Эрнест Хемингуэй. Қотиллар (ҳикоя)

Генри тамаддихонасининг эшиги очилди. Иккита одам кириб пештахта ёнига қўйилган стулларга ўтиришди.
– Нима истайдилар? – деб сўради Жорж.
– Ўзим ҳам билмайман, – деди улардан биттаси. – Эл, сен нима хоҳлайсан?
– Билмайман, – дея жавоб қилди Эл. – Нима олишгаям ҳайронман.
Кўчада қоронғилик қуюқлашгач, дераза ортидаги фонус ёнди. Ҳозиргина кириб келган кимсалар таомномани кўздан кечиришарди. Пештахта кунжагида турган Ник Адамс улардан кўз узмасди. Улар емакхонага кириб келишганда у ўша ерда Жорж билан гаплашиб турган эди.
– Менга олма қайласи ва картошка бўтқаси билан дудланган чўчқа гўшти берақол, – деди биринчиси.
– Дудланган гўшт тайёр эмас ҳали.
– Таомномада нима қилиб турибди тайёр бўлмаса?
– Кечки овқатнинг рўйхати бу, – деб изоҳ берди Жорж. – Олтига тайёр бўлади.
Жорж пештахта тепасидаги осма соатга қаради.
– Энди беш бўпти.
– Қара яхшилаб, бешдан йигирмата ўтибди, – деди иккинчиси.
– Соатимиз йигирма дақиқа олдинда.
– Минг лаънат ўша соатингга, – деди биринчиси. – Ейишга бошқа ниманг бор?
– Ҳар хил бутербродлар бор, – деди Жорж. – Қуймоқли дудланган чўчқа гўшти, қоврилган буйрак, бифштекслар…
– Бўлмаса, менга оқ қайлали товуққа яшил нўхат билан картошка бўтқаси қўшиб келтирақол.
– Буям олтидан бошлаб.
– Нима сўрасам – ҳаммаси олтидан кейин… Қоидаларингдан ўргилдим сенларнинг.
– Қоврилган тухум билан дудланган гўшт олинг, тухумга ийлаб қоврилган биқин гўшти ҳам бор, буйрак…
– Бўпти, тухум билан қоврилган гўшт олиб кел, – деди Эл. Унинг бошида декчасимон телпак, эгнига томоғига қадар тугмаланган қора пальто кийиб олганди. Юзи этсиз, рангпаргина, лабларини қимтиб ўтирарди. Қўлида қўлқоп, бўйнида ипак шарф.
– Менга бўлса, қоврилган тухум билан дудланган чўчқа ёғи, – деди бошқаси. Иккови ҳам бир хилда бўйчан, афти-башараси ўхшамаса ҳам бир хилда кийиниб олишган, шунинг учунми, бир-бирига ўхшашар, икковининг ҳам эгнида тор, узун пальто. Улар пештахтага тирсакларини қўйиб хиёл олдинга эгилганча ўтиришарди.
– Ичишга борми бирон нима? – деб сўради Эл.
– Лимонад, қаҳва, газли сув.
– Ичишга, деб сўраяпман.
– Шу айтганларим бор холос.
– Жуда дилкушо шаҳарча эканми, Эл? – деди бошқаси. – Айтганча, номи нима шаҳарчаларингнинг?
– Саммит.
– Эшитганмисан ҳеч, Макс? – деб сўради Эл.
– Йўқ.
– Кечки пайтларда нима қилишади бу ернинг одамлари? – деб сўради Эл.
– Овқатланишади, – деди Макс. – Ҳаммалари бу ерга келиб донғи кетган тансиқ таомлардан ейишади, нима қилишарди бошқа.
– Тўғри топдингиз, – деди Жорж.
– Сенингча, мен топдимми? – сўради Эл.
– Ҳа.
– Эс-ҳушинг жойида экан сенинг.
– Эҳтимол.
– Ёлғонни ҳам дўндирар экансан-а? – деди Макс. – Ёлғон гапираяпти-ю, Эл?
– Галварс у, – деди бунга жавобан Эл. У Никка юзланди. – Исминг нима сенинг?
– Ник Адамс.
– Буниси наригисидан ҳам бало-ку, – деди Эл. – Нима дединг, Макс?
