Файзулла Салаев. Тўлов (ҳикоя)

Ўсар муаллим ишдан димоғи чоғ қайтди. Кийимларини алмаштираркан қайсидир мумтоз қўшиқ оҳангида минғирлар, ашуланинг бир-икки мисрасини хиргойи ҳам қилиб қўярди.
− Тинчликми, буваси, кайфиятлари зўр-ку? – ошхонадан хотини овоз берди.
− Чойингни дамлайвер, гап кўп, кампир. Юрагинг ёрилади!.. – минғирлаётган куйини келган жойидан давом эттирди муаллим.
− Эшитайлик янгилигингизни, юрагимиз ёрилмасидан бурун! – эркаланди Норжон дамлаган чойини қайтараётиб.
− Таътилга чиқдим. Буғолтир, кассир билан ҳисоблашдим. Бўстонлиққа − “Булоқли”га икки йўлланма! Қалай?
− Вой, буваси, яхши-ку, бироқ уйда шунча машқала* туриб…
− Яна қанақа машқала? Улларингни уяларига, қизларингни қияларига қўндирган бўлсанг, оғилинг, қўра-катагинг бўш бўлмаса!.. Сенга айтдим-ку, болалар учун елиб-югуриб бўлдик.
− Оғил олдидаги бостирма ўн боғ сомонингизни кўтаролмай қийшайи-иб турибди. Ёз кирса, янгилаб бераман девдингиз…
− Шунча вақт турган нарса йигирма кунга қулаб тушмас. Ундан кўра у ёқ-бу ёғингни йиғиштириб, кийим-пийим тайёрла!.. Ўқитувчи деган отинг бор, отингга яраша кийин. Чойингни ичибоқ бозорга жўна. Келинингни опкет, шаҳарлик қиз, кўп нарсани тушунади. Ана, чўнтак тўла пул. Истаганча ол!.. – Ийиб кетди муаллим.
− Бор бўлинг-е, буваси, сизга нима бўлди ўзи?!.
− Ҳукуматингга ҳам беш кетдим, касаба уюшмангга ҳам, – деди Ўсар муаллим жилмайганича. – Йўлланманинг атиги ўттиз фоизини биз тўларканмиз. Тўлагину марҳамат, ўн саккиз кун яйраб дам ол! Юраверган эканмиз-да, а, кампир?
− Буваси, ёш боладайсиз-а?..
Поезд марказга эрта келаркан, шу куниёқ санаторийга етиб боришди. Ўсар муаллимни жўшқин кайфият ва йигитларга хос ғайрат тарк этмаган, пошнасидан учқун сачраб, кампири атрофида парвонадек чарх урарди. Жойлашишди, бўлмада бир пиёла чой ичишгач, санаторий боғини айланишди. Аслида, бу ернинг ўзи бир улкан боғ эди. Катта йўлдан бир чақиримча пастда – тоғ этагида жойлашган бу масканнинг бир томони ёш ниҳоллар гуркираб ўсаётган ўркач-ўркач қир, икки томони тоғ, яна бир тарафи шарақлаб оқадиган сой эди.
− Эсингдами, кампир, лола сайлига чиққанимиз? Ўшанда автобусимиз ҳув анави йўлдан ўтган…
− Сайл эсимда-ю, лекин йўл ёдимда йўқ… Эй, буваси, энди менга кампир дейишни, бас қилинг. Уятдир. Зиёли одамлар бўлсак… Ҳали тушлик пайти кўрдингизми, кўпчилик бизга ҳавас билан қарашди.
− Бу қайси қишлоқилар бўлди экан, деб қарашгандир…
− “Кампир”лаганингизни эшитган одам шу фикрга борса, ажабмас!
Ўсар муаллимнинг муаллимлиги тутиб, кампирини саволга кўмди:
− Биринчидан, қишлоқилигимизни яширганда ёки яширмаганда нима ютиб, нима ютқазамиз? Иккинчидан, сени қандай чақирай? Хоним дебми, бекам дебми? Учинчидан, сену менинг оғзимизни пойлаб, булар бир-бирларини қандай чақиришаркан дейдиган банданинг ўзи йўқ, бўлмайди ҳам!
− Биринчидан, сиз бу ерда фақат Ўсар муаллим эмас, Гурлан деган юрт вакилисиз. Одамлар юртингиз ҳақида сизга қараб хулоса чиқаришади. Иккинчидан, хониму бекам эмас, илгаригидек, мен “онаси”, сиз “отаси” бўласиз. Учинчи саволингизга − ким билади, ҳали кимлар билан танишиб, кимлар билан ошна тутинамиз?
− Раҳмат сенга-ей, кампир, эй, кечирасан, онаси. Оқилона саволларга мантиқли жавоб бердинг!
− Шунчаки саволларга мантиқли жавоблар бўлди денг! – нозланди Норжон эрига бир қошини кўтариб қараб.
Ўсар муаллим яхши билади. Кампирининг бирор нарсадан кўнгли тўлиб, меҳри мавжланса, аввало юзида ифода топади: қош-кўзи ҳаракати тезлашади; сариқдан кўра оққа мойилроқ юзига қизил энади; боши хиёл кўтарилиб, янги ҳилолдай бақбақаси сезилмай қолади – яшаргандай туюлади; нигоҳлари у ердан-бу ерга кўчиб, маъно ахтаргандай кезинади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Муаллим бунинг сабабини тушунолмади. Хотини томон бурилиб қараб, ҳали ҳам ҳуснини йўқотмаганига иқрор бўлди, кўнглини ризоликми, мамнуниятгами ўхшаган туйғу эгаллади…
− Майли, сен айтгандай бўлақолсин! – деди.
Икки-уч кун ўтгач, санаторий мижозлари кўпайишиб, боғдаги йўлаклар, ичкаридаги катта-кичик даҳлизлар гавжумлашди. Ошхонада бўш ўрин қолмади. Муолажахоналар олдида узун-қисқа навбатлар ҳосил бўлди. Мижозлар аксарияти ёшлари бир жойга бориб қолган кишилар бўлишига қарамай, бу ер муҳитини осуда деб бўлмасди. Бу ҳол мактабда болалар шовқинидан чарчаган Ўсар муаллимга ёқмади. Бирон-бир безовта қилаётган касали бўлмагач, турли хил ҳўлу қуруқ эмлардан ҳам совиди. Вақтни сой бўйида айланиб ёки хонасида телевизор кўриб ўтказадиган бўлди. Телевизор ҳам чарчатар экан. Кўнгли атрофдаги шаҳар-қишлоқлар, манзарали жойларни тусади. Хотинига маслаҳат солди. У кишига муолажалар ёқаётганмиш, бормаслигини айтди. Нонуштадан сўнг ўзи кетди. Туман марказидаги бозорни айланди, тоғ бағридаги қишлоққа олиб борадиган уловга тушиб, табиат қўйнида бўлиб қайтди…
Муаллим хоналари эшигини очиқ ҳолда кўриб, қадамини тезлатди. Норжон эшикни доимо ичкаридан занжирлаб ўтирарди. Аёл кишининг шарақлаган кулгиси эшитилди – кимдир меҳмонга келган. Ўсар эшикни бир қоқиб қўйиб, ичкарига қадам босди. Икки аёл бирданига ўринларидан туришди. Меҳмон қўлини кўксига қўйганича енгил таъзим қилиб, сўрашган бўлди. Қўнғир рангга бўялган ва кесилган сочлари елкасига эркин ташлаб қўйилган, қошу киприклари қуюқ, тўладан келган бу хотин муаллимнинг талабалик таниши эди. Лекин аниқ эслай олмади, бирор сония жим қолди. Аёл жилмайди.
