Бу уста барча замондошларимиз каби орзу-ҳавасларга қалби лиммо-лим тўла инсон. Шунинг учун ҳам ким билан сўрашса тиржайиб туриб кўришади. Катта, бодроқ кўзларини қитмирона ўйнатиб туриб, кўзини сиздан тезроқ олиб қочади. Ё ерга қарайди, ё бепарво атрофга боқади. Ўзини хотиржам кўрсатади.
Мана ҳозир ҳам шундай бўлди. Устага бирор-бир ишини қолдирмаган олийгоҳнинг энг обрўли домлаларидан бири Ғаффор Хотамович гулзорчанинг атрофига чиройли бўлсин учун бир ғишт энига қўйилган бетончада ўтирган уста олдига яқинлашаркан уста ўрнидан турди. Ўрнидан туриб-ла чап қўли билан кетини қоққан бўлди. Ўнг қўлини чўзиб домла билан кўришди.
– Ҳа, нима қилиб ўтирибсиз? – деди домла хиёл ўзича киноя билан.
– Нима қилиб ўтирардим. Абдушукурни қўриқлаб ўтирибман. “Мен краска қилганда қўриқлаб туринг” деганди. Мана қўриқлаб ўтирибман.
Домла устанинг бу кесатиқ гапи тагидаги маънони тушунса ҳам парво қилмади. Аксинча, беэътибор бўёқ қилиш билан банд Абдушукурга яқинлашиб у билан сўрашди. Сўнг унинг ишини томоша қилган бўлиб, устани ўз уйида ишлатолмаганига ичидан ғашланди. Бир нима дейишга, тўғрироғи, устани гап билан “чимчилаб” олишга ҳаракат қилиб фикран баҳона қидира бошлади. Баҳона тополмади.
– Қаранг-а, – деди домла тириш босган оқиш, чўзинчоқ юзини унга буриб турган жойига ўтириб олган устанинг яполдош юзига қараркан, иккита тушиб кетган тишининг ўрнида қолган оғзининг бир бурчагидаги бўлиққа назар солди.
– Абдушукур бўяяптилар, бу кишим қоровул. Нима, уни биров олиб қочиб кетадими?
– Олиб қочиб кетишам гапми. Ўғирлаб кетишади.
Уста тиржайди. Элликларга борган бу инсоннинг юзида самимийликми, тушуниб бўлмайдиган бир қитмирликми бор эди. Шу билан бирга қарашида муғомбирлик ҳам ифодаланиб турарди.
Кун илиқ. Кўкда порлаб турган баҳор қуёши жонларга ҳузур бағишлайди. Улар турган жойдан беш қадам наридаги катта йўлда машиналар визиллайди. Байрам муносабати билан олийгоҳнинг техник ходимлари атрофни саранжом-саришта қилиш билан овора. Хусусан, тўрт қаватли ҳашаматли бинонинг олди тарафига эътибор қаратилган. Шунинг учун байроқчалар илинадиган катта-катта, айлана темир тутқичлар оппоқ ва кўм-кўк бўёқларга ҳар хил қилиб бўялмоқда.
Лекциянинг биринчи бўлимини тугатган домла оралиқда бўш бўлгани учун дам олишга ташқарига чиққан. Ҳам тоза ҳаводан нафас олиш, уни-буни кўриш унга яна янги куч бағишларди. Ўзининг айтишича, “янгиланиб” олиб талабаларга кейинги маърузаларини мароқ билан ўқийди.
Айлана тутқичларини бўяётган Абдушукур бу даргоҳга ишга кирганига нари борса ўн йилча бўлган. Аммо уста бу ерга ишга қачон кирганини ҳеч ким билмайди. Ҳатто йигирма йилга яқин олийгоҳда ишлаётган домла ҳам айтиб беролмайди. Домладан сўрашса, домла баъзан ҳазиллашиб “уста Неъматхон онасидан туғилиб-ла институтга ишга келган”, дейди. Баъзан бир оз муболаға қилиб “туғилмасдан бурун” келган ҳам деб юборган пайтлари бўлган. Шунда уста қизариб, тиржайиб туриб, “энди оширвордингиз” деб қўйган ҳоллар кўпчиликка аён. Ана шунинг учун унда ғурурми, кибрланишми, шунга ўхшаш ҳолат намоён бўлиб туради. Ҳозирги ўтириши, Абдушукурга қоровулман, дейишларида ҳам шу маъно бор эди.
