Фаррух Жабборов. Товуқ йили (ҳикоя)

– Вой-вой-вой, жонидан тўйганми бу?! – ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиқда ўтирган хотиннинг шанғиллашидан ҳамма сергак тортди.
“Дамас”нинг олд ойнаси “Камаз”нинг кузовига “тирс” этиб тегди.
– Шопир ака! Кўзингизга қарасангиз бўлмайдими?
– Бола-чақамиз бор-а…
– Ўзингизни ўйламасангиз ҳам, орқадагиларни ўйланг!..
“Дамас” ичи бир зумда қий-чув бўлиб кетди, гўё товуқ катакка айланди-қолди. Боягина барчаси ўз хаёллари билан банд – жимгина келаётганди. Энди эса бари бир томон бўлиб, ҳайдовчини талаяпти.
– Соғона, эшигингиз ҳам очилмай қолди… – ўрта қаторда ўтирган хотин бозор халтасини қўлтиқлаб олиб, ойнанинг чамбарагига ёпишарди.
Орқа ўриндиқдаги йигит индамайгина дастакни тортиб, эшикни очди-да, ўртадагиларни кутмасдан сакраб тушиб кетди. Бир машина “ғий-й-й-қ” этиб чинқириб тўхтади. Ҳайдовчиси ойнадан бошини чиқариб бақирди:
– Ҳў, сўтак! Катта холангдан қолганми, йўлнинг ўртасида тушасан!..
“Дамас”даги бошқа йўловчилар ҳам ўзларини таппа-таппа пастга ташламоқчи эди, бу даккидан кейин сал эс-ҳушларини йиғиб олишди. Кўгала соқолли чол секин ҳайдовчининг елкасига шапатилади:
– Ўғлим, машинани чеккароққа олинг.
Бу пайтда “Камаз”нинг қораси ҳам кўринмасди: эгаси, афтидан, нима бўлганини пайқамади ҳам. Йўловчилар бозорда “Дамас”га қандай урилиб-сурилиб миниб олган бўлса, ҳозир яна талотўп билан тушиб кетдилар. Ҳар ким ўзига ўзи, асабларини тинчлантириш учунми, вайсарди:
– Иккинчи чиққаним бўлсин шу қутига!
– Сал қолса мажақланиб кетарди-я…
– Янаям худо бир асради…
Дийдиёлар ҳайдовчининг қулоғига кирмасди. Рул чамбарагини қучоқлаб, иягини тираб, узоқ вақт карахт ўтирди. Кўз ўнгида юзлаб дарз кетган ойна: олам ҳам парча-парча бўлиб кўринарди.

