Қўшнимиз Турсун аканинг бармоқдай-бармоқдай узум қиладиган ҳусайни токзори бор. Бироқ у ҳар доим ҳосилни қийратадиган чумчуғу майналардан нолир, қандай бўлмасин, бу кушандалардан қутулиш йўлларини ахтарарди. Гоҳ токнинг ҳар томонига тунука қопқоқлар билан тўлдирилган сим — «шақилдоқ» тортса, гоҳ кўзни олиб ялтирайдиган ҳар хил тасмалар иларди. Лекин барча тадбири бекор кетарди. «Текинхўрлар» токка баттар ёпирилавергач, Турсун ака қўшни қишлоқдаги бир кишидан қандайдир қуш олиб келди. Шундан кейин унинг бу муаммодан қийналаётгани ҳақида эшитмадик. Бу қушни кўрганимда бошқа тенгдошларим каби унга оддий эрмак сифатида қараган эдим. Айниқса, ваҳимали, калхатникига ўхшаб кетадиган қанотлари эътиборимни тортарди. Бир марта ўртоғим Ғанишер билан бу қанотлардан «жанговар» камонимиз учун ажойиб тиргак чиқиши ҳақида ҳам гурунглашгандик.
* * *
Осмонда чуғурлашиб, бир гала қуш учди. Қўлимни соябон қилганча юқорига боқарканман уларнинг ҳаракатидан завқландим. Ўзим ҳам осмонда қушдек сузаётган каби роҳатланардим. Қушлар худди ердан бир нима қидираётгандек у ёқдан-бу ёққа учиб ўтар, уларнинг гала-гала бўлиб кўчиши бир инда яшайдиган қовоғарилар тўдасига жуда-жуда ўхшаб кетарди. Шу асно уларнинг аҳил «жамоа»сига жуссаси йирикроқ қуш яқин келди-ю, ҳаммалари ваҳимали сайрашганича ҳар ёққа тарқалиб кета бошлади. Қушларнинг бу ҳолини қоплондан қочган кийиклар сурувига ўхшатдим. Бу манзарага ҳайрат билан боқар эканман ёнимга Fанишернинг келганини пайқамай қолибман.
— Қирғий! — деди у мени чўчитиб юбориб.
— Қирғий?! — ҳайрон бўлдим мен.
У қўли билан осмонни кўрсатди.
— Ҳозирги томошани бошлаган, анави қуш. Ўзиям зўр-да, манаман деган чумчуқ уни кўрганда тумтарақай бўлади.
— Илгари у ҳақида эшитмаган эканман.
— Билмасанг, билиб қўй, Турсун аканинг жонига оро кирган қушнинг номи ҳам Қирғий! Ундан фақатгина чумчуқ, майналар эмас, ҳатто қарғалар ҳам ўлгудай қўрқади! Шундай битта қўриқчим бўлганда, зап иш бўларди-да! Узумни қушлардан қўриқлаб, эртадан кечгача токнинг тагида ётишга ҳам ҳожат қолмасди!
— Нима, оёғига ип билан боғлаб қўясанми? — дедим энсам қотиб, — қочиб кетади-ку!
— Сен қирғийнинг қанақалигини ҳалиям тушуниб олмадингми, дейман, — кўкрагини ғоз қилди Fанишер, — ҳу-ув, ҳовлиқма, уни қафасга солиб қўйсанг ҳам ўша ерга чумчуқ зоти йўламайди. Овозини бир бор эшитган майналар бошқа у ерга қайтиб келмайди!
— Ҳақиқатдан ҳам жуда зўр қуш экан, лекин уни тутишнинг ўзи бўладими?!
— Кўрасан, — деди Fанишер менга юзланиб, — мен, албатта, ўша қирғийни тутаман!
— Тавба, — баттар энсам қотганини сездирмасдан туролмадим мен.
Ўшанда, унга гарчи шунчаки «тутолмайсан» деган бўлсам-да, Fанишер буни шарт-лашишга йўйди. «Албатта, тутаман!» деганча уйига жўнаб кетди.
Орадан икки кун ўтиб, Fанишер бизникига келди.