− Танимадингиз-а, фамилиянгиз Шариповмиди? Шунақасиз-да, ҳеч бўлмаса, берган нон-тузим ҳурмати хотирангизнинг бир бурчидан жой бермабсиз-да менга… – дея икки қўлини пахса қилди аёл.
− Бўлди-бўлди, сиз – Раъносиз! – Беихтиёр қўлларини ёзди муаллим хохолаб кулганича, – кечирасиз, эсим қурсин!.. Онаси, бу киши билан қурилишда бирга бўлганмиз. Ошпаз эдилар…
− Ҳа-ҳа, айтдилар! – Хотини самимий жилмайди.– Ошиқлари бўлган экансиз, буни ҳам айтдилар!
− Мен-а, менми? – Сирли кулди муаллим.
…Ўшанда тўртинчи ва бешинчи босқичлар орасидаги таътилда университет кўнгиллиларидан иборат талабалар отряди Сирғалида уй қуришганди. Мавсум ўрталарида Ўсарнинг тўпиғи лат еб, ўн кунча ошхонада ишлашига тўғри келганди. Унга бир жойда ўтириб қилинадиган ишлар − сабзавот тозалаш ва ўтёқарлик топширилганди. Қайсидир корхона маданият уйига жойлашган эллик кишилик отряднинг емак-ичмаги мана шу Раъно билан иккисининг зиммасида эди. Ўша йиллари Ўсар бўш қолгудек бўлса, қўшиқ айтарди. Негадир ҳазин ашулалар хуш ёқарди унга. Айниқса, Ботир Зокиров қўшиқларини берилиб куйларди.
Бир куни ошпаз завхўзга эргашиб бозорга кетди. Картошкани тозалаб бўлиб, карам келишини кутаётган Ўсар хиргойи қила бошлади. Қараса, емакхонага айлантирилган концерт зали акс-садо бериб, овози бинойидай эшитиляпти. У ювиниб уст-бошини тартибга солди-да, саҳнага кўтарилди. Хаёлида зал тўла томошабин. Оркестр хизматга шай турибди. Ҳозир “Қайдасан, азизим” чалинади, керакли пайтда Ўсар Шарипов мусиқага жўр бўлади. Йўқ, хонанда саҳнага парда орқасидан кириб келади ва енгил таъзимдан кейин куйлашни бошлайди. Мана бу бошқа гап!
Ўсар ўша куни умрида биринчи марта овозини баралла қўйиб қўшиқ айтди. “Қайдасан, азизим”дан бошлаб, “Газли гўзали”, то Расул Ҳамзатнинг “Қочоқ Ҳабиба”сигача куйлади. Ўсар “концерт”ни “Раъно” билан тугалларкан, залдагиларга таъзим ҳадя қилди. Ажабо, залда чинакам қарсак янгради. Бошини кўтарса, талабаларга ҳормасинга келган университет ва факультет раҳбарлари, ёшлар қўмитаси вакиллари, завхўз ва ошпаз Раъно ҳам шу ерда. Хонандамиз қизарганча парда ортига яширинди…
Ўсар муаллим чой устида барини гапириб берди.
− Биз “Раъно” бошланганда келган эдик. Сезмадингиз. Ўшанда деканнинг менга тегишганини айтинг. “Юрагидан урибсан-ку, болапақирнинг”, дейди. (Ҳаммалари кулишди). Аслида, шу куни менинг юрагимдан урганди бу киши. Сезмади ёки сезмаганга олдилар! – деди Раъно негадир овози ҳаяжонли қалтираб.
− Чунки юрагим банд эди… Мана бу биолог билан… Олдинроқ эгаллаган эдилар… – муаллим қизарганича Норжонга ишора қилди.
− Биламан, шу йил куздаёқ аниқлаганман рақибамнинг кимлигини. Хоразмликлар йигитларини кўчада қолдиришмайди… – чулдиради Раъно.
Эски танишлар гапидан самимият кўтарилди. Орага ёлғон суқилиб кириб, уларни ўнғайсиз вазиятдан олиб чиқди. Норжон ҳеч нарса сезмади. Аслида, “хонанда” ва ошпаз қиз орасидаги асов, тийиқсиз ва тушуниксиз туйғулар бошқачароқ якун топганди. Қизиғи шундаки, бу можарода бош ролни Раъно ўйнаганди. Узун, қора сочини икки ўрим қилиб кўкраги устига ташлаб юрадиган Раъно энди ҳадеб йигитни суҳбатга тортар, карашма тўла ҳаракату сўзлари билан атрофида парвона эди. Кечқурунлари шаҳарча боғида бўладиган рақс кечаларига бирга боришар, замонавий рақс ўргатиш баҳонасида бу ерда ҳам Ўсарни ёлғиз қолдирмасди. Қисқаси, саҳна воқеасидан кейинги икки-уч кун ичида қизиқишлару ота-она, қариндош-уруғлар ҳақида тўла маълумот алмашилди.
Бора-бора қиз кайфиятига монанд тез-тез пирпирайдиган киприклари, қораликда қошлари билан баҳс бойлашгудек сим-сиёҳ кўзлари, нақш олмадек ёноқларига мос бежирим бурнию лаблари йигит қароғидан ўтиб шуурига муҳрланди. Лабларидан учган бири-биридан тотли, нозу эркаланишларга йўғрилган сўзлар ёш юракда акс-садо берди. Ҳозир эслолмайди. Ўшанда қўшиқ ёки шеър биланми, ўз сўзлари орқалими, Раънога яхши кўришини билдиргандек бўлди…
Бир куни кундузи ҳам ярим қоронғи бўлиб турадиган сабзавот сақланадиган кичкина хона шипидаги лампочкани алмаштиришга тўғри келди. “Сизнинг оёғингиз оғрийди…” деб, стол устига курси қўйиб, Раънонинг ўзи ўрлади юқорига. Лекин қўли лампочкага етмасданоқ кутилмаган ҳодиса рўй берди – нимадир бўлиб, қиз мувозанатини йўқотди, бир чайқалиб, тўппа-тўғри Ўсарнинг қўлига йиқилди. У кўзлари юмилган, кокиллари ерга солланган ҳолда янада чиройли кўринарди. Қизнинг бир қўли йигит елкасида эди. Умрида қиз бола вужудига бунчалик яқинлашиб кўрмаган йигит ўзини йўқотиб қўйди, бардоши барбод бўлиб, лабини лабларига босди. Бўса тафтидан ўзига келган Раъно сўзсиз типирчилади. Йигитнинг қўйворгиси йўқ эди…
Эртаси куниёқ Ўсар Шарипов оёғини даволатиш баҳонасида ишни ҳам, Тошкентни ҳам тарк этди…
Гап мавзуси айланиб бугунга кўчди. Раъно савдо соҳасида ишлайдиган маҳалладошига тегиб, қаторасига уч қиз кўрибди. Эри автоҳалокатда ҳалок бўлибди. Учала қизи ҳам яхши жойларга тушибди. Ўзи кенжаси билан бирга эмиш. Замон ўзгарган йиллардаёқ, ўқитувчиликни ташлаган, савдога ўтиб кетган экан.
− Худога шукур, қизларимнинг ҳаммасини ўқитдим. Куёвларим еру кўкка ишонишмайди. Ҳаммасидан невараларим бор! Лекин барибир, бошингда бир соянг, орқангда суянадиган қоянг бўлмаса қийин экан… – оҳиста уҳ тортди Раъно.
Шу куни кечки овқатга бирга чиқишди, оқшомги сайрда ҳам бирга айланишди. Асосан, ёшлик хотираларидан иборат суҳбатларга гоҳ-гоҳ аралашиб, мийиғида кулиб юрган Норжоннинг авзойи хоналарига келгач, бирдан ўзгарди. Ўсар муаллим телевизор олдидаги оромкурсига ўтираркан:
− Бир чойнак чой бўлгандами! – деганди, Норжон очиқчасига ҳужумга ўтди:
− Ошпазингизга қўнғироқ қилақолинг!
