Ўтов гуллади…
Шу ўтовга Тўлғоной келин бўлиб тушди.
Осмонда ой қўтонлади…
Ой ўзига ўтов тикиб атрофи айлана оқ гардиш – нур билан ўралди: айлана ўтовда келин, айлана гардишда ой қолди. Ойнинг-ку белгиси элга аён, шу ой ёғин ёғмайди. Аммо Тўлғоной бирам кўнгли тўлиб йиғлади, бирам йиғлади, қуримагур чечаларнинг амали озди. Озмайлар кетсин, Тўлғонойнинг мунчоқлари узилди, алами ичда бўлиб кўнгли бузилди.
Эрталаб куёв Раҳмонберди отасига дуч келиб, кўзи-кўзига тушганида шошиб салом бериш ўрнига алик олди. Отаси – Ғаффор мулла бош чайқаб “Эсингни йиғиб ол!” дегандек томоқ қириб қўйди.
Келиннинг уялгани-ку безаги, куёвнинг уялгани ёмон экан. Хуллас, Раҳмонберди ўзини, айбдор кўзини четга олиб тоққа йўл оладиган бўлди. Олдига ҳайдаб солгани қўй-қўзи, орқасида бир кўзи, унга шу яқин тоғнинг йўли ҳам олис туюлди. Кета туриб келин саломдан қуруқ қолганини билди.
Тўлғоной Раҳмонбердининг аскар бўлиб қайтганини эшитиб кўнгил қўйди, ялтироқ тугмасидаги юлдузини кўриб суйди. Шу-шу Раҳмонбердининг отини айтолмаган янгалари уни “аскар” дейдиган бўлишди.
Янги келин эрталаб қайнотасининг олдига келин саломга кирди. Қайнотаси:
– Шу кенжам, шу кенжамга атаганимнинг ҳаммаси сеники, – деб кампирига бош сермаб имо қилди. Сайдиной момо тишлари кемтик бўлса ҳам кўнглининг кемтиги тўлиб, – Мана бу сенга қайнотангдан, – деб келинининг ипак рўмоли устидан яна бир ипак шоҳи рўмол ташлади. Келин янга келиннинг номидан қайнотасининг остига шоҳи атлас кўрпа ташлаб, ёнбошига бир жуфт ёстиқ қолдирди. Ана кўринг овозанинг баландини. Сайдиной момо ҳали-ҳамон фақат чолининг олдидагина итоатгўй бўлиб ўтирарди. Ташқарига чиқиб чимилдиқ тушириш баҳона келган қишлоқ аёлларини кўриб яна овози баландлади:
– Ҳай! Қайнотасининг атагани қайнотасиники! Энди, мени атаганимни эшитинглар, – деди:
– Кенжамга кенг тўшимни, бахт қушимни атадим. Эшитинг, келин!
Келин Тўлғоной янгаси қўлидан тутган кўйи эгилиб-эгилиб салом қилди. Қайнонаси эса бор атаганини баралла айтайверди:
– Мана шу қўш ўтов, кенг яйлов, мана шу қариндош-уруғ, ён бериб ёндошган ҳамсоялар ҳам, ўчоқ-тандир, қозон-товоқ, эчки-улоқ, кувию айрон, олинг-а, бостирмали қўйнинг қўраси ҳам сизники, – деди.
Гапни йиғилиб келган хотин-халажнинг ичидан одатдагидек Махфират момо олди:
– Ўзингди менам бир ой дейсан, ўзингдан кечаринг йўқ, супрани келинингнинг қўлтиғига қистир, шу ёлғиз улингга куйишмасанг бўлгани, – деди.
Сайдиной момо ўзи айрон сувга ботириб ийлаган оқ теридан тиккан супрани келинининг қўлтиғига қистираркан: – Худога шукур, ўғлим бир ўғил бўлгани билан мусофирчиликни кўриб қайтди, шулар тиниб-тинчиб, ўзидан кўпайса бўлгани, ўзимди чолимдан қўймасин! – деди.
Бу гапга хотинлар қотиб кулди, гапга гап қўшганларнинг бўлари бўлди.
Висол восиллик тилаб орадан чиллали қирқ кун ўтди. Тун чўкканида бир ўтовда келин-куёв, бир ўтовда чол-кампирнинг гангир-гунгур суҳбати қизиди. Келин-куёв висолга, чол-кампир дунёга тўймасдай бўлди. Аммо ташқарида отларнинг дупури эшитилиб уларнинг суҳбати бўлинди.
