Алибек Раҳмон. Лаҳза (ҳикоя)

Ҳамон тушиб борарди…
Юзига урилаётган ҳаво зарраларидан англадики, пастга яшиндек учаётир. Ҳозиргина тўққизинчи қаватда эди. Мана, деразалар ёнидан сонияларни қувганча ўтиб бормоқда. Сониялар, сониялар эмас, ундан ҳам кичик вақт бирлигида тезлашмоқда. Ер тобора унга яқинлашаётир ёки у Ерга… Боши пастга осилган, оёқлари эса худди осмон бўшлиғида қадам ташлаётгандек патиллаб Ерга томон шўнғимоқда. Кўзларини кучли шамол оқими чимчилаётгандек чирт юмди. Очиб нимага ҳам қарарди, ҳозир ерпарчин бўладиган танасигами ёки тепадан кафтдек кўриниб турган, ҳаёт оқими ҳамон бир маромда давом этаётган шаҳаргами? Нима кераги бор энди? Осмон ҳам ҳар доимгидан мусаффо, атрофда сокинлик ҳукмрондек, фақат қулоқларига қандайдир қушларнинг чуғур-чуғури элас-элас чалинди. Қўлларини кенг ёзди. Кўзларини очмаган ҳолда бўшлиқдан нимадир қидириб ушламоқчидек у ёқ-бу ёққа олиб борди. Ҳеч нарса илинмади. Тўғрироғи у ҳеч нарсага илинмади.
Қаршидан эсаётган шамол енгларига урилиб, қанот каби ҳилпиратарди, холос. Бундан ортиғини ўзи ҳам кутмаганди. Лекин, чиқмаган жондан умид-да. Жони ҳали танида. У ҳали-бери жони узилишини ҳеч ҳам ўйлаётгани йўқ. Ҳали жуда узоқ яшашини-да қандайдир илоҳий бир идрок билан англаганди. Юзларига яккам-дуккам соя тушиб ўтаётгани, кўп қаватли бино олдига экилган азим чинорлар билан бўйма-бўй ҳаволаётганини англатарди. Кўзларини очиб қаради, чинорнинг ушлаш мумкин бўлган шохлари анча нарида эди. Яқиндаги шохчалардан нажот кутиб бўлмасди. Ҳавода бир неча дақиқа муаллақ турса, дарахт шохлари яқинлашиши мумкин эди-ю, аммо бунинг сираям иложи йўқ-да. Шу тобда ернинг имиллаб айланишига лаънатлар ўқигиси келиб кетди. Барчамизнинг глобус тушунчасида бўлса-да, Ернинг ўз ўқи атрофида айланма ҳаракатидан хабаримиз бор. Қўлимизни глобус устида вертикал ҳолатда қолдириб, айлантирсак, юзадаги баландликлар билан масофа қисқарарди. У айнан шуни истаётганди. Ер бу қадар тез айланмайди-да. Олам бир зумга тортишиш қонунини ёддан чиқарганида ҳам осонгина пастлаган бўларди… Бироқ, катта тезлик билан Ер яқинлашмоқда, тўғрироғи у ерга…
— Ўғлим, дарсларингни тайёрлаб қўйдингми? — болалигида бобоси унга ҳар куни кечки овқатдан сўнг шу саволни берарди.
— Ҳа, ҳаммасини тайёрлаб қўйганман! — дерди у, гарчи дарсликларни нари-бери жадвалга қараб, мосини сумкага жойлаган бўлса-да.
— Яна бир-бир такрорлаб чиқ! Вақтингни беҳуда ўтказгандан кўра бадиий китоблар ўқисанг бўларди.