− Ҳў, кампир, нима бўлди? Тинчликми ўзи?!
− Нима бўлдимиш, дард бўлди! Ундан кўра қўлтиқлашиб, қучоқлашиб юрақолинглар! Не бало, ғунажиндай кўзини сузиб, ўлиб бораётир… Ё худоё тавба, олтмишни қоралаган одамлар!
− Нима қилади энди, ўттиз йилдан бери эр кўрмаса, – гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди муаллим.
– Эр кўрмаса, бировга ёпишадими? Яна айтиб қўяй – шу ўлгурингиз ҳар балони кўрган!
− Тавба қилдим, де! Тўғри аёлни эгриликда айблаш, биласанми, гуноҳи азим!
− Чойни ўша тўғри аёлингиз билан ичақолинг! – Норжон каравотига чиқиб терс қараб, ётиб олди, пиқ-пиқ йиғлагани эшитилди…
Ўсар муаллим ҳаётида биринчи мартадир хотини ёнида бўлатуриб ўзи чой қайнатиб ичди.
Норжоннинг қош-қовоғидаги булут эрталаб ҳам тарқамади. У одатдаги “Яхши ётиб-турдингизми”нинг ишорасини ҳам қилмай, сочиқни елкасига ташлаганича ғоз юриб ювиниш хонасига кириб кетди. Ўсар муаллим тахтадай қотди. Жаҳлдан бўғриқди. Тутақиб бақирди:
– Норжон!..
Ювиниш хонасидан жавоб бўлмагач, ўзига ўзи гапиргандай:
– Жинни-пинни бўлгандир бу хотин, – дея ғудранди.
– Ҳа, энди биз жинни… Ўшанингиз оқила, гўзал!
– Норжон, ўчир овозингни! Бўмаса!..
Муаллим ваннахонага бостириб борди. Ичкаридан занжирланган эшикни бир тепди. Илкисдан бу ерда мусофир-меҳмонлиги эсига келиб, хижолат тортиб бирдан жимиди.
Барига хотини айбдор! Қўшнилар наздида ким бўлишди энди? Баттар тутақди. Тор хонада қафасдаги арслондай у ёқдан-бу ёққа ташланди. Бироз ўтиб, эшикни қоқди.
Хонадан Норжоннинг кинояли товуши эшитилди:
– Овора бўлманг, шайтон қўшилган жанг аравангиздан тушиб, узр сўрамаганингизча эшик очилмайди!
Муаллим чидаб туролмади. Андишани унутиб, яна бақирди:
– Етар! Бўлди қил, Норжон! Жонимга тегдинг! Ўзинг шайтонга малайлик қиляпсан!.. Худодан қўрқ!
– Ҳа, энди жонингизга тегадиган бўп қолдикми?
– Ўчи-ир!.. – Муаллим бу сафар эшикка бир мушт туширди.
Норжон эрининг бирданига тинчиб қолганидан шубҳаланиб, чала-чулпа чайиниб, дам олиш хонасига қайтди. Хонада ҳеч ким йўқ эди. Жавонни очиб билдики, кўча кийим­ида чиқиб кетибди. Қўнғироқ қилди. Телефон эрининг ёстиғи тагидан овоз берди. Хотин вужудини қалтироқ босди.
“Шармандалик! Мегажин билан режалашиб улгурибди-да! Кечадан бери унга ён босиб гапиргани боиси шу экан-да! Аҳду паймон қилишиб, қолиб кетса-я? Болаларига нима дейди энди? Эл-юрт кўзига қандай қарайди? Шармандалик!”
Норжон ўрнида юзтубан ётиб, роса йиғлади. Болишу сочиғи ҳўл бўлди.
Бир маҳал эшик тақиллади. “Бор эканлар-ку!” Юраги ҳапқирди Норжоннинг. Елиб бориб, занжирни туширди. Ўша мегажин − Раъно!
− Ассалому алайкум, тинчликми, нонуштага ҳам чиқмадингизлар?
Норжоннинг қулоғига ҳеч нарса кирмади.
− Сиз шу ердамисиз?..
− Бошқа қаерда бўлай, ўзи кечадан аввалги кун келдим-ку! – деди аёл елка қисганича. У Норжоннинг йиғидан бўғриққан юзига нигоҳ ташлаб бир зум турди-да, ниманидир англади шекилли, ғирра бурилиб, қайтиб кетди.
“Раъно шу ерда!.. Нималар бўляпти ўзи? Э, Худо, нима қилсанг ҳам ақлимдан айирма! Кекса бошим билан одамларга масхара бўлмай! Ҳамма айб ўзимда. Тавба қилдим, Худойим! Ўсаримни қайтар!..” Бу гаплар Норжоннинг хаёлидан кечяптими, йиғи аралаш айтиляптими, ўзи ҳам билмасди…
Норжон кун бўйи на овқатга чиқди ва на муолажага борди, мотамсаро бир кайфиятда хонанишин ётиб олди.
У гўё жонсиз лош, каравотида чўзилиб ётар, хаёлига биронта жўяли фикр келмас эди.
Аввал кенжаси Рўзмат, икки соатлар ўтиб тўнғичи Саида қўнғироқ қилди. Ажабо, ҳар иккиси ҳам дадасининг соғлиғи билан қизиқди. Алдашга тўғри келди – “курсдош дўстиникига кетди”, деди.
Кечқурун эшик оҳиста тақиллади. Эри эмас. У бунақа имилламайди.
Раъно экан. Бир қўлида палов тўла коса, иккинчисида мева-чева солинган елимхалта. У эшик олдида жилмайганича турарди. Норжоннинг кўзларига бир қараб олгач, ёқимли овозда салом берди.
Норжон ҳам жилмайишга уринди, алик олиб, аёлни уйга таклиф этди.
– Келинг, Раънохон, ичкариланг!
Раъно дегани бало экан. Бўлмага киргач:
– Тобингиз йўқми дейман, дугона. Сиз уринманг, ҳаммасини ўзим қиламан, – дея чойнак-пиёлани ўзи тозалаб, электрга чой қўйиб юборди. – Тушликдан сўнг келай дедим-у, навбатдан бошим чиқмади. Қарасам, ужинда ҳам йўқсизлар. Кейин ошхонадан улушларингизни олиб келавердим… Чой қайнагунча мевалардан олиб ўтиринг!
Норжон оромкурсида ўтирганича ўз уйида меҳмонлигидан изза чекар, уззу кунги очлик ва йиғи уни батамом ҳолдан тойдирганлиги энди сезилаётгандек эди. Юзига ўрнашиб олган ғам соясини ҳайдашнинг ҳам иложи йўқдек эди. Раъно энди унга рақиба эмас, самимий дугона, сирдош дўстдек туюла бошлади.
Раъно ўзини бепарво кўрсатишга уринар, лекин қув кўзларида ўйнаётган мубҳам бир нур эр-хотин орасидаги можаро ҳақда тусмоллаётганини фош этиб турарди.
Чой дамланди. Бола-чақа, қуда-анда, рўзғордан гап кетди. Барибир, суҳбат қовушмади. Тарозининг ҳақиқат палласи босиб бўлди, ёлғон-яшиқ, ясама муомала пўкакдай қалқийверди. Вақт зувиллаб ўтиб борар, қоронғи тушиб, хонада чироқ ёқилишига қарамай, муаллимдан дарак йўқ эди. Бундан ҳар икки аёл ўзича эзилар, хона ҳавоси борган сари оғирлашаётгандак эди…
Ниҳоят, Раънонинг сабри тугади:
– Ростини айтинг, нима бўлди сизларга? – деб сўради.