– Аҳай! Бемаҳалда келган ким бўлдийкан? – деди Ғаффор мулла елкасига яктагини ташлаб.
Отлиқлар тўрт киши эди. “Тоғдан эниб тушган чўпонлар бўлса керак” деб ўйлаган Раҳмонберди ҳам янглишганди. Улар ўзиники бўлса ҳам ўзагини кесадиган, ҳар гапи қишнинг бўронию, ёзнинг гармселидек эсадиган Қодир “қулоқ” билан Раҳмонқул кесов эди. Кесовнинг кесовлиги ўт титиб ёнмаган оловни ёндирадиган, одамларнинг хонумонини куйдирадиган бесар эди. Бесарнинг бесарлиги гавдасида боши бўлмаганида. Қодир қулоқнинг қулоқлиги эса фисқу фасодчилиги етмагандай, ғимирлаган замонда ғимирлаб турган нарса унинг назаридан четда қолмасди. Уларнинг ёнида келган икки отлиқ ҳам отининг қорасидан таниш, танишлиги элга юқмас эди.
– Сен! – деди Раҳмонқул кесов саломдан олдин алами ўт олган одамдек.
– Раҳмонқул ака! – деди Раҳмонберди қоронғуда қўтонга келган бўридек қонсираб турган Раҳмонқулнинг авзойини кўриб.
Ғаффор мулла қоронғуда келганларни таниёлмади. Уларнинг ҳовлидаги итнинг безовталаниб ҳуришига қўшилиб от устида тасирлаб тургани муллани эсанкиратиб қўйганди. Замоннинг зайлини билгани учунми бу милтиқ тутган миршабларнинг “ташриф”и яхшилик аломати эмаслигини кўнгли сезди. Ота эмасми, ўзини эмас, ўғлини ўйлаб боши ғувиллаб кетди. Ўғлининг келганлар билан нима ҳақида гаплашаётгани ҳам негадир шу тобда қулоғига кирмасди:
Бу сафар Ғаффор муллани кўриб олдиндаги қорабайир отда келган семиз миршаб – Қодир қулоқ гап бошлади,
– Ҳа мулла бова, хаттотлигингизни билардик, аммо хаттот хато қилса биласиз, ўйлаб ёзиш керак, ўйлаб! – деди у бўғизланган жонлиқдай томоғи хириллаб.
– Отам! Отам саводли одам, – деди Раҳмонберди кўнглида алланечук ғурур уйғониб. Хаспўшчи хасни ҳам пуфламай олов олдиради дегани рост экан. Ялтоқлиги ялтираб турган Қодир қулоқ от устида ишшайиб ўтирган жойида дадилланиб Раҳмонбердига:
– Менга қара, аскарликда отангга хат ёзиб турганинг ростми? – деди.
– Ҳа…
– Отанг араб ёзувида ҳам ўқиб, ҳам ёза олади, шундайми?
– Ҳа энди, эскининг одами-да, озгина эскичадан хабари бор.
Бу сафар у миршабнинг қулоғига ваҳимали нималарнидир шивирлади. Раҳмонберди уларнинг гапларини, бу ваҳимали шивирнинг сабабини билишга қанчалик ҳаракат қилмасин, ҳовлидаги итнинг ҳуришидан безовталаниб депсинаётган отларнинг туёқ товушидан ҳеч нарса эшитолмади. Ниҳоят семиз миршабнинг имоси билан у тилга кирди.
– Сенга бир-иккита саволлари бор экан миршаб акани, биз билан кетсанг, эрталаб қайтасан, – деди.
Ғаффор мулла кар одамдек баттар тоқатсизланиб ўғли Раҳмонбердини ёнига имлаб чақирди.
– Ўғлим, “кел-кели” келган кўринади, нима бўлса ҳам энанг билан келинга билдирмай тур, эрталаб бирга қайтармиз, қайтмасак… – деди Ғаффор мулла бу сафар чуқур хўрсиниб вазминлик билан. Шундагина Раҳмонқулнинг оёқ-қўллари бўшашиб, гап нимадалигини билиб хуржуни оғди.
– Ўртоқ м-миршаб! Бу қанақаси? Мен аскарликда медал олганман. Ватан учун ҳалол хизмат қилганман! – деди овози дадилланиб.
Яна тилмоч билан миршаб шивирлашди:
– Яхши! – деди миршаб бу сафар бироз кўнгли юмшагандек.
