Эркин Аъзам. Турмуш (ҳикоя)

Эру хотин — қўш ҳўкиз эмиш…
Мен — шаҳзода, сен — маликасан.
Шавкат Раҳмон

Малика энди қайтмайди, энди қайтиб келмайди Малика!..
Қарийб ўн йил турмуш қилиб, Тилак хотинини ҳали бирон марта чертмаган ҳам эди — бу гал урди, бир тарсаки урди. Жаҳли чиққанда бақириб-чақирар, қаттиқ-қуруқ гапирар, аммо унга ҳеч қачон қўл кўтармас эди. Улфатлари даврасида шу мавзуда гап кетса, «Аёл кишига қўл кўтариш бемаънилик-да. Ёқмадими — тинчгина жавобини беру юбор!» деб қўярди. Айниқса, қайнона-қайнотаси олдида шу ҳақда гап очишни яхши кўрарди: ичкиликка ружу қўйган божаси бир-икки дафъа хотинини калтаклаганини эшитган эди. Гоҳида Маликага: «Эй, жонимни чиқарма лекин — ураман!» дея пўписа қилганида, хотини бепарво елка қисиб қўйган: «Уринг. Қўл теккизинг-чи, кейин мени бу уйда кўрармикансиз!..» «Урардиму ўлдириб қўяманми, деб қўрқаман — биласан, муштим қаттиқ». Дарҳақиқат, ўзи озғин, нимжонроқ кўрингани билан унинг қўли тошдек эди: оғайниларидан биронтасининг кифтига ҳазиллашиб қоқиб қўйса ҳам, у неча кун кифти зирқираб эслаб юради.
Урса — ўлдириб қўйишини ўйлармиди ёки Маликанинг аллақандай қатъият билан айтадиган гапи — бутунлай кетиб қолишидан чўчирмиди, хуллас, Тилак унга қўл теккизмас эди. Бу гал урди, бир тарсаки урди. Неча йиллардан буён бир кимсага қўл кўтармаган одам, хотинига қандай тарсаки тортиб юборганини ўзи билмай қолди. Малика ҳам ниманидир сезган, шунга тайёр турган эканми, йиқилмади, зарбдан илкис бир чайқалди-ю, диванга ўтириб қолди, баравар юмиб олган киприклари пирпираб, икки томчи ёш сизди. Тилак бирдан бўшашиб кетди, шарт бурилди-да, хонасига кириб, пастак ёғоч каравотга чўзилди. Ғазабданми, ўкинчданми титрарди. «Энди нима бўлади?»
Бир маҳал пол ғижирлаб, эшик очилди — Малика чиқди шекилли; бир маҳал даҳлизда болаларнинг тапир-тупури эшитилди — ҳовлида ўйнаб юришган эди, олиб келди шекилли; бир маҳал остонада яна тапир-тупур бўлди — кетишяптими, қаёққа? Бир маҳал эшик қарс этиб ёпилди: «Хайр, эржон, хайр, адажон, бизларни қайтиб кўрмайсиз!» Лоақал қизи, суюкли қизи бир оғиз «хайр», демади-я, ота бошқа, она бошқа экан-да!
Бир маҳал қараса — тўрт хонали ҳайҳотдек уйда Тилак ёлғиз ўзи қолибди. У жойидан қимирламади, ичи таталаб кетаётган бўлса-да, тушлик ҳам қилмади — яккаш ич-этини еб ётаверди: «Нимадан бошланди ўзи?..»
«Мени қайтиб кўрмайсиз» эмиш! Кетингдаги икки эргашма билан қаёққа борардинг?! Ҳа, отангнинг уйида бир кун турарсан, икки кун турарсан, ахийри, пешонангга битган жой шу, адажонинг ўзи кўйдек етаклаб келади!
Аммо у Маликанинг феълини яхши билар, билгани учун ҳам эзилар эди. «Ҳозир борсам-ку, қайтариб олиб келаман-а, отаси тушунадиган одам, койиб-койиб олдимга солиб беради, — дея ўйларди. — Ҳа, ўз ҳолича қайтмайди бу, бориш керак. Лекин, борганим — бош урганим, бош уриб кечирим сўраганим!..»
Тйлак, хом сут эмган банда, ҳамма қатори у ҳам ҳаётда кўп хатолар қилган, гоҳ бемаврид, гоҳо ноўрин кўп чакки гаплар оғзидан чиқиб кетар, шу туфайли кўп балоларга гирифтор ҳам бўлган, аммо минг чандон ноҳақ эканини билатуриб ҳам, қизиққон тоғ боласи эмасми, бирор марта, бирор кимсадан узр сўрамаган — сўраёлмас эди.
