Анвар Суюнов. Ота ва ўғил (ҳикоя)

Бийдай далада саратоннинг зилдай ҳовури кезади.
Қуёшнинг аччиқ нурлари қияламаларда тиккайиб турган шувоқларни қичирлатиб, билқиллаган тупроққа сингиб кетади.
Қиялик этагида ўн беш-йигирма уйли қишлоқ жойлашган, бир томони какраю каррак, маскавагу туяқорин лар тўшалиб ётган лалми тўқайзорга туташиб кетади. Аслида бу тўқайзор эмас, бир-икки ёввойи бодомни ҳисобга олмаганда, қайрағочзор. Дов-дарахтлар дашт чакалакзори тусини олган. Айни кезда наинки шохи, баргларини қимирлатишга қурби етадиган – қилт этган шабада топилмайди.
Қишлоқ оралаб ўтган – даштга элтадиган чанг йўл қайрағочзорни иккига айириб кесиб ўтган. Тупроғи тўпиқни кўмгудай бу кўчанинг бир-икки ўткинчи билан чўпон-чўлиқдан бошқа йўловчиси ҳам йўқ, икки ёндаги дарахтлар остида саратоннинг дим нафаси қотиб қолган гўё.
Дарахтзор бошланадиган қирдан эниб келаётган қора кучук ана шу димиқ ҳароратнинг забтини менсимагандай дам искаланиб, дам тилини осилтириб бир маромда лўккилаб боради. Унинг ортидан, қир томонда қўнғир эшакка мингашиб олган икки кишининг қораси кўринади. Эшак илдам йўрғалагани сайин йўловчиларнинг жуссаси аниқлашиб боради: эгарда соч-соқолига оқ оралаган ўрта ёшли киши. Орқасида оёқларини ликкилатиб келаётган, қовурчини қотган  болакай. У эгарга кўндаланг қадалган хаскашга қўлларини тираб, оёқлари билан эшакни нуқиб қўяди.
…Йўл лабига яқин ўсган маскавакнинг қуюқ буталари орасидаги муллатўрғай полапонлари сариқ тумшуқчалари орасидан бигиздай тилини чиқариб узоқ-узоқ ютинади. Она муллатўрғай сал илгарироқда, какра тагида бағрини тупроққа бериб ётади. Кучук муллатўрғай уяси ёнидан ўтаётиб нохосдан полапонларга яқинлашиб бораверади.
Соялаб ётган она қуш ўқдай учиб ит олдига яраланган каби шалп этиб тушади. Ит унга отилади. Қуш бир зарб билан сал илгарироққа калта учади. Кучук ликонглаб ортидан тушади.
Бу ҳол яна, яна ва яна такрорланади…
Лаққи ит муллатўрғай инидан олислаб кетади.
Муғомбир қуш пирр этиб дарахт шохига чиқиб олади.
Кўрпадай билқиллаб ётган йўлнинг танобини тортиб бораётган оқсоч киши ортига қараб:
– Кўрдингми, ўғлим, қушлар ҳам анчайин муғомбир чиқади. Анов муллатўрғай Бўбигингни алдади, – деди.
– Йўғ-е, қайтиб алдайди, – деди бола эгар карсонига  суяниб, отасининг юзи томон чўзилиб, – қаерда кўрдингиз?
Ота индамади… Узангига оёғини маҳкамроқ тираб, чапга сал энишиб, чўнтагидан носкадисини олди, тиззасига тўқ-тўқ этиб урди:
– Анов маскавакнинг тагида жўжалари борийди. Кучугинг ҳар куни уларни бе­зопта қип ўтади. Сен эътибор қимайсан…
Ота-бола яна нималарнидир чуғурлашиб, сўқмоқ ўрлаган тепалик ортига ўтиб, секин-секин кўринмай кетишди.

* * *
– Энди, ўғлим, сен жонқа ларни ғарамлаб тур, мен қўчқорчаларга чирмовуқ билан бўтакўз ўриб келай.
– Дада, анов махсарнинг ораси сийрак, шу ерда чирмовуқ мўл.
Ота ўроғини қўлтиқлаб сариқ-пушти гуллаган махсарпоя пайкалига кириб кетди.
