“Мен ҳар куни шу йўлакдан ишга қайтаман. Турли одамларни кўраман, турли хил воқеаларга гувоҳ бўламан. Бир оз синчковроқман. Ҳамма нарсага эътибор қаратишни ёқтираман. Буни кўрганлар балки сал ғалатироқ деб ҳам ўйлаши мумкин. Лекин бу мени қизиқтирмайди. Тўғри, журналистика соҳасида айтарли қалам тебратиб, бир жойни обод қилмаган бўлсам-да, ёзишни, китоб ўқишни жуда яхши кўраман…”
Эшик тақиллаб Фаррухнинг хаёли бўлинди. Ёзувдан бош кўтариб қаради. Хотини экан. Кечки овқатга чиқишни айтиб кетди. Майли деди-ю, яна кундалик ёзишга тутинди. Сабаби у ёзгиси келган вақтда овқат ҳам, иш ҳам кўзига кўринмайди. Лекин, қурғур илҳом деганлари “ҳа” деганда келавермайди-да. Аслида буюк ёзувчилар айтишган: илҳомни кутиб юраверсанг, ҳеч қачон арзирли асар ёза олмайсан, деб.
Фаррух шундай хаёллар билан яна нигоҳини дафтарга қаратди.
“Вақтнинг ўтишини қара, – деб бошлади фикрининг илк жумлаларини. Чунки вақт ҳақида кўп ўйларди, – кечагина ўйнаб юрган бола эдим, бугун эса болалари билан ўйнаётган отаман. Ҳар гал кундалик ёзишга ўтирганимда вақт ҳақида тўлиб-тошиб ёзгим келади, лекин қурғур бу вақтнинг қадрига ўзим етмасам ўзгаларга нимани ҳам илинардим. Ёзгандан кейин ўқувчи сенинг қоралаган нарсангдан бир нима олсин-да…
Бу воқеаларнинг бўлганига ҳам анча бўлди. У пайтларда ёш эдик. Кўрганларимиз қанчалик ҳайратланарли бўлса, шунчалик оддий ҳолатдек қабул қилардик. Бобом раҳматли кунда кунора даштдан ўзининг яхши кўрган эшаги билан ёвшон чопиб келарди. Ёвшон аравага чунонам устамонлик билан босилардики, нақ уч метрча келарди. Бу манзарни эсга олишим, у ҳақда ҳайрат билан эслашимга сабаб бор. Биринчидан, бобом анча кексайиб қолган эди. Иккинчидан, оёқлари бир оз оқсарди. Учинчидан эса, бу ҳолатдан орадан йигирма йилча вақт ўтиб энди ҳайратланаяпман. Бобомга бу куч қаердан келарди, араванинг устига қандай чиқиб тушарди?! Саволлар кўп. Ҳали бу умрнинг арзимасгина қисмини босиб ўтган бўлсам-да, кўп ҳайратли воқеаларни кўрдим. Биз ҳайратланмаганларимиз эса кундан кун техникавий тараққиёт сари одимлаётган дунё олдида ўзимизнинг ожизлигимизни кўрсатмаслик учун бир баҳонадир, холос.
Яна воқеаларни бобомнинг ҳаёти билан боғлайман. Чунки у кишининг ҳаёт йўли мен учун ҳайратланарли. Сабаби оддий – у фақат меҳнат қиларди. Ҳайратланарли нарсалар эса меҳнатнинг оқибатидан келади.
90-йилларнинг боши, ёз. Бобомнинг боғларидаги мева-чевалар ғарқ пишадиган давр. Кўпинча бобомнинг ёнларида ўралашиб юраман. Кичиккина кўрпачасига ўтириб олиб хомток қилаётганлари кечагидек кўз олдимда туради. Нима учиндир ўша даврларни соғинаман. Сабаби – у даврнинг одамлари бошқача эди. Ўзгача меҳр-оқибат, ўзгача самимийлик бор эди. Ҳозир эса ундан-да юксакроқ меҳр оғушидамиз, бироқ ҳайратланарли жиҳати – уларнинг ҳаммасини моддий манфаат босиб кетаёгандек. Одамлар тирикчилик ғамида ўзини ўтга-чўққа уради. Биров билан иши йўқ. Бежиз ҳайрат ҳақида гапириб, уни бобомнинг ҳаёти билан боғламадим. Сабаби олдинлар ҳам одамлар меҳнат қилишган, лекин меҳрни, оқибатни ҳам унутишмаган. Бир пайтлар бир ота-онадан пул олиб мактабга қатнаган ака-ука вақти келиб пулга талашса ҳеч ким ҳайратланмаяпти. Қизи отасига севган йигити борлигини айтса ота ҳайратланмаяпти. Ачинарлиси, хориж сериали қаҳрамонлари бир қизга талашиб, тортишиб қолса ҳамма ҳайратланади. Ундан-да ҳайратланарлиси – ҳамма жой ҳайратга тўла-ю, лекин бу нарсалардан ҳеч бир одам ҳайратга тушмайди. Чунки у одамнинг ўз ҳаёти, ўз йўли ва ўзининг ҳайратланадиган нарсалари бор. Вақт ўтиши билан руҳий жиҳатдан ожизлашиб боряпмиз…”
– Дадаси, овқатингиз совиб қолди!
