Мен бу йўлдан ҳар куни икки марта ўта ман: эрталаб ва кечқурун. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам ўтаётганда гўёки саробга дуч келгандек, йўқ, бошқа юртга тушиб қолгандек, бундай ҳам эмас — худди орадан шунча фурсат кечмагандек, замон орқага кетгандек туюлиб, лолу ҳайрон бўламан. Тавба, дейман, бошқалар ҳам буни биладими ёки фақат менинг кўзимга шундай кўриняптими? Бўлмаса, нега ҳеч ким ҳеч нарса демайди? Нега ҳеч ким қўрқмайди? Бу ерда бир сир бор-ов. Йўлнинг икки томонида-я, куппа-кундузи! Кетаётиб аввал ўнг тарафга қарайман: ҳа, турибди. Кечагидек, тунов кунгидек. Шундоққина кўчанинг ёқагинасида. Ёнма-ён. Икки қария. Икки соқолдор. Одамзоднинг мол-мулкигагина эмас, жонига ҳам эга чиққан икки зот. Дунёни бузган икки доҳий! Хайриятки, бор бўй-басти билан эмас — ярим белдан пасти йўқ. Бюст дейдилар буни, сандиқдек келадиган тошҳайкал. Тилимизда монанди йўқ — мусулмон қавм одам боласининг белидан кесиб, томошага қўймайди.
Буниси ҳали ҳолва. Ана энди кўзингизни чирт юмиб ўнгача санайсиз-да, чап тарафга қарайсиз. Ҳа, туш кўраётганингиз аниқ. Чунки ўнгингизда бунақаси бўлмайди. Яна ўша икки қария! Бу гал энди бор бўйи билан турибди. Ниҳоятда улкан. Одам боласи бунчалик баҳайбат бўлмас. Булар одам қавмидан эмас-да, дев, икки дев! Икковининг ҳам важоҳати чатоқ, бир-бирига маслаҳат солаётгандек. Бамисоли ҳозироқ маслаҳатлари битиб, капитал дунёсини ағдар-тўнтар қилиб ташлайдигандек!
Бора-бора бу манзаралар менга эрмак бўлиб қолди. Ўтганда ҳам қарайман, қайтганда ҳам. Ва ҳар гал таажжуб билан “Бу йўлдан мендан бошқа одам ўтмасмикан? Катталар-чи? Амалдорлар-чи? Наҳотки, кўрмаса, индамаса?!” деган ўйлар кечади кўнгилдан. Лекин бировга миқ этолмайман. Кимга айтаман, нима деб айтаман? Ўтган-қайтган барча ўзи кўриб-билиб юргандир? Ҳеч ким индамаяптими, демак, бунда бир сир бор, бир сир!
Дарвоқе, айтиб ҳам кўрганман. Мана шу “ўлмас коммунизм манзили”дан ўтаётиб. Тушунмаган каби учаласи ҳам елка қисиб қўйган: Шоҳруҳ ҳам, Шуҳрат ҳам, Шавкат ҳам. Уларга нима — учови ҳам шопир, чамбарак айлантиришдан бошқаси билан иши йўқ. Мана, бугун арзанда меҳмонга хизмат қилмоқ навбати, тамом. Аслида, холаваччаларим, лекин ёшим катта, ўзим ўқиган, баобрў, ҳар ҳафта телевизорда кўриниб, сайраб туришим учун уларни “жиян” деб атайман. Улар шунисига ҳам хурсанд, кимсан — бўлажак депутатни мошиналарига солиб юришибди! Холаваччалигу тоға-жиянлик ўз йўлига. Учаласиям бўйдоқ, сайловчилар билан учрашувларда мен чиқиб лоф ураётган чоғда булар битта-ярим сулувроқ қиз билан кўз уриштириб туради; “Қара, мен қандоқ гапдон билан юрибман! Эртага депутатликка сайланса, сенга совчиликка мана шуни жўнатаман. Қалай, бўладими?”