Бултур ишхонасидаги бир мажлисда мунозара пайти қизишиб кетганидан директорнинг муовинига типпа-тик қараб: «Мунофиқлик қилманг!» деб юборди. Муовин жиззакироқ одам эди, сапчиб жойидан. турди: «Мени ҳақорат қилдингиз, ҳозироқ кечирим сўранг!» «Балки унақа эмасдирсиз, — деди Тилак совуққонлик билан, — лекин мен сиз ҳақингизда нимани ўйлаган бўлсам, очиқ айтдим, қайтиб оладиган сўзим йўқ!» «Қайтиб оласиз!» «Қайтиб олмай-ман!» «Суннат Маҳмудович! — деди муовин титраганча, кўмак сўрагандек қўлларини директор томон чўзиб. — Ёшимни ҳурмат қилмай… Мен, мен… қайтиб олмаса… ишдан кетаман!» Мажлис бораётган хона сув қуйгандек жимиб, ҳамма Тилакка қаради: «Узр, де-қўй, сендан нима кетди?» Тўрда ўтирган Суннат Маҳмудович бояги гапдан кейин пешонасини муштлари устига қўйиб олган, ичида куляптими, жаҳли чиққанми — билиб бўлмас эди. «Тилаквой, ёшсиз, яхши эмас, — деди у ниҳоят муштлари орасидан минғирлаб. — Бу кишининг ёшларини ҳурмат қилинг, бўлмаса, ишдан кетаман, деяптилар…» «Ёшларини ҳурмат қиламан, аммо бояги гапим — гап! — деди Тилак пинак бузмай. — Бу киши ҳеч қаёққа кетмайдилар, Суннат Маҳмудович! Кетсалар, мен ҳам кетишим керак бўлади. Мен эса кетмоқчи эмасман!» Бу гапдан ҳамма кулиб юборди. Директор ҳам бошини кўтарди, кулгига бажонидил қўшилди — ичида кулиб ўтирган экан…
Тилак ишдан кетмади, албатта. Муовин, нуфузли бир институт диреқторининг нуфузли муовини ўз-ўзича ишдан бўшармиди? Лекин, ҳар иккалови ҳам лақаб орттириб қолишди: Тилак — «Қайтмасвой» деган, муовин — «Мунофиқ» деган. Уларга тақилган лақаблар бежиз эмас эди: униси ҳам, буниси ҳам…
Ўшандоқ одам эвди келиб-келиб ўз хотинидан кечирим сўрайдими? Икки дунёда ҳам! «Ўз оёғи билан кетган ўз оёғи билан қайтиб келади — бориш йўқ! — дея ичида қасд қилди Тилак. — Шунча йил яшаб, бир чертмаган мен аҳмоқ! Хотин деганни мана шундай адабини бериб турмасанг, бошингга чиқиб олади. Ана, учинчи қаватдаги Зикир чакак ҳар ҳафта боплаб бир дўппослайди, хотини додлай-додлай онасиникига жўнайди-ю, икки кун ўтмасдан, ҳеч нима кўрмагандек, тўрт боласини қаторлаштириб яна қайтиб келади. Ўзиям ўлгудек безбет, шаллақи-да. «Лекин Малика… Йўқ, келмайди у. Нимадан бошланди ўзи жанжал? Ҳар шанбадагидек шу каравотда чўзилиб ётган эдим — бекор, бекайфият. Кейин… Хўш, кейин нима бўлди? Эҳ, иккаласини ҳам олиб кетди-я!..»
Тилак бачаларини бир кун кўрмаса туролмасди. Дарвоқе, энди уларнинг мактаби нима бўлади, боғчаси нима бўлади? Мактаб бу ерда, боғча бу ерда — қизи ўқишга бориши зарур, ўғли боғчага. Қайнотасининг уйи шаҳарнинг бир четида. Улар — эр-хотин кундузи ишда бўлишади, уйда ҳеч ким қолмайди. Болаларни эрталаб олиб келиб, кечқурун олиб кетиш керак. Йўл эса узоқ, худо кўрсатмасин, бир кор-ҳол юз бериб… Тилакнинг юраги увушиб кетди. У ичида эзилди, пушаймон бўлди. Лекин қароридан қайтмади. Бош уриб борсанг, шунга ўрганиб қолади — кейин хотин бўладими у?!
Кечга яқин эшик қўнғироғи жиринглади. Тилак ҳовлиқиб ўрнидан турди: «Отаси! «Куёвбола-а, ўзлариям божаларига ўхшаб колибдиларми, муборак бўлсин!» деса керак…»
Чиқса — нариги подъездда турадиган қўшниси Андрейнинг паст-баланд икки қизчаси экан. — Мухаёшка дома?..
«Эиди сўрайвериб безор қилишади», деди Тилак ичида ғижиниб, эшикни қайта ёпаркан.
Ҳеч ким безор қилмади. Тўрт хонали ҳайҳотдек уйда эрталабгача тиқ этган товуш эшитилмади. Аммо бир кишигагина бу уй торлик қилар, унга ҳаво етишмаётгандек эди.
Тилак бир ўзи ётди, бир ўзи турди. Биринчи кеча!
У эрталаб соқол қираётганида кимдир эшикнинг тутқичини пастга-юқорига тортиб шиқирлатаётганини пайқаб қолди. Иягининг бир томони қирилган, бир томони кўпик, эшикка югурди; ўғлининг қўнғироқ тугмачасига қўли етмас, келганини доим шундай қилиб билдирар эди…
— Э, келсинлар, Мирзо Улуғбек!..
Рўпарадаги қўшнисининг боғчага қатнамайдиган ўғилчаси шилқ этказиб бурнини тортди:
— Явшан…
— Явшан кетган, — деди Тилак маъюс кулимсираб. — Бошқа уйга. Энди келмайди… — Бу гапни айтишга айтди-ку, хўрлиги жўшди. Ўғли Равшаннинг кечқурунлари мана шу Улуғбекка ўхшаган қўшни болаларни бошлаб келишлари, «Ойи, ада, ўртоқларим келди!» деб кичқиришлари, сўнг: «Юринглар, ўртоқлар», дея уларни шовқин-сурон билан айвончага — ўйинчоқлар бозорига олиб ўтишлари эсига тушди…
Тилак ўша куни ишдан қайтаётнб, метрода беихтиёр қизларга эътибор билан разм солди. Ёпирай, чиройлиси мунча кўп-эй! Бири биридан кўҳлик, бири биридан дилбар-а! Шу чоққача қаерда эдинг, Тилаквой, кўзинг қаёқда эди? Эрталаб шоша-пиша ишга борардинг, кечқурун бир-дунё ташвиш билан яна уйга ошиқардинг — вассалом. «Хотиним бор!» деб қизларга қиё боқиш ҳам хаёлингга келмасди, бунга вақтинг ҳам йўқ эди. Мана, эндн у кетиб қолди, бир тарсакингни кўтаролмай кетди-қолди. Суйган, суянган хотининг! Энди қайтиб келмайди: «Қўл теккизинг-чи, мени бошқа кўрармикансиз!»
Чатоқ бўлди, оғайни, чатоқ бўлди! Мана, ҳозир борасан: чироқ йўқ, файз йўқ. Уй ҳувиллаган, кўнглинг ҳувиллаган, эзгин, аламли жимлик, бир ўзинг совуқ кўрпага бурканиб, деразадан осмондаги совуқ юлдузларга термилиб тонг оттирасан. Чатоқ бўлди! Хотин ҳайдаб кўрмаган одам бунга қандай чидайди?!