– Ҳозир!
“Чой ичишга кетаяпман. Кундалигимни қолган жойидан кейинроқ давом эттираман”.
Фаррух кундалигига шундай деб ёздию дастурхон ёнига шошилди.
– Ҳа, бунча иштиёқ билан нималарни ёзяпсиз? – келиши билан саволга тутди хотини.
– Ўзим, шунчаки, ҳар замонда у-бу нарсани қоралагим келади. Вақтида қоғозга тушириб қўймасам, ёдимдан кўтарилиб кетади.
– Дадаси, шу ёзувчиликни қаердан ҳам ўргангансиз-а? Ундан кўра тузукроқ жойга бошлиқ бўлмайсизми ёки тижорат билан шуғулланмайсизми? Ёзув-чизув билан оила боқиб бўлармиканми? Икки кундан кейин ижара пули тўлашимиз керак!
– Бўлдими, гапириб бўлдингми? – Фаррух хотинининг доимий дий-диёларига ўрганиб қолган бўлса-да, сабрли бўлишга интилганидан яна доимгидек вазминлик билан гапирди.
– Йўқ, гапириб бўлмадим. Ё тузукроқ иш топинг, ё…
– Нима ё?.. Ёки бўлмаса сенинг жавобингни берай, шундайми?
Қанчалик оғир бўлмасин, Фаррух бу гапни айтишга мажбур бўлди. Чунки хотини бари бир шу гапни айтарди.
– …
– Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Фарзандларимиз катта бўлсин, қанотимиз бўлиб топиш-тутишимиз ҳам яхши бўлади. Сен ҳам ишлайсан, мен ҳам бир нечта жойда ишлашга ҳаракат қиламан. Фақат сабр қилиш керак.
– Э, сабрим ҳам, бошқаси ҳам тўлди, – ўзига ярашмаган ҳаракатлар билан пешонасини тириштириб, ўзини хафа бўлганга солди хотини.
– Бор, кириб ёт, ана кичкинанг ҳам уйғониб кетди шовқинимиздан.
Аёл нариги хонага кириб кетган бўлса-да, овози тинмас, бир нималардан норози бўлиб, ҳаётни тинимсиз лаънатларди. Фаррух эса бош чайқаганча, хотинининг қилиқларидан ранжиб, одатдагидек ёзув столига ўтирди ва севимли дардкаши кундалик дафтарини очди.
“Ана шу-да, ҳаёт бизга ҳамма нарсани тортиқ қиладию уни лаънатлаймиз. Ундан баҳраманд бўламиз-у, лекин бир умр норози бўлиб юрамиз. Ҳаётнинг бор гўзаллигини яхши яшашда, яхши яшашни эса ҳамма нарсанинг муҳайёлигида деб биламиз. Балки шундайдир. Ахир ҳаётнинг ўзи одамларни шундай ўйлашга, шундай яшашга мажбур қилмоқда. Ҳаёт олганники, еганники бўляпти. Яна безбетларча “ҳаёт жуда бешафқат” деб қўямиз.
Бизнинг энг катта камчилигимиз ҳаётни севмаймиз. Ҳаётни севиш бу мол дунёни, ўткинчи ҳою-ҳавасларни севиш дегани эмас. Бу – ҳаётда ҳақиқий инсон бўлиб, бировга нафинг тегиб, яқинларингни севиб яшашдир…”
– Эртага бозордан картошка-пиёз олиб келинг, ҳеч нарса қолмапти уйда! – хотинининг гапи Фаррухнинг хаёлини бўлди.
– Бўпти олиб келаман. Шуни эртага айтсанг бўлмасмиди, халақит беряпсан ишимга.
– Э, халақит бермаганимда бир нимани қойиллатиб қўярмидингиз!
– Хотин, шунақа гапларинг учун ҳам менинг ёзганларимда маъно бор. Агар сен бунчалик феъли тор бўлмаганингда балки мен ҳеч нарса ёзмасмидим, – ҳазил аралаш кулиб гапирди Фаррух.
– Э, боринге, сизга гапириб нима қилдим, – дедию хотини ранжиган қиёфада хонасига кириб кетди.
Фаррух яна кундалигига юзланар экан, ёшлигидан буён қийнаб келаётган дарди – кўксининг чап томони енгил санчиб қўйди.