Начора, ўзим туғилиб ўсган жойлар қолиб номзодим қўшни тумандан кўрсатилган. Бегона эл, нотаниш манзиллар. Пешонасининг ёзиғи билан бир замонлар шу ерларга тушиб кетган холамнинг айтишича, туман аҳлининг ярми – рақибим тараф, рақибимнинг одамлари. Руҳим тушиб кетганини кўриб, “Барибир сен ўтасан, ўлай сенга, Тошкентлардан келгансан, телевизорларда чиққансан! — дейди холам бечора ку¬йиб-пишиб. — У — нима, пули кўп бўлгани билан оддий пахта зовутнинг директори-да!”
Холамнинг уйи туманнинг узоқ бир чек касида. Ҳар куни ўша ёқдан қатнайман. Тўғри, Тошкентдан келган номзод сифатида менга туман марказидан жой таклиф қилинган, аммо холам қўймаган: “Рақибинг ўлгудай пулдор, ўлайжон. Пулдорнинг қўлидан ҳар иш келади”. Шундай дея меҳрибон холам кўпдан бери одам кирмаган ҳайҳотдек меҳмонхонасини бўшатиб бериб, уч ўғлини менга навбатма-навбат хизматга қўйган.
Учаласиям “гунг-соқов”: на Марксни эшитган, на Энгельсни. Тагида машина бўлса, айлантирмоққа чамбарак бўлса, бас!
Ҳар гал “ўлмас коммунизм ҳайкалзори”дан ўтаётиб ўзимча ўйлайман: “Доҳийлар қирон қилинганига кўп йил бўлди, мана шундай битта-яримта қолгани Ўзбекистонда бошқа бормикан?” Бор! Ўзим кўрганман. Пойтахт Тошкентда. Улфатлар билан борадиган чойхонамизнинг ёнбошида. Маҳалла идорасининг олдидаги чоққина гулзор ўртасида. Баланд-паст гул буталари аро кўриниб-кўринмай туради. Ўзиям мўъжазгина, ёш боладек келади. Ленинча!
Маҳалла оқсоқоли собиқ коммунист, эътиқодида қатъий бир баттол бўлса керак. Бўлмаса, чойхонапалов баҳона қанчадан-қанча одам келади! Орасида кимлар йўқ дейсиз! Бундан чиқадики, ширакайфликда ҳеч ким ё аҳамият бериб қарамайди, ё кўрса ҳам кулибгина қўяди, ёки… кўнглининг туб-тубида заиф бир нима милтиллармикан: шояд, зора, эҳтимол…
Олис тоғ туманида бундан қирқ йиллар бурун кўрганим манзара кўз олдимга келади.
Жамол жўрамнинг отаси Ҳафиз чўлоқ язнамиз туман марказидаги Чорбоғ аталмиш истироҳат боғида роҳатижон сотарди. Роҳатижон деганлари бир парча музнинг устига шинни қуйиб, жажжи ликопчага солиб берилади. Музқаймоқ ўрнига. Қип-қизил, муздаккина, ёзда маза — шунинг учун роҳатижон! Ўша кезлар холодильнигу совутгич деган матоҳлар йўқ экан-да, Ҳафиз язна эрта баҳорда эшак миниб тоққа борар, хуржунининг иккала кўзини терскай ўнгирларда тўнгиб қолган музга тўлдириб қайтарди. Уни ариқ бўйидаги кекса толлар соя солган чуқур хандаққа кўмиб сақлар, ёз яқинлашгач, Чорбоққа кираверишда қўнқайган қизил будкачада ўтириб бизга ўхшаган ширинтомоқ бола-бақрага пуллар эди. Бир оёқсиз чўлоқ ҳолида! Эгнида чўнтак атрофлари кирланган калта оқ халат, соғ оёғида ҳаккалаганча гоҳ музли хумга эргашиб, гоҳ пештахта четидаги ликопчаларга узалиб