Норжон сочиқни юзига босганича пиқиллаб йиғлаб юборди. Йиғи аралаш деди:
– Барига ўзим, мен жинни сабаб! Зарра ақлим бўлганида келиб-келиб сиздай аёлдан қизғанармидим. Ўшанга аччиғи чиқиб, саҳарлаб кетиб қолди…
Раъно хандон отди. Сўнгра тегишмачоқлиги тутиб деди:
– Йиғингизни ҳозироқ йиғиштирмасангиз, чиндан ҳам чолингизни айлантириб оламан. Хоразмга ёлғиз кетасиз! Чин Раъно сўзим!
Раъно яна чах-чах урди. Норжон “рақиба”си самимиятини эътироф этди: аввал чиройли жилмайди; кейин енгил қаҳ-қаҳи билан кулгига қўшилди.
– Шугинага шунча мотамми? Роса оқкўнгил экансиз-ей, чиқонжон!* Юргандир-да, бирорта курсдоши ёки элдошиникида…
– Ишқилиб, омон юрса бўлди…
Шу пайт ёстиқ устида ётган қўл телефони жиринглади.
– Ана айтдим-ку! – дея Раъно телефонга қўл чўзди.
Норжон ўрнидан қўзғалди-ю, интилмади, қош-кўзи ҳаракати билан “ўзингиз тинглаб кўринг-чи” ишорасини қилди.
– Валайкум ассалом! Ҳа, ўша кишининг телефонига тушдингиз!.. Дугонасиман… (Норжон қўл ишораси билан “мен йўқман” деди). У киши иш билан чиқувдилар. Раъно! Ўсар домла биладилар… Бўпти-бўпти… Майли, саломат бўлинг!..
Раъно телефонни жойига ташлади.
– Айтдим-ку, сизга!.. Музаффар деган дўсти борми, асли манғитлик? Ўшаникида экан! Хўжайкаси салом айтди… Биргалашиб келинглар, деяпти… Вой, чиқонжон-ей, одамни роса эзиб юбордингиз-да… – деди Раъно “чиқонжон”га урғу бериб.
У пиёласидаги совиб қолган чойдан ҳўплаб, ўрнидан қўзғалди.
– Мен ҳозир…
Эридан хабар топган Норжон анча енгил тортди. Меҳмони эшикдан чиқиши биланоқ кўзгу олдига борди. Кўзгу ичидан сочи, қошу кўзи паришон, ғамзада аёл хижолатомуз боқиб турарди. У чайиниш бўлмасига ўтиб, юзини ювди, сочларини тартибга келтирди.
Дастурхон бошига қайтганида Раъно аллақачон шу ерда эди. У хонасидан бир елим халта ул-бул емиш кўтариб чиққанди. Қази, мева-чева ва салқин ичимликларни бир-бир халтачадан олиб, ҳафсала билан стол устига терарди.
– Тўғрисини айтсам, бугун куни бўйи сизлар ҳақда ўйладим. Юрагимни ғалати бир ғашлик эгаллаб олди. Шукурки, мана, тинчлик экан…
Ғоят самимий кечган икки аёл суҳбати ярим тунга қадар давом этди. Раъно болалиги, мактаб муҳаббати, талабалик давридаги ошиқлари, марҳум эри, қизу куёвлари ҳақида тўлқинланиб сўзлай бошлади. У усталик билан бир мавзудан иккинчисига кўчар, аксари воқеадан қувноқ бир хулоса чиқарарди. Норжон ул-бул нарсадан тотинган бўлиб “рақиба”си оғзига тикилар, унинг ўзига хос “ижро маҳорати”дан ҳайратланиб, завқ олаётгани сезилиб турарди. Раънонинг сўзига яраша ўзи ҳам чиройли эди. Тўла-тўқ юзига ярашиқли шаҳло кўзи, қуюқ киприклари… Норжоннинг хаёлида “Ё тавба, наҳотки, шу аёл менинг тенгдошим бўлса?” деган фикр чақнади.
Ниҳоят, Раъно: “Сизам бундоқ гапиринг-да!” деб, Норжонни суҳбатга тортди.
– Раъно, сиз гўзалсиз! Бахтсиз ҳам эмассиз! Ҳадемай, невараларингиз каттаришиб, одам бўлишади… Айтмоқчи, шунча ҳусну латофат билан нега эр қилишни ўйламагансиз?..
Раъно қаҳ-қаҳ отди. Бирданига кулгидан тўхтади.
– Яна ўша ошиқларимни эсга соляпсиз-да, чиқон!.. Ростига кўчсам… улар ҳозир ҳам топилади. Аммо-лекин уяламан… қизларим, куёвларимдан уяламан! Эллашиб кетсам, не хўп!.. Бирон-бир важ бўлиб, келишмай қолсам, ким деган одам бўламан? Қандай бош кўтариб юраман маҳалла-кўйда?
– Бир ҳисобдан сиз ҳақсиз!.. – дугонаси фикрини қувватлади Норжон.
Раъно:
– Мендан бўлак ҳеч кимни кўз очиб кўрганидан айирмасин! – дея яна бир қадаҳ кўтариб, хонани тарк этди…
Ўсар муаллим эртасига ҳам қайтмади, индинига ҳам. Бу кунлари Раъно Норжоннинг ёнида бўлди. Қайтмасидан аввалги кун кечқурун хонадаги телефон жиринглаганида ҳам Раъно шу ерда эди. Гўшакни у кўтарди.
– Алло, ассалому алайкум! Э-эй… Ўсар ака, ўзингизми? Саломат бўлинг-ей, қаёқларда қолдингиз, бормисиз ўзи? Ҳа-да, бошқа қаерда бўлардилар? Мана, гўшакни бераман.
Ўсар муаллим ғирт маст эди. Тўйтепадамиш. Курсдошлари билан биргамиш… Норжон лом-мим демади, тилига сўз келмади. Базўр “Қачон келасиз?” деёлди бурнини тортганича. Гўшакни яна Раъно олди-да:
– Майли, ўзингиз билинг! Келмасангиз ҳам бўлаверади… Биз ҳам бир кунимизни кўряпмиз! – дея алоқани тўхтатди. – Эртага келармиш!.. Мана, эркакларнинг феъли-хўйи. Яна бу кишим зиёли, муаллим…
Раъно ўрнидан туриб, балкон эшигини очди, девордаги митти радионинг тугмачаларидан бирини босди. Хонада ўйноқи мусиқа жўрлигида хонанда овози янгради:

Сизнинг юрак юраг-у, бизники юракмасму?
Сизга висол кераг-у, бизларга керакмасму?

Раъно яна кулди:
– Буни қаранг-а, чиқон, қўшиқни қаранг. Худди сиз учун тўқилгандай…
Норжон индамади. У эрининг жўяли бир гап айтмаганидан хафа эди. Тағин йўқлаб қолмасмикан, дегандек мўлтираб, ёшли кўзлари билан телефон томон қараб-қараб қўярди.
– Норжоной, бўлди қилинг йиғини. Мана, эшитдингиз-ку, соғ-омон экан ўша супрақулоқ эржонингиз.
Норжон жилмайди. Дугонасининг топқирлигига беш кетди. Тавба, шунча йил бирга яшаб, эрининг қулоғига қарамабди…
Раъно радиода аллақандай мухлис билан телефон орқали бидирлаб гаплашаётган бошловчининг овозини ўчириб, ўзи хиргойи қила бошлади:

Сизнинг юрак юраг-у, бизники юракмасму?
Сизга висол кераг-у, бизларга керакмасму?