Аслида, Маликани бошдан калтакка ўргатиш керакмиди? Ахир, уришга арзигулик гап қилмасди-да, қандоқ урсин? Мана энди, бир тарсакига шунча ғалва- ғавғо! Тилакнинг икки-уч ойдан бери иш столига яқинлашолмай дилтанг, эзилиб-сикилиб юрганини биларди ахир, тилини тийса, ўша гапни айтмаса, ҳеч бокиси йўқ эди: «Сиз билан яшаб бўлмайди, худо ҳаққи!» Тилакка, унинг бусиз ҳам таранг тортилиб турган асабига, қаттиқ муштига шу гапнинг ўзи кифоя қилди: «Бўлмаса, ким билан яшамоқчисан, энағар!»
Энди нима бўлади? Малика қайтиб келмаса, Тилакнинг ҳоли не кечади?
Нима бўларди — бошқасига уйланади-қўяди-да! Хотин қўйиб, хотин олаётган камми? Унинг-ку боласи иккитагина, баъзилар тўрт-беш бола билан хотинини ҳайдаб, бошқасига уйланяпти! Уйланаман десанг — кўча тўла хотин! Мана, атрофга қара, қандай нозанинлар юрибди — бири биридан кўҳлик, бири биридан дилбар! Шулардан биттасини севгину уйлан-қўй-да, Тилаквой, шунга ҳам ташвишми?!
Севгин, уйлан… Қандай севади, қандай уйланади? Севган, уйланган-ку бир марта? Яна ўшандок изтиробларда ўртанадими, яна ўшандоқ рашк ўтида қовуриладими? Жон чекмасанг, жонона қайда! Қолаверса, бошқа наъмаларга ўрганган бу замонавий барнолар Тилакнинг шикаста, бир оз «эскича» дилини тушунадими, унга тегмоққа рози бўладими? Хўп, тушунди, рози ҳам бўлди, дейлик. Аммо, ўн йил турмуш кўрган, икки гўдакнинг отаси, ўттиздан ошиб қолган одам, хотин-боласи у ёқда — кўзидан, назаридан нари, бегона бошпанада, бегона кўлларга мўлтираб юрса, у бу ёқда… қандай, қандай яшайди?!
Калласи ғовлаб кетган Тилак бу бобда хийла тажрибакор оғайниси Маратнинг ўгитларини эслади:
«Кўз очиб кўрган хотинингдан ажралишга шошилмаслик керак. Биринчи хотин — нодир имконият! Негаки, сўнг истаган пайтингда, айниқса, катта муҳаббатга учраганингда бемалол унинг жавобини бериб юборишинг мумкин. Бу бошқа масала. Агар шунчаки майл йўлига бирини кўйиб, бирига уйланишни ўйласанг, э-эй, кейин умр умр бўлмайди, тўзиб кетади одам: иккинчиси, учинчиси… Аслида эса ҳаммаси бир гўр… Эркакка биринчи хотин — кони имконият! Ана шу имкониятни қўлдан бермаслик керак, дўсти азиз! Любой ценой!»
Майли, Тилак биронтасини топсин ҳам, уйлансин ҳам, лекин у, кўнглидагидек хотин чиқади, деб ким кафолат беролади? Худонинг бир куни у ҳам қилиқ чиқарар, у ҳам жонга тегар. Мана шу Маликани илгари қандоқ яхши кўрарди! Энди эса, баъзи пайтлар уни кўргани кўзи йўқ, бошқаларнинг хотинига ҳавас қилади. Бир вақт қарасангиз, яна меҳри товланиб, «Ўзимнинг хотинимдан зўри йўқ, бунақа ювоши оламда битта!» дея ичида шукрона айтиб, ғурурланиб кетади.
Бу борада ҳам Маратнинг «фалсафа»сига суянса бўлар экан. «Оилавий турмуш, эр-хотиннинг муносабатлари — бамисоли йилнинг тўрт фасли, — дейди у, — гуллаган баҳори ҳам бор бунинг, қизириқ ёзи ҳам, сокин, осойишта кузию совуқ, изғиринли қиши ҳам бор. Шуларга бардошли бўлмасанг, яшаб кетишинг гумон, бўталоқ. Ахир, илмда ҳам исботланган: оилавий турмушнинг энг қалтис даври — дастлабки ойлар, кейин учинчи йил, еттинчи ва тўққизинчи йиллар; хотинга талоқ айтиш кўпинча ана шу кезларга тўғри келар экан. Буям бояги гапнинг ўзи. Шулардан эсон-омон ўтиб олдингми, қўша қаридим, деявер! Истиснолар ўз йўлига…»
«Бизники ўн йилдан ошяпти-ку?! — деди Тилак ичида, хўрсиниб. — Истиснога кирарканмиз-да? Ёки ҳозир ўша Марат айтган «совуқ, изғиринли қиши» келдимикан? Баҳори қачон келади, баҳори?!»
Ҳар нечук, бу — «бошидан ўтказган табиб»нинг гаплари, ҳақ гаплар, ишонмоқ даркор. Маратнинг ўзи икки марта уйланган, икковидан ҳам биттадан боласи бор — ўғилчалари. Кейинги хотини билан уч ойми-тўрт ой турди-ю, айниди, уйдан чиқиб кетди. Ҳозир устахонасида ётиб юради; ўзи айтмоқчи, «ҳам макони, ҳам кони шу — кундузи йигирманчи аср шедеврларини яратиш билан банд, кечаси — умри ғафлат билан». Бир қарасанг — қўлида тўрхалта, ғамхўр эр, ғамхўр отага айланиб, биринчи хотинининг олдига ошиқаётган бўлади, бир қарасанг — «тарки дунё айлаб», кечаю кундуз устахонасига қамалиб олади: соқоллари ўсган, кўзлари киртайган, дарвешнамо, сени кўриб: «Туғён, дўсти азиз, ҳамон ўша туғён!» дея хитоб қилади.