зумда роҳатижон ясаб беришларига қойил қолардингиз. Серзарда одам. Ҳазилкашлиги ҳам бор. Кўзларини чақчайтириб, шопмўйловини диккайтириб дўқ урганида ҳам билолмайсиз — ҳазил қиляптими, жаҳл қиляптими. Аммо ростакам жаҳли чиққанда қўлтиқтаёғини отиб бақиради: “Мен бу оёқни урушда ташлаб келганман!” Мулойим чоғларида мен болаларча соддалик билан сўрайман: “Язна, нега оёғингизни ташлаб келгансиз?” Бир лаҳза ўқрайиб турадию фавқулодда бир эринчоқлик билан жавоб қилади: “Энағар Сталинга керак экан…”
Қизил будкача, қип-қизил роҳатижон бизнинг болалик хуморимиз, эрмагимиз эди. Уйимиз марказдан нарироқда, ҳадеб у ёққа дорийвермас эдик. Борсак, роҳатижон емоққа борар, бош¬қаси бизни қизиқтирмас эди. Жамол ёлғиз ўғил, эркатой, Чорбоққа у билан борсангиз, роҳатижонга тўйиб қайтардингиз. Тажангфеъл ота арзандасига қолганда бирдан эриб кетар, жажжи ликопчада эмас, каттароқ идишга қип-қизил мўъжизани уюб олдимизга қўяр эди. Шу ишни уйда қилсаям бўларди-ю, бу ерда завқи, мазаси бўлакча-да.
Лекин ўша сафар роҳатижон еганимиз эсимда йўқ. Боққа кирсак — қизил будкача ёпиқ, пешайвони тушириб қўйилган экан. Ён-верида ҳам ҳеч ким кўринмайди. Боғ ичкарисидан бўғиқ олағовур эшитилар, чамаси, ҳамма ўша ёқда эди.
Туманнинг қоқ ўртасидаги бу манзил чорбоқ — тўртта боғ деса дегулик эди. Тўрт тарафи соя-салқин дарахтзор. Катта кўча бўйидаги маданият уйида кино ҳам қўйилади, боғнинг этагида ҳам кинохона — ёзгиси. Кирган жойда гавжум чойхона, сўри-чорпоялар. Унча-мунча сайилу тантаналар шу ерда ўтади.
Боғнинг ҳар-ҳар жойида одамлар ғуж бўлиб, алланечук ҳадик билан писиб турарди. Барчанинг кўзи бир ёқда — ўртада. У ерда нимадир мудҳиш бир иш бўлаётир. Қўлтиқтаёқли Ҳафиз язна ҳам турган тўдани топиб, Камол иккимиз суқилдик. Ҳамма қараётган тарафда одам бўйи баробар айлана қирқма бутазор бўлиб, унинг қоқ марказида каттадан-катта бир одамнинг симобранг ҳайкали бор эди. Май байрамларида отам билан сайилга келганимда кўп кўрганман. Гирдидаги бутазор баланд ва қалинлигидан уни бор бўйи кўриб бўлмас, узоқроққа бориб қарагандагина узун шинель кийган азамат елкалар, бўртиқ мўйлов ва маш¬ҳур фуражка намоён бўлар эди.
Ҳозир кимнингдир биқинидан мўралаб ўша ёққа боқарканман, бирдан сездим: ҳайкал жойида йўқ!
Ҳамма шунга қарамоқда, ҳамма шунга ҳайрон эди, чамаси.
Қуюқ буталар орасидан аввал Турдаш сиррининг кучанишдан бужмайган башараси кўринди. Издиҳом бир зум сергак тортди: гўёки ўртадаги ҳайкал қотиб турган жойидан аста тушиб, бутазорни ёриб чиқиб келмоқда эди! Аскарий шинель ҳам ўша-ўша, фуражка ҳам ўша-ўша, мўйловлар ҳам… Ўзимизнинг Турдаш девона! Кўкраги оша ўтказилган симар¬қонни тортганча ниманидир судраб чиқаётир.