Хиёл хотиржам тортганиданми, шу туни Норжон қотиб ухлади. Эртасига уни эшик қоқиб Раъно уйғотди. Эрталабки нонушта вақти ўтиб кетибди. Чайиниб олгунича Раъно дастурхон ёзиб, чой дамлади.
– Қалай, енгил тортдингизми? – сўради Раъно салом-аликдан кейин.
– Раҳмат, тузукман.
– Энди бундай қиламиз, – деди Раъно жиддий гап бошлаб. − Турсин, бари турсин, тарихчи-археолог Ўсар Шариповга сюрприз ҳозирлаймиз. Уч кунлик “самоволка”* учун жарима! Кўрамиз, не кечар экан ҳоли?
Норжон ҳали унинг гапини уқар-уқмас ўрнидан турди.
– Шошманг, мен ҳозир келаман… – Раъно чиқиб кетди. Зум ўтмай, қўлида пахта матодан тикилган ҳаворанг ёзлик кепка ва яна тагида бир-икки қадаҳча ичишлиги қолган шиша билан пайдо бўлди.
– Вой, нима бу? − деди Норжон ҳовлиқиб.
− “Қоралайлик”… Зўр коньяк қўшниларимдан сўраб олдим. Бунча қўрқиб кетдингиз, чиқанжон, − кулди Раъно шишани стол устига қўяркан. Кейин қўлидаги кепкани жавоннинг бош кийим қўйиладиган токчасига ташлади: − Барака топишсин, аввалги мижозлар унутиб қолдиришибди. − Кейин бамайлихотир халати чўнтагидан яримлаган “Pall-Mall” қутисини чиқариб, стол чеккасига қўйди-да, столга чўкди. − Ана бўлди!..
− Нималар қилаяпсиз, опа. У мени соғ қўймайди! Тинч ўтирайлик, опа, қўйинг.
– Ваҳима қилманг, ёнингизда мен борман!.. Йўғимда келса, бир гудок ташланг. Учиб келаман-у, ўзим давом эттираман спектаклни!.. Шунақаям бўладими, уч кун ташлаб кетиб… Дам олишниям бурундан чиқарди… Гап шу! Келса, салом бермайсиз, ўзи бошласа, алик олмайсиз!.. Буларга кўзи тушиб, савол назари билан қарайди. Ўзингизни бепарвогина тутиб, Ғиёснинг ўша “Сизнинг юрак юраг-у…”сини хиргойилайсиз! Юрагини бир сичқон кемирсин! Яхшиси-чи, келиши биланоқ ҳалиги… гудок ташланг! Эшик ортида тураман. Зарил бўлса, шартта кираману…
Норжон “тоғ” деса, Раъно “боғ” деди, “боғ” деса, “чорбоғ” деди. Мунозара роса чўзилди. Охир-оқибат, Норжон сўзини ўтказди – унинг қатъий қаршилиги билан бўлғуси “спектакль” сценарийсидаги зиддият бироз юмшатилди: Ўсар муаллим кимсасиз хонага кириб келадиган, бўлмадаги манзарани кўриб, “жазосини тортадиган” бўлди.
Маслаҳат маҳсига қамалгач, хона калити эшикбонга топширилди. Икки аёл Раънонинг деразасидан санаторийнинг кириш дарвозасини бемалол кузатса бўладиган иккинчи қаватда жойлашган бўлмасига ўтишди. Деразага пашша-чивиндан ҳимояланиш учун кўкимтир тўр тортилган, бу эса, ичкаридаги кишига ўзи кўринмаган ҳолда ташқарини кузатиш имконини берарди.
Норжоннинг юраги гуп-гуп урар, унинг учун гўё вақт тўхтаб қолган эди. У ўзини чалғитиш учун телевизор қаршисидаги оромкурсига чўкди. Раъно дераза қаршисида ўтирволиб, аллақандай журнални варақлар, диққат-эътибори дарвоза томонда эди. У ҳам анча жиддий тортган, чамаси, кутилаётган драма финалини кўз олдига келтиришга уринарди…
Домла кўп куттирмади. Телеэкранда беллашаётган икки хонанда биттадан ашула айтиб улгурмаёқ Раъно ўрнидан дик турди.
– Келдилар! Ана, бало ҳам урмаган эржонингизга!
Норжон бир қадамда Раъно ёнида пайдо бўлиб, тўрпардага пешонасини тиради. Кишилар орасида бир қўлида камзули, иккинчисида икки-уч китоб билан келаётган эрини таниди. Ёз қуёшидан кўзлари қисилган Ўсар муаллим бир қарашда ҳорғин ва озғин кўринди. Норжон эрини аяб кетди. Раънони унутиб, пойгакка шошилди.
– Ҳа, чиқонжон, сизга не бўлди? Ҳали домла хонага борадилар, кейин калит учун эшикбонга…
– Тоға уни танийди. Калитни эшикдан кирганиданоқ қўлига тутқазади…
– Вой-вуй, роса соғинибсиз-да, ўшанингизни! Тушунсангиз-чи, дарҳол кириб борсак, қизиғи бўмайди. Беш-ўн дақиқа ўтсин!..
Норжон ҳеч нарса эшитмагандек, шиппагини оёғига илди, ўзини даҳлизга урди. Ноилож қолган Раъно унга эргашди.
Икки аёл ҳансираганларича эшик олдида тўхташди.
– Киринг, Раъно! – эшикка ишора қилди Норжон.
– Ўзиз бошланг, чиқон, ўзингиз!
Ҳеч ким журъат этмади. Эшикка қулоқ тутганларича жим қолишди.
Ичкаридан йўталми, ихрашми, хўрсиниқ ва инграшга монанд товуш эшитилди. Телевизорми, жавонга ўхшаш оғир бир нарса полга гурсиллаб йиқилди.
Хотинлар бўлмага киришганида Ўсар муаллим икки каравот орасидаги тўшама устида ёнбошлаб ётганича ихрар, оғзидан кўпик аралаш сўлак оқарди. Муаллим қўлида ўша ёзлик кепкани чангаллаганича ётарди.
Норжон уввос солди.
Раъно навбатчи шифокорга чопди.
Йигирма дақиқача кейин бу икки дугона туман шошилинч тиббий ёрдам марказининг реанимация бўлими даҳлизидаги ёғоч ўриндиқда бир-биридан бехабардек қош-қовоғи осилганича ўтиришарди.
Бир пайт бўлим эшиги қия очилиб, ҳамшира овоз берди:
– Бемор Шариповнинг яқинларидан ким бор?
Икки аёл бирданига оёққа қалқди. Шундагина Норжон Раънонинг кўзларига қаради. Раъно “чиқонжон”и нигоҳида ажиб бир маъни илғади-да, кўзларини олиб қочиб, ўриндиққа ҳолсизгина ўтирди.
Норжонни кираверишдаги бурчакда ўтирган кўзойнакли кишига рўбарў қилишди. Уни эрига тегишли баъзи маълумотлар олиш учун чақиртиришган экан. Охирги савол хасталик билан боғлиқ бўлди:
– Эрингизнинг одатий қон босими неча эди? – деган саволга:
– У киши қон босимини ўлчатмасдилар, – деб жавоб берди. Жавоб берди-ю, эри ҳақида ўтган замонда гапираётганидан қўрқиб кетди, – соғликлари яхшими ишқилиб, – дея пиқиллади.
– Ваҳимага ўрин йўқ, опа, ҳаммаси ўтиб кетади, Худо хоҳласа… Демак, аввал инфаркт ё инсульт ҳолатлари кузатилмаган?
– Йўқ!
Доктор жуздонини ёпиб, ичкари хонага кириб кетди.