Маратнинг ҳар бир янги асари санъат оламида қарама-қарши фикрларга, шов-шувларга сабаб бўларди. Бироқ, кейинги уч-тўрт йилдан берн у гўё узлатда, ҳеч нарсасини кўргазмага қўймас, ўзининг айтишича, «Асрим туғёни» деган катта бир туркум устида ишламокда эди. «Шуни битказсам, ксйин кўрасан — «Марат Қурбонов! Марат Қурбонов!» Асосий иш орасида у баъзан майда чуйда буюртмаларни ҳам бажариб турар, ҳақини олган куни Ҳотами Той тўнини кияр, танишу нотаниш — барчани устахопаси тагидаги ертўлага — хосхонасига тўплаб, базми жамшид уюштирар, грузин дўсти совға қилган мугуз қадаҳни давра айлантириб, турли-туман қўлбола курсичаларда тизилишиб ўтирган меҳмону мухлисларини тонггача мусаллас билан сийлар эди. Тонггача ичилади, ертўлани тутунга кўмиб чекилади, тонггача япон магнитофонидан нодир куй-қўшиқлар янграб туради, тонггача ўзаро мадҳ-сано ўқилади, бақириб-чақириб баҳслашилади, гоҳо жанжаллашилади. Тонгда эса, «ерости мулкининг султони» бошини қаттиқ бир силкиб оладию дафъатан ҳушёр тортгандек, марҳаматига якун ясайди; «Жаноблар, Марат ибн Қурбонни улуғ ишлар кутмоқда! Янаги базмгача!» Сўнг ҳамма билан бир-бир ўпишиб хайрлашади-да, тутун босган, хаёлий шаҳарчага ўхшаш хосхонасида, «севимли инсонлари» — ҳайкалчалари орасида ёлғиз қолади. Яна — туғён, туғён!..
Тилак у билан тасодифан — Самарқанддан, илмий сессиядан қайтаётиб автобусда танишган эди. Аввалига, қорачадан келган, уккикўз, серҳаракат, серҳаяжон бу йигит ҳадеб тикилавериб уни безор қилди, кейин — танишишгач, нотабиий қилиқлари биланми, осмонни — чексиз коинотдаги атмосфера қатламларидан иборат қопқа, юлдузни — ўзидан нур чиқарувчи жўнгина сайёра, юракни эса — қон ҳайдовчи оддий аъзо деб тушунадиган аниқ фан вакилига хийла эриш туюладиган баландпарвоз гап-сўзлари, аҳмоқона саволлари биланми, ғашига тегди. У Тилакнинг чуқур ботган қўзларию чўзинчоқ энгагига, бўртиб чиққан ёноғию ҳуснбузар из қолдирган чўтирнамо юзига диққат билан тикиларкан, дам-бадам: «О-о, гениально! Рембрандт кўрсайди сизни!» деб хитоб қиларди. Ўзини хунук, кўримсиз дея ўкиниб юрадиган одамдан олам-жаҳон малоҳат топиб, уни бирпасда жуда кўркам, ҳатто жозибалига чиқарди-қўйди. Хайрлашаётиб: «Албатта кўришайлик, келинг», дея қаттиқ тайинлади, адрес алмашди. Бир оқшом ўша тарафга йўли тушган Тилак шунчаки қизиқсиниб уникига кирди. Кирди, бир-икки соат суҳбатлашиб ўтирди-ю, дарвишсифат бу йигитни яхши кўриб қолди. Кейин, қўли бўшади дегунча, у ерга ошиқадиган, Маратнинг узундан-узок ваъзларини жимгина тинглаб, тилсиз, лекин жонлидек кўринадиган ҳайкалчаларни соатлаб томоша қилиб ўтирадиган бўлди. Ҳайкалчалар ижодкори Тилакнинг инсоний фазилатларини ҳам кашф этиб, уни «Менинг буюк индамасим» деб атай бошлади; «Сиз билан суҳбатлашишни яхши кўраман, дўсти азиз, одамни тинглай биласиз, бу — ноёб фазилат! Бизлар сиздан кўп нарса ўрганишимиз керак!» Тилак ўзининг камгап, тортинчоқлигини биларди, аммо бунинг фазилат эканини Маратдан эшитди.
Энди ҳайкалтарош ошнаси ҳар замонда — кўпинча базм берадиган кунлари қўнғироқ қилиб қолади: «Ўша буюк нутқларини би-ир эшитиш орзумиз бор эди…» Тилакнинг, «буюк нутқи» — «сеҳрли мугуз» кароматидан ҳамма бараварига донолик бошлаганда Маратнинг гапларига жимгина қулоқ тутиб ўтиришдангина иборат.

Тилак уйи олдига етиб, илинж билан деразаларига кўз тикди: йўқ, келмабди! Келмайди. «Маратнинг олдига борсам бўларкан, — деб ўйлади. — Бундай пайтда одамга ягона юпанч — ўшанақа гўшаю Маратдек дилкушо ҳамдард».
Қорни оч эди, холодильникдан тузукроқ нарса тополмади. Айвончада турган кастрюлда қовурилган гўшт борлиги эсига тушиб, суюниб кетди. Наридан-бери қорин тўйдиргач, телевизор кўргиси ҳам келмай, дилғаш бўлиб, аввали оқшомданоқ тўшакка кирди.
Шу тариқа Тилакнинг сўққабош кунлари бошланди. Тун бўйи тўшакда тўлғаниб чиқади, тонгга яқин ухлаб қолади, кейин шоша-пиша туриб, оч-наҳор ишга жўнайди, кечқурун қайтиб, айвончадаги кастрюлга караб чопади. Қовурдоқнинг ҳам таги кўриниб қоляпти…
Тилак ҳар кеча саҳарроқ уйғониб, айвонча деразасидан қарашни дилига тугиб ётар, аммо ҳар эрта ғафлатда қолар эди. У болаларини соғинган, дераза орқали бўлса-да, уларни ва албатта хотинини ҳам бир кўриб олмоқчи эди. Ўзича тасаввур қиларди: сумкасини кифтига осиб олган Малика ҳар эрта шу ердан икки боласини етаклаб ўтади, бирини мактабга, бирини боғчага кузатаркан, сездирмайгина деразага ҳам қараб олади, ичида оҳ тортса, ўкинса ҳам керак, болалари-ку қулчаларини чўзиб, «Ана, уйимиз! Ана, уйимиз!» дея чуғурлашиши турган гап. Одатдагидек, хизматдан кечроқ қайтадиган Тилак болаларини яна кўролмай доғда қолади, келиб коронғи деразаларга боқаркан, ўртаниб кетади.