– Бу шаҳарда тоза йиғилишган экан-да! – деди Макс.
Жорж иккита тақсимчада овқат келтирди, биттасида тухум билан қоврилган дудланган гўшт ва иккинчиси тухумда ийлаб қоврилган чўчқа ёғи. Кейин уларнинг ёнига икки кишилик қилиб сузилган картошка бўтқасини келтириб қўйди-да, ошхона дарчасини қарсиллатиб ёпди.
– Сиз нима сўрагандингиз? – дея сўради Элдан.
– Эсингдан чиқиб қолдими нималиги?
– Қуймоқли дудланган гўшт.
– Ақли бало демабмидим?! – деди Макс. У ўтирган жойида чўзилиб тақсимчани олди. Иккови қўлқопини ечмасдан ейишга тушди. Жорж уларнинг овқат ейишини кузатиб турди.
– Нега бақрайиб қолдинг? – Макс Жоржга ўгирилди.
– Шундай ўзим.
– Шундай, қанақа шундай, нега бунақа қараб қолдинг деяпман, гапир.
Жорж кулиб юборди.
– Кулма бунақа, – деди унга Макс. – Кўриб қолдингми, куласан?
– Хўп бўпти, кулмасам кулмабман, – деди Жорж.
– Эшитдингми, Эл? Бир оғиз гапимни қайтармади-я! – Макс Элга қаради. – Зўр-а!
– Калласи жойида, – деди Эл.
Улар яна овқатланишни давом эттиришди.
– Наригисининг исми нима экан? – деб сўради Эл Максдан.
– Ҳозир биламиз-да, – деди Макс ва баланд овозда чақирди: – Ҳой, ақли расо! Қани, пештахта ортига ўтиб ошнангни ёнига бориб тур-чи.
– Нима бўлди? – деб сўради Ник.
– Ҳеч нима бўлгани йўқ.
– Қани, бўл, бўлақол тезроқ, – деди Эл. Ник пештахтанинг орқасига ўтди.
– Нима гап, нима бўлди? – деб сўради Жорж.
– Ишинг бўлмасин сенинг, – дея жавоб қилди Эл. – Ичкарида, ошхонада ким бор яна?
– Ҳабаш бор.
– Қанақа ҳабаш?
– Ошпаз.
– Чақир уни бу ёққа.
– Нима қиласиз?
– Чақир деяпман, сенга!
– Қаерда эканингизни биласизми?
– Сендан яхши биламан, – деди Макс дегани. – Ҳали эсимизни еб қўйганимиз йўқ, хавотир олма!
– Гапларингдан шунақага ўхшаяпмиз, шекилли, – деди Эл. – Бу мишиқи билан ади-бади айтишиб ўтирибсану боядан бери. Ҳой, менга қара, – деди у Жоржга. – Чақир бу ёққа ҳабашни. Бўл тез!
– Унда ишингиз борми?
– Йўқ. Ақлинг жойида-ку сенинг, доно. Қора ҳабашда нима ишимиз бўлиши мумкин?
Жорж ошхона дарчасини очиб чақирди.
– Сэм! Бир дақиқага бу ёққа чиққин.
Ошхона эшиги очилиб ҳабаш чиқиб келди.
– Нима гап? – деб сўради у.
Пештахта ёнида ўтирганлар уни бошдан-оёқ кўздан кечиришди.
– Бўпти, майли, қора таппи, мана бу ерга келиб тур, – деди Эл.
Ошпаз пешбандини тортиб-тортиб, пештахта ёнида ўтирган нотаниш одамларга қаради.
– Хўп бўлади, сэр, – деди у.
Эл оёқлари баланд курсидан сирғалиб тушди.
– Мен манави иккови билан ошхонага кириб ўтираман, – деди у. – Юр ўчоғингнинг олдига, қораялоқ. Сен ҳам, донолар доноси, юр.
Ник билан ошпазни олдига солиб Эл ошхонага кириб кетди. Макс пештахта олдида, Жоржнинг рўпарасида қолди. У Жорждан эмас, пештахта тепасидаги узун тошойнадан кўзини олмасди. Бу ер илгари тамаддихона ичидаги пивохона бўлган эди.