Кўнгли анча таскин топган Норжон шу ерда юрган оқ халатли келинчакка юзланди:
– Синглим, амакингизни бирров кўриб чиқиш учун кимдан рухсат сўрашим керак?
– Вой, холажон-ей, аввал амаким ўзларига келсинлар! Ҳалиям вақтида опкепсизлар, омадингиз бор экан, жараён яхши кетяпти. Кечқурунга қараб ўзлари сўраб қолса ажабмас, “атрофимда ким бор?” деб… – деди жувон ёқимли табассум билан. –­­ Диққинафас бўлиб, каридорда ўтирманг! Бемалол айланиб келаверинг! Санаторийда экансизлар, муолажалардан қолманг. Яхшиси, менга телефон рақамигизни қолдиринг. Кўзларини очиши билан қўнғироқ қиламан!..
– Барака топинг, сингилжон, шундай қилинг!..
Ҳамширами, кичикроқ врачми, ширинсухан бу жувоннинг исми жисмига мос экан –­­­­ Гулчирой. Ўзаро телефон рақамларини олишгач, Гулчирой Норжонни эшиккача кузатиб қўйди.
Норжон даҳлизга чиққач, тўғри ташқарига йўналди. Раъно ўтирган муюлишга қайрилиб ҳам қарамади.
Раъно Норжонни шифохона олдидаги боғчада қувиб етди.
– Тўхтанг, Норжон! Илтимос, бир дақиқа!
Норжон тўхтаб, ортига қайрилганида Раъно йўлак чеккасига ўрнатилган скамейкага ўзини ташлаганича ростакамига ҳўнграрди.
– Мени кечиринг, чиқон! Мен аҳмоқни кечиринг! – деди у йиғи аралаш. – Қайдан ҳам билибман бунақа бўлишини, охири зил бўлишини!..
Норжон ҳам ўриндиққа оҳиста ўтирди. Сочлари тўзғиб, юзлари йиғидан бўғриққан бу аёлни ҳам тушуниш керак, чап қўли билан Раънони қучди. Ўзи ҳам сўзсиз йиғлади.
Дугонаси меҳрини туйган Раъно:
– Дўхтирлар нима дейишди, яхши эканмилар? – дея сўради.
– Шукур, бери қараётганмиш. Вақтида обкепсизлар, дейишди. Ўзига келса, чақирамиз дейишди…
Аёллар чойхонада тамадди қилишди, боғча ўртасидаги ҳовузча бўйида юриб салқинланишди. Вақт тошбақадек имиллар, қуёш яшил қирлар сари оғиб борар, бироқ Гулчиройдан бирор мужда йўқ эди.
Ёз қуёшининг сўнгги нурлари билан бирга аёлларнинг сабри ҳам тугаб битди. Бўлимга боришиб, эшикни қия очишга журъат қилишди.
– Келинг, келинглар! Амаким туппа-тузуклар, ухлаяптилар. Мен ҳозир… – Гулчирой эшик­лардан бирига кириб кетди. Тезда қайтиб: – биттангиз кўриб чиқишингиз мумкин, – деди.
Норжон палатага қалдирғочдай учиб кирди. Эри ёнига қўнди. Юзини юзига босди.
Ўсар муаллим хонанинг ўнг томонидаги турли асбоблар қуршовидаги каравотда юпқа чойшаб остида чалқанча ётар, бир текис нафас оларди. Норжон ҳайратланди: авваллари эри ухлаганида ҳавони бурнидан олиб, бурнидан қўйворарди, ҳозир бошқача – бурнидан дам олиб, оғзидан чиқарар, оғир хўрсиниққа менгзаган пуфф-пуфф деган сас хонада акс-садо бераётгандек эди…
Норжон бунинг сабабини қайтар чоғи Гулчиройдан сўради.
– Амаким роса чарчаганлар! Ёзнинг иссиғида ҳам шунча ичадими одам? Авайласангиз бўлади-ку, холажон! Эркак киши қариликка яқинлашган сари эътиборга эҳтиёж сезади. Ҳалиям юраклари маҳкам экан. Омон қолдилар!
Норжон ҳеч нарса деёлмади.
– Энди сизлар қайтаверинглар! Амаким бугун ухлаб, дам олсинлар! Хавотир олманг, ёнида куну тун одам бўлади. Худо хоҳласа, эртага эрталаб ҳеч нарса кўрмагандек уйғонади.
– Ярим тунда уйғонсалар-чи?
– Йўқ, ухлайдилар. У кишига ҳозир тинчлик керак. Шу учун ҳам ухлатиб қўйибмиз! – Гулчирой “гап тамом” дегандек эшикларнинг бири сари йўналди.
Норжон туни бўйи тиканда ағанагандек мижжа қоқмади. Юрагини даҳшатли фикр­лар оқими гармселдек куйдирарди: “эри эрталаб зўраки уйқудан уйғонади, ўзини касалхонада кўриб ҳайратга тушади, соғлом ақл оқибатга сабаб излайди, хонадаги манзарани эслаб, яна эзилади, касал хуружи яна қайталайди, шунинг учун кўз очган пайтида тепасида туриши керак, ҳазилинг бошингни егур Раъно ҳам шу ерда бўлиши лозим, бошқа йўли йўқ, йўқса, эрини бой беради!” Ола саҳар кўзи илинганича тошдай қотибди. Телефонининг будильнигига ҳам уйғонмабди…
Уни ошхонадан нонушта қилиб қайтаётган Раъно уйғотди. Норжон уйғондию кечаги фикрлар гирдобига қулади. Эшик олдида Раънони кўриб, ялинди:
– Барака топинг, тез чиқинг! Бўмаса, Ўсар акангиздан айриламиз!..
– Нима гап ўзи, қўнғироқ қилишдими ё? Уйғонибдими?
– Кейин билиб оласиз, тезроқ бўлинг! Илоё, умрингиз узоқ бўлсин, тез чиқинг!
Дарвоза олдидан таксига ўтириб, зумда етиб боришди.
Вестибюлда турган ходиманинг айтишича, Гулчиройнинг сменаси тугаб уйига кетибди. Янги навбатчилар ҳали ишга киришмабдилар. Соат тўққиз яримларда бошлашармиш ишни…
Норжон ғала-ғовурдан четроқ чиқиб, Гулчиройнинг рақамини тера бошлаганида келинчакнинг ўзи қўнғироқ қилиб қолди:
– Эшитаман! Ҳа, мен. Шу ердаман. Асосий корпусга кириладиган жойда. Қаранг-е, сизни уйига кетган, дейишувди. Бўпти, мана, ҳозир етиб борамиз!
– Кетдик. Гулчирой ҳали шу ерда экан! – Норжон Раънонинг қўлини оҳиста ушлаб ичкарига ишора қилди.
Норжонга соядек эргашиб юрган Раъно бирор нарса дейишга ботинолмай сукут сақлар, афтидан дугонаси хавотирини тушуниб етганди.
Кўп ўтмай, қўнғиртоб сочлари елкасига ташланган, ҳаворанг кўйлаги ярашиб тушган сарвқомат Гулчирой уларни бўлим даҳлизида кутиб олди. Аёллар билан илиқ сўрашгач, Норжонга синиқ табассум ҳадя қила туриб:
– Опа, сизда икки оғиз гапим бор, – деди.
– Бу кишидан яширадиган сиримиз қолмади, гапираверинг, синглим!
Гулчиройнинг хонасига киришди. Аёллар кушеткага, Гулчирой стол ёнидаги суянчиқсиз курсига жойлашишди.