У, айниқса, ҳордиқ кунларини азоб билан ўтказарди. Телевизор томоша қилиб зерикади, китоб ўқиб сиқилади. Иш столига яқин бориш-ку — армон, кўҳна армони. Диванда чўзилиб ётаверади. Тиқ этса эшикка қарайди: зора қайнотасининг мардлиги қўзиб қизини етаклаб келиб қолса! Қайнотасини билади, турмушнинг паст-баландидан хабардор, яхши одам, қизини унатишга урингани аниқ, лекин Малика кўнмаган, Малика! Тилакнинг бош уриб боришидан умидвор у, шуни кутяпти! Бориб бўпти! Тўғри, бир-икки марта чоғланди ҳам, аммо кейин ўзича мулоҳаза қилди: борса, ўша кунлар, иссиғида бориш лозим эди, энди эса, орадан шунча кун ўтгач — ноқулай, гуноҳи янада ошади, баттар бўлади.
Унда ўртага кимни вакил қилсин? Унинг номидан борадиган дилсўз дўсти борми? Нима деб ўтинади ундан? Кўнадими у? Сирини элга ёймайдими? Ким у, ким?.. Шундай пайтда бирор кимса йўқлаб келса кошки эди. Ҳатто, илгари кўнғироқни жиринглатавериб безор қиладиган қўшни болалар ҳам ниманидир сезгандек йўламай қўйишди…
Кун ўтган сайин Тилак ёлғизликка кўника бошлади. Аммо шуни англаб етдики, у ёлғиз яшаёлмас экан, яшаса — хор бўлади, хароб бўлади! Энди уйга шарпадек кириб, шарпадек чиқар, ҳеч нимага парво қилмас, ҳеч нимага қарамас эди. Фақат бир нарсани пайқаб қолди: у йўғида кимдир уйга кириб-чиқяпти. Кимлигини ўтган куни, ишга жўнаш олдидаи ошхонага ўтганида фаҳмлади. Сиқилганиданми, кейинги кунларда кўпроқ чекиб, эрталаблари бўғзи ачишиб уйғонар, шунинг учун кетаётиб, чўнтагига бир-икки дона обаки конфет солиб олар эди. Қараса — холодильникнинг устида турган мевадон қуп-қуруқ. Қизи! У дарсдан сўнг қўшимча машғулотга ҳам қолиб, уйга ёлғиз келар, шу сабабли Малика битта калитни унга бериб қўйган, бўйнига тумордек осиб юрар эди. Демак… Бирдан кўнгли ёришиб, ўзича кулимсираб қўйди Тилак. Ўша кўни ишдан қайтишида гастрономга кириб, бирваракай уч кило обаки харид қилди-да, уйга олиб келиб мевадонни тўлдириб қўйди: оёғини узмасин!
Кеча кечқурун келса — эшик очиқ! «Ҳаҳ шайтон, киришга кирибсану, эшикни кулфлаб кетишни унутибсан-да!» деди ичида қизини койиб. Остонага қадам қўйгач эса, баттар ҳайрати ошди: пойгакдаги, ҳар пойига тахмннан иккитадан оёқ сиғадиган бесўнақай ботинкаларга кўзи тушди. «Қайнотам бунақасини киймасди-ку!» дея иккиланиб турганида ён эшик очилиб, пойабзалнинг эгаси ҳам кўринди. Новча, хушбичим, жингалаксоч йигитча — жияни, Хуррам.
—Ҳа? — деди Тилак шошиб. — Эшикни қандай очдинг?..
— Муҳайёнгиз чиқиб кетаётган экан… — деди Хуррам хижолатомуз илжайиб. — Мен боя келиб эдим.
«Ҳмм», деганча илжайишга тиришди Тилак ҳам, сўнг бирдан қовоғи уюлди, ташвишга тушди. «Ҳозир сўрайди… Нима дейман?»
Хуррам индамади, яна илжайибгина қўйди.
У катта хонада телевизор томоша қилиб ўтирган экан. Тилак унинг ёнига — диванга чўкаркан, сўради:
— Бирор нарса еб олдингми?
— Қорним тўк, — деб жавоб берди Хуррам, кейин одатича тараддудланди: — Сизники-чи?
— Очроқ эди, нима қиламиз?
— Бирор нарса пишириб берайми?
— Ёмон бўлмасди, — деди Тилак жиянига меҳри товланиб. Сўнг унинг кетидан ошхона томон юраркан, ажабландн: «Нега сўрамаяпти бу? Муҳайёдан ҳаммасини билиб олганмикан ё? Барибир, кўнглимга бориб бир оғиз сўраши лозим эди. Жияним, жигарим, бунга айтмасам, кимга айтардим дардимни? Мабодо, сўраганида нима деб жавоб қилардим, нима деб?! Нимадан бошланган эди ўзи?..»
Тилак кўрсатма бериб турди, Хуррам қовурдоқнинг қолганини қозонга босиб, кўз очиб юмгунча қулинг ўргилсин бир таом тайёрлади. Кеч бўлгани учун дўконга чиқиб юрмай, устини сал пўпанак босган гижда нонни бир зумгина газга тутдию тандирдан янги узилгандек қилиб дастурхонга қўйди. Тилак жиянининг ҳаракатларини ҳавас билан кузатаркан, унинг ҳафсаласига, фаросатию кордонлигига қойил қолди, ичида ўзини койиди: «Нега шунча кундан бери бирон марта қозон қайнатмадим? Қўлимдан келмасмиди шу ишлар? Маликага роса ўлигимни ташлаб олган эканман-да…»
Ўзига ўхшаган камгап, лекин ўта сипо, мўминтой бу жиянини Тилак яхши кўрарди. Хуррам ҳар ҳафта — ўн кунда хабар олиб турар, у келганда эр-хотин баравар-бирдай қувонишар эди. Ўз уйидек бўлиб қолган бу хонадонга у ҳар гал ҳам негадир алланечук тортиниб-қимтиниб қадам қўяр, эшикни очган Маликага шоша-пиша, гуноҳкорона оҳангда: «Акам билан гурунглашгани келдим», дер эди. Аммо келган заҳоти ўзини майда-чуйда рўзғор юмушларига урар ёки янгаси овқат тайёрлагунча жиянчаларини ҳовлида ўйнатиб юрар эди. Болаларнинг ҳам жони-дили, уни кўрса, иккаласи баравар қийқиришади: «Хуррам акам, Хуррам акам!» Хуррам дарров чўнтак кавлаб, уларга бир донадан сақич-конфет улашади. Уй эгаси эринган ишларни — хоҳ эшикнинг қулфини созлаш бўлсин, хоҳ дазмол тузатиш бўлсин, у шундай дид, шундай устакорлик билан бенуқсон бажарадики, унинг бошида турган Тилак беихтиёр тан бериб: «Кўнглимсан-да, жиян!» деб юборади. Кейин, чурқ этмай, гумгурс ўтириб бирпас телевизор томоша қилади-да, иши кўплигини айтиб, жўнаб қолади. Ўзидек индамас акаси билан қилган «гурунги» шу.