Яна тилмочнинг тили чиқди, яна тилмоч ўртада хаспўшчи даллол бўлди: – Шунинг учун ҳам сени чақиришаётган экан, шунча ердан келганнинг иззатини қил-да ўзинг ҳам, – деди тилмоч тоғликларнинг жўмардлигини билгани учун ҳам.
Ғаффор мулла ўтовга қайтганида Сайдиной момо бир муддат чолининг авзойини кўриб деворга осилган хуржунга қараб олди. Бу бежиз эмасди, чунки Ғаффор мулла оқ яктагининг шимарилган енгини туширганида албатта чопонинини киярди. Чопонини кийса хуржунни эгнига олиб, отини шайлаб йўлга отланарди.
– Боваси? – деди ниҳоят Сайдиной момо ҳадди сиғиб.
– Кампир, ўзинг энди бу ёғига бош бўп тур, Раҳмонберди эртаман келади, – деди Ғаффор мулла қўллари бетасбеҳ, тасбеҳнинг тиловатини такрорлаб. Аммо орқасига ўгирилиб қарамади. Бир умр қиладиган ишини ипидан игнасигача хотинига айтиб ўрганмагани учунми, дардини дастурхон қилишни ўзига эп кўрмади.
Раҳмонберди эса Тўлғоной билан шошиб хайрлашиб йўлга отланди. Муддаоси шошиб яна ортига қайтиш бўлгани учунми, шу тобда у фақатгина кетишга шошиларди.
Шу кеча ота-ўғил тўрт отлига эргашиб, бўз отига мингашиб кетган кун ким бундан хабарли, ким бехабар қолди. Тонгда Шамолли қишлоғининг шамоллари безовта эсганида айни баҳор фасли эди. Баҳор мум тишлади, аммо ҳали аёзнинг саволлари кўп эди. Қайси жавобли, қайси бежавоб бўлди, аммо, ота-боланинг жон жойидан тутди. Ғаффор мулла билан Раҳмонбердининг бир айби саводи борлигида бўлди. Отасига аскарликдан ёзган бир хат хатга ташлади, хатга эмас, ўтга ташлади. Икки бирдай аёл бошэгасиз қолди. Қишлоқдагиларнинг ҳам бири ҳадди сиғиб сўраса, бири сўролмади. Оналар қўлига китоб олган боласига:
– Саводлининг савдоси шул бўлса, овуздан ёдлаганинг яхши, – деб боласининг қўлидан китобни тортиб олди.
Оталар куйиниб: – Шундай дейсан, овуздагиниям овуз минан етказар кўп. Индама, молдинг ҳисобинимас, элдинг ҳисобин ҳам билсин, – деди.
* * *
Тўлғонойнинг юраги тўлиб кетди. Югуриб ўз ўтови томон чопди. Янги келин эмасми, кўз ёшини қайнонасига кўрсатишдан уялди. Кўз олдига Раҳмонқулнинг кенг елкалари, суқсурдай сумбатини келтириб кўз ёшларидан ҳам гинадор бўлди. “Нега йиғларканман, ахир келаман деб кетди-ку. Худо йиғлаганга кўз ёш берармиш. Мен… мен барибир кутавераман. Аскарликдан юлдуз оп келганман деса миршаб деганлари ҳам кўп тутиб турмас, одамлар айтаверади”. Шу хаёл билан у ўрнидан силтаниб турди. Шу далда билан яна ўтовдан отилиб чиқди. Ширин бир хаёл орқасига қарашга ундаганида эса ранго ранг кигиз гиламлар билан безатилган ўз уйи ҳам кўзига рангпар кўриниб кетди.
Сайдиной момони ҳам бу сафар дардман деганнинг сайдини сийлади. Юрагини создинг терисидай ийлади. Офтобрўяда ўтириб, ўзидан ўтганини ўзи билди. “Ай боваси, Раҳмонбердини Худодан тилаб олувдик. Ҳеч нега куймадим, болам деб куйдим. Аёлнинг кўнгли боласида бўларкан. Мен-ку ёшимни яшадим, бечора келин, буям келин бўлмай келисоп бўлди. Бир сўзли одамийдингиз, “эртаман қайтаман” деганингиз шундай бўлишини билганимда улимди сизга қўшмасдим. Пешонага ҳар не сиғаркан. Шу эниш пешонадан бовурингди берганинг, суяниб турганинг сирғалса ёмон экан. Борса келмас деган жойлар борлигини эшитганим бориди. Келмаси шу бўлса, кетарим нима, билмайман” деди.