– Хўш, – деди Макс кўзгудан кўз узмай туриб. – Нега индамаяпсан, доно?
– Мақсадингиз нима ўзи?
– Эшитдингми, Эл? – дея қичқирди Макс. – Манави нима мақсадда келдиларинг, деб сўраяпти. Билгиси келаётган эмиш.
– Нега жавоб бермаяпсан унга, айтавер тўғрисини, – ошхонадан Элнинг зардали овози келди.
– Хўш, мақсадимиз нима, сенингча?
– Мен қайдан билай.
– Ўйлаб топ-чи?!
Гаплашаётган чоқда Макс дам-бадам кўзгуга қараб қўяр эди.
– Сира тополмаяпман.
– Эшитдингми, Эл, нимага келганимизни сира тополмаётган эмиш?
– Бақирмасанг ҳам эшитяпман гапингни, – дея жавоб қилди Эл ичкаридан. У овқат узатиладиган дарчани кўтариб, помидор қайласидан бўшаган шишани тираб қўйди. – Менга қара, сенга айтаяпман, – деди Жоржга қарата, – озгина ўнг томонга сурилгин. – Сен эса, Макс, сал чапга сурил. – У худди суратга олаётган сураткашдек уларни жойлаштирган бўлди.
– Бир отамлашиб қўяйлик, донолар доноси, – деди Макс. – Қисқаси, сенингча, нима қилмоқчимиз биз?
Жорж чурқ этмади.
– Бўлмаса эшит, ўзим айтиб бераман. Биз битта шведни ўлдириш учун келдик. Оле Андресон деган новча шведни танийсанми?
– Танийман.
– У ҳар куни кечки пайт шу ерда овқатланадими?
– Гоҳо-гоҳо келиб қолади, овқатланишга.
– Роппа-роса олтида келадими?
– Агар келадиган бўлса.
– Хўп. Буни ўзимиз ҳам яхши биламиз, – деди Макс. – Бошқа нарсалар ҳақида гаплашайлик. Кинога бориб турасанми?
– Камдан-кам бораман.
– Тез-тез бориб турсанг ёмон бўлмасди. Биласанми нега? Кино айнан сенга ўхшаганлар учун ишланади.
– Нега Оле Андресонни ўлдирмоқчи бўлаяпсизлар? Нима ёмонлик қилди сизларга?
– Ҳозирча ҳеч нарса қилгани йўқ. У бизни танимайди. Бир марта ҳам кўрмаган.
– Бир марта кўради холос, – ошхонадан илова қилди Эл.
– Қисқаси, нега ўлдирмоқчисизлар, сабаби борми? – деб сўради Жорж яна.
– Битта танишимиз илтимос қилди. Дўстнинг гапини ерда қолдириш яхши эмас, энди тушунгандирсан?
– Тилингни тий, – деди Эл ошхонадан. – Шунақаям оғзи бўш бўладими одам.
– Суҳбатдошни зериктирмай ўтирибман-да, тўғрими, донолар доноси?
– Оғзинг бўш жудаям, – дея такрорлади Эл. – Меникилар ўзини зериктирмаётибди, қара, ёнма-ён ётишибди, қўл-оёқлари боғланган, худди монастир мактабида сабоқ олаётган дугоналардек.
– Сен монастир мактабини кўрганмисан?
– Кўрган бўлсам керак.
– Яҳудийларникини кўргансан, билдинг!
Жорж соатига қараб қўйди.
– Агар битта-яримтаси кириб қолса, ошпаз кетган дейсан, мабодо, бу кор қилмаса, ошхонага кириб ўзинг бирон нима тайёрлаб берасан, тушундингми? Ақллисан-ку ўзинг.
– Тушундим, – деб жавоб қилди Жорж. – Кейин-чи, кейин бизни нима қиласизлар?
– Вазиятга қараб ҳал қиламиз, – деди Макс. – Олдиндан бир нарса дейиш қийин.
Жорж соатига кўз ташлади. Олтидан ўн беш дақиқа ўтганди. Кўча эшик очилди. Трамвай ҳайдовчи кирди.
– Ҳорма, Жорж, қалай ишлар? – деди у. – Овқатлансак бўладими?