Болакай бамисоли ерга ёпишиб – ер бағирлаб, қулоч отиб-қулоч отиб хаскаш тортади. Хаскаш орасидан тирналган тупроқнинг гарди кўтарилиб, туриб қолади. Боланинг пешонасидан реза-реза тер қуюлади. Тер қуримасидан чанг ўтириб, ойғиз-ойғиз  – тарам-тарам, кирланган изи қолади.
Ота ва ўғил бепоён дашт ўртасида, толтуш да, қуёш жамики мавжудотга раҳм қилмай, аччиқ ва зилдай нурларининг исканжасига олган пайтда сомон йиғаётир. Қайдадир, пичан орасидан жизловиқ нинг чўзиб-чўзиб виз-визлагани дашт саратонининг ўлик сукунатига эш бўлиб учади. Эшак эгарининг қошига илиғлик, устига чопон енги қопланган ва сиртидаги нами сирқиб кетган елим шишадаги сув ҳам эшак ҳар қимирлаганда чайқалиб-чайқалиб қўяди. Ота махсарзор орасидан бир қучоқ кўкпичан кўтариб чиқади. Хуржуннинг икки кўзига пешма-пеш тутамлаб-тутамлаб тиқади. Пешонасидаги шўр босган белбоғини олиб, бўйни ва кўкрагидаги йилтираб турган терни артади. Эгар қошидаги идишдан сув ҳўплайди. Афтини бужмайтириб, оғзини чайиб: “Э-э, Худованди карим, чўғсиз-оловсиз қайнаб кетибди-ку”, – дейди ўзига-ўзи.
– Ҳей, Баҳодир, бери ке, бу ёқнинг хашаги тўшалиб ётибди, – деб ўғлини чақиради. – Қанча бўлди. Бир қанор чиқадими?..
Ўғли хаскашни судраганча иссиқдан эриниб, ишдан бели совиб келади. Гап-сўзсиз хуржуннинг устига чўккалайди.
Ота ўғлининг хатти-ҳаракатларига бепарво ҳолда хаскашни олиб, секин-секин, бир маромда ер тирмалайди. Хаскаш ҳар бориб келганида қовжираган ўт-ўлан ширқ-ширриқ деган шовир чиқаради. Тирналган тупроқда турли-туман ҳашаротлар, лўканглаган туяқумирсқалар югуриклаб қолади. Иссиқнинг зўридан сарғайиб, мўртилиб  турган мунчоқгулларга темиртишлар тегиши билан омонат турган донлари тўкилиб, пояси ғарамлар орасига қўшилиб кетади. Синиб, кўрпа бўлиб ётган қўнғирбошлар арпа поясининг ичида йўқолиб кетади. Ота бир пасда анча-мунча жойни тозалаб ташлади. Онда-сонда қўлларини тупуклаб хаскаш дастасини қайта тутаётганда ўғлига зимдан қараб қўяди. У шу зайлда бир ош пиширим вақти тўхтамай ишлади. Сўнг беллари увишиб, бўйни қотиб қолганиданми, кўкрагини озод очиб, қулоч отиб керишди. Қоқириниб , бир кафт нос отди-да, ўғлига:
– Ҳа, болам, жин чалдими дейман, белинг сувуб қолди? – деди хаскашга суяниб. – Ишлагинг йўқ.
– Зерикдим, – деди бола бепарво, – ҳар куни эшак билан сомон ташиймиз. Одамларга ўхшаб уч кун тирнаб трактирда опкетсак камайиб қолармидик?
Ота бирпас ўйланиб турди, яна ишлашда давом этди. Энди сал тепароққа, ангарнинг беткайлиги га кўтарилди.
– Буёққа ке, хас-хашаги мўл экан, – деб болага юзланди.
Бола отасининг ёнида беҳафсала сомон тирнашга тутинди. Жизирлаган иссиқ увадаси чиққан шапкасидан ўтиб бошини қиздирар, димиқ ҳарорат шижоатини сўндирар эди. Ота бирпас кузатиб турди-да, қаддини ростлаб, увишган суякларига роҳат бериб, белбоғи билан юзларини арта туриб гап бошлади:
– Сен, ўғли-и-им, ишлашдан эринма. Ўн беш қанор оборсанг бир тележка бўлади. Бу – ўн беш минг сўм дегани. Шуни трактрисга бермайман, сенга бераман. Иковимиз фойда қиламиз, тўғрими?