Маликанинг айтишича, Хуррам отасиз ўксик ўсгани учун ана шундай жонсарак, оёқ-қўлли. Она ишда ойланинг тўнғичи сифатида укаларига ўзи қараб ўрганган. Тақдирнинг тақозоси билан Тилакнинг тоғаси тўрт болали хотинини қўйиб, бошқа оила қуриб кетган эди. Ўзига бардам, болаларига мунтазам бўлишиб туради-ку, лекин пул — пул, ота — ота!
Хуррам кечкида ўқийди, кундузи заводда ишлайди. У мана шу ерда, Тилакнинг уйида туриб ўқишга жойлашган. Биринчи йили конкурсдан ўтолмади. Иккинчи йили эса изидан отаси етиб келди. «Жиян,— деди у айвончада Тилакка илтижо билан термилиб, — биласан, тўнғичим, ўкқикмаса бўлмайди. Кетидан укаларини эргаштириши керак-да. Бир иложини қил, қанча керак бўлса — бор!» Тилак тоғасининг соддалигидан кулиб қўйди, лекин индамади. Ичкарида имтиҳонга тайёрланиб ўтирган Хуррам бу гапни эшитиб қолган экан, кечқурун дабдурустдан уйга кетишга отланди. Ҳай-ҳайлаб зўрға олиб қолишди. «Бўлмаса, отамга айтинг, — деди у Тилакка даҳлизда, — менинг ўқишимга аралашмасинлар!» Эртаси куни отаси жўнаганда у тузукроқ хайрлашмади ҳам.
Шу-шу, Тилак бу — кўнгли ярим, аммо кўкси баланд болани яхши кўриб қолди.
Овқатдан сўнг тоғаваччалар одатдагидек «гурунг» қилиб бир муддат телевизор кўришди-да, ётиш ҳозирлигига тушишди.
«Тавба, нимага бу бир оғиз сўз сўрамайди-я?! » деди ичида Тилак, тоқати тоқ бўлиб. Негадир бирдан шу болага, уни худодек бенуқсон деб биладиган мана шу йигитчага, ҳали бир кимсага сездирмаган дардларини айтиб, ҳасрат қилгиси келиб кетди. Гўё оламда унинг дардини тушунадиган, унинг дардига малҳам бўладиган ягона зот шу эди.
Бироқ, Хуррам девор томонга ўгирилди-ю, пишиллаганча ухлади-қолди.
Тилак эрталаб уйғониб, боши устида ётган бир варақ қоғозга кўзи тушди.
«Ака, мен кетдим. Чойингиз — ошхонада. Бугун келолмасам керак, ишларим бор. Эртага хабар оларман».
«Эртага хабар олармиш!.. — деди ўз-ўзидан аччиқланиб Тилак. — Ақалли кўнгил учун бир оғиз: «Нима бўлди?» деб сўрамади-я, хумпар!»
Эртага Маликанинг кетиб қолганига уч ҳафта бўлади — йигирма бир кун!..
Тилак ишдан кейин уйга қайтгиси келмай, бир нафас боши қотиб ўтирди-да, Маратнинг устахонасига қўнғироқ қилди. Унинг овозини эшитган ҳайкалтарош оғайниси шодон ҳайқириб юборди:
— Э, бўталоқ, бормисан оламда? Ке, келавер. Нутқингни соғинганман!

Тилак, ҳамма ёғи лой-гил, ивирсиқ устахона ўртасида, баланд тўгарак столда қоя янглиғ қўққайган, устига чодир тортиб кўйилган ҳали чала ҳайкални айланиб ўтди-да, бурчакдаги, ертўлага олиб тушувчи зинапоя тепасида чўнқайди, унинг деворга суяб қўйилган тунукабанд эшигини бармоғи билан оҳиста чертди. Марат ўша заҳоти овоз берди:
— Марҳамат, марҳамат! — Кейин кимгадир уқтирди: — Ана, кўрдингизми, оғиз очгани ҳам эринади, дедим-ку! Икковингларни битта жойта ўтқазиб томоша қиладиган! — Тик зинадан авайлабгина тушаётган Тилакка қараб хитоб этди: —Физикларга саломлар!..
У яланг, чипор «телняшка» устидан чарм нимча кийиб олган, соқоллари ҳар доимгидек ўсиқ, пойгакдаги коп-қора чойдишдан чойнакка обжўш қуймоқда эди Тўрда, «ерроти мулки султони»нинг ўзи ёхуд унинг энг азиз меҳмонигина ўтирадиган айланма, кенг-мўл хос креслода эса, ертўлани ўн тўрт кунлик ой мисол ёритиб, чақмоқ телпак кийган, ўзи ҳам чақмоқдек бир пари-пайкар ўтирарди.
Марат қўлларики ёнига арта-арта келиб Тилак билан қучоқлашаркан, елкаси оша қизга уни «Туғён»имнинг қаҳрамонларидан!» дея, одати бўйича, нақ Ньютонга тенглаштириб таърифлади, сўнг унга ўгирилиб қизни таништирди:
— Ира, Иродахон! Дарвишкалардан! Рассом! Расмлари ҳам ўзидек гўзал!..