— Арқонларингни бериб тур, — деди у ҳовлиқиб, — тез бўл, кечқурун қайтариб олиб келаман!
— Нима қиласан уни?
— Э-э, жўра, топдим ўша қирғийнинг уясини, — у янада пастроқ шивирлади, — бугун ишга киришмоқчиман!
— Қаерда экан уяси?
— Дарё четидаги жарда экан. Арқон билан тушиб, уни тутаман.
Ўртоғимнинг фаҳм-фаросатидан ҳафсалам пир бўлди.
— Э-э, қовоқкалла-я, — кулгим қистади, — шундай зийрак қуш уясининг тепа томонидан биров арқон ташлаб тушиб келадию сезмайдими?! Ҳо-ов, у сен жарнинг тепасидалигингни ини ичида туриб эшитади-ку! Қолаверса, у ҳам бошқа қушлардай уясида кундуз куни бўлмаса керак.
Fанишер гапимни шартта бўлди.
— Шунисини айтяпман-да! Кеча кун бўйи шуни кузатдим. У уясига кечга яқин қайтаркан. Унгача дарагиниям солмади!
— Шундай экан, арқон-парқон деб каллангни нима учун қотиряпсан, нима бало, уни кечаси тутмоқчимисан?
— Эшитсанг-чи, аввал, — унинг овози баландлади. — Менга унинг ўзи эмас, боласи керак! Ўзим боқиб катта қиламан. Қайтага яхши бўлади, қўлга ўрганади!
— Боласи борлигини қаердан биласан? — кетма-кет савол беришда давом этдим.
— Билдим, ўртоқ, билдим. У кечга яқин полапонига ўлжа олиб келди, — ҳовлиқиб кетди жўрам.
Унга бошқа гап топиб бера олмай қўлимни ҳафсаласиз силтадим. Қудуқ дастагидан арқонни ечиб, челакни олиб қолдим. Fанишер уни бошидан охиригача синчиклаб текширди. Тортиб-тортиб кўрди.
— Маҳкам экан, — деди бироздан кейин.
Унга эргашдим. У уйларидан яна иккита арқон топиб чиқди. Бу арқонлар бизникидан ҳам узун ва йўғон эди. Уларнинг ҳаммасини бир-бирига улаб чиқдик. Зилдек оғир арғамчини хуржунга жойлаб, иккимиз ҳам эшакка мингашиб олдик. Жар тепасига етиб келганимиздан сўнг Fанишер пешонасига шаппатилади.
— Каллам қурсин, қозиқ олишни унутибмиз-ку?!
Ҳақиқатан ҳам арқон олишга олиб, энг керакли нарсалардан бири — қозиқни унутган эдик. Иккимизнинг ҳам ҳафсаламиз пир бўлди. Ахир, бақувватроқ қозиқ бўлмаса, арқоннинг ўзи билан нима ҳам қила олардик? Ғанишер пича ўйланиб тургач, «мен ҳозир келаман» деганча жар усти бўйлаб югуриб кетди. Эшакнинг бошини бўш қўйиб, пастга қарадим. Жарнинг тубигача бўлган масофа эллик-олтмиш қулочча келарди. Агар менга биров бутун бошли ўнта қирғий полапонини ваъда қилиб, шу ердан арқонга осилиб туш, деса бажаришим гумон эди. Ичимда Fанишернинг довюраклигига тан бердим.
Fанишер қуёш уфққа томон оға бошлаганда қайтиб келди.
— Тезроқ арқонни боғламасак бўлмайди! — деб қўлидаги қозиқсимон узунчоқ темирга ишора қилди, — қоқишиб юбор!
Мен кулиб юбордим.
— Нима билан қоқасан бунингни! — дедим.
Ўртоғим эсанкираганча озроқ ўйланиб турди, кейин бирдан чеҳраси очилди.
— Сен айланма йўлдан пастга тушиб бор, — деди у менга юзланиб, — жарнинг пастида темир-терсак тиқилиб ётибди!
Капалагим учиб кетди.
— Ўйлаб гапираяпсанми?! Шунча йўлга ким бориб келади, агар ўша қирғийнинг боласи жуда-а зарур бўлса, ўзинг бориб кел, менга кераги йўқ!