Нарзиқулни икки ўғлининг дарди адо қилди. Чопмаган жойи, тақиллатмаган эшиги, кирмаган тешиги қолмади. Тўйга атаб боқиб ўтирган ҳўкизу қўчқорларини бозорга олиб чиқди. Пулини ҳали адвокатнинг чўнтагига тиқди, ҳали прокурорнинг ғаладонига солди. Иш силжийвермагач, бергани кўзига кам кўринди. Ҳовлининг ярмини пуллади. Уй-жой шошилинчда сувтекин кетди. Майли, бош омон бўлса, дўппи топилар. Тошкентга қатнаб эсидан айрилди, қора ё қизил, ёғоч ё темир эшикларга сарғайди. Таниш қидирди, ялинди, эркак бўла туриб кўзининг сувини оқизди. Яна қарз кўтарди, уйини шип-шийдам қилди. Кимларгадир чой берди. Ҳарна камчиқим бўлай деб ўзи емай, ичмай ўтирди… Нарзиқул топганини қўлтиқлаб чопаверди, тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтаверди. Ахийри акаси бўлари гапни айтди:
– Кўргилик, ука, кўргилик. Пешонангда шу бор экан, нима қиласан энди… Суюнларга қўйилган айблов билан ҳеч ким қутулиб қолмаган ҳали. Ундан кўра сингилларининг эртанги кунини ўйлагин. Топганингни ҳавога совурма…
Нарзиқулнинг тўлиб турган сабр косасини тоширган сўнгги томчи бўлди бу насиҳат. Бирдан жигаргўшасининг гирибонидан олди. Кўзлари ёшга тўлган, акасининг юзидаги хотиржамликни пайқамас, олам хиралашиб қолганди:
– Сиз ҳам қарзингизни сўрагани келдингизми? Битта “Матиз”ча экан-ку, олиб бераман, ўлиб қолмасам. Тўғри айтган, ўзи: жон қариндош – мол қариндош эмас, деб. Ҳаммангнинг ўйинг – берган пулларингни амаллаб қайтарволишда! Менинг икки ўғлим-чи… Муштдайлигидан кўз ўнгингизда ўсмаганми?! Бугун бошига не кунлар тушмаяпти. Танаси бошқа дард билмас экан…
Ҳотам укасининг нимжон қўлларини ёқасидан бўшатди, бошини ўнг елкасига олди, оппоқ сочларига тикилиб қолди, секин кифтига қоқди:
– Қўй, ука. Жоним ачиганидан айтаяпман. Мошини ҳам, пули ҳам… ўғилларингнинг бошидан садақа!
Нарзиқул қоқ чангакка айланган қўллари билан бошини ушлаганча ерга ўтириб қолди. Кўзлари шишиб кетган, қадди букчайган хотини кўрпача келтириб, тагига тўшамоқчи эди, унамади:
– Қўявер… Ер заҳримни олар, – худди ёш боладай тупроққа нималарнидир чиза, ёза бошлади. – Кеча поччам келганди. Камхарж бўлиб қолдик, от олмоқчийдик… дейди. Ўзи, эшик тақиллашидан юрак ўйноғим бор. Кўнгил сўрагандан, пул сўраган кўп, ака! Опам гирдикапалак бўлади, тиш ёролмай кетади – дарди шу экан…
– Поччангнинг феълини биласан, Ҳадичага ҳам осон тутма… – Нималарнидир чамалади, шекилли, мўйловининг учини бураб хаёлга толди. – Ўзим гаплашиб кўраман. Бировдан топиб берарман… – юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан турди. Дарвозахонага бурилмасидан қадамини секинлатди. Орқага қарамай деди: – Сен… ҳалиги гапни ўйлаб кўр…
Нарзиқул ҳалиям тупроқ ўйнаб ўтирарди. Майин тупроқни икки томонга сийириб, текис жой очди. Чўп билан қириб ёза бошлади: “Суюн”, “Фурқат”. Ёзувнинг икки томонида бир уюмдан тупроқ турарди. Ота қилган ишидан сесканиб кетди. Сўнг фақат ўнг томондаги уюмни текислаб ташлади.
Хотинига айтолмади. Лекин казо-казоларга совуққина қилиб тушунтирди: “Шунча қилганим, ҳеч бўлмаса, бирини асраб қолиш учун етар… Кичиги кўп аралашмаган-ку!..”

Эр-хотиннинг кийган янгироқ кийими ҳам юз-кўзидан тортиб бор бўйича, бутун борлиғига сингиб кетган ғам-андуҳни яшира олмас эди. Аёлнинг қўлидаги бозорхалта қаддини янада эгиб қўйган, эрининг эсига келмаганми, ўзи олдинда илдамлаб борарди. Муюлишда “Дамас” турган экан, шунга шошган чиқар. Машина эшигини очди, ичкарига аланглаб, битта жой бўшлигини кўрди. Лўкиллаб ортига қайтди-да, хотинининг қўлидаги юкни олди. Шитоблаб келиб, “Сиғишайлик”, деди эшитилар-эшитилмас. “Сиз тўрга ўтинг, янгам ўртага амаллар”.
Нарзиқулнинг боши дўқ-дўқ этиб тепага тегиб бораркан, дам-бадам ҳайдовчининг ўрнига қараб қўярди. Ўша олд ойнаси синган сафар “Дамас”ни ҳам эгаси олиб қўйган. Шу кўйи пиёда, машина миниб ўрганган одам яёв қолса, қийин бўларкан. Истаганида ўт олдириб, истаганида тўхтатадиган одам бировнинг раъйига қараб турса… “Дамас” ҳар чуқурга тушганида хотини ҳам илинибгина ўтирган ўрнидан отилиб кетади: шўрликкина ўзини олдириб қўйди, илгарилари юрса, ер лорсилларди-я…