Қиз навозиш билан жойидан туриб, Тилакка қўл берди ва сезилар-сезилмас жилмайганча бош силкиб қўйди:
— Ирода.
Тилак пальтоси қўйнидан олган шишани ўртадаги пастак столчада қалашиб турган «биродарлари» сафига қўшди-да, бир вақтлар ўзи ҳам ўтириш шарафига муяссар бўлган хос креслога рўбарў кўлбола курсига чўкди, Маратга юзланиб ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
—Ҳамон «Туғён», дўсти азиз, ҳамон ўша «Туғён»! — деди Марат тик турганча столга энгашиб шишалардан бирини қўлига оларкан. Сўнг, дастурхондаги бор неъмати — ярим буханка қора нон, тўрт-беш паррак пишлоқ, бўлакланган тахта шоколад ва сочилиб ётган қурутларга ишора қилди: — Қани, олға!
Биринчи қадаҳ олдидан у одатдагидек узундан-узоқ алёр айтди.
Тилак кўлидаги чўзинчоқ қадаҳни столга қўйиб, афтини буриштирганча қурут шимаркан, рўпарасидаги нозанинга қарашдан, тўғрироғи, қараса — кўзи қамашишидан кўрққандек, беихтиёр бу антиқа ертўлага разм солди.
Хосхона ҳамон ўша-ўша: деворларига турли-туман сурату ҳайкалчалар осиб ташланган, тўрдаги чимилдиққа монанд парда ярим очиқ, орқасида энли каравотнинг бош томони кўринади, юқорида китоб қалаштирилган мўъжазгина жавон, берироқда — радиола устида магнитофон… Ертўланинг шифтига тухумдан бўшаган бўртма картонлар ажиб бир дид билан коқилган бўлиб, санъат кошоналарини эсга солардн. Биринчи марта келганида буни кўриб Тилак чинакамига ҳайратга тушган, Маратнинг устакорлигига ичида таҳсин айтган эди.
Мезбон иккинчи қадаҳ сўзини қизга берди. Қиз «Сиз учун, сиз учун», дея йигитларга тезгина бир-бир қараб олди-да, қўлидагини маҳтал қилмай ичиб юборди. Бу — унинг шу ўтиришда Тилак эшитган ягона гапи, ягона калимаси бўлди. У хосхонада сероб ҳайкалчалар билан баҳс бойлашгандек қимир этмай қотиб ўтирар, Маратдан нигоҳ узмас, «А-ҳа», «И-ҳм», — дебгина унинг гапларини маъқуллаган каби билинар-билинмас бош ирғаб қўяр, ўқтин-ўқтин негадир Тилакнинг ортидаги деворга қараб, сўнг унга бир кўз ташлаб олар эди.
Марат навбатдаги қадаҳни қўлига оларкан, Тилакка юзланиб:
— Сенга сўз йўқ, бўталоғим, хафа бўлмайсан, сенинг нутқинг менга маълум! —деди-да, унинг ўрнига ҳам ўзи алёр айта кетди. Аммо бу — алёр эмас, «Туғён»ию қўли бодга чалиниб, иши юришмаётганидан шикоят, ҳасрат эди. У бир вақт Тилакнинг ҳар тарафга аланглаб ўтирганини пайқаб, гапдан тўхтади, қўлларини кўксига хижолатомуз қовуштириб ўтинди: — Қаёққа қарасанг — ихтиёринг, фақат орқангга қарама, илтимос!
Тилак орқасига қаради, қарадию ҳаммасига тушунди: токчадаги тик, шиддатвор боқиб турган азамат ҳайкалнинг бир қўли йўқ эди. Бу — унинг ҳайкали эди! Марат уни дастлаб танишган кезлари ганчдан йўнган бўлиб, бир нусхасини ўзига совға қилган.
«Қўлим синибди… — деди Тилак борлиғи зирқираб, — синган… Нимадан бошланган эди ўзи?.. »
— Кеча «гений» курғур кайф қилиб колди, ўтаётиб туртиб кетибди, — деди Марат ҳамон кафтларини кўксидан олмай. — Қайғурма, оғайни, эртагаёқ кўлингни соғайтириб қўямиз!
«Гений» дегани илк асарлари биланоқ тилга тушган ёш рассом эканини Тилак биларди. Бир галги базмда Марат уни даврадагиларга пича кўпиртириб мақтаганида, маст бўлиб қолган ёш истеъдод бунга чиппа-чин ишонибми, бошини деворга урганча: «Генийман-да, генийман, нима қилай?» дея «қисматидан зорланиб» роса ўкирган эди.
Марат Тилакни чалғитиб, кайфиятини кўтармоқчи бўлдими, «Эшитинглар, менинг янги туғёним, менинг янги фиғоним», дея узалган кўйи магнитофон тугмачасини босди. Ҳазин бир наво, унинг кетидан мунгли бир нидо таралди. Сўнг бу навою нидо ертўлага сиғмай, зиналардан ҳатлай-ҳатлай фарёд чекканча рўйи заминга талпинди… Қўшиқ баробари Марат ўйчан овозда жувонмарг кетган афғон хонандасининг фожиона қисматидан сўзлай бошлади. Лекин оч қоринга хийла ичиб қўйган Тилак ҳозир бундай хаёлий ҳам ҳавойидек туюладиган ажиб даврада эканидан фавқулодда шод эди, беармон эди; ўзини оппоқ булутлар оғушида тебранаётгандек ҳис этарди. Ёнида — қадрдон, дардкаш дўсти, рўпарасида — тангри ўзигами деб яратган бир фаришта, оҳанглар қанотида парвоз қилмоқда… Қўшиқ тугагач, айтилаётган ҳар бир сўзни ютиб юборгудек бўлиб сеҳрланиб ўтирган қизга, сўнг тинмай вайсаётган Маратнинг ўзига қаради, бирдан феъли бузилди.