Ўтовдан нарида, бир гужумшохнинг орасида олақуш ёқимсиз сайради. Яна Сайдиной момо бунинг сайрови нимадан дарак экан деб гумонда қолди. Салқиган қовоқлари салқиб бўйнигача тушди. Ўтирган жойида офтобда қизиб оёғини куйдираётган ковушини ечиб, эшитилар-эшитилмас қўшиқ хиргойи қилди:
Олақуш ола экан,
Сайрашга бало экан.
Балоси не билгунча
Билмаган авло экан.
Энани яратгунча,
Тошни ярат, Худойим.
Шу олақуш биларма
Жудалар бўлди жудайим…
Жотқан элда гап жотмади. Биров “Мулла бова минан ули Раҳмонбердини сим панжарага худди какликдай соп қўйипти. Тўқай қишлоқдан ҳам Тўқли полвонни сўровга олиб кетган эмиш. Ҳалиям сўрови тугамай сўрап ётганмиш” деса, биров “Полвоннинг айби не экан, аскарга борип отасига хат ёзмаган бўлса?”, деди.
“Шундай дейсиз, Полвоннинг уйига бир меҳмон келган экан, оти атоқли меҳмон экан ўзиям. Илм деганнинг барини сув қилиб ичган экан. Шу келган меҳмон полвоннинг бошини еп кетипти. Шундайчиқин меҳмон кутгунча кутмаган авло экан. Локигин, полвон сўзидан қайтмай “Меҳмон меники” деб меҳмон кутар айбини тан опти. Аммо шу сўров деб сирови келган чиқар…” дейишди.
Бировлар биров бўлди, улар ҳам бировдан ўтганини билмади. Шу орада йўл қарай, йўл қарай икки аёл бир ўтовни Ватан қилди. Қайнона келинини, келин қайнонасини аяди. Тунда ўтовда ёнган чироқ шуъласи Тўлғонойнинг юзидан сирғалиб тушди. Шуъла Сайдиной кампирнинг қат-қат ажинларига сингиди. Шу кеча туни билан чироқ шуъласи бетовуш, бесас оқди.
Кун қизиб аёлларнинг ҳам ичи қизиди. Аёлнинг дарди ўрмак бўлди. Қиши билан йигириб чиққан жун калаваларини уч аёл, тўрт аёл бўлиб ранг солинган қозонга солиб тур-турига, ранг-рангига қараб бўяйдиган бўлишди. Тўлғонойнинг ичида бир ранг йўқ, бир ранги сарғайиб кутгани, олача гиламга аталган ипларни қозонга солиб кавлай бошлади. Қозондан овқатнинг эмас, ивиган жуннинг ҳиди кўтарилганда Тўлғоной ўхчиб кетди.
– Йўғ-ей, – деди бир девор қўшни Салима ўчоққа ўтин қалай туриб. – А, бу келин укамни келганда суюнтирадиган кўринасиз.
Тўлғоной ўзи ҳам ҳайрон: – Йўғ-эй, нималар деяпсиз?.. Ахир, ахир…
– Гап шунда-да! Шу ахирдан кейин бўп қолган бўлса ажабмас.
Тўлғоной қўшни аёлнинг гапидан уялиб кетди, қозондаги ип юзларининг қизилидан баттар қизилга бўялиб кетди.
Аёллар бир-бирларига шивирлашиб, Тўлғонойнинг гумонаси гумон бўлди.
Бу орада Сайдиной момонинг кўнглини бузиб, келинли уйга эшик қоқиб Тўлғонойга совчи келди. Сайдиной момо бошига тушган савдони билиб ҳам юзинг, кўзинг демай келган совчиларни ҳам яхши гап билан кузатди. Аммо Тўлғонойга сездирмади. Тағин ичига сиғдиролмай бу гапни Тўлғонойнинг отасига эшиттирди. Тўлғонойнинг отаси Марди жувозчининг бу гапни эшитиб ори келди. Аммо у ҳам хотинига сездирмади. Аламдан, “Энди келса ўзимнинг олдимга жўнатинг, бунақаларни жувозга солиб мойини чиқараман” деди.
