Дилшод Шамс. Қатралар

ДИЙДОР

Кўп давраларда донишманд ва мумтоз шоирнинг “Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун, дўстлар дийдоридан бўлолмас устун” деган неча асрлардан бери яшаб келаётган ҳикматини такрор-такрор эшитиб қоламиз. Ҳа, дўстлар дийдори шунчалар азиз, фараҳбахш… Аммо бу ҳикматдаги бошқа бир сўз доим хаёлимни тортади. “Дийдор” деган сўз… Қандайдир сирли, жарангли, мафтункор сўз… Зеро, мағзи, моҳияти, маъносига муносиб-да…
Ҳамкасб дўстларимиздан бири “Кўнгил дийдор истайди”, деб лутф этади баъзан… Бунда ҳам қандайдир ҳамоҳанглик, боғлиқликни кўргандай бўламан. Кўнгил ва дийдор бир-бирига кўп яқин тушунчалардай… Зеро, иккиси ҳам самимий ҳис-туйғулар, меҳр, эзгулик нури билан йўғрилган…
Дийдор — соғинчнинг битиши…
Дийдор — висол…
Дийдор — ҳижрон ва айрилиққа қўйилган нуқта…
Ҳаммамиз ҳамиша дийдорга ошиқамиз. Бола она дийдорига талпинади. Кўнглига ишқ чўғи тушган ошиқ ёри дийдорига… Кун бўйи иш билан банд ота-она оиласи, фарзандлари дийдорига… Ҳафта ёхуд ой ўтиб соғинишиб қолсак, дўсту қадрдонлар дийдорига… Хизмат тақозоси ила хорижга чиқадиган бўлсак, Ватан дийдорига… Соғинганда, она юрт дийдоридан азизроқ неъмат бўлмаса керак.
Бир ҳафта ёки сал кўпроқ, борингки, бир ой ёхуд бирон йил, бундан қатъи назар, Ватандан йироқда бўлиб, сўнг она юртга қайтаркансиз, дейлик, аэропортда самолётдан тушишингиз биланоқ бутун атроф, борлиқ кўзингизга чўғдай кўриниб кетади. Эҳтимол, болаликда унча билинмас бу… Лекин инсон эсини таниб, улғайгани сари буни жуда чуқур ҳис эта бораркан.
Эсимда, талабалик пайти, баҳор чоғи илк маротаба Қозон шаҳрига — талабалар анжуманига бориб қайтгач, Тошкент бўйлаб кетаётганимда, она шаҳрим ям-яшил дарахтлар бағрига ғарқ бўлган афсонавий диёрдай туюлганди. Ҳали-ҳануз ўзга юрт сафаридан қайтсам, шундай ҳиссиёт кўнглимни чулғаб олади. Биргина мен эмас, барча юртдошларимиз, юртдан уч-тўрт кун бўлса-да олисга чиққан ватандошларимизнинг қалбини шундай ҳиссиёт чулғаши табиий…
Ахир, ҳижрондан сўнг она юрт дийдорига рўбарўмиз-ку…
Атоқли шоира Саида Зуннунованинг “Чўли ироқ” номли шеъри бор. Халқ қалбининг нолаларидан яралган “Чўли ироқ” навосининг сеҳри, қудратидан сўз айтаркан, “Дўстлар дийдорини ғанимат билмай, саробга шошганга уни чалиб бер”, дейди шоира…
Зеро, ўтли наво таъсирида ҳаттоки мудроқ кўнгил ҳам уйғониб, сароб нима, ҳақиқат нима — англаса, англагани дўстлар дийдоридан, Ватан дийдоридан ортиқ бўлолмаслиги аён ҳақиқат-ку ахир…
Балки шу боис ҳам, ҳаммамиз ҳамиша дийдорга ошиқармиз…

КУЗ ХАЁЛЛАРИ

Кузги боғлар аро сокин кезаётган инсоннинг кўнглидан не хаёллар кечади? Йўлларни тўлдирган хазонлар умрнинг югурик шитобига ишора этадими? Ёки орзу-умидларимиз ижобати ёхуд армонларнинг қисматидан шивирлайдими кузги боғлар?
Умр — баҳор билан кузнинг бир-бирига чўзилган қўлларига солинган кўприкка қиёс этилса, эртанги зангор фасл ниятларини ўйлаётгандир бу новдалар… Инсон баъзан сокин лаҳзаларни қўмсаб қолгани каби, кузги саболардан ҳаловат топаётгандир бунда дарахтлар… Ёхуд, аксинча, қайноқ қуёшнинг тафтини қаҳратоннинг қатронларига алишгиси келмаётгандир улар… Ҳар нечук табиатнинг бор синовларига мардона тургувчи мағрур дарахтлар бағрида ҳаёт ёлқини яшамоқда. Шу ёлқин бор экан, аёзлар писанд эмас бу дарахтларга…
Кузги боғлар аро сокин кезаётган инсон шуларни ўйлар, эҳтимол… Одамзот умрининг чинор умрига қиёс этилиши, тўғрироғи, инсонга чинор умри тиланишининг боиси янада теранроқ аён бўлар… Кузги боғларга тикилгани сайин хаёллари чуқурлашиб, ўз қалби билан холи қолиб, ўзлигини излар инсон… Ўз-ўзини яхшироқ тушунар, кўнгил саволларига жавоб истар… Кўнгил билан идрокнинг унсиз суҳбати кечаётган онлардир булар…
Ҳа, кузнинг ҳикматлари кўп.
Бироқ, энг муҳими, бу тўкин ва донишманд фаслда файласуфга айланиб қолгандек сезади ўзини инсон. Қалби ва умри, бахти, эртаси ҳақида ўйлайди. Элу юрти, Ватани, фарзандларининг нурли истиқболини тилайди.
Шу кунларга етганига шукур қилади.
Кузги боғлар — кўҳна ва буюк ҳақиқатларни яна бир бор ёдга солади. Шоир айтган «бир пари фасл» бу! Шу боис ҳам, кузги боғлар аро кезаётган инсон атрофга қараб, ҳар гал ниманидир кашф этгандек бўлади.
Бундаги хаёллар эса ҳамиша покликка, гўзалликка, абадиятга дахлдордир.