– Сэм кетганди, – деди Жорж. – Ярим соатда келади.
– Начора, бошқа ерга бориб кўрарман, – деди трамвай ҳайдовчи.
Жорж соатига қаради. Олтидан йигирма дақиқа ўтибди.
– Яша, азамат, – деди Макс. – Қойилман фаҳмингга.
– Ғинг деса, пешонасидан дарча очиб қўйишимни билади-да, – деди Эл ошхонадан.
– Йўқ, бунинг учун эмас. Ўзи зўр йигит. У менга манзур.
Беш дақиқа кам еттида Жорж:
– У энди келмайди, – деди.
Шу орада тамаддихонага яна икки киши кирди. Биттаси ўзим билан олиб кетишга, деб таом сўраган эди, Жорж чўчқа ёғи билан тухум қовуриб бергани ошхонага кириб кетди. Қараса, Эл бошидаги телпагини энсасига суриб дарча олдидаги курсида ўтирибди, кесма милтиғи дераза токчасида ётарди. Ник билан ошпаз орқама-орқа қилиб боғлаб қўйилганча кунжакда ётишарди. Икковининг оғзига сочиқ тиқиб қўйилганди. Жорж таомни пишириб, зарқоғозга ўраб халтага солди-да, ошхонадан чиқди. Хўранда ҳақини тўлаб олиб кетди.
– Худо фаросатдан сиқмагани сезилиб турибди – билмаган нарсаси йўғ-а, – деди Макс. – Овқат пиширади, муомалани ҳам қотиради, қойил. Уйлансанг, хотинчангнинг жони киради.
– Балки шундайдир, – деди Жорж. – Сиз кутаётган Оле Андресон келмаса керак.
– Яна ўн дақиқа кутамиз, – деди Макс.
Макс гоҳ кўзгуга, гоҳ соатига қараб ўтирди. Соат миллари еттини кўрсатарди. Яна беш дақиқа ўтди.
– Кетдик, Эл, – деди Макс. – Кутишдан фойда йўқ. Келмайди барибир.
– Яна беш дақиқа кутайлик-чи, – деди ошхонадан Эл.
Шу беш дақиқа ичида яна бир хўранда келди, Жорж унга ошпаз касал бўлиб қолди, деди.
– Тоби қочган бўлса дарров бошқасини топмайсизми? – деди хўранда. – Тамаддихонами бу ё бошқа жойми?
У чиқиб кетди.
– Кетдик, Эл, – деди Макс.
– Мана бу иккови билан ҳабашни нима қиламиз.
– Нима қилардик, ҳеч нарса.
– Сенингча, ҳеч нарса қилмаганимиз маъқулми?
– Албатта. Бу ерда ҳеч нарса қилолмайсан ҳам.
– Шу менга ёқмаяпти, рости, – деди Эл. – Нотўғри иш бўлаяпти. Сенам булбули гўёдек сайрадинг роса.
– Ҳеч нарса қилмайди, парво қилма, – деди Макс. – Лоақал, озгина кўнгилхушлик ҳам қилиш керак-ку.
– Шундай бўлса ҳам, кўп нарсани гуллаб қўйдинг, очиғи, – деди Эл. У ошхонадан чиқиб келди. Кесма милтиғи белидан пастроқда, узун пальтосининг остида дўппайиб турарди. У қўлқопли қўли билан пальтосининг этагидан пастга тортиб қўйди.
– Бўпти, хайр, донолар доноси, – деди у Жоржга. – Омадинг бор экан.
– Тўғри айтаяпти у, – деди Макс. – Шу омадингни пойгада синаб кўрсанг бўларди.
Улар кўчага чиқишди. Жорж деразадан то фонус ёнидан ўтиб муюлишда бурилишгунга қадар ортларидан қараб турди. Қора костюм билан гавдаларига ёпишиб турган тор пальтоларида улар бир жуфт эстрада раққосларига ўхшар эди.
Жорж ошхонага кириб, Ник билан ошпазнинг қўл-оёғини ечди.
– Етар, чидаёлмайман, – деди Сэм. – Ўлай агар алам қилаяпти.
Ник ўрнидан турди. Унинг оғзига шу чоққача бир марта бўлсин сочиқ тиқишмаган эди.