Тўрт ойда Тўлғоной тўлин ойдек тўлишди. Энди унинг гумонаси гумон эмас, чин бўлди. Момо келинининг орқасидан қараб “улга ўхшамайди, бу қорин солмай бел бувини кенгиш тортди, эй Худойим-ай жонимди эмрантириб, танамди шундай сербалтиргунингча, кўзимнинг косасида қўрғошин қайнатсанг розийдим” деди. Кўнглининг бир чеккасида умид учқунлади. Тўлғонойнинг кўзи ҳам бу сафар фарзанд йўлида бўлди. Аммо уни дунёга келтирганида эри Раҳмонқулнинг қувончи насиб қиладими-йўқми, ўзи ҳам билолмай ҳасрат чекарди. Унинг жериги ҳам, ўйи ҳам, кутгани ҳам эри бўлди. Савдоли қул бек бўлса ҳам, бий бўлса ҳам, эркагу аёл бўлса ҳам синаладиган замон эди. Ёмғирдай ёғилган бу хўрлик Тўлғонойнинг ўба-жўбасидан ўтди.
Ҳар чиққан янги ойга айтилган тилак тўлишиб, яхши-ёмон кунни бўлишиб орадан тўққиз ой ўтди. Ойнинг бир дили эмас, юзи ҳам доғли бўлди.
Тўққиз ойда тўққиз ой кутган Тўлғоной оғир-оғир одимлаб юзлари қизарса-да тўлғоқдан дарак бўлмади. Бундан кўнгли ҳадик олган Сайдиной момо келинига туянинг юнгини чайиб ичирди. Отнинг юганидан ўтказиб, бахшига бағишлаб товуқ билан қоқтирди. Хуллас, ўнинчи ой ҳам ойтўлғоқ тутса тутдики, оғир оёғи енгил бўлмади. Доялик қиладиган Хадича кампирнинг икки букилиб, эгилган арпадай тўкилиб келиб кетишидан-да тиним бўлмади. Кутганда тўлғоқ ҳам келмади. Шунда ҳам Тўлғонойнинг хаёли Раҳмонбердида бўлди. Бир куни Раҳмонбердининг куёвлик тўнини ёпиб уйқуга кетиб Тўлғонойнинг бўлари бўлди. Шу тўннинг исларими ё соғинч ҳисларими Тўлғонойнинг белидан олди. Танасига бор азобни солди. Дод солганида эса имилласа ҳам ишини билиб қиладиган Хадича кампирнинг оёқлари қалтиради.
Сайдиной момо уйга кирганида Хадича кампир чақалоқни йўргаклаб, қўлини ювиб дастурхон бошига келди. Сайдиной момо безабон бўлди, набирали бўлса ҳам сўрарга ҳадди сиғмади. Ёшини яшаб, ошини ошаган кампир эмасми, Сайдиной момо Хадича кампирнинг дастурхонга узанишидан ҳаммасини билиб олди. Хадича кампир беқасам дастурхоннинг бурчини ҳам очмай, дастурхонга қўлини ҳам теккизмай парвардага узанди.
Тўлғоной ингранди. Сайдиной момо эса: – Нима ҳам дердим, – деб Хадича кампирнинг ёнига сидирға матони қўйиб қўлини дуога очди. Қизалоқни бешикка солиб исмини Санобар қўйишди.
Қизалоқ, оти Раҳмонбердининг қизи бўлди, ўғил бўлмаса ҳам орқасида изи бўлди. У ҳам эмаклай туриб ўзи билмай оёқлари орасидан йўл қаради.
* * *
Эрталаб Санобар уйқудан туриб томга қараб:
– А-ҳа-а! – деди, – Мен сени олтинга айланиб қолади десам, қизғалдоққа айланиб қолибсан-да?..
Бу олти ёшли Санобарнинг кеча томга отган тушиб қолган тиши эди. Сабаби бу пайтда қишлоқдаги одамлар қиш кириб пастдаги гувала уйларга кўчиб ўтишганди. Марди жувозчи эса ҳамиша одамлар қўй-қўзиларини йўлга солиб тоғнинг биқинига кўча бошлаганида ҳам негадир кўчишга шошилмасди. “Мойим томчилаб, тоққа тирмашиб нима қилдим. Эл-элат бодом тўнини елкасидан сидирганда барибир олдимга келади” дерди. Марди жувозчини жа мойини оқизиб мақтамасак ҳам гапи одамга мойдек ёқадиган одам эди. Кампири Ҳулкар момо ҳам, не қилай боламнинг тақдири экан, қизимга суянч бўлай деб ўзини тутди. Аммо қудаси Ғаффор мулла билан куёви сўровдан қайтмагач анча чўкиб қолди.