— Ўқийман, — дерди у ўнғайсизланган ҳолда. Шу тоб ўртоқлари билан кеч тушгач сойликда тўп ўйнашга келишиб қўйганликларини хаёлидан кеткизолмасди. Бобоси хиёл чалғиши билан ўша ёққа югурарди. Борганида эса жўралари унинг ўрнига кимнидир қўшиб, ўйинни бошлаб юборишган бўларди. Унга кутиб ўтиришни маслаҳат беришарди. Кўпинча, ўйин охиригача кутиб қолар, кейин ҳафсаласи пир бўлиб уйга қайтарди. Шу пайтгача дарс тайёрлашни ҳам, билимга эга бўлишни ҳам сира хаёлига келтирмас, бор-йўғи ўйинда иштирок этолмагани алам қиларди. Беҳуда кетаётган вақтини эса умуман ўйламасди.
Бу олам — саноқлардан тузилган. Ҳар сония, дақиқа, соат… йилингни санаб, унинг сўқмоқлари оралаб, ўзингча кезиб кетаверасан. Сен шу йўлда адашганингда, дам олгани тўхтаганингда ёки бутунлай йўлингни ўзгартирганингда ҳам саноқлар адашмайди, тўхтамайди, ўзгармайди… Умр соати миллари ҳар қанча уринсанг ҳам -ортга сурилмайди. Аксинча, улар сени нарироқ, янада нарироқ сургилаб бораверади. Сонияларни ҳис қилганингда эса…
Ҳамон тушиб борарди…
Ҳаводаги силкиниш сабабми, майин шамол эсганиданми, чинор шовуллаб баргларини тўка бошлади. Барглар ҳавода бир дам қалқиб турганча истар-истамас ўз бандлари билан хайрлашди. Кейин оҳистагина Ер бағрига қўниб, қулайроқ жой ахтаргандек қаёққадир судралиб кетишди. Бу ҳолатни кўриб вужудининг баргдек бўлиб қолишини Худодан ўтиниб сўрашга тайёр эди. Чунки, ҳозир оддий бир баргдан-да ожизроқ.
Ҳамон тушиб борарди…
Қишлоқдаги ҳовлиларига жумракли сув ўрнатилганди. Баъзи пайтлари у пича очиқ қувурдан тушаётган томчиларни соатлаб томоша қилишни хуш кўрарди. Томчи бир маромда томиб, тушган жойида кичик кўлчалар ҳосил қилар, сўнг тошиб, катта ариққа қўшилиб кетарди. Ана, томчи Қуёш нурида товланиб-товланиб тушмоқда. Соя жойда туриб, унинг тушишини кузатганмисиз? О, жилваланишини кўрмагансиз-да! Гўёки, ҳар бир қатрада бутун бир олам жамланиб туради. Ҳақиқатан ҳам, бу бетакрор санъат асари. Шубҳа йўқ-ки, моҳир мусаввир ҳам бу каби бетакрорликка эриша олмайди.
У қишлоқдаги иш энг қизғин пайтлари, бировлар сувга келганида ҳам томошани меҳр билан давом эттирарди. Томчи соатдек бир хилликда узилиб тураверарди. Фақат угина вақтга эътиборсиз, хабарсиздек эди.
Юқори синфда ўқиётганида томчининг, шунингдек оламдаги барча нарсаларнинг физика фанида ўрганган тортишиш қонунига мувофиқ ерга қайтиб тушишини билиб олди. Шу тахлит томдан тошларни, жумрак ёнидан майда қум зарраларини ташлаб, ўзича тажрибалар қилиб кўрди. Уларнинг тушиш вақти билан эса асло қизиқмасди. Кунларнинг бирида касал ётган бобоси унга муздек сув олиб келишни тайинлади. Одатдагидек, жумрак олдида ярим соатча қолиб кетди. Томчининг бир маромда оқиб тушиши яна унинг диққатидан четда қолмади. Бобосининг нимжонгина овозига эътиборсиз, томчига тикилиб, анча вақт ўтказиб қўйди. Бағрида ўз умрини, лаҳзаларини қучоқлаган томчилар унинг ҳам керакли вақтини ерга сингдириб кетаётганини англамасди. Энди у дақиқалар ҳеч қачон қайтмайди, чунки, томчилар билан бирга ер бағирлаб улгурганди. Такрорланмаслик ва қайтиб келмасликнинг энг жўн, энг улуғвор тушунчаси эди бу. Бир пайт бобоси эсга тушиб, уйи томон югурди. Афсуски, у кечиккан эди. Бобоси энди ҳеч қачон сув сўрамайдиган ва ичмайдиган бўлганди. Саратон иссиғида қуруқшаб қолган лабларида сўнгги лаҳзалардаги жилмайиш сақланиб қолганди. У шунда кечикканидан жуда афсусланди. Энди бобоси қайтиб келмаслигини йиғлаётганлар орасида ҳис этди. Ҳамма нарсанинг ўткинчи эканлигини англагандек бўлди. Фурсатни, вақтни, лаҳзани ҳис қилиб йиғлади.