– Аввал танишиб олайлик, – дея гап бошлади Гулчирой, – мен реанимация бўлими шифокориман. Кечаги қоғоз тўлдирган киши Фозил Ҳусанович – бўлим бошлиғи. Янг­лишмасам сиз – Норжон опа, Ўсар Шариповнинг рафиқасисиз. – Кейин Гулчирой Раъно томон бурилди, – сиз ким бўласиз беморга?..
– Исмим Раъно. Университетда бирга… нима десамикин, бир даврда ўқиганмиз. Санаторийда тасодифан учрашиб қолдик…
– Яхши, бўмасам, мақсадга кўчақолай! Домланинг соғлиги яхши. Яхшигина эмас, зўр дейиш мумкин. Бироқ кайфияти ноль! Олдимга ҳеч кимни киритманг, бу атрофда мени танийдиган одам йўқ, дейди. Норжон опа, сиз ҳақда эслатишга ҳаракат қилсам, санаторийдаги аёллардан биридир, дейди. Даволанишга бир ўзлари келганмиш…
Норжон юзига рўмолчасини босганича “пиқ-пиқ” йиғлади. Раъно нигоҳини шахмат­нусха тўшамали полга қадаб, тумтайганича қотди.
– Бу инсульт туфайли ҳосил бўлган хотира заифлиги эмас. Менимча, ораларингдан нимадир ўтган… Тезда домланинг кўнглига йўл топмасак бўлмайди. Руҳиятидаги парокандалик қилинган муолажани чиппакка чиқариши мумкин. Бу жиддий масала. Фозил Ҳусанович ҳозир беш дақиқалик тақсимотдан чиқиб келадилар. Аёл кишисиз, оилавий муаммоларни яхши тушунасиз, деб сизлар билан илк суҳбатни менга топширдилар…
Аёллар бири олиб-бири қўйиб, бўлиб ўтган воқеани бор тафсилотлари билан баён қилиб беришди.
– Оббо, опажонларим-ей! Мана буни таги зил ҳазил деса бўлади, – деди Гулчирой кулганича ва дарров жиддий тортди. – Хўш, бунга домлани қандай ишонтирамиз? Менимча, ҳар иккингиз кириб бориб, бўлган воқеани шошмасдан, тартибли тарзда сўзлаб берасиз…
Шу пайт эшик қия очилиб, ёшгина қизнинг боши кўринди.
– Гулчирой Салимовна, иккинчи палатадаги бемор безовта бўлаяпти.
Гулчирой хотинларга бир нима демоқчидек оғиз жуфтлади-ю, ҳеч нарса айтмай шошганича хонани тарк этди. Норжоннинг юзи оқарди.
– Ўсар акам нечанчида эди? – сўради Раъно.
– Иккинчида!
У шивирладими ёки мадорсизликдан овози чиқмадими, Раъно дафъатан англай олмади… Юзига кўзи тушгач, қўрқиб кетди. Норжонни кушеткага ётқизиб, “мен ҳозир” деганича ташқари отилди.
Норжонни ҳам эмладилар. Бироқ қанчалик уринишмасин, ётиб даволанишга кўнди-ролмадилар.
Ярим соатлардан сўнг хонада Гулчирой пайдо бўлди.
– Ким айтади сизни беш фарзандни катта қилган, юзлаб шогирдларни учирма қилган аёл деб. Ўзингизни мундоқ қўлга олинг, хола! Ҳали амакимнинг олдига кириб, қилмаган айбимиз учун узрхоҳлик қилишимиз керак!.. Вэ-эй, холажоним-ей, ростини айтсам, сиздан ўпкаладим. Шугинага шунчами? Бўлди қилинг энди, туринг ўрнингиздан! Бирга чой ичамиз! Мен ҳам қолдим бугун шу ерда! Врачлик, Гулчирой сўзим – сизларни оёққа турғазмай уйга қайтиш йўқ!..
Норжон вужудига қон югурди, қон билан бирга оқибат ёмғиридан сўнг кўкарадиган аллақандай номсиз, хуш туйғулар рангу таровати билан кириб келди. У Раъно ёрдамида юз-қўлини ювди.
Столлардан бири кушеткалар орасига олиниб, кичкина дастурхон ёзилди. Насибадошлар Гулчирой қистови билан еб-ичишар, хаёлларида эса бир муаммо – Ўсар муаллим соғлиғи эди. Аммо бу ҳақда сўз очишга ҳеч кимнинг юраги дов бермас, афтидан ҳар ким ўзича вазиятдан чиқиш йўлини изларди.
– Амакимиз бугун ҳам ғайриихтиёрий уйқудалар, – деди Гулчирой чойдан сўнг, – кечқурун олти-еттиларда уйғонсалар керак. Шунгача нимадир ўйлаб топишимиз шарт. Силлиққина бир тадбир…
– Бўлди, бас, уйғонган заҳоти олдига бирга кирайлик! Йиғлайман-сиқтайман, ҳаммасини тушунтираман. Айбимни бўйнимга оламан! – деди Раъно яна кўзёшларига эрк бериб, – ҳазиллашмай мен ўлайин, ўзимнинг шўрпешаналигим етмаганидай буларнинг ҳам толеига соя солиб ўтирибман мен қора қарға!
– Опа, шошманг-чи, гапингизда жон борга ўхшайди. Тўғри, бор гапни фақат сиз айта оласиз. Ўша кўнгилсиз драманинг муаллифи сифатида… Лекин оғзаки тарзда эмас. Ўзингизни йўқотиб қўйишингиз мумкин. Менимча, диққатингизни жамлаб, энг асосий воқеаларни қоғозга туширишингиз керак. Энг қисқа, лўнда шаклда, бир бетчалик хатга сиғдирасиз. Маъқулми? Сиз нима дейсиз, Норжон опа? – сўзини савол билан тугаллади Гулчирой.
Гулчиройнинг таклифи Фозил Ҳусановичга ҳам маъқул тушди. Бошлиқ иштирокидаги кичкина маслаҳатда келишиб олинди: Раъно ўша мухтасар узрномани кечқурунги бешларга қадар тайёрлаб келадиган бўлди, Норжон шу хонада ҳакимлар назоратида бўла тургани мақсадга мувофиқ деб топилди.
Раъно кечқурунгача куттириб қўймади, соат ўн бирлардаёқ қўлида узрнома билан пайдо бўлди. У келган чоғ Гулчирой бўш палаталардан биттасида дам оларди. Шу сабаб узрнома матни билан илк бор Фозил Ҳусанович танишди.
– Қойил-ей, опа! Бу гапларга тош ҳам эрийди. Шоир-поир эмасмисиз, мабодо? Аммо-лекин ҳазилингиз жуда оғир экан… – деди у қоғоздан бош кўтариб, кейин қўшиб қўйди, – Норжон опага ҳам ўқитиб кўринг! Гулчиройга ҳам…
Узрномадан хабар топган бўлса керак, Норжон ётган хонага Раъно билан олдинма-кетин Гулчирой ҳам кириб келди. Мактубнинг, айниқса, хотима қисми бағоят самимий чиққанди:
“…Гувоҳи бўлаётганингиздек, барчасига мен сабабчи, бош айбдор – мен! Норжонингиз фариштадай тоза. Етти йил сизсиз ухласа ҳам, отинг ўчгур бу гуноҳи азим унинг тушига ҳам кирмайди. Умринг қуёши шом сари оққанида бунақа ҳазилни ким қўйибди сенга, дейдиган инсон қани менга? Мени кечиринг, Норжоннинг эса кечиргудек зиғирча ҳам гуноҳи йўқ! Талабалик йилларимизда орамизда бўлган ўша покиза ҳурмат, меҳр-оқибат, баҳам кўрган ош-тузимиз ҳақи бугунги гуноҳимдан ўтинг! Мени афв этинг!..
Сизга узоқ умр, жуфти ҳалолингиз билан тотув ҳаёт тилаб, Раъно”.