— Нега бунча ўзингни олиб қочасан?! — ўртоғимнинг қовоғи уйилди. — Пастга тушиб борсанг, бўлгани. Темирни ип билан тортиб оламан! Қайтиб чиқмасанг ҳам бўлади!
Очиғи, унинг гаплари менга ёқиб тушди. Бунга сабаб — биринчидан, бу ерга қайтиб чиқишнинг ҳожати йўқлиги бўлса, иккинчидан, жар пастида туриб, арқондан осилиб тушаётган жўрамнинг ҳаракатларини бемалол томоша қилишим мумкинлиги. Унинг гапига рози бўлиб, айланма йўлдан тахминан чорак соатларда жар тагига етиб бордим. Fанишер рост гапирган экан, бу ердан катта-кичик темир-терсак бўлакларини топиш унчалик қийин эмасди. Қидириб каттакон темир парчасини топдим. Сўнгра жар тепасига қараб бақирдим.
— Ташла-а, арқо-онни-и!!!
Овозим жар бағри бўйлаб ёйилиб кетди. Уясида тинчгина турган ҳар хил қушлар ковакларидан ташқарига чиқиб безовта чуғурлаб кетишди. Тепадан сариқ тусли, илонни эслатадиган йўғон арқон кўринди. Темир бўлагини аввал сим билан қаттиқ чирмагач, осилиб турган арқонга илдирдим. «Тортиб о-ол!» дея овоз берганимдан сўнг, арқон тепага кўтарила бошлади. Сал ўтмай тепадан товуш эшитилди. Бу товуш ҳам менинг овозим каби акс-садо берди. Бутун жар бағрини қозиққа урилаётган темир товуши тутиб кетди.
— Тушсанг, туш-да энди! — қичқирдим.
Юқоридан Fанишернинг тетик овози келди.
— Ҳози-ир-е! — у ўзига ишонибгина қолмай, шу дамда ҳам мени жеркиётганди. Бундан, албатта, хурсанд бўлдим. Кўнглимдаги безовталик барҳам топди. Тепадан пастга тушиб келаётган арғамчи — ип кўринди. Унинг учи ерга етиб келгач, тепадан Fанишернинг овози келди.
— Яхшилаб торт! Қўйиб юборма-а!
Айтганидек қилдим. Арқонни таранг тортиб, маҳкам ушлаб турдим. Fанишер анча ҳаяллади. «Туша олмайди» ўйладим ичимда, «Бу ердан тушиш учун отнинг калласидай юрак керак!»
Бироқ мен адашган эканман. Жар тепасида ўртоғимнинг оёғи кўринди, кейин… бутун танаси! Мен эса лол бўлиб, унинг ҳар бир ҳаракатини юрагимни ҳовучлаганча кузатардим. У худди тажрибали алпинистлардек арқонни маҳкам ушлаганча, оёқларини қушлар уя қилган ковакларга бирин-кетин тиқиб, пастга туша бошлади. Fанишер беш қулоч қуйига тушмасидан, битта оёғининг тагидан муштдек кесак ўйилиб кетди. Қўрқиб кетганимдан қичқириб юбордим.
— Эҳтиёт бў-ўл! Ҳе-ей!!!
Унинг жавоби бу сафар мени кўп куттирмади.
— Жим бўлсанг-чи! — деди ўртоғим қалтироқ овозда.
Бир пастда уя қаршисига тушиб келди. Лекин арқон ва ин жойлашган ковак оралиғи паст томондан бор-йўғи икки қаричча кўринса-да, аслида, анча узоқ экан. Fанишер уяга қўл чўзди, етмади. Кейин менга қўли билан нималарнидир ишора қилди. Тушунмасдан қараб туравердим. У ҳеч иложи бўлмагач, овозини баралла қўйиб бақирди.
— Арқонни ўнг томонга торт!!!
Fанишернинг овози жар қўйнида милтиқ отилгани каби «гумбурлаб» кетди. Қушлар «чуғур-чуғур»ни авжига кўтарди. Арқонни секингина ўнг томонга тортдим. Тепадаги «алпинист» ҳам арқон билан бирга силжиди. Мўлжалланган жойигача ет-ганидан сўнг, у қўлини кўтариб «тўхта» ишорасини қилди. Арқон қирғий уянинг устида тўхтаган эди. Fанишер оёқларини қулайроқ жойга тиркаб, чўнтагидан нимадир чиқарди. Яхшилаб қараб билдимки, бу ойна экан. У ойнани тиккага келган қуёш нурига тўғрилаб, аксини ин ичига йўналтирди. Сўнг ковакка қўлини суқди. Қушларнинг сурони кучайди. Fанишер уя ичидан нимадир олиб чиқди ва дарров пастга ирғитди. Бу қайсидир қушнинг суяк ва патлари экан. Шундагина мен қандай йиртқич билан ўчакишаётганимизни ҳис қилдим. Тепага қарарканман, ўртоғимнинг қўлидаги муштдек келадиган малларанг нарсага кўзим тушди. Унинг нималигини билиш учун яхшироқ тикилдим. Ишонасизми?! Fанишернинг қўлидаги қирғийнинг боласи эди! Ўртоғим бир муддат полапонга тикилиб турди. Кейин эса тўсатдан нимадир эсига тушиб қолган каби шошиб-пишиб пастга туша бошлади. Бироқ энди унинг иши анча мушкуллашганди. Аввал бошида полапонсиз икки қўли билан арқонни ушлаб осонгина пастлаган бўлса, энди бир қўли билан ҳаракат қилишига тўғри келарди. Fанишер беш-олти қулоч пастроқ тушар-тушмас, биз содир бўлишидан қўрқиб турган ҳодиса рўй берди. Баралла сайраётган қушларнинг овози бирдан ўчиб, ҳаммаси уя-уясига кириб кетди. Уларнинг юракларини «така-пука» қилганча бир қуш жар бўйлаб парвоз қилди. Уни қаердадир кўргандай эдим. Ёдимга тушганидан кейин, даҳшатдан қотиб қолдим. “Она қирғий!!!” У Fанишернинг қўлидаги боласини кўриб, даҳшатли овоз чиқарди. Йўқ, бу овозни бировни қўрқитиш учун қилинган дағдаға, деб бўлмасди. Унинг товушидан кўпроқ аянчли фарёдни англаш мумкин эди. Она қуш қанотини икки-уч қоқиб, Fанишердан пича узоқлашди. Қўрқувли сайрашни эшитганим учун уни кетяпти, деб ўйладим. Лекин бу йиртқич мен ўйлаганчалик қўрқоқ эмас экан. У тезлик билан ўртоғим томонга учди. Шу ҳолда Fанишерга бориб урилса, жўрамнинг турган жойидан қулаб кетиши аниқ эди. Бақириб юборардим-у… овозим бўғзимга тиқилиб қолганди. Шу ерда дўстимнинг калласи ишлаб кетди. Ва бу унинг жонини сақлаб қолди. Она қирғий ўзига яқинлашган заҳоти менга қараб «Ушла-а!» деб бақирди-да, полапонни пастга ирғитди. У томонга шитоб билан келаётган қирғий йўналишини ўзгартирди. Типирчилаб пастга тушиб бораётган боласининг ортидан шўнғиди. Полапонни илиб олиш учун чопмоқчийдим, орқасидан келаётган онасини кўриб, фикримдан қайтдим. Ундан кейин жўрам осилиб турган арқоннинг пастки учини қўйиб юбориш ҳам мумкин эмасди. Она қирғий пастга томон ўқдай учиб, боласи ерга тегай-тегай, деганда панжалари билан илиб кетди. Fанишер пайтдан фойдаланиб, шоша-пиша пастга туша бошлади. У энди аввалгидек оёқларини қуш уяларига тиқиб ўтирмасдан, балки арқонни бўш қўйганча пастлаётганди. Она қирғий боласини панжалари билан маҳкам