Эркин Усмон. Уйимизга меҳмон келди… (ҳажвия)

Якшанба куни саҳарлаб эшигимиз кўнғироғи жиринглади. Очдим. Қарасам, қишлокдаги қариндошимиз Сот¬волди тоға хотини, ўғли, келини, неваралари билан остонада илжайиб турибди.
“Меҳмон отангдек улуғ”, деб қўйибдилар. Эр-хотин уларни ичкарига таклиф қилдик. Икки хонали уйимиз тўлди-қолди.
Кўриб хижолат бўлиб кетдим. Тоғанинг қўлида бир халта гуруч, ўғлининг елкасида ярим қоп сабзи-пиёз, неваралари қўлида беш-олти кило гўшт, ўнта патир, кампири бир халта туршак, шафтолиқоқи, келини торт кўтариб олибди.
— Э, нима қилардинглар шунча нарсани? — дедим уялинқираб.
— Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, — деди Сотволди тоға донолик билан. — Шаҳарга, шоир амакимизникига бориб, меҳмон бўлиб қайтамиз, дейишди. Телефонлашмай, ҳаддим сиғиб бошлаб келавердим. Беш-ўн кун театр-кино, парк-марк қилиб, ўйнаб-кулиб кетишади. Сен манави гўштни халадилнага, сабзи-пиёзни балконингга жойла. Эрта-индин Латофат, Шарофат, Арофатлар ҳам жиянларинг билан келиб қолишади!..
Шундай қилиб, икки хонали уйимизни Сотволди тоғанинг авлод-аждодлари, ҳали ўзим кўрмаган-танимаган жиянларимга қолдириб, эр-хотин ўғилчани етаклаб Бўстонлиққа, дала-ҳовлимизга кетдик. Қулоғимиз тинчисин, деб қўл телефонимни ўчириб қўйдим. Эртасига ёқсам, SMS келган экан. Унда шундай ёзилганди:
“Шоир! Шаҳарда бир ўйнаб келайдик, дегандик. Уйингизни Сотволди тоғанинг бола-чақасига арендага қолдирибсиз. Биз ҳам эрта-индин уй ичимиз билан дала-ҳовлингизга етиб борамиз. Кутинг!
Салом билан божангиз Рихсихўжа.”.