Қишлоқ болаларининг эрмаги бўлмиш бу девонани баъзилар “Урушдан шундай айниб келган”, дейишади. Бошқалар эса, “Урушга бормаслик учун ўзини жинниликка солавериб, ахийри эси оғиб қолган”, деб таъбир очади. Индамасангиз, бировга зиёни йўқ. Эртадан кечга қадар ўзича ниманидир ғўнғиллаб юради. “Айн! Свайн! Гитлер капут!”дан бошқасини тушунмайсиз. Эгнида эскидан-эски жулдур шинель, бошида бичими қийшайиб кетган доғ-дуғли фуражка, соч-соқоли ойлаб устара кўрмайди. Бола-чақа деганларидан йўқ, албатта. Отасидан қолган ташландиқ бир чордеворда кун кўради. Икки укаси қўшни ҳовлида, вақт-бемаҳал ўшалар қарашса керак, яна қайдам дейсиз.
Шугинанинг ҳам ордона ҳашамга ўчлигини айтсангиз! Шинель остида мундирининг икки кўкраги “орден-медал”га тўла, “қаҳрамон она”дан тортиб пионер значогигача қаторлаштириб қадаб чиқилган! Телбалигига мана шуниси исбот бўлмаса, гоҳида одам билан туппа-тузук гап бериб гап олади. Шундан баъзилар уни фойда-зарарда адашмайдиган нимтентак, ўзини атай жинни-санғи қилиб кўрсатади, аслида, ўлгудек муғомбир деб билади. Ундай эмас, ундай эмас. Лекин девдек кучи бор. Вино бериб тўйдирсангиз, девнинг ишини қилади. Унча-мунча одам бўйнига олмайдиган заҳматларга ҳам мана шу шўрлик балогардон. Ичимлик шишасини кўрса бас, “айн, свайн”ини айтиб, ҳар қандай юмушга киришиб кетади.
Турдаш олдинга қараб бир силтанган эди, зич буталар орасидан оғир симобранг алланима белигача отилиб чиқди. Томошада турганлар бир чайқалгандек бўлди, у ер-бу ердан “И-и-и!” деган бўғиқ сас эшитилди. Шу жойда Турдаш қаддини ростлаб, теваракка ғолибона бир назар ташлади. Илжайди. Зўриққаниданми ё боя ичилган виноданми қизариб кетган. Кейин шошилмайгина шинели чўнтагидан “Байкал” папиросини чиқарди. Шошилмайгина тутатди. Тутунини тўрт тарафга қараб пуфлади. Тантанавор. Янада ғолибона. Тўрт тараф эса сукутда, ҳайратда, ҳадикда…
— Ўв Турдаш! Давай энди! — деб амр қилди кимдир, — афтидан, бу тадбир, бу томошага бошчилардан бири.
Турдаш папиросининг қолдиғини ўша ёққа қараб отдию “Айн, свайн, драйн! Гитлер капут!” дея семон йўлка бўйлаб ҳайкални судрай кетди. Ганчданми ясалган узун жасад у ер-бу ерга тегиб, тақ-туқ овоз чиқарарди.
— Ўв энағар, секинроқ! — деди томошабинлардан кимдир юрак ютиб. — Доҳий у ахир, доҳий!
Турдаш баттар қилмоқчидек ҳайкални қаттиқроқ силкилаб, маданият уйи ва ошхона ўртасидан ўтган йўлак орқали катта кўчага ошиқди.
— Бу ҳароми шу кетишда ё бўйнини, ё шапкасини бир бало қилади, тўчни! — деб тусмоллади яна биров.
— Э, бўйнигаям, шапкасигаям!..
Ҳамма аланглаб бу гапни айтган одамни қидирган бўлди-ю, кўпчилиги ҳангома қувиб Турдаш девонанинг ортидан эргашди.