Шу ҳолатида бу дамининг ўтиб кетишини тўлиқ ишончи билан англаб турарди. Чунки, вақт илдам ҳаракатини давом эттирмоқда.
Ҳамон тушиб борарди…
Қатор-қатор деразалар қаршисидан учиб кетаётганини кўз қири билан англади. Бир тўхтаб, уларга синчиклаб қарамоқчи бўларди. Бунинг иложи йўқлигини дарров идрок этганча яна беихтиёр деразаларни санашда давом этарди. Шундай бўлса ҳам, кимлардир уйида телевизор кўраётганини, кимдир ухлаб ётганини сезиш қийинмасди. Ана, кимдир балконига чиқиб, челакдан пастга нимадир тўкаяпти. Унинг ортидан эргашган сон-саноқсиз томчиларни сезиб, олис болалигидаги ўша жумракни эслади. Ҳозирда ўзини ўша томчиларнинг бир бўлакчасидек ҳис қилди. Шунчаки, эҳтиётсизлигининг қурбони бўлиши учун бир сония қолди ё қолмади. Ҳар тонг кун ёйилганда зўрға уйқудан уйғониб, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб симириш учун балконга чиқишни хуш кўрарди.
Бу гал ҳам балкон панжарасига ўтириб олганча сигарет чекаётганди. Тўсатдан… ер қимирладими ёки ўзи қалқиб кетдими, ишқилиб, аввал сигаретаси, кейин ҳаялламай ўзи ҳам унинг ортидан шўнғиди. Бор гап шу. Барчасига сонияларгина кифоя қилди. Энди эса сониялар ҳам у ва томчилардек ер томон шўнғимоқда. Мана, вақт қучоғида бир заррача бўлиб ер томон шўнғимоқда…
Қайсидир йили баҳор жуда серёғин бўлиб, ариқ-зовурларда сув тошди. Баъзи кунлари тўсатдан сел келиб, экинларни, ҳатто, кимларнингдир уйини оқизиб кетди. Шундай ёмғирли кунларнинг бирида қишлоқ этагидаги сойлик селдан тўлиб, пишқириб, ваҳшийлашган сув ҳар ёққа сачраб оқиб ётарди. Бир тўда одамлар у ёқдан-бу ёққа зир югуришиб, қўлларида узун таёқлар билан сувга интилишарди. У яқинроқ бориб нима гаплигини сўради. Ўша ёққа югурди. «Нима бўлди?» деб бақирди.
— Бир қизча сувга тушиб кетибди! — деди кимдир ҳаллослаганча.