“Чарчабман шекилли, ётиб дам олақолай. Вақт ҳам алламаҳал бўлибди. Эртага қиладиган ишларим кўп”. Фаррух шу хаёлларда ўрнига кириб ётди. Бироқ уйқуси келмаганидан яна хаёли қочди.
“Топиш-тутишим аслида унчалик ёмон эмас. Фақат бир оз қийинчилик туғдираётгани ижара пули масаласи. Топганимнинг ярмидан кўпи шу харажатга кетади. Хотинимни ҳам тушуниш керак. У ҳам оилам, бола-чақам дейди-да. Ҳечқиси йўқ. Ниятимга етишимга оз қолди. Яна озгина ҳаракат қилсам, уйли бўламиз”.
– Дадаси, туринг чой тайёр. Сиз пешингача ухласангиз, оилани ким боқади?
Фаррух доим вақтли уйғонарди. Кечаси кеч ётгани учунми бугун нимагадир кўнгли ғаш бўлиб, бир оз кеч уйғонди. Юз-қўлини шошилинч ювди–да, нари-бери тамадди қилиб ишига отланди.
– Майли, мен кетдим. Яхши ўтиринглар.
– Бозорлик қилиб келинг.
– …
Фаррух йўл-йўлакай бугун нималар қилиши кераклигини, таҳрир қилинмаган ва чала қолган мақолаларини ўйлаб кетди. Кўнгил ғашлиги тарқамасди, кўкрагидаги санчиқ кечагидан анча кучайганди. Ҳар гал оғриқ турганда яқинда таътилга чиқишини, қишлоқда ота-онасининг олдида маза қилиб дам олишини айтиб, ўзига ўзи ваъда берарди.
– Фаррух, сени бош муҳаррир сўраяпти, – ҳамкасбининг овози хаёлини бўлди.
– Тинчликмикан?!
– Ҳа, тинчлик. Ўтган сондаги таҳлилий мақоланг юзасидан бўлса керак. Ўша қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилибди. Балки шуни айтмоқчидир.
Фаррухнинг ҳамкасби тўғри тахмин қилган эди. Жамоада тўғрисўзлиги ва қалами ўткирлиги билан обрў топган Фаррухни муҳаррир жуда ҳурмат қиларди.
– Мумкинми, Ғофур Солиевич? – муҳаррирнинг қия очиқ эшигидан бошини суқди Фаррух.
– Ҳа кел, Фаррухжон…
– Чақиртирган экансиз?
– Мақоланг шов-шув бўлиб кетди. Раҳматномалар келаяпти. Сенинг устамонлигинг шундаки, ёзганинг ҳеч кимнинг бурнини қонатмайди. Лекин нишонга аниқ тегади.
– Раҳмат, – мақтовдан бир оз хижолат бўлиб ерга қаради Фаррух.
– Сизга яна бир топшириқ, Фаррухжон, – негадир сизлашга ўтди муҳаррир. – Суд очерки ёзишингизга тўғри келади. Тоғдаги ўғрилар галасининг ҳаракатлари кучайиб кетгани ҳақида айтган эдим. Шулар ҳақида бир ёзсангиз.
Фаррух аслида бугун таътилга рухсат олмоқчи, қишлоғига бориб ота-онасининг меҳрига тўймоқчи, болалигини эслаб, кўчаларни кезмоқчи эди.
– Нима, таклифим ёқмадими?
– Йўқ, нимага. Майли, бугундан ишга киришаман.
– Унда омад тилайман. Сизга ишонаман.
Фаррух муҳаррирнинг хонасидан чиққанида кўкси янада қаттиқроқ санчди. Бир оз ранги оқарган шекилли, ҳамкасблари ҳол-аҳвол сўради.
– Фаррух, яхшимисиз? Мазангиз…
– Йўқ, ҳаммаси жойида. Бир оз толиқибман шекилли.
Кечгача берилган топшириқларни бажариб, уйига вақтлироқ қайтди. Йўл-йўлакай болаларига ширинликлар ҳам олди. Уйга кириб келар экан тўрт ёшли Жавоҳир пешвоз чиқди.
– Мана ўғлим, сизга шоколад олиб келдим.
– Раҳмат дадажон! – хурсанд бўлиб кетди ўғли.
“Ҳаёт, нақадар ширинсан-а”. Фаррухнинг хаёлига келган бу фикрдан ўзи ҳам ғалати бўлди.
– Мана, онаси, бозорликни ол. Пулим етганча олиб келдим. Бир амаллаб тур. Қолганини бир-икки кунда олиб бераман.
– Борига барака берсин. Овқатланасизми?