Темир эшиклар “ширқ-ширқ” этиб бирин-кетин очилиб борар, аёл ҳеч қаерга қарамасдан эрининг ортидан кетарди, эри эса мелисага эргашган.
Кўрсатилган хонага кириб ўтирдилар. Аёл рўмолини билимсизгина тўғрилаб қўйди, атрофга аланг-жаланг қаради. Ўрнидан туриб, эрининг нариги ёнбошига ҳам ўтди – йўқ!
– Ий, халтамиз қани?!
– Киришда олиб қолди-ку! Ўзлари беришаркан.
– Тушунтиришим керак эди-да, икковига бўтан-бўтан қилганман.
– Билади, қизларинг “Буниси Суюн акамга”, “Буниси Фурқат акамга”, деб ёзаятувди.
Аёлнинг кўнгли хотиржам тортди, бориб ўрнига ўтирди, яна рўмолини тўғрилаб қўйди. Этагини йиғиштирган бўлди.
“Ғи-йқ”. Эшик кўкламда қайтган ғоздай овоз берди. Фурқат… баланд, елкадор, истаралигина йигит жилмайиб кириб келди. Билмаган одам уни маҳбус эмас, шу ерда ишласа керак, деб ўйлайди. Отаси билан қучоқ очиб кўришди, онасининг бағрига интилди:
– Яхши юрибсизларми? Янгам, сингилларим тузукми? Қишлоқда нима гаплар?.. – У лаби лабига тегмай сўрашар, ота-онасининг савол беришига имкон қолдирай демасди. – Ола сигиримиз туғдими, оғзиларингиз оққа етиб қолгандир…
Ҳалитдан бери тинмай йиғлаётган она:
– Сизларга ғилминди қилиб келганман. Юпқасини сингилларинг ёйган. Мелисалар кейин беришаркан… Аканг кўринмайди? Дийни соғми?..
“Бир оз шишибди… – ўйлади ота. – Қийнашганмикан? Суюн нега чиқмади? Олдинги келганида охирги учрашишимиз, деганди. Ўзи болалигидан қайсар эди-да. “Биздан умидингизни узинг. Ҳар кимга сарғаяверманг. Иложи бўлса, укамни қутқаринг. Бўлмаса, сингилларимга яхши қаранг. Бўларимиз бўлди…” – дея гапни қисқа қилганди. Ота ўғлининг, балки ўзининг ҳам кўнглида умид уйғотмоқчи бўлди: “Бовангнинг бир таниши Тошкентда ишлар экан…”, “Тоғанг вазирликдаги курсдошини қидириб кетди…”. Суюн отасининг гапини бўлмасдан эшитди-да, ҳорғингина “майли”, дея ўрнидан турди…
Она-бола қуюқ суҳбатлашиб ўтирарди. Фурқатдаги кўтаринкилик онасига ҳам юқибди. У дунёдаги энг бахтиёр аёлдек дунёдаги энг хуш хабарни ўғлига етказарди:
– Отанг айтди: ҳадемай сени чиқазади, қор тушгунча аканг ҳам қутулар экан. Тошкендаги катта танишини ишга солиб эди, ундайчикин одамлар битта телпон урса, нима деган гап, сизларни қамаганлардинг ўзини қамаб қўйишар…
Фурқат маъюс тортиб қолди: эҳ содда онам-а, нималар бўлаётганини тасаввур ҳам қилолмайди. Аёл ўғлидаги маъюсликни ўзича тушунган бўлди:
– Қизларнинг энг сарасини келин қиламиз. Айтганингни олиб берамиз. Ҳа, отаси… – дея эрига юзланди.
Нарзиқул нима деярини билмай, кўзини олиб қочди. Шу пайт “Вақт тугади!” деган кескир овоз янгради. Аёл ўрнидан сапчиб тушди: бир эрига, бир мелисага жавдираб қаради, ўғлининг бўйнидан қучди, юзидан ўпди. Йигитнинг миясида “Шукр!” деган сўз ялт этиб ўтди.
– Ҳаммага салом айтинглар. Кўрдингизлар, биз яхшимиз. Ўзингиз айтганингиздай, тез кунларда чиқариб юборишади…
Эр-хотин яна темир эшиклар оралаб борарди. Энди аёл ҳар ёққа аланглаб, ҳар бир деразага кўз тикади: қаердадир Суюни қараб турмаганмикан?!