— Икромнинг кенжасига ўхшайди, ўзини бошқаролмаяпти, — деди яна аллаким, — Тезроқ қутқариш керак! Бўлмаса сув ютиб…
Бироқ сувга тушишга ҳеч кимнинг юраги дов бермаётганди. У титраб кетди. Тошқин сувнинг кўпиклари орасида қизалоқ қўлчаларини юқорига чўзганча оқиб борарди. Бу ер кенгроқ, саёзроқ бўлгани учун юзада қалқиб борарди. Ҳозир анави кўприкнинг олдига бориб қолса тамом. Сув яна тезлашади. Чуқурлиги яна-да ортади, қизча эса… У шуларни ўйлаб, ўзини оқимга урди. Сел тасаввуридагидан ҳам шиддатлироқ экан, қизчани бир амаллаб қирғоққа яқинлаштиргунича оқим анча нарига суриб кетди. Бу вақтда кўприкка жуда яқин келиб қолган, асов оқим бор кучини тўплаб, ҳужумга ўтгандек ҳайқирарди. Қўққисдан дарахт шохи келиб, пастга тортқилаб кетмаганида, аллақачон одамлар олқишини олаётган бўларди. Аммо бахтга қарши у сойнинг тубида. Мана, нафаси қайтиб, сув юта бошлади. Сувга тушгунга қадар вужудида барқ урган ботирлик ўрнига қўрқув лойқалари ёпишиб қолди. Кўз олди қоронғулашиб, хаёлидан бутун ҳаёти лавҳалари лип-лип ўта бошлади. Кейин, ҳаммасини унутиб ўлимнинг даҳшатли ўйлови билан юзма-юз туриб қолди…
Нимқоронғи хона. Аллақандай хира бўёқ берилган шипга термулди. Деразадан ортидаги манзарани бузиб, ўқтин-ўқтин ўтиб тургувчи оқ халатлардан билдики, касалхонада. Тирик қолибди. Наҳотки, қандай қилиб? Кейинчалик, олдига келиб-кетувчилар гапидан англашилдики, уни сел тўхтаганидан сўнг сой ёқасидан чала ўлик ҳолатда топишган.
Ҳамон тушиб борарди…
Илкис, қандай шиддат билан тушаётган бўлса, шу ҳолича таққа тўхтади. Четдан қараган одамга ҳавода муаллақ туриб қолгандек кўринарди. Енгидан тутиб қолган кийим илғич дорни ҳисобга олмаганда, албатта. Бир нафаслик бекатдан сўнг у яна пастга йўналди. Дор ингичка ипдан экан, узилиб кетди. Бутун идрокини йиғиб, кейинги дорга умид билан қўл чўзди. Ҳар қалай, буниси пўлат симдан эди-да…
Тунги осмон ёритгичи бўлмиш ой, ҳамма ухлаб қолганини баҳона қилиб, «ўзим ҳам бир оз мизғиб олай», дегандек, бир жойда қотиб турарди. Қўштераклар эса тўлин юзларига шамол ёрдамида урилиб-урилиб аллалашарди. Лекин ой бирмунча янглиш иш тутади, чунки уни аллалаётган дарахт остида бир-бирига бутун борлиғини-да инъом этишга тайёр икки қалб ўтирарди. Бахтдан масрур юраклар… Улар ўз бахт-ларини жуда узоқ-узоқ давом этишини Худодан тилашарди.
— Мен сени ҳар доим, ҳар лаҳзада бахтли кўришни истайман! — деди йигит қизни эркалаганча. Қиз унга жавобан ширин жилмайди. Кейин биргаликда ой аксланиб турган кўлдан ўтиб қишлоқ томонга юриб кетишди.
Масрур манзара, мен сизга айтсам, барча талпингувчи орзу эди бу кўриниш. Бутун жисми жонингиз бу каби соф туйғулар дақиқасини сақлаб қўйсин. Ушбу лаҳзаларни, албатта, тўхтатиб қолиш керак…
У севгилисини бир кўришдаёқ ёқтириб қолганди. Уларнинг бахтга тўла оилавий ҳаётини муҳаббат алангаланган кўзлар тўқнашуви ҳам таъмин этаверарди. Унинг юрагида севги қанот қоқарди. Унинг кўз ўнгида ҳаммаёқ бирданига кенгликка айланиб қолди. Бир лаҳзада баланд-баланд уйлар, кўчалар йўқолиб, бўшлиқ ҳосил бўлди. У бунга заррача аҳамият бермади. Чунки само кенглигида юрагида севгиси қанот қоқмоқда эди.
У энди учиб борарди…