Ҳафиз язна қўлтиқтаёғини зарб билан ерга уриб ортига буриларкан, арзандаси Жамолга кўзи тушиб, тўсатдан ўшқириб берди:
— Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?!
Ҳайкалнинг бошими-бўйними шикаст кўрган-кўрмаганини билмайман-у, эшитишимча, у ўшанда бир неча замон туман коммунал хўжалик идорасининг ҳовлисидаги бир бурчакка тикка қилиб қўйилган. Бу жой катта кўчадан ичкарироқда бўлгани учун кўздан пана, унча-мунча дингқулоқ бехабар қолиб, унутила бошлаган. Орадан талай вақт ўтиб машмашанинг орқаси совигач, сой лабида яшайдиган, бошида сталинча шапка, ўзи ҳам доҳиймонанд кийиниб юрадиган бир ҳайкалпараст комхўж идорасини рози қилибми, ҳайкални олиб кетиб, ҳовлисига ўрнатиб қўяди. Сойга чўмилишга бораётиб доҳийнинг девор узра юксалиб турган фуражкасию донгдор мўйловини кўриб қолардик.
“Ҳайкалпараст севимли доҳийсини кечалари қучоқлаб ётармиш” деган гап ҳам чиқди-ю, бунисига ҳеч ким ишонгани йўқ: “Совуқдан-совуқ ганчни қучоқлаб нима баҳра, семизгина хотини бор-ку?..”
Яна эшитишимча, буниси энди кейинроқ экан, қишлоғидаги мўътабар ҳайкалу уни кўз қорачўғидек асраб юрган садоқатли ҳайкалпарастдан хабар топган тўрт-беш грузин келиб у билан ошна тутинганмиш ва қавмдошларининг ҳайкали эвазига унга қора “ЗИМ” машинасини ҳадя қилиб кетганмиш.
Бошқасини билмайман-у, ўша ҳайкалпараст амакимиз туманнинг марказий кўчасида қора “ЗИМ” ҳайдаб юрганини ўзим кўрганман.
…Ҳар кун икки маҳалдан кўриб юрганларим ҳолванинг ҳолваси экан, бу ёғини эшитинг.
Собиқ “Социализм” колхозига қараб кетаётган эдик. Собиқ курсдошим, бугунги ишонч¬ли вакилим Тошбойнинг айтишича, ўша собиқ машъал хўжаликнинг собиқ раиси Эрман катта “Шайир депутатингни бир опке, бутун колхозни оғдириб бераман”, деганмиш.
Қаранг, “шайир депутат”дан бошқа бари собиқ!
Мана, ўша собиқларнинг изми билан икки машина бўлиб йўлга чиққанмиз. Олдинги машинада бизникилар: Партия опамиз, Тошбой ва ўзим; рўлда бугун Шуҳратбегимиз. Рақибларимиз кейинги машинада, бизга кўз-қулоқ бўлиб келишяпти: улар бехабар, йўл-пўлда бирор буз¬ғунчиликни бошлаб қолишимиз мумкин-да!
Тошбойнинг кимлигини айтдим: депутатликка номзод, яъни менинг ишончли вакилим, боз устига, эски курсдошим. Сайловчилар билан учрашувда сўзга чиқиб ҳолдан тойгунча мени мақтайди: давоматим чатоқ бўлса-да, дарсларга қатнамай ҳам қандоқ зўр ўқиганларим, дўсту ёрга садоқатим (мисоллар билан), тенгсиз шоирлигим! Таърифларига офарин-у, лекин номзодлик масаласи қолиб талабалик хотираларига берилиб кетганига нима дейсиз! Бирор гапига эътироз билдириб, луқма солгудек бўлсангиз, “Сен жим ўтир!” дея ҳамманинг олдида дўқ уриб бўлажак депутатни изза қилади.
— Ўв! — дейман учрашувдан сўнг жоним чиқиб. — “Шоир, шоир”лаб вайсаб ётибсан, беш йил ўқиб, жанрнинг жанрдан фарқини билмайсанми, ошқовоқ?!