– Менга қара, – деди у. – Падарига минг лаънат, бу қанақаси, а? – У ҳозиргина рўй берган ҳодисани писанд қилмаётгандек тутмоқчи бўларди ўзини.
– Улар Оле Андресонни ўлдириш учун келишган экан, – деди Жорж. – Овқатлангани келиб қолса, отиб ташлашмоқчи эди.
– Оле Андресонни-я?
– Ҳа.
Ҳабаш бошмалдоғи билан мийиқларини силаб қўйди.
– Даф бўлишдими? – деб сўради у.
– Ҳа, – деди Жорж, – даф бўлишди.
– Жудаям кўнгилсиз иш бўлаяпти-да, – деди ҳабаш. – Мени айтди дерсиз, жуда кўнгилсиз иш.
– Менга қара, – деди Жорж Ник сари юзланиб. – Оле Андресоннинг олдига бориб келасанми?
– Майли.
– Эсинг борми, аралашма бу ишга, – деди Сэм. – Нарироқ юрганинг маъқул бу ғавғодан.
– Агар боргинг келмаса, борма, – деди Жорж.
– Оқибати яхши бўлмайди, – деди Сэм. – Кўнглим сезаяпти, аралашма.
– Албатта, бораман, – деди Ник Жоржга қараб. – Қаерда туради у?
Ошпаз юзини бурди.
– Келиб-келиб, ёш болани тиқасанми шунақа ишга, – дея тўнғиллади ҳабаш.
– У Гиршнинг жиҳозланган уйида яшайди, – дея жавоб қилди Жорж.
– Хўп, мен кетдим.
Кўчада чироқ дарахтларнинг яланғоч шохлари аро йўлкани ёритарди. Ник трамвай излари ёқалаб кетди, кейинги фонус ёнидан тор кўчага бурилди. Муюлишдан тўртинчи уйда Гиршнинг жиҳозланган хоналари жойлашган эди. Ник зинадан чиқиб қўнғироқ тугмасини босди. Эшикни аёл киши очди.
– Оле Андресон шу ерда турадими?
– Унда ишингиз борми?
– Ҳа, уйдами ўзи?
Ник аёлнинг ортидан зина орқали юқорига кўтарилди ва узун йўлакнинг охиригача борди. Аёл эшикни тақиллатди.
– Ким у?
– Сизни сўраб келишибди, жаноб Андресон, – деди аёл.
– Бу мен – Ник Адамсман.
– Киринг.
Ник эшикни очиб ичкарига кирди. Оле Андресон кийимини ечмасдан каравотда ётарди. Бир замонлар у оғир вазнли боксчи бўлган, ётган каравоти унинг гавдасига кичиклик қиларди. Боши остига иккита ёстиқ қўйиб олганди. У Никка қарамади ҳам.
– Нима иш билан келдинг? – деб сўради у.
– Мен Генрининг тамаддихонасида эдим, – деди Ник. – Икки киши келиб, мен билан ошпазнинг қўл-оёғимизни боғлаб ташлашди, кейин сизни ўлдиришга келганларини айтишди.
Бу хабар аҳмоқона бир алжирашга ўхшаб чиқди. Оле Андресон индамади.
– Улар бизни ошхонага қамаб қўйишди, – дея давом этди Ник. – Сиз овқатлангани келганингизда улар сизни отиб ташлашмоқчи эди.
Оле Андресон девордан кўз узмасдан чурқ этмай ётаверди.
– Сизга шуни айтиб қўйишим учун Жорж юборди мени.
– Ҳар ҳолда, бирон чорасини топиш амри маҳол, – деди Оле Андресон.
– Уларнинг кўриниши қанақа эканини тасвирлаб берайми?
– Менга керакмас уларнинг қанақалиги, – деди Оле Андресон. У ҳамон деворга қараб ётарди. – Огоҳлантиргани келганинг учун каттакон раҳмат.
– Арзимайди.
Ник каравотда ётган гавдали одамдан сира кўзини ололмасди.
– Полицияга бориб айтиш керакдир балки?
– Керак эмас, – деди Оле Андресон. – Фойдаси йўқ барибир.