– Иштаҳам йўқ. Сал кейинроқ…
Кўксидаги оғриқ кучайгандан кучайиб бораётган бўлса-да, яқинларини ташвишга қўймаслик учун индамади. Шунинг учун иштаҳам йўқ деб баҳона қилиб қўяқолди. Хонасига кириб бир оз ётди. Аслида умуман дори ичмасди, оғриқ зўрлигидан тинчлантирувчи дори ичди ва ухлашга ҳаракат қилди. Ҳа деганда уйқуси келавермагач, кўнгли ниманидир сезгандек ўрнидан туриб кундалигини олди ва бир нималарни ёзишга тутинди. Ёзганларига бир кўз югуртириб, столнинг устига қўйди. Нариги хонага ўтиш мақсадида жойидан турган эди, боши айланиб йиқилиб тушди. Гурсиллаган овозни эшитган хотини югуриб келди.
– Вой дадаси, сизга нима бўлди?!
– Ҳеч нима, ҳаммаси жойида. Шовқин солма, болаларни қўрқитасан. Тез ёрдам чақир, бир оз мазам бўлмаяпти.
– Ҳозир, – дедию хотини шифохонага қўнғироқ қилиш учун югуриб кетди.
* * *
– Юраги оғир касал, – деди Фаррухни касалхонага олиб келган шифокор унинг хотинига
– Ахир қанақасига? Ҳали ёш бўлса, ичмаса, чекмаса.
– Тўғри, лекин эрингиз кўп дард чеккан. Касали ўтиб кетган. Вақтида даволатмаган. Дам олишсиз сурункали ишлаган, кўп нарсани юрагига олган, таъсирлаган.
– Нима қилсак бўлади, дўхтир?
– Билмадим, бир нарса дея олмайман.
Хотини йиғлаганча унинг ёнига кирди.
– Нимага йиғлайсан? – деди Фаррух ўзини тетик кўрсатишга уриниб.
– Уйдагиларни чақираман.
– Йўқ, кераги йўқ. Мен яхшиман. Уларни хавотирга қўйма.
– Нимага алдайсиз, дадаси. Дўхтир менга ҳаммасини айтди.
– Хафа бўлма. Ҳаммаси яхши бўлади. Биз ҳали фарзандларимизнинг орзу-ҳавасларини кўрамиз. Биргаликда бахтли бўламиз. Уйимиз ҳам бўлади. Кейин тинч-тотув яшаймиз.
Фаррух гаплари ишончсиз чиқаётган бўлса-да, ҳали ҳаётдан тўймагани шундоқ кўзларидан кўриниб турарди.
– Онаси, уйда стол устида бир варақ қоғоз қолдириб келганман. Шуни олиб ўқи. Ҳаммасини ёзганман.
– Дадаси, ундай деманг. Ҳозиргина бирга бахтли бўламиз дегандингиз-ку, – йиғлаб гапирди хотини.
– Ёлғон гапира олмас эканман. Мендан рози бўлинглар. Ота-онамга, яқинларимга айт. Ҳаммаси рози бўлишсин. Фарзандларимни, сени Худога топширдим. Уларни эҳтиёт қил.
Фаррух гапира туриб бутунлай ҳансираб қолган, гаплари узуқ-юлуқ чиқаётганидан базўр тушунса бўларди.
– Сиз ҳам биздан рози бўлинг, – бу гапни айтиш хотинига қанчалик оғир бўлмасин айтишга мажбур эди.
– Ҳаёт нақадар гўзал…
Фаррухнинг кўзидаги бир томчи ёш ёноғига думалаб тушар экан, охирги айтган гапи шу бўлди.
* * *
Фаррухнинг маъракалари ўтгач хотини унинг охирги васияти – стол устида қолдирган хатини ўқиш учун хонасига кирди.
“Онаси, мен сизларни, ота-онамни, яқинларимни, ҳаётни севаман. Мен ҳаётимнинг охирги лаҳзаларини яшаётганимни сезаяпман. Биламан, менга турмушга чиқиб рўшнолик кўрмадинг. На бир ўзингнинг уйингда яшай олдинг, на бир истаган кийимингни кия олдинг. Булар учун мен сендан узр сўрайман. Лекин мен ҳаётимни қуруқ ўтказмадим. Яхши ном қолдирдим. Менга армон бўлаётгани ота-онам кексайганда уларнинг дуосини кўпроқ ололмадим, хизматларини қилолмадим…
Онаси, болаларимизни ўқит. Банкда битта уйга етадиган пул жамғариб қўйганман. Фақат сенга айтмаган эдим. Совға қилмоқчи эдим. Ўзингни эҳтиёт қил…”
Орадан кўп ўтмай Фаррухнинг хотини бир хонали бўлса-да, уй сотиб олди.
“Ҳаёт қанчалар бешафқат!…”
Бу чала қолган кундаликнинг энг охирги саҳифасидаги сўнгги ёзув эди…
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.