— Оғзингни юм! — дейди Тошбой куйиб-пишиб. — Сен бу ерда шоирсан, тамом!
— Шеърлардан эшитайлик, деб қолишса нима қиламан?
— Қўрқма, ҳеч ким сўрамайди — шеър ёзмаслигингни ҳаммаси билади. Лекин ёзувчи-позувчи деган сўзни оғзингга олма, чангингни чиқариб ташлайди — сайланиб бўпсан кейин!
Партия опамиз мен умримда яқинлашмаган, аммо замона зайли билан бугунга келиб каминани депутатликка номзод қилиб кўрсатган қудратли фирқанинг, дарвоқе, ўша фирқа ворисининг тумандаги ишонган одами. Ки¬йим-бошию соч турмаги ҳам шунга мос, сипо: қўнғиртоб костюм-юбка, соч орқага силлиқ таралиб, калава ясаб қўйилган. Қолган жиҳати эса батамом тескари — на гапни билади, на дўғу сиёсатни. Овозини эшитиб танг қоласиз — худди уйдан чиқмаган ўн саккиз яшар хонаки қизнинг ўзгинаси, минғиллайди. Гапирганда ердан кўз узмайди, салга дув қизариб кетиш одати бор. “Бу ташкилотга адашиб келиб қолган, шекилли”, дея ўзимча мулоҳаза билдирсам, Тошбой устимдан кулган бўлади: “Адашиб бўпти! Орқатоғлари зўр бунинг. Келажакда ўсиши учун атай шу ерга ўтқазиб қўйишган”. Ажабо, қани одатдаги гапдонлигу ўктамлик? Овоздаги темир жаранги қани? Ҳа-а, фирқаси ҳам путурдан кетиб, мана шунақа писиллаб гапирадиганларга куни қолган ҳозир.
Ўзинг ҳам мана шуларга суянгандек, шулардан имдод кутгандек бўлиб юрибсан-ку, ношукр банда, оғзингни юмсанг-чи!
Қишлоққа кириб, йўл ёқалаб кетган қатор оқ бинолар ёнидан ўтаётганимизда яна ўша таниш ҳолатга тушдим. Бунисини энди олдингиларига қиёслаб ҳам бўлмасди. Туш кўряпман шекилли деб ҳам ўйлабман.
Аввалига қўлини чўзиб порлоқ коммунизм йўлига ундаб турган доҳий Ленин ҳайкали кўринди. Йигирма қадам ўтар-ўтмас содда, довдирроқ туюлгани билан аслида пихини ёрган ишратпараст қария — оқсоқол Калинин бўй чўзиб қолди. Буларига чидаса бўлар, ҳарқалай, юрт мустақилликка чиққанига эндигина тўрт-беш йил бўлди, чет-четларда битта-яримта мана шунақа ўтмиш сарқитлари сақланиб қолган бўлса қолгандир — вақтинча!
Бироқ хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, яна йигирма қадамлар нарида “халқлар отаси” Иосиф Виссарионович Сталиннинг шахсан ўзи савлат тўкиб қаққайган эди! Ўша узун шинель, ўша фуражка, ўша шоп мўйлову ўша важоҳат! Ҳали эслаб ўтилди, бунақасини қирқ йилдан бу ёғига энди кўришим эди. Ошкора безбетлик! Ошкора жаҳолат! Наҳотки, ана шу қирқ йил бадалида буларни ҳеч ким кўрмаган, билмаган?! Бу қишлоққа ҳам туман катталари келиб турар, марказ томонлардан ҳам битта-ярим вакилнинг йўли тушгандир? Худди биров мени мазах қилаётгандек мадад истаб шерикларимга қарадим. Тошбой кечагидан боши оғрибми, мудраб келар, парвойи палак эди. Бу нарсаларга “калласи билан жавоб бериши керак” бўлган опахонимиз эса тамоми девор — олдинги ўриндиқда ўзининг уятчан ўйлари билан андармон.