Устанинг олийгоҳда қиладиган иши эшик, ромларни яхши ёпилиб очилишини таъминлаш. Майда-чуйда ёғоч ишлари бўлса қилиш. Ишқилиб эртадан кечгача билим масканининг ичида юриб иш топиб ўз вазифасини адо этиш. Шанба, якшанба кунлари эса тепасига темирдан юк кўтаргич ўрнатиб олган “запа” машинасини тариллатиб ўтин бозорига қараб кетади. Кунини шу ерда ўтказади. Беш-тўрт сўм топган бўлади.
Нима кўп, Худонинг куни кўп. Мисқоллаб топган ботмонга айланаркан. Ҳафтанинг ҳар икки кунида топганини бола-чақа еб-ичганидан ошириб уста битта “запа”сини иккита қилди. Кўрибсизки, “қўлида пули борнинг чангалида шўрва” деганларидек бориб-бориб уста ҳам бойлардек хотинни иккита қилиш пайида бўлди. Ўзининг айтишича “генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас”. Шунинг учун у бойларга ўхшашни ўйлайди, баъзан бойлардан қаерим кам деб қўяди. Иккита ҳовлим бор, иккита хотиним, иккита “запам” бор деб мақтангани мақтанган. Ростдан шундай, унинг иккита “запа”си бор. Гоҳ у хотининикида, гоҳ бу хотининикида, гоҳ у, гоҳ бу “запа”си билан бўлиб туради. Тиришиб тирмашиб яшайди. Ёши элликларга борган билан ўзи анча ёш кўринади. Ҳеч қачон ҳафа ҳолда юрганини биров кўрмаган. Доим тиржайиб туради. Ҳозир ҳам домла билан тиржайиб сўрашди-да, жойига ўтириб олди.
Домла бир пайтлари устани ишлатмоқчи бўлганди. Ҳожатхонасига янги эшик қурган эди. Шунга, зулфин, қулф ўрнатиб қўяй деб.
– Уста, иш бор деди. Худди мана шунақа кун эди. Баҳор ўрталаб қолган эди. Одамлар костюмларини ташлай бошлаганди. Айримлар енги калта кўйлакка ҳам ўтганди. Олийгоҳ ҳовлисидаги ёғоч эшакда, ўрикнинг олачалпоқ соясида уч-тўрт техник ходимлар гаплашиб ўтиришганди. Уста уларнинг рўпарасида тик туриб алланималарнидир гапирар, йиғилганлар ҳазил-ҳузул билан кулишиб турарди. Уста енги калта кўйлагини шими устида тушириб олганди.
– Э, ёз қилиб юборибсизу, уста, – деди домла улар билан бир-бир кўришаркан.
– “Ҳа, энди юрагимизда ўтимиз борда – домла!” – деди уста тиржайиб.
– Уста, уйда жиндай хизмат бор. Қачон қилиб берасиз? Эшикка қулф қўйиш керак.
– Қачон қўйиб берай?
– Вақтингиз қачон бўлади?
– Шанба куни.
– Хўп, майли.
Улар келишишди. Аммо уста домланикига бормади. Бормаганки, сабабини ҳам айтмади. Домла иши кўпайиб уста билан учрашиш имконини қилолмади. Орадан беш кунлар чамаси ўтди. Нима бўлди-ю, катта танаффусда домла спорт зал тарафга ўтиб бордида Коридорда ўтиш жойдаги ромларни тузатиб турган устага дуч келди. Домла устага ваъдалашганини эслатай дедию, эслатмади, ҳам. Уста ҳам бора олмаганлиги унга узр-маъзур қилмади. Лекин домла устага ваъда бериб қўйиб, ваъда устидан чиқмаганлигини бир кунмас бир кун юзига солишни , унинг тутуриқсиз одам эканлигини кўпчилик олдида айтиб хумордан чиқишни кўнглига тугиб юрди. Шундай қилди ҳам….
Ўшанда худди бугунгидай ҳаво илиқ эди. Баҳор қуёши ёруғ нур сочар, дарахтлар энди куртак чиқара бошлаганди. Техник ходимлар у пайт олийгоҳнинг олд томонида эмас, орқа томонида иш қилишарди. Бино орқа тарафидаги гулзорларга ишлов бериларди. Дарахтлар қирқилиб, оқланиб гуллар атрофи юмшатилар, хуллас баҳорги юмушлар бажариларди. Уста ҳозиргидек гулзор четидаги бетонга кет қўйиб эмас, қўлидаги кетмонини гулзор қирғоғига ётқизиб олиб унинг дастасига ўтириб олган эди. У тиржайиб ўтирарди. Яполдош юзларида мамнунлик аломатлари бор эди. Бу мамнунлик аломатлари бирга ишлаётган ҳамроҳларига қойиллатиб айтган гаплариданми, ё улардан эшитаётганлариданми, билиб олиш қийин эди. Чунки биз уларнинг суҳбатларидан узоқда эдик.