Аёл нималар бўлаётганини англамас эди. Катта зал, тўрда баланд минбар: курканинг хўрозига ўхшаб бақбақалари шишган, бадқовоқ одамлар қўр тўкиб ўтирибди. Ўнг қўлда темир қафас: ичида Суюн, Фурқат ва ўртоқлари тик оёқда турибди. Пастда қатор-қатор ўриндиқларда тумонат одам, чол ҳам бор, кампир ҳам; дўппили ҳам бор, дўпписиз ҳам; соқолли ҳам, соқолсиз ҳам; ҳижобли ҳам, ҳижобсиз ҳам; рўмолли ҳам, рўмолсиз ҳам… Кимларгадир сўз берилади, олдинга чиқиб гапирадилар: бирови майнадай сайрай кетади, бирови бойўғлидай ғўлдираб қолади. Савол сўрайди, жавоб айтади. Йиғлайди, йиғлайди…
Аёл қўлидаги рўмолнинг тугунини ечади: сўз навбати келса, шошиб қолмай дейди, қандайдир қоғозларга кўз ташлайди, судьяларга ҳам кўрсатмоқчи: мана, ўғилларим жуда яхши ўқиган, домлалари отангга раҳмат деган битик жўнатган, дейди… Лекин унга ҳеч ким сўз бермайди. Эри ўрнидан туриб чайналади: … раҳмат… билмай қолибмиз… кечирим сўраймиз… Жим қолади, гапини йўқотади: ўзи, ўғилларим бундақамасиди, кимлардир йўлдан урган-да, деб юборади. Шу тобда Суюннинг ўқдай нигоҳига кўзи тушиб, тилини тишлайди, яна олдинги хиргойисини такрорлайди: … раҳмат… билмай қолибмиз… кечирим сўраймиз…
Тўрдагилар чиқиб кетади, яна қайтиб киради, бир нималарни ўқиб беради, қандайдир рақамларни тилга олади. Залдагиларнинг айримлари ҳушидан кетади, айримлари ажинларини тўлдириб оқаётган ёшларини артади… Панжара ичидагиларнинг баъзилари ташқари чиқарилади, кишанлар ечилади, атрофини яқинлари ўраб олади.
Аёл озод этилган маҳбус борки, менинг болам эмасмикан, дея тикилади. Яна қарайди, кўз узмайди. Охири Фурқатнинг ҳам қўлини бўшатдилар. Она негадир унга эмас, панжара ичига талпинади, мелисалар йўлини тўсади, яшил кийимлар оша тўнғичига сўз қотади: “Суюн, сен хафа бўлма. Болам, қишга қолмай сени ҳам қўйворишади…”. Ўғил бу томонга қарамайди, бошини тик тутганча тураверади. Онаизор ҳали гапини тугатмасдан ўзини Фурқатнинг қучоғида кўради. Қизлари гирдикапалак бўлади. Ота ўғлининг елкасига қоқиб қўяди. Залдаги яна бир кишини ҳамма унутади. Юзига доғ тушган жувон панжара ичидан кўз узмайди, бир нигоҳни қидиради, тутиб олмоқчи бўлади. Бироқ Суюн қилт этмай тураверади…

Қариндош-уруғлар, таниш-билишлар, дўст-ёронлар қутлагани келади: “Ўғлингиз қайтиб, бағрингиз тўлиб қолдими”, дея кўнгил сўрайди. Лекин на отанинг, на онанинг кўнгли ёришади. Ним табассум этадилар. Ҳам тўй, ҳам аза…
Суюн билан кўришиб бўлмайди. Бошида ўзи кўнмайди, кейин мелисалар. Ахийри, таниш бир командир уни қоровулминорага чиқаришга ваъда қилади. Айтилган вақтдан анча олдин бутун оила баланд девор яқинида жамулжам бўлади. Аскар улардан бундай тўпланиб олмасликни, бир нечасининг нари кетишини сўрайди. Фурқат икки синглисини эргаштириб, холироқ жойга бориб туради. Ҳамманинг нигоҳи бетон девор, тиканакли симлар, темир қоровулминорага тикилган. Соат миллари имиллайди. Қуёш тобора қиздиради, юзлардан тер қуйилади. Лекин кўз юмилмайди. Мана шу кутиш, мана шу сукунат бир умр давом этадигандек…
Ахийри қоровулминорага кимдир кўтарилади. Таниш командир хотиржам бош ирғайди, беш бармоғини ёзиб кўрсатади-да, яна пастлайди. Энди тепага кўтарилган одам Суюнга келбат беради. У томон интиладилар, овоз етар жойга етишганида, Суюн аввал отасига, онасига, кейин аёлига, укасига, сингилларига бир-бир қарайди, лекин нигоҳлар тўқнашмайди. Сўнг ўз одатича узоқ-узоқларга бургутқараш қилганича дейди:
– Ота… Неварангиз туғилса, исмини Ёдгор эмас, Элбек қўйинг!
Отасининг мунгли мўлтирашига, онасининг ҳай-ҳайлашига, аёли ва сингилларининг изиллашига, укасининг чақириғига парво қилмай, темир зиналарни оғир қадамлари билан “тап-тап” босганича пастлаб кетади…

2013