Расул ота бизга қўшни маҳаллада яшайди. Жуда нуроний, фариштали мўйсафид. Бир пайтлар ҳамқишлоқ бўлганимиз учун (ҳозирда шаҳарда яшаймиз) у кишининг уйига ҳол-аҳвол сўрагани бориб тураман. Қизларини тагли-тугли жойларга узатган. Чол-кампир ўғли ва келини билан бирга яшашади. Уларнинг хонадонидаги тартиб, озодаликка ҳавас қиламан. Расул ота эрта тонгда бомдодга туради. Ибодатдан сўнг ҳовлига чиқиб ёлғондакам бир-икки томоққиради. Хиёл ўтмай ўғли Аҳмад, орқасидан келини ҳовлида кўринишади. Бири мол-ҳолдан хабар олиб, бири ҳовлига сув сепиб, супиришга тушади. Кампири ҳам нима биландир андармон бўлади. Нонушта пайти аввал ўғли ва келини, кейин эса бирин-кетин неваралари кириб келишади. Дастурхон атрофида барча оила аъзолари тўпланишади. Лекин отадан олдин ҳеч ким дастурхонга қўл чўзмайди. Ҳатто тўполончи неваралари ҳам бу қоидани бузишмайди. Нонушта тугагач, ота қўлини фотиҳага очиб, дуо ўқийди. Ўғил ишга кетади. Келин кундалик юмушлари, болалар ўйинлари билан машғул бўлишади. Бир куни Расул отаникига борсам, хомуш ўтирган экан.
— Сизга нима бўлди, кайфиятингиз йўқроқми, — дедим салом-аликдан сўнг.
— Ким билсин, — деди отахон ёстиққа тирсаклаб оларкан, — кечалари уйқу қочяпти. Дўхтирга боргандим, — отахон кулимсиради, — касалмассиз дейишди. Лекин кексаликнинг ўзи касаллик-ку. Бедаво касаллик.
— Йўғе, унақа деманг, ҳали ёшсиз, бақувватсиз, — дедим илжайиб.
Отахон бош ирғади.
— Худога шукр, қувватдан қолмадим. Ёшим ҳам саксонга яқинлашиб қолди. Болаларимни одобли, меҳнатсевар, хушмуомалали қилиб ўстирдим. Бир-бирига меҳр-оқибатли. Лекин…
Отахон ниманидир андишасида бир пас жим қолди. Кейин: — Бир нарсадан хавотирим бор, — деди очиғига кўчиб, — мендан кейин ҳам шундай бўп қолишармикин, ёки?..
— Хавотирингиз ўринсиз Расул ота, — дедим унинг гапини бўлиб, — ўғил-қизларингиз ақлли, эс-ҳушли, қолаверса…
Отахоннинг чеҳраси ёришиб, бош ирғади.
— Биламан, биламан, лекин кексайганда хаёлга ҳар нарса келавераркан-да, — Расул ота бир пас сукут сақлади-да, бош кўтариб менга кўз тикди.
— Бир ҳикоят эшитганман, шуни сенга айтиб берайин, балки, шунда менинг аҳволимни тушунарсан, — деди Расул ота ва бирпас хаёлга ботиб турди-да, гапида давом этди: — Бир кишининг яккаю ёлғиз ўғли бор экан. Наслининг бошқа давомчиси бўлмагани сабабли, уни худди тишининг орасида асрагандек асраб авайлаб вояга етказибди. Худодан тилаб олган фарзанди-да, айтгани-айтган, дегани-деган экан. Нимани истаса ўзи емаса-емай, ичмаса-ичмай унга муҳайё қиларкан.
Йиллар ўтиб бола улғайибди. Саёқ юрадиган одат чиқарибди. Ота бундан хавотирга тушибди, албатта. Ўғлига насиҳат қилиб кўрибди, фойдаси бўлмабди. Дўқ урибди, наф чиқмабди. Ўғил ўз билганидан қолмабди. Ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини оладиган бўлибди. Хуллас, ўғлининг қилиқларидан маҳалла-кўй олдида ота боши эгилиб қолибди. Бирон чора кўришга ожиз. Бўй-басти баробар ўғлини уриб-сўкиб йўлга солишнинг имкони йўқ. Нобакор ўғил борган сари ҳаддидан ошаверибди. Уйлантириб қўйишгандан сўнг ҳам ақли кирмабди. Топиш-тутишнинг тайини йўқ, улфатлари билан овора, хотин, бола-чақасининг, ота-онасининг ҳолидан хабар олмайдиган даражага етибди. Ғам отани бевақт тўшакка михлабди. Бандаликни бажо келтираётганда ўғлини ёнига чақириб, васият қилибди:
— Мана ўғлим, менинг ҳам куним битиб қолди. Яхши бўл, дедим бўлмадинг, саёқ юрма дедим, айтганимни қилмадинг. Яна бир ўйлаб кўр болам, бу юришингда ҳадемай бор йиққан-терганимни тугатасан. Улфатларинг ҳам кунингга ярамай қолади. Ўшанда сенинг аҳволингни кўриб, қабримда тик тураман. Аммо бирон ёрдамим тегмаслиги аниқ. Гапларимни яхшилаб ўйлагин, болам. Жуда ноилож қолганингда, бирон чора кўришга ҳеч бир имконинг бўлмаганда, боғ четидаги эски иморатнинг ичига кир-да, ўнг тарафдаги учинчи ходага ўзингни ос. Бу менинг сенга сўнгги васиятим.
Нобакор ўғил отам алаҳсираяпти, деган хаёлга бориб, гапларига эътибор бермабди.
Марҳумнинг жанозасини ўтказганидан сўнг ўғил яна эски қилиқларини давом эттираверибди. Оқибатда худди отаси айтган аҳволга тушиб қолибди. Ошналари ундан юз ўгирибди. Қарз эгалари кунига эшигини тақиллатиб келаверибди. Қарзни тўлашга эса ҳеч вақоси қолмабди. Ғам-қайғуга ботибди. Ўйлаб-ўйлаб бирон чора кўришга ожиз қолибди. Шунда… Хаёлига ярқ этиб отасининг васияти келибди. Дунёда суянадиган бирон киши қолмаганига амин бўлиб, отаси айтган иморатга кириб васиятда айтилган учинчи ходага арқонни боғлабди-да, ўзини осибди.
Шунда… Ўлим ҳам уни четлаб ўтибди. Хода арралаб қўйилган экан. Синиб кетибди. Йигит алам билан ўрнидан туришга чоғланган маҳал бошидан тилла тангалар қуйилибди. Отаси ходанинг ичига анчагина бойлик яшириб кетган экан. Ўғлининг оғир аҳволга тушишини билган ва шунинг учун ҳам айнан шу ходага ўзини осишини буюрган. Жонига қасд қилмоқчи бўлган ўғилнинг кўзи мошдек очилиб, шу кундан саёқ юришларини бас қилган экан…
— Жуда ибратли ҳикоят экан, — дедим ҳаяжонимни яширмай.
Расул ота деразадан ташқарига, япроқлари тўкилиб битаёзган дарахтларга ўйчан кўз тикиб деди:
—Агар, ота ўлими олдидан барча бойликларини берганида ўғил нобакор уларни ҳам харжлаб юборган бўларди. Ана шунақа, Қувондиқбой, ота-оналар нариги дунёдаям тинч ўтирмайди, орқасида қолган болаларининг ғамида юришади…