Марди жувозчи беэга бўлмасин деб уйининг ёнидан бир кулба солдириб Сайдиной момони, қизи Тўлғоной ва набирасини кўчириб келди. Бир кўчган икки таланса, Сайдиной момо билан Тўлғоной етти таланди. Талангани ҳамма ширин орзулар, тотли кунлар ўша тош қудуқли ҳовлида қолиб кетгандек эди. Қудуқ ҳам оғзи ёпиб ташлангани учун кўрқудуқ бўлди. Кўрқудуқнинг ичи тўла сир бўлди. Сирлиги Ғаффор мулланинг ўзи бир пайтлар айтиб юрадиган “йиққан-тергани” – саҳифалари сарғайиб кетган ҳамма китоблари шу қудуққа ташланганди. Ўқиганнинг кўзини очган қудуқ кўр бўлди. Ғилофли-ю ғилофсиз китобларнинг ҳаммасини шу қудуқ бағрига олди.
* * *
– Э-эна-а!.. – деди Санобар момоси томон йиғлаб, оёқяланг чопиб келаркан. Ўтирган жойида ўчоқдай ўмолиб ерга сингигудай бўлиб ўтирган Сайдиной момо набирасининг йиғи товушини эшитиб ичи тандирнинг ичидай тўкилди: – Вой! Қизи тушмагур, – деди Сайдиной момо ўрнидан туриш учун гўшти суягига осилиб қолган қўлларига таяниб.
Санобар етиб келиб ўтириб йиғлади, ернинг тупроғини оёғи билан сидириб, тепиб йиғлади. Тўлғоной тандир бошидан бери келолмай кўнгли ҳадикда бўлди.
– Эна! Ёлғон айтипсиз! Ҳаммаси ёлғон экан!
– Бовуримга кел, – деди ҳали-ҳамон гап нимадалигини англолмаётган Сайдиной момо набирасига қўлини чўзиб.
– Бормайман, анов Садир “гуппи” бобонг билан отанг қулоқ бўп кетган деди! Шундайми?!
– Нима?.. – бу сафар Сайдиной момонинг таянган қўли ҳам мадамай қалт-қалт титрарди. – Б-бекор айтипти, шу Садирам алповузми дейман-да. Яна шундай деса, отам сувлар тиниса қайтади, юлдузларини яна кўксига тақиб юради дегин…
– Сув тиниса, сув тиниса… – Момосининг гапидан қизалоқ Санобарнинг ичида яна алам қўзғолди, – Доим шундай дейсиз, булоқлар ҳам, сойдаги сувлар ҳам тиниқ. Қачон лойқа сув кўргансиз – билмайман. Айтинг! Шундай катта одам қандай қилиб жимжилоқдай қулоққа айланиб қолиши мумкин?..
Тўлғоной чорасиз бир қайнонасига, бир қизига қараб, рўмолининг бурчи билан оғзини ёпиб ерга термулди.
Санобарнинг тим қора шаҳло кўзларидаги сўроқлар Сайдиной момонинг киртайган мунгли кўзларига яна мунг улашди.
– Берман ке, бўлмаган гап. Одам қулоқ, “қулоқ”! одам бўлганмас. Садирдинг қулоғини ўзим чўзиб қўяман. Ўйин боласи десанг, булар ўйиндан ҳам ўт чиқаради. Эй Худойим-ай, – деди Сайдиной момо ниҳоят ориқ тиззаларига Санобарни олиб чуқур хўрсинаркан.
– Одамлар боланинг олдида нимани гапириш керак, нимани гапирмаслик кераклигини билишмайди-да, болам, – деди.
Санобар эса болаларча кўнглидаги гина нима эканлигини адаштириб бу сафар савол мавзусини ўзгартирганди.
– Кеча сиз олтинга айланиб қолади деган тишим ҳам олтингамас, қизғалдоққа айланиб қопти.
Сайдиной момонинг ҳам бу сафар хаёли чалғиганди: – Сабр қилсанг, олтинга айланади қизим…
– Қизғалдоғ-а?
– Ҳм…
Тўлғоной ўзини эшитмаганга олиб бу пайтда бир жуфт иссиқ нонни бағрига босиб ота уйига йўл олганди. Қиз бўлиб илингани шу бўлди. Марди жувозчи она-боланинг гурунгига ўзини парво қилмагандай кўрсатса-да, Тўлғонойга:
– Эганг кетсаям эгалисан, қизим. Олдимга келдинг дегани орқада турган рўзғорингни унутиш дегани эмас, кеч кирди, уйингга бор, – деди.
Чиққан қиз эмасми, Тўлғоной отасининг бу гапидан чирқираб, қирқ бўғини зирқираб қайтди. Уйига етиб келганида эса ўзи ҳатлаган остонадан кўз ёши ҳатламади.
* * *
Кута-кута кун кўрмаган Сайдиной момо кунчувоқда жон берди. Қайнонасининг очиқ қолган кўзларини Тўлғоной кафтлари билан ёпиб қўйди. Эл йиғлади…
* * *
– Ҳей Санав!
– Нима дейсан?
– Мени биласан-а?
– Сен ўзингди билмаганга айт!
– Отанг билан бобонг нима гап олганини биларсан!
– Сен уларнинг соясига етмайсан.
– Соясига етмасам сенга етарман.
– Қиз отим билан қасам ичирма, қасам ичсам, сен қора ерга етасан!
– Энди ўзингдан кетдинг! – деди Садир олдинга эмас, орқага тисланиб тихирлик қилаётан отини қамчилаб.
– Ҳиҳ! – деди Санобар олдига солиб келаётган сигирни йўлга солиб хўшлаб: – Молча фаҳминг бўлмаса ҳам қийин экан. Сумакбурун!
Садир орқада қолиб бурнини ушлаб кўрди. Аламидан бурнини тишлагудай бўлди. Узун бурни-да бўй бермади.
Тўлғонойнинг қирққа кирмай кўкайи қирқилди. Кутишнинг охири бўлмади. Бўйчан эмасми, суяги сўррайиб, елкаси чуррайиб қолди. Унинг ҳусну жамоли Санобарга ўтгандек эди: Санобар ўн олтида бир қиз бўлди. Бўйига санобару шамшодлар, жаннатнинг тўбисида ҳавас қилгулик бўлди. Юлдузи – юзи иссиқ бўлди. Сочининг толимидан-да совчилари кўп бўлди. Аммо кўнглида қолган болалигидаги гинаси учун янги раиснинг ўғли Садирни унча хушламасди.
– Райис деганини энди билдим. Бечора колхознинг қўйларига келган офат бу, – деди у сигирни ёғоч қозиққа боғлаб келгач онасига юзланиб.
– Қизим…
– Рост айтаяпман, Шувоққияда бўри бўғизлаб кетибди дейишган қўйларни ҳам шу Абди раис…
– Сен буларга қизиқма, қиз боласан, – деди Тўлғоной савоқчўпни қўлига олиб ташқарига отланаркан.
– Барибир шу Садирга…
– Сени бермайман қизим, сўзи юқмаснинг ўзиям юқмайди. Сенинг палагинг тоза.
– Палагим? Унда ҳандалак эканман-да?
– Ҳа! – Тўлғоной қизининг бу тошиб, шошиб гапирган гапига мийиғидан кулиб қўйди. Ҳовлига чиқиб ичини дард савалаб турган Тўлғоной пахтага жун қўшиб савалади. Унинг қил сиғмаган кўнглига қизи Санобар туфайли орзу-ҳавас сиғди. Аммо эл ичида сўровга кетган деган гап ҳам ёмон экан. Айби йўқни айбдор қилди. Бу сафар ёзувни – хатни билганлар анчайин бошқача, Абди раисга ўхшаб ҳароми ҳалолга ётадиган эди.
Тун ярмида Тўлғоной қизи Санобарнинг елкасига кўрпани тортиб ёпиб, янги чиққан ойга тилак қилди: “Мен кўрмаганимни шу қизим кўрсин энди. Отаси қайтар, Худогаям шак келтирмайин. Қайнонам, отам, орқасидан онам кетди. Укам яхши бўлгани билан, ишқилиб келинга турттирмайгина шу қизимни эгали қилсам, армоним йўқ эди” деди. Ой – ойни тинглади.
Эрталаб йўл сўраб кирган икки аёл аслида манзилни билиб топиб келган совчилар эди. Тўлғоной оқ оралаган сочларини тузатиб, рўмолини қайта тугиб совчиларни уйга олиб кирди.
– Эгачи, шу десангиз, бизам эшитиб, билиб, – деб гап бошлади аёллардан бири кўз остидан иккинчи аёлга қараб олиб, –қизингиз борлигини эшитиб келгандик.