Майли, ҳозир мавриди эмас!
Эрман катта деганлари етмиш-етмиш беш ёшлардаги, аммо тетик-чаққон, асти секин гапиролмайдиган киши экан. Гирдига қишлоқ аҳлини йиғиб бизни ростакам тантана, карнай-сурнай билан кутиб олди. Хотирам алдамаса, атлас кўйлак кийиб ўйинга тушган қизалоқлару нон-туз кўтарган жувонлар ҳам бор эди-ёв. Учрашув ёзги клубда бўлди, Эрман оқсоқол микрофон-пикрофонсиз ҳар ёнга жар солиб, мени роса осмонга чиқариб таърифлади. Айтишича, отам билан ошна экан, ўзи бу ердан, отамиз эса қўшни тумандан “актип бўлиб бориб областдаги шахсан Рашидов бобо ўтказган катта-катта мажлисларда бирга қатнашган” экан. Керак бўлса, ҳув колхознинг ўртасида оқариб турган икки қаватли мактабни ҳам кўчма қурилиш идорасига бошлиқ бўлганида бизнинг ота қуриб берган экан. Ана, қарсакни кўринг! “Эртан сайловда қайсинг мана шу шайирға овоз бермасанг, сўнгра мендан ўпкалаб журма!” дея тўрт тарафга бармоқ нуқиб, элга ошкора зуғум ҳам қилиб қўйди оқсоқол. Бу пўписаларга биров миқ этиб эътироз қилгани йўқ. Холам айтмиш “пулдор” рақиб томон ҳам чурқ этолмай ўтирарди. Чамаси, кўп йиллар колхозга раислик қилган, ҳайқирмаса гапиролмайдиган бу валломат ҳеч кимдан тилқисиқ эмас, аксинча, ҳамма ундан чўчиб-ҳайиқиб турар экан.
Тадбирдан кейин хўжалик маъмурияти ташаббусни қўлга олиб, марказий ошхонанинг биқинидаги чоғроқ хосхонада чой ташкил қилди. Бемалолроқ ўтирайлик дейилдими, чолни қисташмади. Шундай маросимнинг кайвониси охирида менга синиққина кулимсираб, “Хай-да, улим, Худо хоҳласа, сайловдан сўнг учрашамиз. Ошнамизга салом айтиб қўясиз”, дея хайр-маъзур қилиб уйига кетди.
Йўлдаги дилғашликка буниси ҳам қўшилиб жиловни хиёл бўшаштирган эканман, устма-уст ичилган “чой”дан қизишиброқ қолибман. Пайт пойлаб Партия опага ҳужум қилдим. Гапни ҳазил-ҳузулдан бошладим: бу қишлоқда ҳайкални яхши кўришар экан-а, доҳийпарастлик, сталинпарастлик касали ҳалиям қонимизда бор-да, бунинг сабаби нима бўлсаки, эрта бир кун иккаламизнинг (яъни Тошкентлардан номзодликка келган каминанинг ҳамда мафкура масалаларига жавобгар ҳисобланмиш опамизнинг!) бошимизда калтак синмаса эди…
Мендан тўрт-беш ёш кичик опахон сиёсий дағдағаларимни дастурхон попугини ўйнаб жимгина, ювошлик билан тинглаб ўтирди-да, бир маҳал илкис бош кўтариб, ранги бир алвон, чийиллаганча сайраб қолсами денг:
— Тўрт йил аввал ҳам Тошкентдан бир шоир келган эдилар. Сайланишга. Ўша кишиям Эшмирза Холматовичга (собиқ саркотибини айтяпти) кабинетларидаги Горбачёв бобонинг портретини кўрсатиб, буни тез даф қилинг, деб эдилар…
— Хўш, кейин-чи? — дедим ичим қизиб.
— Кейин, ўзингиз биласиз-ку, сайловдан ўтолмадилар.
Музладим, мулзам бўлдим. Оббо, писмиғ-эй! Кесакдан ўт чиқди-ку!