– Сизга бирон ёрдамим тегиши мумкинми?
– Йўқ. Ҳеч ким ёрдам беролмайди.
– Балки оддий ҳазилдир бу?
– Йўқ. Оддий ҳазил эмас.
Оле Андресон ёнбошига ўгирилди.
– Ҳамма гап шундаки, – деди у деворга тикилиб туриб, – мен ўзимни сира қўлга ололмай ётибман, кўчага чиқолмасдан, кун бўйи мана шу аҳвол – ётганим-ётган.
– Шаҳардан чиқиб кетсангиз бўлармиди?
– Йўқ, – деди Оле Андресон. – Улардан қочиб юриш жонимга тегди. – У ҳалиям деворга қараб ётарди. – Энди кеч, ғишт қолипдан кўчди.
– Бирон йўлини қилиб тинчитишнинг иложи йўқми?
– Йўқ, энди кеч. – У ўша-ўша жонсиз овозда гапирарди. – Ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Ҳозирча ёта тураман, ўзимни қўлга олган кунимоқ кўчага чиқиб кетаман.
– Майли, менга жавоб, Жорж кутиб қолгандир, – деди Ник.
– Яхши бор, – деди Оле Андресон. – У Никнинг кўзларига қарамасди. – Раҳмат, келганинг учун.
Ник чиқиб кетди. У эшикни ёпаётган чоғда кийимларини ечмай, деворга ўгирилиб ётган Оле Андресонга яна бир бор назар солди.
– Эртаю кеч хонадан чиқмайди, – деди аёл пастга тушганларида. – Тоби йўқми деб минг хаёлларга бораман. Унга, жаноб Андресон, кўчага чиқиб бир айланиб келсангиз бўларди, ҳаво бирам яхшики, десамам бефойда, ўжарлик қилиб ётаверади.
– Уйдан чиққиси йўқ унинг.
– Тоби келмаяпти, шекилли, – деди аёл. – Ачинаркансан киши, у шунақаям яхши одамки. Бир замонлар у боксчи бўлган, биласиз-а?
– Биламан.
– Юз-кўзи айтиб турибди, унинг қанақалигини, – деди аёл. Улар кўча эшик олдида гаплашиб туришарди. – Шунақаям хушмуомала.
– Майли, яхши қолинг, Гирш хоним, – деди Ник.
– Мен Гирш хоним эмасман, – деди аёл. – Гирш хоним уйнинг бекаси. Мен бу ерда хизматчиман холос. Исмим Белл.
– Хайр, Белл хоним, – деди Ник.
– Хайр, – деди аёл.
Ник қоронғи тор кўча орқали муюлишдаги фонус олдига борди, сўнг трамвай изи ёқалаб тамаддихона томон кетди. Жорж пештахта ортида турарди.
– Олени кўрдингми?
– Кўрдим, – деди Ник. – У хонасидан чиқмай ётибди.
Никнинг овозини эшитиб ошпаз ошхона эшигини қия очди.
– Менга керагиям, қизиғиям йўқ бу гапларнинг, – деди у ва эшикни қарсиллатиб ёпди.
– Ҳамма гапни айтдингми унга?
– Албатта, айтдим. Ўзининг ҳам хабари бор экан.
– Нима қилмоқчи энди?
– Ҳеч нима.
– Уни ўлдиришади.
– Эҳтимол, ўлдиришар.
– Чикагода биронта жанжалга аралашиб келганга ўхшайди.
– Бўлиши мумкин.
– Жуда чатоқ бўпти.
– Чатоқ ҳам гапми, расво иш.
Улар жим бўлиб қолишди. Жорж сочиқ олиб пештахтани артди.
– Нима қилган бўлиши мумкин, сенингча?
– Лафзида турмагандир, балки. Бунақа иш учун улар кечиришмайди.
– Мен бу шаҳардан бош олиб кетаман, – деди Ник.
– Тўғри қиласан, – деди Жорж. – Бу ерда тинч яшаб бўлмайди.
– Сира миямдан кетмаяпти, ажали етганини била туриб ўша уйда қанақа ётибди, ҳайронман. Ўйлашга қўрқади одам.
– Сен эса ўйлама, – деди Жорж.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 12-сон