Домла Ғаффор Хотамович қўлини орқасига қилган ҳолда юриб бориб устага яқинлашди. Уста домланинг ҳурмати учун ўрнидан турган бўлди. Иш қилаётганлар домлага ўгирилиб қараб у билан сўрашган бўлишди.
– Ассалому алайкум, домла!
– Ва алайкум ассалом! Ҳорманглар!
У устага эътибор қилмади гўё. Техходимлар билан ҳазил-ҳузул қилиб, кейин устани энди кўраётгандай бир тикилди-да деди:
– Э, ассалому алайкум! Уста Неъматхон ўзлари-ку! Ҳормасинлар! Ўтирибдиларму ялпайиб…
Уста одатдагича илжайди. Шу билан бирга кибр аралаш домлага беписанд қаради.
– Иш қиляпмиз, домлажон! Иш!
– Ўтирибсизу, кетмонни сопига кетингизни қўйиб. Қани ишлаганингиз? Иш қилганга ўхшамайсиз!
Бу гап техходимларга хуш ёқарди. Домланинг ялқов уста, қитмир Неъматхонни гап билан чимчилаши улар учун айни муддао эди. Шунинг учун улар ичларида “ўла, боплаяпти-ку”, дейишарди.
– Домла, – деди уста Неъматхон овозини хиёл кўтариб. – Биз ишламаяпмизмас, ишлаяпмиз. Сиз бизнинг ишга аралашманг.
Энди домланики қўзиди. У тўғридан тўғри “ҳужумга” ўта бошлади:
– Уста, – деди у асабийлашиб. – Сиз карилламанг. Тўғрисини айтганда сиз ваъдасида турмайдиган инсонсиз. Эркак киши ўз гапининг устидан чиқади. Мабодо, иши чиқиб қолган бўлса, тўғрисини айтади. “Ишим чиқиб қолди, узр”, деб. Сиз бўлса….
Устанинг яполдош юзи қизил тусга кирди. У аввал одатича тиржайди. Кейин бирдан қовоғини солиб, икки қўлини пеш қилиб домлага пахса қила бошлади:
– Эй инсон, нима деяпсиз ўзи?! Нима бўлди, ҳадеб эговлайсиз? Гуноҳимиз нима? Айб иш қилган бўлсак шартта айтинг! Пичингни нима кераги бор.
– Бу пичингмас. Бор гап. Эркакнинг лафзи бўлади. Ваъда бердими, устидан чиқиши керак.
“Эркакнинг лафзи бўлади” деган гап Неъматхонга оғир ботди. Унга гўё “эркакмассан” дегандай туюлди. Бурнининг остидаги кичкина мўйлови учди. Юпқа шишинқираган лаблари пирпиради. Ўрнида туриб ўтирган кетмонни шарт янги олинган эгатлар ичига улоқтирди. Овозини баландлатди:
– Ахир мен нима қилай? Мен бечорага ким раҳм қилади, хотиним иккита бўлса. Болам бешта. “Запорож”им иккита. Ҳовлим иккита. Жоним эса битта. Қайси бирига улгийман. Ҳожатхонангизга қулф ўрнатиб бермаган бўлсам-ла, ғадавлайверасизми? Етар энди, домлажон бу кесатиқ гаплар….
Домла индай олмай қолди. Бу гапларни эшитаётган техходимлар илжайишиб домладан нима садо чиқаркин деб қараб туришарди. Домла ҳеч гап қилмади. Бошини солинтириб сукутга чўмди. Нима ҳам дерди. Хотинни иккита, учта қилишга ҳаракат қилаётган бунинг сингари жони битталар атрофда камми? Албатта, кам эмас.Улар “сичқон сиғмас инига ғалвир боғлар думига” қабилида ҳаёт кечиришга мойил одамлар. Шундай яшашмаса кўнгли ўрнига тушмайди. Бу ҳам бўлса одамларнинг балки яхши яшашга интилишидир. Балки бу миллатнинг асрлардан бери яшаб келаётган ўзига хос руҳий удумидир. Ким билсин….
Домланинг индамай қолганини кўриб турган Абдушукур гап қотди:
– Домла, жони битта одамга раҳм қилинг.
Ҳамма кулишди. Неъматхон уста ҳам шарақлаб кулди. Домла мийиғида кулимсиради-да ортига қайтиб лекциясига кириб кетди. У дарсни тамомлаб оппоқ рангли янги “Нексия”сига ўтираркан жони битта одамнинг “Запа”сига қараб қўйди. Қарадию унинг “Запа”си иккита эканлигини эслаб кулимсиради.
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон