Яқинда иш билан каттагина муассасага киргандим, тўлдириш учун қўлимга қоғоз (“бланка”) тутқазишди. “Хайрият, ўзбекча экан!” деб хурсанд бўлиб кўз ташлади-му ҳафсалам пир бўлди. Бошланишидаёқ катта-катта ҳарфлар билан “Ф.И.Ш”. деб ёзиб қўйишибди.
“Фиш” нима? — сўрадим “бланка” берган ходимдан.
“Фиш” эмас, “Ф.И.Ш.”, — деди у дона-дона қилиб.
— Хўп, ана, “Ф.И.Ш. Нима ўзи у? — такрор сўрадим мен.
— Зиёли кишига ўхшайсизу шуниям билмайсизми, — ажабланди у. — “Ф.И.Ш.” бу — “фамилияси, исми, шарифи” дегани-да, ахир!
— “Шарифи” деган сўзнинг маъноси нима? — яна сўрадим мен.
— Ия, шуниям билмайсизми, — баттарроқ ажабланди у. — “Отчество”си дегани-ку, ахир…
Мен беш-олти дақиқа вақтимни сарфлаб араб тилидан кириб келган “шариф”нинг ўрис тилидан олинган “отчество”га мутлақо тўғри келмаслигини тушунтирдим.
— “Отчество” — “отец” сўзидан олинган бўлиб, ҳақиқатан ҳам отасини билдиради. Аммо “шариф” сўзи отаниям, бобониям, катта бобониям, умуман, наслни билдирмайди. Бу сўз шарафли, шарофатли деган маънони англатади. Ўтмишда боболаримиз шу қадар маданиятли бўлганларки, бир-бирларига қуруқдан-қуруқ “Исмингиз нима?” дейиш ўрнига назокат билан “Исми шарифингиз”, яъни “шариф исмингиз, шарафли исмингиз нима?” деб мурожаат қилишган. Ана энди “Ф.И.Ш.”ни ўқиб кўринг: “Фамилияси. Исми. Шарафли”. Мазмун қани?
Ходим зийраккина экан, дарҳол тушунди. Аммо елкасини учириб:
— Фикрингиз тўғри-ку, лекин… барибир, ҳамма ёқда шундай ёзиляпти-да! — деб қўйди.
Ўша ходим айтганидек, ҳамма ерда шундай ёзилаяптими, йўқми — билмайман, аммо кўпгина жойларда, ҳатто баъзи мақомли идораларда ҳам шундай ёзилганидан хабарим бор. Ҳар бир сўзни билиб, ўрнида ишлатиш она тилимизга бўлган ҳурмат-эътиборнинг белгисидир.