– Яхши, жуда яхши ёзилибди. Силлиққина қаламингиз бор экан, опа! – деди Гулчирой.
– Ўринли гаплар. Жуда чиройли ифодалабсиз. Катта раҳмат, сизга, – маъқуллади Норжон ҳам.
– Энди менга рухсат берасизлар. Мени кўргани болаларим келишаётган экан, – деди Раъно назарини ерга қадаганича.
Албатта, унга ҳеч ким монелик қилмади. Норжон уни тиббий марказ дарвозасигача кузатиб қўйди. Йўл-йўлакай қайта-қайта узр-маъзур қилишди.
Норжонни ўз хонасида Гулчирой кутаётган экан.
– Холажон, биласизми, марказга янги бемор келтирилди. Операцияга мен ҳам так­лиф қилинганман, – деди у хижолатпазлик билан, – домлани ҳозиргина кўриб чиқдим. Аҳволи яхши. Вақтлироқ уйғониши ҳам мумкин. Сиз ташвиш тортманг, Фозил Ҳусанович ўша ерда. Хатни у кишида қолдирдим. Уйғонгач, мавридини топиб, ўзлари беради. Зарил топса, сизни ҳам чақиришлари мумкин. Ҳозирча шу ерда бўла туринг. Айтмоқчи, менинг ўрнимга ўзингиздай ажойиб бир опамиз, менинг устозим келадилар, сиз ҳақда айтдим у кишига. Яъни соғлиғингизга қараб турадилар… Майли, хола, насиб қилса операциядан сўнг поччамиз олдига бирга чиқиб, чойхўрлик қиламиз!
– Илоё, айтганингиз келсин! Қўлингиз енгил бўлиб, беморингиз тезда оёққа турсин! –­­ беихтиёр юзига фотиҳа тортди Норжон.
Кўп ўтмай, хонага Гулчиройнинг “устоз опаси” кириб келди. Ўзини Карима Жалиловна деб таништирган бу аёл келишган қад-қомати, юз тузилиши, илиққина истараси, қошу кўз ҳаракатлари билан Раънони эслатарди. Норжон “узоқроқ қариндошидир, балки”, деган тусмолда аслини суриштирди. Водийлик экан. Бўстонлиққа келин экан.
Карима Жалиловна танишиш асносида Норжоннинг юрак уришини тинглади, қон босимини ўлчади. Ҳамширани чақириб, ҳапдори олдириб ичирди. Кейин Ўсар муаллим билан қизиқди. Карима ҳам худди Раънодек суҳбатижон экан. Чорак соатчалик гурунгда Норжоннинг юрак-бағрига кириб, Ўсар домланинг “касаллик тарихи”ни ипидан игнасигача билиб олди.
– Мушкул бир вазиятда қолибсизлар. Аммо узрномани яхши ўйлаб топибсизлар! Эгачи, бир нарсага ҳайронман. Наҳотки, эрингиз шу даражада гумондор бўлса? Шунча йиллар синашган жуфти ҳалолини… Ичи қоралик-ку, бу!
– Тўғри айтдингиз, синглим. Аммо унинг ичини қора қилган ичкилик, ароқ! Уч кун тинимсиз ичилган шайтоннинг суви каллани бузади-да, – деди Норжон йиғламсираб. – Курсдошлари ҳам ўлсин!..
– Гап бу ёқда денг! Йиғламанг, эгачи, Худо хоҳласа, домла икки-уч кунда оёққа туриб кетади. Ўшанда курсдошларига қўнғироқ қилдиринг. Келиб бир кўриб кетишсин курсдошини қай аҳволга солганларини!
Карима беморлардан хабар олгани чиқиб кетди. Ҳапдори таъсирими, чарчоқданми, Норжоннинг қовоқлари оғирлашди. Кушеткага чўзилиб, устига чойшаб тортди…
Норжон эшикнинг очиб-ёпилиши ва енгил қадамлар товушидан уйғонди. Гулчирой экан. У бироз ҳорғин кўринар, аммо руҳияти тетик эди.
– Табриклайман, хола! Поччамиз уйғонганлар, салом хатни ўқиганлар! Жилмайи-и-иб ётибдилар! Бир пиёла шарбат ичдилар!..
Норжон илкис нима деярини билмай қолди. Кўзига ёш келди, ёш томоғига ҳам тиқилди. Ниҳоят:
– Операциянгиз яхши ўтдими? – деб сўради.
– Ҳа, бошлаб юборишди. Маслаҳатга чақиришган экан. Арзимас нарса…
Бироз жимликдан кейин яна сўрашга журъат топди:
– Бориб кўрсак бўладими отасини?
– Ҳа, албатта, ҳозироқ юринг!..
Улар олдинма-кетин палатага киришганида Ўсар муаллим ҳали ҳам пинакда, Карима Жалиловна курсида қалин жилдли каттакон дафтарни тиззасига қўйганича алланималарни ёзиб ўтирарди. Норжоннинг хўрлиги келиб, пойгакда туриб қолди. Карима қоғоздан бошини кўтарди, Норжонга қараб:
– Йиғини қўйинг! Ҳозиргина кўзи илинди, – деди.
– Ҳа-ҳа, уйғонсалар хафа бўлади, йиғламанг, – гапга аралашди Гулчирой.
Карима Жалиловна ўрнидан туриб, дафтарни Гулчиройга узатди. Ўзи бемор устида энгашди, билагидан ушлаб, пульсини “тинглади”. Муаллимнинг юзи оҳиста тўлқинланди, кейин кўзларини очди. Жилмайди, лаб-лунжи қимирлаб-қимирлаб, охири портлади:
– Бир бўсага шунчами, Раъно?!
Карима Жалиловна тош қотди. Гулчирой Норжонга ёпишиб:
– Алаҳсираяпти, холажон, алаҳсираяптилар! Юринг-юринг, кейин кирамиз… – шивирлади ва аёлни ташқарига етаклади. – Хола, кўзёшини йиғиштиринг! Энг асосийси – кризис орқада қолди. Энди қўрқадиган жойимиз йўқ! – деди даҳлизга чиққач, – сиз дам олатуринг, мен чой ташкиллаштираман!
Гулчирой Норжонни хонаси эшигигача кузатиб, палатага қайтди. Эшик олдида устозини учратди.
– Тушунмадим? – елка қисди Карима Жалиловна кўзойнаги устидан кулиб боқиб.
– Сиз-ку, майли-я, Норжон хола тушунмаганлари яхши бўлди. Тушунганларида бу кишим ҳам кулардилар. – Хандон отди Гулчирой устозининг елкасидан қучиб. Кейин қўшиб қўйди, – у сизни бир аёлга ўхшатди, менимча… Кейин бафуржа айтиб бераман!..
– Гап ковлашни ёқтирмайман-у, аммо буниси қизиққа ўхшайди…
Гулчирой сўзида турди. Шу куни кечқурун Ўсар муаллим оёққа туриб, оддий палатага кўчирилгачгина уйига қайтди.
Кечки чойни эри билан бирга ичган Норжон еру кўкка сиғмай санаторийга келди. Қувончини баҳам кўриш учун иккинчи қаватга – Раъноникига ошиқди. Эшигини аввал оҳиста, жавоб бўлавермагач қаттиқроқ қоқди…
Қават навбатчисидан сўраб билди – Раъно тушликдан ҳам аввалроқ маъмурият билан ҳисоблашиб, санаторийдан бутунлай чиқиб кетган экан…
_________________
* Машқала – (шева) муаммо.
* Чиқон – дугона.
* Самоволка – қисмни рухсатсиз равишда вақтинча ташлаб кетишни ифодалайдиган ҳарбий атама.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон