Дадахон Нурий. Ядро бомбаси бизга керакми?

Дадахон Нурий. Ядро бомбаси бизга керакми? (“Виждон ҳайқириқлари” номли триптих-романнинг иккинчи қисми). Тошкент, 2018

“1966–1979 йиллар орасида Ўзбекистон ҳудудида Москва томонидан ўта яширин суратда тўрт маротаба ядро портлашлари амалга оширилган. Булар бизга ошкор бўлгани холос.
Бундай ўта мудҳиш, жинояткорона қилмишларнинг яна қанча-қанчасидан ҳамон кўпчилик бехабар”.
“Огонёк” журнали, №23. 2010 й.
Москва.

ДЕБОЧА

Қўшнимиз Қозоғистонда амалга оширилган атом бомбаси синови – “Семипалатинск фожиаси” номи билан фош этилиб, жаҳон жамоатчилиги томонидан минтақамиз аҳолиси, табиат оламига қилинган ваҳшиёна тажовуз – геноцид деб, баҳолангани сир эмас. У ҳамон ўз асоратини намоён этиб турибди.
“Ўзбекистонда … Хиросимадан кейин ядро бомбаси портлатилганми?!”… Эшитган қулоққа анча нохуш чалинувчи бу саволга жавоб излаб, кўпдан бери хаёлим фаромуш эди.
Баҳорнинг тароватбахш ёмғирли оқшомларидан бирида тасодифий воқеа рўй берди-ю, яқин “ўтмиш”нинг маълум ва номаълум сўқмоқлари бўйлаб кезиб чиқишимга тўғри келди.