– Сиз барибир менга бермайсиз-ку…
– Нимага бермайман, ўн беш қанор қилсанг аниқ бераман.
– Э-э-э, қўйинг-э, ўтган йили ёзи билан қўйларни боқсанг валасапид обераман девдингиз, аммо…
– Энди-и, ўғлим, валасапид қочиб кетмайди, – деди ота ҳорғин бош эгиб, тик турган хаскаш дастасига тирсак тираб, – ўтган йил бўлмаса, келаси йил оласан.
– Сиз шунақасиз-да, ҳар доим бирор нима обераман деб нуқул алдайсиз, – деди ўғил отасининг юзига қарай олмай. – Майдан бери Ботирни ола сигирни семиртирсанг кастим-шим оласан, деб алдаб келдингиз.
Ота мунғайиб қолди.
Бир оз вақт олис-олисларга, ангар қуймич2идаги ёввойи ўрикзорга тикилди.
Ўғлига тескари бурилиб юз-кўзларини белбоғи билан артди. Кўз олдидан ола сигирини сўйган куни, қассобхонадан қайтганидан сўнг, кенжасининг йилтироқ костюм-шим оламан, деб хархаша қилгани ўтди. Ўшанда у ўғлини, “акангнинг ўқиш пулини тўлаб келай, ортганига Баҳодир икковингга иккитадан кастим-шим обераман”, деб юпатганди.
Афсуски, ола сигирнинг пули бу кўчага урвоқ ҳам бўлмаган, камига иккита совлиқ сотган эди.
Негадир хўрлиги келди. Кўнгли бузилиб, эниш жарлик лабида арқонлоғлиқ турган эшакнинг ортига ўтди ва қизиб турган харсангга чўкди. Қўлларини иягига тираганча, хотирасида йилдан-йилга хира тортиб бораётган ёшлигини эслади:
…болалигида бу ерларга тенг-тўшлари билан жуда кўп келарди. Ҳар сафар мана шу жарларда “шпион-шпион” ўйнарди. У ҳаммадан чаққон ва кучли эди. Жарлар ора яшириниб олган бирорта рақибини тутиб олса, таслим қилгунча қўлларини қайириб қийнарди; ерга ётқизиб оёғини кулуклаб, таёқ солиб бурарди. Шунда ҳар қандай ўжар бола ҳам тобе бўлиб, шу тўда вакилига айланарди…
Ўйин қоидаси шунақа эди.
Ўша кезлари ёши тиззасидан баланд кирза этик кийиб, саратоннинг жазирама кунида дастаси билакдай келадиган хаскаш кўтариб сомон йиғаётган муштдай ўғлидан анча катта, сал кам армияга кетадиган, кап-катта давангирдай йигит эди.
“Нега? – деди у ўзига-ўзи синиқ товушда, – нега булар ўйин ўйнамайди, нега шаҳарларга бориб соя-салқин жойларда дам олиб келмайди, нега бешикдан туша солиб оғир меҳнатнинг азобини тортади… болаларда нима айб?… Йўқ, Раҳмон, ўзинг ношудсан, улар жабр кўрмаслиги керак…”.
Оҳиста жойидан турди.
Ўн беш қадам нарида чанг бурқситиб, ер тирмалаётган ўғли томонга юрди-да, ҳайрон қолди.
Сал кам ер бағирлаб хаскаш тортаётган боланинг терга ботган, териси куйиб, арчилиб кетган яланғоч елкасида қуёшнинг акси ўйнар, бола эса нималардандир аламзада кўринарди. У ҳар хаскаш тортганда сомоннинг майда қипиғи аралаш гард кўпириб, бир қанча вақт учган жойида селгиб, хира тортиб йўқоларди. Қияламада майда ғарамлар потирлаб кетган: сон-саноғи кўринмасди. У катта уюмларни чамалаб кўрди. Кейин эшакнинг ёнига бориб лаш-лушларини йиғиштирди. Қўнғир ҳангини қайта эгарлади. Сўнг қанорни олиб, ғарамларни сола кетди. Бора-бора қанор судралиб, оғирлашиб, тортишга кучи етмай қолди.
