Туман шифохонаси. Тўрга тушган балиқдек типирчилаётган беморни бақиртириб олиб киришди-да, баланд кароватга ётқизишди.
— Латта! — деди дўхтир совуққонлик билан.
Латта узатишди. Беморнинг овози ўчди.
— Арқон! — деди дўхтир.
Арқон беришди. Беморнинг типирчилаётган қўл-оёқлари қимирламай қолди.
— Тирговуч! — буюрди яна дўхтир.
Латтани олиб беморнинг паст ва юқори жағлари орасига кичкинагина пластмасса тирговуч қўйишди.
— Шприц! — деди яна дўхтир.
Беморга укол қилишди ва у тинчиди-қолди.
— Уфф! — дўхтир кафти билан пешонасидаги терни артиб, мамнун қиёфада атрофидаги ҳамшираларга қаради. — Мана энди беморнинг оғриқ тишини бемалол суғуриб олсак бўлаверади!..