Эркин Усмон. “Битта одам ортиқча” (ҳажвия)

Эрталаб. Бекат. Автобус тиқилинч. Йўловчилар унинг устига чиққудек бўлиб осилмоқда. Қий-чув, шовқин-сурон…
— Сал сурилинг, ака! Э, яшанг, яна бир сантиметр!..
— Ўв, секинроқ! Кўз қаёқда, оёқни эздинг-ку, номард?!
— Қани, қани, яна жиндек сурилинглар-чи, азаматлар! Битта яхши одам қолиб кетмасин!
— Э, қаёққа чиқаман? Оёқ қўядиган жой йўқ-ку, амаки!
— Шу-у… аптобусни резинкадан ишлаб чиқарилса бўлмасмикан-а! Ҳаммамиз сиғиб кетардик!..
Буларга қўшимча микрофон орқали гапираётган ҳайдовчининг бўғиқ товуши қулоққа чалиниб қоларди:
— Агар эшиклар ёпилмаса, ҳеч қаёққа қимирламайман!..
Боз устига қўлига бир даста пул ушлаб олган бақалоқ чиптачи хотин ҳам ҳали олд, ҳали орқа эшик олдида чирқиллагани-чирқиллаган эди:
— Йўл ҳақи тўлашни унутманглар! Автобусга сиғмай қолганлар хафа бўлишмасин. Орқадан бошқаси келяпти… Ҳо-ой, сизни чиптангиз қани яхши, йигит? Қани, қани, тез-тез қимирлай қолинглар! График бузилмасин. Орқа эшик ёпилмагунча автобус юрмайди. Чиқинглар, чиқа қолинглар!..
— Қаёққа чиқамиз, опа? — дейман бўғилиб. — Томига чиқиб бўлмайди-ку, ахир?
— Буниси менинг ишим эмас, — дейди у. — Чиқинглар! Бўлмаса, ортиқча йўловчилар тушиб қолишсин!
— Тўғри айтасиз, — ҳиринглайди эшикка осилиб турган талаба йигитчалардан бири. — Шу, битта одам ортиқчалик қилиб турибди-да!
— Ким ортиқча? — дўриллаб бўйнини чўзади унинг орқасида осилиб турган барзанги йигит.
— Сизни айтмаяпман-ку, ака, — бўйнини қисади талаба йигитча.
— Қани азаматлар, яна бир уриниб кўрайлик! Қолган-қолди, кетган-кетди! — хитоб қилади бошқа бир йўловчи.
… Ҳансираш, чираниш, инқиллаш, оҳ-уҳ бошланди ва ниҳоят эшиклар ғирчиллаб аранг ёпилди. Автобус йўлга тушди. Бир бекат юрди, икки бекат. Негадир бақалоқ чиптачи хотиннинг овози эшитилмай қолди.
— Тўғри, битта одам ортиқча экан! — енгил нафас олди йўловчилар…