Дўстбек Сулаймонов. Салом қани? (ҳажвия)

— Ҳой бола, тўхта-чи, менга нега салом бермадинг? — деди Қўчқор ака.
— Ие, амаки, нега салом беришим керак экан? — ҳайрон бўлди Савдобек. — Бирон нарса қилиб берасизми ё бирон нарса олиб  берасизми?
— Уйқусираяпсанми, ҳов бола, мен бир нима бераман деб ўлиб турганим йўқ. Саломинг қани деб сўраяпман? Саломингни пишириб еганмисан? Қани, тез бўл, салом бер!
— Салом бер?! Катта бўлсангиз ўзингизга, хўпми? Бошимни қотирманг.
— Гапни кўпайтирма, шундоғам кўп гаплашиб қўйдик. Аввал салом кейин калом деган гапни эшитмаганмисан? Ё мактабда муаллимларинг «Ўзингдан каттани кўрсанг салом бер» деб ўргатишмаганми?
— У  чўпчагингизни уйингизга бориб ўғилларингизга айтинг, хўпми?
— Ҳов бола, ўпкангни бос, бунча тиллашасан? Нечанчи синф¬да ўқийсан?
— Ўпкамни босаманми, йўқми, салом бермайман? Олтинчи синфда ўқийман.
— Сабабини айт-чи, одамни тоза хит қивордингку?
— Амаки, ҳали кўп нарсани билмас экансиз. Салом дуч келган одамга берилавермайди.
— Унда кимга берилади?  Катта холангга бериладими? Бундай очиқроқ айтда, сақичга ўхшаб чўзавермай?
— Энди амаки, гапни дангалини айтадиган бўлсам, мен сизга салом бермайман, бундан кейин йўлда тағин тўхтатиб бошимни қотирманг.
— Хўп, гапни кўпайтирма, бирон кишига салом берасанми ўзи? Ёки сурувдан қолиб кетган такадай зипиллаб ўтаверасанми у ёқдан бу ёққа?
— Мен кимга салом беришимни айтишим шунчалик сизга керакми? Унда эшитинг: қорним очиб ошхонага кирсам ошпазга, пулим тугаб кассага борсам кассирга, уйга борсам дадам билан ойимга салом бераман. Ошпаз овқат, кассир пул беради. Дадам билан ойимнингку топгани меники. Сиз нуқул салом-салом деб бошни қотирасиз? Анави Тешавой ака қўшнимизни айтмайсизми, ўзи дурадгор, тешасини кўтариб ҳар замонда бизникига келиб туради, ҳар келганда қўлига  қарайман. Қани, бирор нима берармикан деб. Қани, менинг ширин хаёлларимга тушунса. Гўзал холам бошқача-да, ўзиям «Аёллар гўзаллик салони»да ишлайди. Ҳар сафар келганда менга шоколад, конфет олиб келади. Кетишида албатта пул узатади. «Олақол тойчоғим, музқаймоқ олиб ейсан» дейди. Бирам маза қиламан.       
— Бўлди-бўлди, тушундим, кўп гапирма, ўзи кимнинг ўғлисан?
— У ёқда кўриниб турган магазиннинг орқа тарафида турадиган Бозорбой аканинг ўғлиман. Отим Савдобек.
— Савдобек, қизиқ бўлди-ю, шунақа исм ҳам бўларканми, ё ҳазиллашяпсанми?
—  Дадам билан ойим мен туғилмасдан олдин ҳам магазинда ишлашган экан. Мен туғилганда савдомиз юришиб кетсин деб шу исм¬ни қўйишган экан.
— Ҳм, Савдобек ука, шундай де?
— Шундай сиз ҳам магазинда ишлайсизми?
— Йўқ, бор-йўғи бир бекорчиман. Демак, сенга пул берса салом берасан, шундайми?
— Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди.
— Мен бир салом эшитгим келди, мана танишиб олдик. Энди салом берасанми?
— Пул берасизми, амаки, текинга ҳатто мушуклар уйдан таш¬қарига чиқмаяпти ҳозир.
— Ана шу савилдан йўқ эди-да.
— Унда саломни катта аммангизнинг неварасидан эшитинг.
— Менинг қўйларим бор, ўнта улар. Агар улар қўзиласа сенга битта қўзи бераман.
— Қачон? Ҳозирми?
— Қўйларим қўзиласа деяпманку!
— Насияни ўғрига чиқарган?
— Ҳой бола, тўхта қарз¬га бўлсаям салом бериб кет.
— Дадам қарзга ҳеч нарса берма деган. Мен сизга салом бераманми?
— Хўп, майли, хайр.
— Қизиқ одам экансизку, саломни ололмадингиз-ку, хайр¬ни қандай оласиз?