сиққанча тепага кўтарилди. Бироқ ўткир панжалари боласига ботиб кетди шекилли, полапон типирчилай бошлади. Она қирғий жардан анча юқорига кўтарилганидан сўнг, полапонини ерга қўймоқчи бўлдими, жар лабига яқинлашди. Шунда кутилмаган ҳол рўй берди. Боласи панжасидан чиқиб кетиб пастга қулай бошлади. Она қирғий зудлик билан уни тутиб олишга интилди. Полапон ерга тушишига ўн қулочча қолган, Fанишернинг ён томонидан чирпирак бўлиб келарди. Ўртоғимнинг ҳаракатлари тезлашди. Она қуш бу сафар боласига етишга етди-ю, бироқ яхшироқ тутиб қола олмади. Полапон шитоб билан ерга келиб урилди. Она қуш даҳшатли тарзда, этни жунжиктирадиган даражада чинқириб юборди. Аянчли… чинқириқ… У мендан заррача қўрқмай (балки мени кўрмагандир ҳам) ерпарчин бўлиб ётган жигаргўшаси ёнига қўнди. Ерда чўзилиб ётган боласини кўриб яна «чинқирди». Унинг бу товуши аввалгиларидан ҳам қўрқинчли, аянчли ва… юракни ўртаб юборадиган оҳангда эди. Руҳимда пайдо бўлган номаълум ҳаяжон ва мавҳум туйғуни англаёлмай гаранг эдим. Кўпгина қушлару ҳайвонларни, ҳатто одамларни ҳам ваҳимага солиб қўядиган бу йиртқич қуш шу лаҳзада кўзимга жуда ночор, жуда ожиз кўринди. Она қирғий тўсатдан юқорига кўтарилди. Менинг хаёлимга келган биринчи хавотирли ўй — Fанишер эди. Бироқ қирғий беш қулоч юқорида арқонни маҳкам ушлаганча қотиб турган ўртоғимга бурилиб ҳам қарамади. У шу кетганча тепага кўтарилаверди, кўтарилаверди. Охири кўзга кўринмай кетди. «Наҳот, уни энди ҳеч кўрмасам», ўйладим мен. Тўғри, бу қушни энди кўраманми-йўқми, аҳамияти йўқ. Лекин… лекин у менга ўзим ҳам сезмаган ҳолда бироз … йўқ, жуда қадрдон бўлиб қолди.
Қотиб қолганча осмонга қараб турар эканман уни яна кўрдим! Ўша ҳолатда. У осмоннинг кўз илғамас нуқтасидан пастга томон камон ўқидек шиддат билан учиб келарди. Энди хаёлимга Fанишернинг хавотири ҳам келмади. «У нима қилмоқчи?!» деб ўйлардим фақат. Она қирғий ерга яқинлашгунга қадар тезлашса тезлашдики, заррача тўхтамоққа ҳаракат қилмади. Мана, у жардан ҳам пастроққа ўтди. Бутун вужудим кўзга айланди. Қирғий Fанишернинг устига эмас, шундоқ ёнимдаги япалоқ тошнинг устига зарб билан келиб урилди. У шубҳасиз ўлган эди! Қўлимдаги арқонни қўйиб юбордим. Она қирғий тошга шунчалик қаттиқ урилган эдики, қанотлари синиб, икки ёнга қайрилиб кетганди. Кўзларимга ёш қуйилди. Биласизми, бу қанотлар сувратида нимани кўрдим? Айтиш қийин-да…
Бу қанотларда гўдаклик чоғларим субҳидамнинг енгил совуғидан паноҳ тилаб талпинганим…меҳрли қучоқни кўрдим! Бу қанотларда кичкина оёқчаларим чарчаб қолмаслиги учун мени доим устига кўтариб оладиган елкаларни кўрдим! Кўксимда нимадир оғриди. Бўғзимга ҳам тиқилди ўша оғриқ…
Бутун шуурим музлаганча қирғийга тикилиб турган чоғимда ёнимга Ғанишер келди. Сўнг мутлақо бепарволик билан шоша-пиша гапира кетди:
— Ҳечқиси йўқ, бу сафар овимиз бароридан келмади. Аммо мен қирғийни тутмагунимча қўймайман. Бу сафар қийин бўлмайди. Ахир, энди тажрибамиз бор!