– Баҳодирбой, кел энди, мановга ёрдамлаш, – деди ўғлига.
Ота-бола сўзсиз ишлади…
Улар бир-бирига қарай олмади…
Ўғил ортиб қолган учта ғарамни сиғдириш учун қанорни тикка қилиб устида жон-жаҳди билан чўпчилади . Ерга ётқизиб, оғзидаги мағизлик2дан тортиб, оралиқдаги бўшлиқларга оёғини тиқиб яна иккита уюмни жойлади.
– Қўй, ўғлим, биттаси ортса ортар, шу билан бой бўлармидик, – деди ота эшакни етаклаб келиб.
Ота-бола терга пишиб қолди. Иккаласининг ҳам қора-қизил юзидан сув томчилай бошлади. Қақраган лабларига арпасомоннинг гарди ўтириб, бурмаларида лойшанг  тарамлар ҳосил қилди.
Ўғил эшакни нўхтасидан ушлаб қопга ўнғайлаб турди.
Ота “ё, биссмилло…” – деб қанорни эгардан оширди.
Ўғлини болдиридан суяб қоп устига чиқарди.
Ўзи нўхтадан машиналар ўтадиган текис йўлга чиққунича тутиб борди.
Қўнғир ҳанги олдинга ўтиб, анча олисларга йўрғалаб кетди.
Ота қўлларини орқасига қайиштириб, қуёшнинг ўткир тиғида танглайи қақраб, носини тупира олмай тебраниб бораверди.
Улар қуёш пешинга тушганда муллатўрғай уяси ёнидан олдинма-кетин ўтиб кетишди.
Бу сафар қора Бўбик қайларгадир санғиб кетган эди.

* * *

Уйига етиб келганида ўғли қанорни тушириб, хуржунни елкасига олиб молхона томонга шошаётган эди.
…Бўш юрган эшакни сояга тортиб бойлади. Эгарини ечиб, том бўғотидаги қозиққа осди. Эски новга етаклаб бориб эшакни суғорди. Ёнидан ўтиб кетаётган ўғлига:
– Овқатингни еб, дамингни ол, – деди.
Ўзи ошхонага бориб, ҳозиргина муздай қудуқ сувида тайёрланган чалобдан икки коса симирди. Дастурхон ёнига ўтиб яқинда сузилган шўрвани нон бўктириб тановул қила бошлади. Ўчоқ бошида куймаланиб юрган хотини ишларини саранжомлаб келиб:
– Бозордан келув бўйида сомонга кетиб қолибсизми? – деди шўрва шопириб. – Бўрдоқилар қанчага турди?
– Гўрам пул бўлган йўқ, катта сандиқнинг тагида белбоғда турипти, – деди хотинига ўқрайиб. – Шундан ўттиз мингини ол-да, эртага бозорга чиқиб, Ботир билан Баҳодирга кастим-шим олиб бер. Шаҳар айланинглар.
Хотини анграйиб қолди…
Бироқ жўяли тахмин топа олмади.
Эри овқатланиб бўлгач, пичирлаб дуо ўқиди-да, юзига фотиҳа тортиб, деразасига оқ сурп қопланган салқин меҳмонхонага кириб кетди.
Тепароқда ётган ўғлининг ёнига тўшанчи ташлади. Кўйлагини ечиб секин чўзилди. Бирпас жим ётди-да, болакайни кузатди. Ўғли кўзларини юмиб уйқу аралаш мудраб ётарди…“Сенлар шопирнинг боласисанлар, мен раиснинг ўғли эдим”, – деди ўзига-ўзи, беихтиёр эшитарли овозда. Яна анча вақт калласидаги тум-тарақай ва алғов-далғов фикрларини ғудраниб гапириб ётди.
Сўнг чалқанчасига ерга ўгирилиб ётиб, минг бир хаёлнинг халтакўчасига кириб кетди…
Шу зайлда ўй суриб ухлаб қолди.
Бу пайтда ўғли унинг ўксикларга тўла ғудранишларини эшитиб ётарди.
Ташқарида эса, саратоннинг аччиқ иссиғи тобора авжига чиқар эди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.