Бу воқеани менга момом ҳикоя қилиб берган эди.
Қурбон ота кечаси билан тўлғаниб, ухлаёлмай чиқди. Чунки ҳар кеча у қўйлари ёнида ухлар ва каллаи саҳарлаб отарни яйлов томон ҳайдар эди. Кеча эса ғурурини деб салкам олтмиш йил ишлаган, ҳаётининг мазмунига айланган чўпонлик касбидан воз кечди. Қурбон ота ҳар доимгидай бугун ҳам каллаи саҳарлаб турди ва алаҳсираб заранг таёғини қидира бошлади. Ўзига келганида эса, уйида эканини англаб, хўрлиги келди. Лекин ғурур қурғур яна қўймади. У чўпонлар оламига илк келган дамларини эслаб дала айланди.
…Очарчилик йиллари эди. Қурбон ота ўшанда чамаси уч-тўрт ёшларда бўлган бўлса керак. Ҳар қалай, базўр хотирлайди.
Кеч куз. Абдулла чўпон қўй боқиб юриб, қамишлар орасидан бир боланинг чинқирган овозини эшитди. Бўрибосар ити ундан илдамроқ чиқиб, қамишзор оралаб чопиб кетди. Абдулла чўпон эса унинг орқасидан бораркан, бирдан овоз тиниб қолди. Сал юриб қараса, ваҳшийлиги билан ном қозонган Бўрибосар ярим яланғоч ўтирган боланинг юз-кўзларини ялаб ўтирибди. Абдулла чўпоннинг кўнгли бузилиб кетди ва болани кўтариб бағрига босганча уйига олиб борди, фарзанд қилиб олди. Абдулла чўпоннинг фарзандлари кўп эди. Лекин шу етимчанинг кўнгли ўксимасин деб уни бош¬қача меҳр билан катта қилди. Доим ўзи билан олиб юрди, умрининг сўнгги дамларида ҳам уни эслаб, «Агар Қурбонжонимни бирорталаринг хафа қилсаларинг, гўримда тик тураман…» – деди.
«Ҳа, бебаҳо одам эди…» – деб кўзида ёш билан эслади Қурбон ота болалигини. Бўрибосарни ҳам жуда яхши кўрар эди. Биргаликда қўй боқиб келгандан сўнг аввал ит овқатланади, кейин эса ўзи. Кунларнинг бирида дастурхон атрофида бутун оила жам бўлиб, кечки овқатни бошлаган ҳам эдики, Қурбон:
– Янга, Бўрибосарга овқат бердиларингизми? – деб қолди.
– Йўқ, эсимиздан чиқибди, ҳозир, – деди янга қўрқа-писа ва туриш учун энди қўзғалган эди, Қурбонжон индамай янгасининг олдидаги овқатни олди-да, Бўрибосарнинг идишига қуйиб келди. Ўшанда на Абдулла чўпон, на тутинган акалари лом-мим демаган эди.
Хаёллар оғушида далани бир айланиб, қараса, яна уйи ёнига келиб қолибди. Таҳорат олиб бомдод намозини ўқиди, сўнгра чойга ўтирди. Ўғиллари бирма-бир салом бериб, яхши кун тилаб кириб кела бошлади…
Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, кейин ўғли Ваҳоб сўз қотди:
– Ота, кечаги ишингиздан сўнг раис менга отарни топширди.
– Берса олавердингми, энағар?! – деди аччиқланиб Қурбон ота.
Орага сукут чўкди, бир оздан ота сал юмшаб:
– Майли, болам, энди менинг бир оёғим ерда бўлса, бир оёғим гўрда. Шунча йил чўпонлик қилиб кам бўлганим йўқ. Ҳаммангни ўқитдим, уйли-жойли қилдим. Қолаверса, отарнинг корига сенлар ярамасаларинг бошқа ҳеч ким эплай олмайди, – дея оқ фотиҳа берди.
Қурбон ота шунча йил чўпонлик қилган бўлса, шунинг орқасидан эл ичида обрў-эътибор орттирди. Дунёни кўрди. Ҳаммасига ҳалол меҳнати туфайли эришди.
У заранг таёғининг ичини ковак қилиб ўйиб, ҳамма медаль ва бойликларини шу ерда сақларди. Ўтган куни тоғ бағридаги кўлда қўйларни суғораётган пайти таёғи сувга тушиб кетиб йўқолди. Шунда у: «Шунча қилган меҳнатим бекор экан-да, демак, топган бисотим ҳаром экан-да!..» — дея чўпонликни ташлади. Раис келди… бўлмади, ҳоким келди… унамади. Fурур қурғур йўл қўймай тураверди. Ор-номус, ғурур чўпонлардан айрилмайдиган хислат. Қурбон отага ҳикоя қилиб беришган эди, ўша очарчилик йилларида Абдулла чўпон уни топиб олмасидан олдин тўнғич ўғли Нурали икки қишлоқ наридаги қайнотасиникига меҳмонга борибди. Терлаган оти ташқарида совуқда қолибди. Эрталаб туриб қараса, от ўлиб ётганмиш. Нима қилишини билмай, отасига одам юборади. Абдулла чўпон эса, «Йигитнинг ори, йигитнинг қаноти — оти, оти ўлган бўлса, ўғлим ҳам ўлган. Энди менинг унақа ўғлим йўқ!» – дебди. Шу-шу, Нурали отасининг кўзига кўринмабди…
Қурбон ота шу зайлда бир йилча юрди. Кунларнинг бирида ўзи тенги чоллар билан қўшни қишлоққа тўйга бораётганда йўлда чанқаб, чашмадан сув ичиш учун тўхтади. Ҳовучида сув оламан деб эгилди. Шунда не кўз билан кўрсинки, зилол сув тубида ўша йўқотган заранг таёғи ётибди-да. Овози борича қичқириб ўзини сувга ташлади. Таёқни олиб чиқиб, ўзи ясаган қўлбола бурама қопқоқни очди ва хурсандлигидан ичидаги дуру олтин тангаларни сочди… Бари ҳалол, бари ҳалол!
Ҳалол таёқ тоғ тепасидаги кўлдан тошлар оралаб сузиб, тоғ қўйнидаги чашмага келиб қолган эди.