Хайрият, Тошбой жўрам жонимга ора кирди.
— Қўяйлик ўша эски гапларни, — деди у ясама хушвақтлик билан. — Энди замон бошқа. Шоирдан шоирнинг фарқи бор, синглим!
Тошбой сувга қараб гапирган экан, Партия опанинг эса башорати сув олмади — камина депутатликка сайландим.
Келаси йили сайловчиларим билан учрашгани келганимда Тошбойдан эшитдим: янги замон шарофати билан етмиш беш яшар Эрман бобо раисликка номзодини қўйиб ютиб чиқибди ва яна колхозга раис бўлибди! “Депутатимизнинг қораси кўринди дегунча, олдингга солиб келасан!” дея қаттиқ тайинлаганмиш Тошбойга.
Икки соатгинага деб бориб, чолнинг колхозида икки кунча қолиб кетдик.
— Топшириғингизни бажардик, депутат бобо! — деди чол ҳайқириб илк соатлардаёқ.
— Қанақа топшириқ? — дедим тушунмай!
— Мана, Тошбойқулга айтиб кетган экансиз-ку! Учовгинасиниям таг-туби билан қўпортириб ташладим.
— Эй-й, яшшанг! Ана бу бошқа гап! — дедим гап ҳайкаллар хусусида бораётганини билиб. — Қаёққа элтиб ташладингиз?
— Ий, ий, унақа нарсаларни бирон ёққа ташлаб бўлама, улим? Авайлабгина, бўз матога ўрабгина колхознинг омборига элтиб қўйибман.
— Ҳаҳ, муғомбир бобом-эй! — дедим шўхлик билан. — Эрта бир кун замон ўзгариб қолса, яна қайтадан, а?.. Қўрққансиз-да?
— Нимадан қўрқаман, улим-эй! Энди мен қарияни бошига урама денг! Қишлоқда ким кўп – язувчи-ғаламиси кўп! Шулардан бирортасига иштон-пиштон етмай қолиб, еб кетди, ичиб кетди, деб бобонгизнинг устидан ёзсаю тўртта текширувчиси бошимга чўтини кўтариб келса, қариган чоғимда Худо шарманда қилмасин дедим-да, улим! Мана, санаб-ўлчаб ол деймизу четга чиқамиз-да, туврими?
Туври, туври, Эрман бобо, қойил!
Орадан яна йигирма йиллардан кўпроқ фурсат кечди. Эрман бобомизнинг оламдан ўтиб кетганига ҳам неча ўн йил бўлди. Кечроқ эшитдим, таъзиясига боролмадим. Отамизнинг юзхотирими, менга мурувват кўрсатган ул аломат чолни бугун тез-тез хотирлаб тураман.
Икки йилми-уч йил бўлди, Тошбой жўрамиз ҳам ўшал шеримард чолнинг орқасидан жўнади — ҳаж зиёрати йўлида омонатини топширди. Икковгинасини ҳам Худо раҳматига олсин деймиз-да, бошқа начора!
Энди қаерда ҳайкал кўрсам, қоронғи омборнинг бир бурчагида қалашиб ётган бўзга ўроғлиқ уч ҳайкал кўз олдимга келади. Колхоз деганлари йўқ бўлиб кетди, эски омбор ҳам аллақачон бузиб ташлангандир — ҳайкалларнинг ҳоли не кечди экан? Шуни билгим келади, жуда-жуда. Лекин энди кимдан сўрайсиз? Ким биларди буни? Омборни бузган одамлар ўзи қолганмикан бу дунёда? Ўзимнинг ўшандаги сиёсий ҳушёрлигиму ку¬йиб-пишганларимни эслаб эса ҳам кулгим қистайди, ҳам уялиб кетаман. Тошдан бўласанми, метиндан бўласанми, соат миллари барини жой-жойига қўяркан-ку, т у в р и м и?
“ЎзАС”, 2019 йил, 17-сон