидай тиним билмас опалар Тоғайдан ҳам кўпроқ қувонишди, ўзидан меросхўр қолдираётган укаларидан кўнгиллари тинчиб, ниҳоят уни тинч қўйиб, ўз рўзғорлари билан овора бўлиб кетишди.
Тоғай энди бутунлай бахтли эди. Одамлар ҳам унинг бурунги муҳаббат саргузаштларини эсдан чиқаришди. Бахт дегани шунча бўлади-да, Тоғай доим уйга шошарди. Бугун ҳам қизалоғининг: «Дада, менга нима оп кейдингиз?» деган саволини, полвонтойининг «ғиғ», деб кулишини қўмсаб, ишдан эртароқ чиқди. Ойлик олган эмасми, бозорга кириб хотини рўйхат қилиб берган чақалоқ учун керакли нарсаларни ва қизалоғининг саволига жавоб бўлгулик совғани олди. Мошинасига ўтириб, энди жойидан жилмоқчи эди, бозор дарвозасида ошналарини учратиб қолди. Улар Тоғайнинг хотини бир қиз, бир ўғил туғиб берганини орқаворатдан эшитишганини унга билдиришди-ю, гинахонлик қилишди. Икки фарзандли бўлганини бир қилиб ювиб беришини сўрашди, Тоғай иложсиз рози бўлди. Улар эски гузарга боришди, ўтиришди, узоқ суҳбатлашиб, анови зормандадан уч-тўрт шишани бўшатиб қўйишди.
Тоғай мошинани ҳайдашга кўзи етиб, йўлда ГАИ учрамасин-да, деб рулга ўтирди. Худога шукр, шаҳардан бехавотир чиқиб олди. Ошналарини қишлоқ-қишлоғига ташлаб, мошинада якка қолди, уловни йўл четида тўхтатиб, бироз мизғиб олгиси келди. Қанча вақт кўзи илинганини билмади-ю, бироқ бир нимадан қўрққандай сапчиб уйғониб кетди. Биринчи хотини Зарифа тушига кирибди, иккаласи оппоқ булутлар оралаб қаергадир югуриб кетаётганмиш, Зарифа худди қоядан-қояга сакраётган оҳудай булутдан-булутга сакрармиш, Тоғай унинг йиқилиб кетишидан қўрқармиш, шунда Зарифага етаман-етаман деганда оёғи тойиб кетибди…
Тушга нималар кирмайди, дея ўзини овутди. Бир зум Зарифани, у билан кечган ширин дамларни ёдга олди… Аммо бу узоқ ўтмиш эканини сезгач, бирдан сергак тортди, идишдан сув ҳўплади, шунда мошинада эканини билди. Лекин нима учун бу ердалигидан ажабланди. Нариги ўриндиқда ётган буюмга ажабсиниб қаради. Бироздан сўнг уни қизи Зарифа учун олганини, буни кўриб у қанчалар хурсанд бўлишини ва ачом-ачом қилиб, юзларидан муччи олишини ўйлаб шу қадар севиндики, қувончи ичига сиғмади. Юзига нимтабассум югурди. Атрофга аланг-лади, қоронғи бўлса-да, ҳар куни ишга қатнайдиган йўл четида турганини билгач, уйига кетаётганини эслади. Калитни бураб, моторни ўт олдирди. У тезликни чунонам оширдики, айни кезда йўл қоидасини бузаётганини хаёлига ҳам келтирмади.
Зарифа ухлаб қолдимикан? Ўғилчаси-чи? Хотини қандай экан, уни кутиб ухламай ўтиргандир-а? Тоғай шу тобда тезроқ уйида бўлиб қолгиси келдики, орадаги ўн беш дақиқалик масофа ўн беш йилдай туюлиб кетди. Узоқ йиллардан буён унга йўлдош бўлиб келаётган таниш йўллар, таниш дарахтлар ҳамроҳлигида иссиқ гўшаси томон учиб борарди. Ўн дақиқада уйида бўлади. Вақт бунчалар секин ўтмаса-я!
Ҳар кунги борадиган жойи бўлса, нега уйига тезроқ ета қолмайди? Нега юраги бунчалар тез ураяпти? Бугун унга нима бўлди? Ҳеч нима бўлгани йўқ! Доим шундай шошган, ахир уни уйида ширинтойлари кутяпти!
Мана, таниш бурилиш, таниш уй, таниш қизғиш дарвоза, таниш зулфинлар… Ярим тун экани, сигнал чалса чақалоғи уйғониб кетишини ўйлаб, дарвозани ўзи очмоқчи бўлди. Лекин ҳар куни очиқ турадиган дарвоза бугун берк эди. Келавермаганим учун хотиним беркитиб қўйган шекилли, деган хаёлга бориб таниш қўнғироқ тугмачасини босди: ж-и-р-и-нг!!! Лекин қўнғироқ товуши негадир бегона! Жуда бегона ҳам эмас, қачонлардир, қаердадир эшитган! Лекин эслолмаяпти!
Тоғай хаёлини йиғишга улгурмай, ичкаридан тобора яқинлаб келаётган қадам товушини эшитди, эшитди-ю, юраги шу қадар тез ура бошладики, шундагина нима қилиб қўйганини англади! Уч-тўрт сониядан сўнг дарвоза дарчасидан суюкли чеҳра бўй кўрсатажагини, ўшанда у на ортга қайта олиши, на ичкари кира олишини ўйларди. Кирай деса, уйида жиблажибонлари ухламай уни кутиб ўтирибди, устига устак, қўлидаги қизил бошмоғи Зарифага кичиклик қилади, кирмай деса, юрагининг аллақаерларида мудраб ётган муҳаббати уйғониб кетди…