Тайёру интизор бир қулоқ ёнингда экан, Тилакни чақириб нима қилардинг, нодон! Қара, манов санам бор вужуди билан сенга талпиниб ўтирибди, бор вужуди сеники! Вайсашни қўйиб, уни бағрингга олсанг, тўйиб-тўйиб қучсанг, ўпсанг-чи! Дунё икки кунлик, галварс, икки кунлик! Сену мен учун эса, бир куни ўтди, ўтди…
Марат бояги қўшиқни қайтадан кўйди. Қайтадан… Сармаст Тилак беихтиёр кўзларини юмиб олди… Оппоқ гуллаган олчазор… Гуллар қорга айланиб ёғмоқда, қорлар гулга айланиб… Олчазор оралаб қочиб бораётган қиз сенинг бахтинг, сенинг тақдиринг! Сен уни энтикиб-энтикиб қувлайсан, у оҳудек ҳуркиб-ҳуркиб қочади, етай-етай деганингда гуллар ичра кўринмай, гулларга айланиб кетади, кейин қаердандир яна қиқирлаб кулгани эшитилади, кулгисидан дув этиб оппоқ қор, йўқ-йўқ, оппоқ гуллар тўкилади, оппоқ гуллар — дувв… Уми деб гулларни қучоқлайсан, гулларми деб уни… Бир куни у жонингга тегади, ундан безасан, унга бақирасан, уни урасан!.. Шунда у шартта бўйнингга осилиб олса, шунда сен шартта унинг қаршисига тиз чўкиб этагини, қўлларини тавоф қилсанг, тавоф қилсангу йиғлаб юборсанг, у ҳам сенга қўшилиб йиғласа, йиғласа-ю, нимага йиғлаётганини билмаса — у ҳам, сен ҳам…
— Эй, хайрлашмайсанми, маликамиз бизни тарк этяпти!..
— Малика?! — Тилак чўчиб кўзини очди-ю, рўпарасида сумкачасини елкасига ташлаб, хиёл жилмайганча унга қўл чўзиб турган Малика… йўқ, бояги паривашни кўрди. Ирғиб жойидан турди…
Қиз кетгач, ертўла яна… ертўлага айланиб қолди.
Марат уни кузатиб қайтганида Тилак пальтосини кийиб, бўйнига шарфини ўрамоқда эди.
— Шу қиз сени яхши кўради, жўра, — деди у ҳаяжон билан. — Уйлан шунга!
— Уйланардиму, барибир ажрашишга тўғри келади-да, оғайни! — деди Марат хўрсиниб. — Билсанг, менинг биринчи ва сўнгги муҳаббатим — ўша, биринчи хотиним…
Тилак ўзи ҳам кутмаганда алам билан пичирлади:
— Мен эса ажрашяпман…
— Ие, ростданми? Табриклаймиз!— дея ҳазилга олди Марат. — Бўлмаса, нега жўнаяпсан? Қола кол шу ерда, бўйдоқлик гаштини бирга сурамиз!
— Й-ўқ, бормасам бўлмайди.
— Унақада боя анов жонон билан кетсанг бўларкан. Қузатиб қўярдинг, балки опкетармидинг…
Унинг гапи оғзида қолди, қаттиқ зарбдан гандираклаб кетди.
— Мараз!..
Марат: «Эй, эсинг жойидами, бу нима қилганинг?» деганча иягини чангаллаб қолди. Тилак тик зинадан бир ҳатлаб, ўзини оппоқ чаманда кўрди: ташқарида гупиллатиб қор урарди. У пальтоси ёқаларини кўтариб, жадал юрганча катта кўчага етганда «қорбобо»га айланиб улгурган эди. Йўлнинг ўртасига чиқиб, икки тарафидан ўтаётган машиналарга баравар қўл силкий бошлади.
Унинг шашти баланд, ҳозироқ бориб уйидаги ҳайкални деразадан улоқтирмоқчи!
…Уйга келгунча ўзини анча босиб олган Тилак эшигига калит солмоққа чоғланган эдики, эшик ўз-ўзидан очилиб кетди. «Хаҳ, касофат, очиқ қолдирибди-да!»
У очликдан кўнгли озиб бораётганини сезди, кийимини ҳам ечмай ошхонага қараб юрди.
Ошхонанн кимдир супуриб-сидириб, ҳамма ёғини саранжомлаган эди. Ойнадек ялтираб турган столдаги алланиманинг устига озода қилиб сочиқча ҳам ташлаб қўйилган. Ақли шошган Тилак сочиқни аста кўтарди. Тўрт дона печенье, икки дона обаки, бир бурда қотган нон — кечаги, чойнак-пиёла. Ҳаммаси боғчадагидек бир тартибда жойлаштирилган Чойнакка қўл тегизган эди, бармоқлари куяй деди. Саросимада срқасига қайтиб, хоналарга бир-бир бош суқа бошлади: «Хурраммикан? Бугун келмайман, деган эди-ку?!»
Ўзининг бўлмасида чироқ кўринди. Эшикни очдию остонада қотиб қолди: ўрнида муштдеккина бўлиб қизчаси ухлаб ётарди…
Тилак шу алфоз қанча турганини билмайди. Бир маҳал аста бориб каравотнинг бошига тиз чўкди, кифтига секингина туртиб қизчасини уйғотмоқчи бўлди. Қизчаси бир ингранди-да, у ёнига ўгирилиб олди. …Эртага чошгоҳ пайти эшик кўнғироғи жиринглайди. Тилак чикиб, остонада хижолатомуз илжайиб турган Хуррамни кўради. Ёнида ўғилчаси Равшан, у кимнингдир қўлидан ушлаб бу ёққа тортқиламоқда. «Ака-а…» дея айбдор каби бошини эгиб оладн Хуррам. У ортиқ гап айтмайди, айтолмади, фақат: «Ака-а…» У камгап, Тилакнинг ўзидек камгап, Тилакнинг ўзидек мағрур, бош эгишни билмайди — жияни-да! Аммо у бугун деярли бир соатнинг ичида, мана, иккинчи кишига бош эгиши, иккинчи кишига ялиниши…
Тилак, ҳар қанча уринмасин, хотини билан бўлган можаро нимадан чиққанини эслолмагани каби, ҳозирча буларни ҳам билмайди — у ҳозир қизчасини уйғотолмай овора…

Қизчасини уйғотиб, нимани сўрайди?
Қизчаси уйғониб, дадасига нима дейди?
Буни ҳозирча биз ҳам билмаймиз.

1981