ИЛДИЗЛАР ВА ГИЁҲЛАР

Тоғлардаги илдизларга боққанмисиз ҳеч?
Дарахтларнинг илдизлари очиқ илдизлар…
Матонат ва бардошнинг сувратига ўхшайди улар…
Не сўз билан айтиш мумкин улар шаклини? Сўз ожиз, таъриф-да ожиз. Фақат кўриш, англаш керак. Қанча тўзону довуллар селу қатронларнинг зулмини енгган, метин бўлиб кетган илдизлар…
Элимизнинг иродасини эслатмайдими улар?
Бардошу қатъиятини, мардона яланг тўшини…
Доим кўкси очиқ, чайир боболарнинг суврати кўз олдимизга келади. Тарих деган тоғни, тошларини ёриб чиққан илдизлар эмасми улар?
Уларнинг ёнида ажиб гиёҳлар унади… Шифобахш гиёҳлар…
Неча дардга даво бўлади бу гиёҳлар…
Яна қанча қудрат яшириниб ётган экан уларнинг томирларида?
Қанча меҳр ва малҳам ётган экан?
Меҳр малҳами…
Элимизнинг қалбини эслатади улар…
Саховатини эслатади.
Шу азиз Ватан қўйнида, тоғу тошлар бағрида халқимизнинг кўҳна ва улуғ хислатларига тимсолдек — илдизлар ва гиёҳлар ёнма-ён яшайди.
Матонат ва малҳам, меҳр ва бардош ёнма-ён яшайди.
Мангуликнинг сири шундадир балки…

ЗИЁРАТ

Тилимизда «зиёрат» деган пурмаъно сўз бор. Бағридан нур таратаётганга ўхшайди бу сўз…
Қадр, оқибат, самимият ва эзгулик тимсолига айланган чунки…
Кўнгил зиёрати…
Табаррук масканлар зиёрати…
Ватан зиёрати…
Юртимизда кўплаб қадамжолар шундай зиёрат манзилидир.
Кўҳна Самарқанднинг Челак туманидаги Имом ал-Бухорий мақбараси ҳам шундай табаррук масканлардан… Ҳар куни минглаб юртдошларимиз эзгу ният билан бу ерга зиёратга келишади.
Буюклик, поклик зиёратига…
Поклик ва буюкликнинг сирини англаш учун ҳам зарур бу зиёрат…
Зотан, бу тупроқда буюк зот дуосининг нури, закосининг ёғдуси бор. Бу ёдгорликни кезган инсон, дилида ихлоси бор инсон шу нурни туяди, албатта. Кўнгли ёришади…
Тошлар бағридан отилиб чиққан булоқ сувларидан ичаркан, вужуд-вужудига сокинлик ва фароғат ингандай бўлади.
Руҳ ва мангулик, умр мазмуни ҳақида ўйлаш учун хўп маъқул маскан…
Ҳа, буюк аждодлар авлодимиз…
Бебаҳо маънавий мерос ворисларимиз…
Айни чоғда, шу шавкатни, шу ғурурни ўстирмоқ учун ўзимиз ҳам бирон иш қила билдикми?
Биздан келажакка нима қолди?
Умримиз, меҳнатимиз ақалли бир зарра бўлиб, буюк келажак биносига кор келмоқдами? Ярамоқдами?
Бундай табаррук масканларда бу саволлар ҳақида чуқурроқ ўйлай бошларкансиз.
Шу меросни тўлиқ англаш, юракка жо этиш, дилдаги ғурурни ўстириш, Ватанга фидойиликдан ортиқ саодат йўқлигини ҳам ич-ичдан ҳис эта бошларкансиз шунда…
Табаррук зотлар руҳини қуввати, таъсири ҳам шундандир балки… Юртимизнинг турли гўшаларидан келган зиёратчиларнинг дуою тилаклари муштарак бўлган бу даргоҳда кўнгиллар бирлашиши бежиз эмас.
Бутун мамлакат буюк аждоди қошига зиёратга келгандай…
Бутун мамлакат якдил ва ҳамжиҳат эканига нурли тимсолдир бу балки…