Чол қотиб кетган болишга тирсагини тираб ўтирди. Оёқларини кўрпачадан чиқариб узатаркан, чуқур “уҳ” тортди. Қўли билан пайпаслаб, кўрпача тагига қистирилган дастрўмолни олиб, ёшланган нурсиз кўзларини артди. Пахмоқ соқолини силар экан, кўнгли ўртанаётганини ҳис қилди. Кўз олдига муздеккина, қип-қизил бир тилик тарвуз келди.
Қани энди, ҳозир бир тилик тарвуз бўлса, вужуди сал ҳузур топарди, чанқоғи босиларди. Дардига малҳам бўларди. Балки… кўнгли ёришиб енгил тортармидийкин…
Чолнинг хаёлида тарвуз бозори гавдаланди. Ўтган йили пишиқчилик вақтида, бирорта тарвуз ё қовун олиб кетай, деб жума намозини ўқигач, бозорга кирди. Тарвуз-қовун тўп-тўп бўлиб ётибди. Харидорлар етилиб пишган қовунларни “тап-тап” уриб деҳқон билан савдолашади.
У айланиб юриб тарвуз сотаётган эски қадрдони Мамадалини учратиб қолди. Мамадали дўстини қўярда-қўймай ёнига ўтқизиб катта бир тарвузга пичоқ тортди. Улар тарвузхўрлик баҳонасида шомгача суҳбатлашиб ўтиришди. Қайтишда уни уйга таклиф қилди, кўнмади, лекин қўлтиғига бирмас иккита тарвузни қистириб қўйди. Кўтара олмайман, йўлда қийналаман, деб зўрға биттасини олгани кечагидек эсида.
Чол юзларига қўнган пашшани елпиб ҳайдаркан, дўсти ҳақида ўйлай бошлади. Ўшанда анча тетик эди. Балки ҳали ҳам бардамдир.
У қовоқлари ичига чўккан кўзлари билан озганлигидан шалвираб қолган оёқларига тикилди. Оёқларини йиғиб, тиззасини букди. Гўшти кетиб бўш халтага ўхшаган болдирларида ҳаракат қилиш учун мадор қолмаганлигини сезди.
Серфарзанд бўлсанг маъқул экан. Биттаю битта қизи ўзидан ортмайди. Кампири раҳматли вафот этгандан кейин чолнинг юрагини кўпроқ ёлғизлик даҳшати кемирарди. Энди-чи, энди боши ёстиққа тегиб қолгандан бери кўпроқ ёшлигини қўмсайдиган бўлиб қолди.
Ёшлигида ўт бўлган. Ҳеч нарсадан ҳайиқмаган. Ҳозиргидек чорасиз, ташна бўлмаган. Энди-чи?
Рўпарасида кўзига хира-шира ташланаётган деворлар ойнадек кўринади. Ана бу ниманинг товуши бўлди? Калтакесак чиқиллаганга ўхшадими, ё кўча эшик занжирини биров тақиллатдими? Невараси кириб келса-я, кошкийди, дарҳол “Кўчадаги ариқдан бир пиёла сув олиб кир” дер эди. Бир пиёла сув. Оғзи қуруқшаяпти. Тили танглайига ёпишиб қолгандек. Нимжон гавдасидан сўнгги қуввати ҳам чиқиб кетаётганга ўхшайди. Бир пиёла сув…
Хаёлан бир пиёла сувни, тиниқ зилол сувни сипқорди. Толиққан томирларига қон югурди. Бемажол вужудини кўрпага ташлаб оёқларини узатди. Бир пиёла сувнинг қуввати панжаларининг учларигача етиб бориб, ҳаракатга келтирди гўё.
Узала тушиб ётгиси келди. Нимжон қўллари билан кўрпани кўтариб, оёқларини йиғди. Боши айлангандек бўлди. Томоғи баттар қақрай бошлади. Нотекис ишлаётган миясида яна бир пиёла сув гавдаланди. У қуруқ лабларини бемажол тили билан яламоқчи бўлди. Бўлмади. Ютиниб қўя қолди. Ютинганда қуруқшаб қолган кекирдагини бир нарса тилиб кетди.
Ҳаёлида чопиб борарди. Ана анҳор. Тўлиб-тошиб оқяпти. Энгашиб бир пиёла сув олиб ичди, яна ичди, яна… Сўнг юзини ювди. Сув томчилари юзида мунчоқ-мунчоқ бўлиб қолди. Сув ҳайқириб оқмоқда. Ёшлик сингари ҳайқирмоқда. Худди ўзидай…
Ёшлик ариқдаги ўйноқи сув мисол. Тошиб оқади. Орқасига қарамайди. Тўсиқларга учраганда димланиб қолади, лекин у бу димланишга деярли эътибор бермайди. Ёшлик ҳам шу сингари, жуда тез ўтиб кетади. Ариқдаги сувдан ҳам тез. Ёшликда инсон бунинг қадрига етмайди. Уни эъзозлаш ўрнига таҳқирлайди, бевақт барбод қилади. Ёшлигини хазон қилганлар камми. Жуда кўп. Ёшлик қувватини эҳтиёт қилиш керак. Дунёда энг ёмон дард — кексалик. Мана шу дардни вақтинча бўлса-да, даф қилиш учун ёшлик бунёд этган кучдан фойдаланиш мумкин бўлсин. Оҳ ёшлик, қайлардасан? Қани, сендаги куч-қувват?!
Чол сўнгги жумлаларни пичирлаб айтди, кўзини очиб шипга қаради. Шу пайт бир нарса чирқ этгандек бўлди. У калтакесакмикан, қаерда чиқиллаяпти, деб диққат билан қулоқ сола бошлади. Қулоғига кўча томондан қадам товуши чалингандек бўлди. У бошини кўтариб оёқ товуши келган томонга қаради. Товуш яқинлашиб “ота” деган овоз келди. Чол киприкларини пирпиратиб сўридан пастга қаради.
— Менман, мен Равшанман, овқат олиб чиқдим, — деди яна ҳалиги жарангдор овоз.
Чол қўшнисининг кичик ўғлини таниди. Кучаниб боши томондаги пиёлани қўлига олди ва болага узатди.
— Сув ичасизми, ё чойми?
Чол қўли билан кўча томонни кўрсатди. Бола чопқиллаб кетди. У ариқдан бир пиёла сув олиб кириб, чолнинг қалтироқ қўлларига тутқазди. Чол сувни бир ҳўплаб чуқур нафас олди ва “худога шукр”, деб қўйди. Бир қултум сув унга забон ато этди. Қотиб қолган тили юмшаб, шукур келтирди. Энтикиб-энтикиб нафас оларкан, пиёладаги сувга сўзсиз тикилди. Бир кўтаришда пиёлани бўшатди. Бола пиёлани қўлига оларкан, “янами” деб сўради.
Чол:
— Майли, — деди. Бола яна сув олиб келди. У бу сафар ичмади. Ёнбошига қўйиб қўйди. Сувга тикилиб туриб боланинг жингалак сочидан силади ва секин:
— Раҳмат, болам! — деди.
Бола чолнинг гапини уқмади. Кўчага қараб чопди. Чол унинг югуришига қулоқ солиб туриб, ўзининг ёшлигидаги оёқ товушларини эшитгандек бўлди.