– Сизларни танимайроқ турибман, – деди Тўлғоной эшик томонга кўз ташлаб.
– Биз, Салай наҳалчининг аёли Гулзебар опани танирсиз, шу киши отамнинг аммаваччаси бўлади.
– Энди тенг-тенгги билан дегандай, – деб гапни илиб кетди иккинчи аёл.
– Билмадим, ҳали қизимни кичкина деб юрсам, совчилар ҳам… – деди Тўлғоной ой бағридан ситилиб учган юлдузини кўзи қиймагандек.
Бу орада девор паналаб ўчоққа уннаган Санобар ҳовли юзида ҳам ўзини яширарга жой тополмасди. Гурунг-гурунгга уланиб наҳалчининг хотини Гулзебар кампирнинг мақталмаган биронта қариндоши қолмади. Мулла авлод ҳам, тик сўзли ҳам, айтганидан қайтмайдиган ҳам хуллас уларнинг уруғи бўлиб чиқди.
– Фа-қа-ат, беайб парвардигор деганларидек жиянимизнинг бир айби бор. Тилсиз-забонсиз, берсангиз шундай йигитга берасиз қизингизни.
Тўлғоной бу “тилсиз, забонсизлик”ни сўкиш билмайдиган, мўминқобил йигит ўрнида қабул қилиб жилмайиб бош ирғаб қўйди.
– Шунинг учун ҳам элга эл бўлиб, тилига тил бўлиб ўзимиз келдик. Ўша отдан йиқилганидан бери ҳассатаёққа суянса суяндики, бировга тиз чўккан эмас, – деди бу сафар анчадан бери мум тишлагандек жим ўтирган аёллардан бири.
Тўлғоной ичидан бечидам бўлди, оти совчилиги учун иззатини қилиб, лабини тишлаб, ёқасини ушлаб гап бошлади: – Бу, нима деганингиз? Ҳали жиянингиз?..
Тўлғонойнинг бу саволидан қўрққан олдин мушт кўтарар деганларидек аёл тутоқиб кетди: – Айтдимку сизга! Тил-забонсиз деб. Гунг бўлса нима қилибди? Ҳасса таянса нима қилибди?! Оти чиққанмас сизларга ўхшаб, – деди. Тўлғоной аёлнинг бу гапидан гангиб қолганди,
– Оти чиққан, бу нима деганингиз? – деди Тўлғоной она кўнгли ўртаниб. Кимни, қизимними?
– Э-э-э, ким қизингизни оти чиққан деди?! Отасининг оти чиққан демоқчи эгачим. Худди ўзингизни билмагандай ўсалга олиб турганингизни-чи, ҳали бу гап элда ётганмас! Шунинг учун кўрпангизга били-иб туриб оёқ узатинг демоқчи эдик, – деди аёл ёзиқлик дастурхон бурчини ўзидан қайириб.
Тўлғоной бирда ўзини бирлаёлмади. Бир гап айтай деса, оти элчи! Шунда у ҳам ота, ҳам она бўлиб бир гап айтди:
– Келган оёғингизга гул битсин. Фақат, менинг сизга берадиган қизим йўқ. Ажр худодан! – деди-ю, ҳам иззат, ҳам изза ўрнига кўзини четга олди. Ўзига келганида эса бўхча кўтарган икки бўхчадай аёл ташқарилаб остона ҳатлаганди.
Кун келиб очилган бўхча – тугун билан Санобарнинг бахти очилди. Санобар тоғасининг оёғига бош уриб йиғлади. Унинг бегуноҳ кўз ёшлари тоғасининг тиззаларига томди.
* * *
Кутишнинг қирқ йили ўтиб, қирқ бирида Тўлғоной ердан баландлади. Ой осмонига кетди. Тобути елкада бўлди. Санобар бўзлаб қолди…
Шу орада эл ичида “Тўқли полвон оқланибди” деган гап тарқалди. Аммо оқланган одамнинг қорасини ҳеч ким кўрмади.
Тўлғонойни олиб ҳам ернинг бағри тўлмади. Ўркач-ўркач қабристон устида яна ой шуълаланди. У яна тўлиб-тўлиб, осмондаям бечидам бўлиб кутди.
Ишонмасангиз ой чиққан тунда осмонга қаранг, у ҳали-ҳамон ўз ёрини кутмоқда…
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 5-сон