– Азиз ҳамкасблар, – деди Ҳамза Қодирович жамоанинг тезкор йиғилишини очар экан. – Бугун сизларни жуда муҳим ва долзарб, ҳа, долзарб масалани муҳокама этишга чақирдик.
Наврўз байрами арафасида дурустроқ жойда дастурхон тузаш ёки бирор тарихий шаҳарга саёҳат уюштириш илинжида юрган ходимларнинг вужуди қулоққа айланди. Бир-бирига «Ана, кўрдингизми», мазмунида ишора қилганлар ҳам бўлди.
– Биласизлар, идорамиз жойлашган кўча қайта қурилаяпти. Шу муносабат билан биномизнинг ташқи томонини таъмирлашимиз, йўлак ва ариқчани тартибга келтиришимиз, 30 дона манзарали дарахт экишимиз керак. Юқоридан шунақа топшириқ бўлди.
– Ўртоқ бошлиқ, биринчидан, бундай ишларга бизда маблағ ажратилмаган, иккинчидан, бу юмушлар бизнинг одамларнинг қўлидан келармикан, – эътироз билдирди бош ҳисобчи, – шахсан мен мана бу ҳассам билан нима ҳам қила олардим.
– Бердисини айтгунча сабр қилинг, ҳурматли ҳисобчи, – пичинг қилди бошлиқ, – сизга ҳеч ким қўлингизга кетмон олиб, дарахт экинг, демаяпти, хўпми? Меҳнат инсонни улуғлаган. Ана, қаранг, катта-ю кичик – ҳамма кўчада ишлаяпти. Қачонгача идорамиз олдини талабалар тозалаб беришади?
Хўш, ҳурматли жамоа, лўнда қилиб айтганда ҳашар уюштирамиз. Мен касаба уюшмамиз раҳбари билан тахминий режа тузганман. Шуни сизларга ўқиб берсам.
Биринчи банд ўринбосарим Сафоевга тегишли. Салимжон, адашмасам, ўғлингиз ўрмон хўжалигида ишлайди, тўғрими?
– Ҳа, шофёр бўлиб ишлайди. Ташкилотларга ниҳол ташийди.
– О, яшанг, ана шу жиянга тайинласангиз, ниҳол келтириб беради. 30 та ниҳол билан ўрмон хўжалиги хазинаси камайиб қолмайди.
Хўш, эндиги банд жамоатчилик билан ишлаш бўлим бошлиғи Санжаровага. Муҳаббатхон, биламиз, эрингиз, яъни турмуш ўртоғингиз СЭСда ишлайди. Уларда ҳалиги, нима дейди, умуман, дори пуркагич бор. Мутахассисини юборса, дори ўрнига оҳак солиб, деворга пуркаб беради. Улар учун бу иш проблема эмас. Айтгандай, бир челак тозаланган оҳакни ҳам ўзи билан ола келсин.
– Ҳамза Қодирович, менга тозалашдан тўпланган чиқиндини олиб кетишни топширсангиз. Уйимни таъмирлаяпман. Қайин укам эртага чиқиндини чиқаришга машина беради. Биратўла ишхонадагини ҳам олиб кетамиз.
Иккинчи ўринбосарининг бу ташаббусидан бошлиқ хурсанд бўлди.
– Маладес! Гап бундоқ бўпти. Олимбой, сиз деворнинг устки ғиштларини алмаштириш, сувоқларни тузатиш билан шуғулланасиз. Биламан, қурувчилардан танишингиз кўп. Ҳа, энди профсоюз раҳбари дурустроқ ишни гарданига олиши керак-да, тўғрими?
Хуллас, ҳар кимга вазифа юклатилди: котибага бир қути ранг, боғбонга белкурак ва кетмон, фаррошга икки хил супурги, компьютер устасига овқат тайёрлаш.
Аммо қоровули тушмагур ҳар галгидек яна хархаша қилди.
– Хўжайин, доимо ҳашарнинг оғири менга қолади. Биринчидан, жамоадан ҳеч ким келмайди. Иккинчидан, четдан ёлланганлар ҳамма ишни қўл учида бажаришади, барча нарса жой-жойида қолиб кетади. Уялганимдан ўзим йиғиштираман. Бунинг устига мени тушликка чақиришмайди. Уйдан олиб келган нон-у қандни еб ўтираман.
– Абдулла ака, оғзим бор деб ҳар нени гапиравераркансиз-да? Келинингизни, қизингизни ишга олдим. Етмишга кирдингиз. Ҳурматингиз учун тўла штатда сақлаб турибман. Яна нимадан норози бўласиз? Йилида бир кун ишлабсиз-да!
Қоровул Абдулла ака бош эгди.
Аммо Ҳамза Қодирович эртасига туман раҳбари ҳузурида худди шундай аҳволга тушишини хаёлига ҳам келтирмасди.
Очиғи, туман раҳбари ҳашарнинг боришини назорат қилар экан, бу идора ёнига келганда тартибсизликни кўриб, тутаб кетди:
– Ҳамза Қодирович, шу арзимаган юмушни ҳам эплай олмабсизда-а? Инсофингизни еб қўйибсиз. Жамоани-ку ишлата олмабсиз, ўғлингизга илтимос қилсангиз бўлмасмиди? Ҳар гал идорангиз олдини у директорлик қилаётган коллеж болаларига тозалатардик. Боринг, ҳалиям кеч эмас. Яна илтимос қилинг. Икки соатдан кейин ўзим келиб кўраман!
Ҳамза Қодирович мулзам бўлиб, уяли телефонидан ўғлининг рақамини тера бошлади…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.