Иброҳим Чориев. Дадамнинг иши (ҳажвия)

Комилжон ҳар доимгидек бугун ҳам ишидан барвақт қайтди. Эшикни очиб, уни хуш табассум билан қарши олган хотини Ҳалимахон меҳрибончилик билан ҳол сўради:
– Яхши келдингизми дадаси? Чарчамадингизми?
– Раҳмат. Ўзларинг тинч ўтирибсизларми?
– Шукр.
Ҳалимахон эри қўлидан пакетни олиб, ошхона томон юрди, Комилжон эса кўча кийимларини пижамасига алмаштирди-да, ювингани кириб кетди. Қайтиб чиққанида безатилган стол атрофида беш яшар қизчаси ва хотини кутиб ўтиришарди. Комилжон қизининг дўмбоқ юзидан чўлпиллатиб ўпди, эркалади:
– Оппоқ қизим! Ширин қизим! Доно қизим! Боғчалар қалай? Хафа қилишмаяптими?
Доно қиз жавоб беришга улгурмай туриб, Ҳалимахон гапга аралашди:
– Бугун боғча бўлмади, дадажониси. Эрталаб олиб борсам, тақа-тақ берк: грипп туфайли бир ҳафтага карантин эълон қилишибди.
– Иэ! Нима, уйда бир ўзи қолдими? – ташвиш билан сўради Комилжон қизининг бошини силаркан.
Хотини қошларини чимирди:
– Нега бир ўзини қолдирар эканман? Қолаверса, уйга қайтиб келишга менда вақт қани? Тўппа-тўғри ишимга олиб кетдим. Эртага сизнинг галингиз, дадажониси…
Комилжон тушунмади:
– Гал?! Қанақа гал? У… нима деганингиз?
– Қанақа гал бўларди? Нима, ўзбекчани ҳам тушунмайдиган бўлиб қолдингизми? Навбатингиз-да!
Эрига ҳамон етиб бормаётганини кўриб, Ҳалимахон изоҳ беришга киришди:
– Дадаси, ахир ўзингиз ўйланг, мен ҳар куни олиб кета олмайман-ку! Одамлар нима дейди? Қолаверса, бизда ишлаб чиқариш… Хуллас, бир кун сиз олиб кетасиз, бир кун мен, қарабсизки, бир ҳафта ўтади-кетади!
Комилжон қошиғини коса четига қўйди, бир нималарни ўйлаб туриб деди:
– Қанақа бўларкин?
Ҳалимахон бўш келмади:
– Рисоладагидек! Қизалоғим, – мурожаат қилди у Донога, – эртага дадангнинг иш жойига борасан-а? Шунга келишдик-ку! – сермаъно қаради у қизига.
Донохон онасига хушнуд бош силкади:
– Албатта! – сўнг Комилжонга ўгирилди. – Дадажон! Мени ишингизга олиб боринг, хўпми? Жон дада! Сизнинг ҳам иш жойингизни бир кўрай!
Комилжон чуқур хўрсинди, қошиғини яна қўлига олди.
Эртаси куни эрталаб соат тўққизда ишхонага Доно билан кириб келган Комилжонни тўрт-бешта ҳамкасб-ҳамхоналари шод-хуррам кутиб олишди. Хона тўрида ўтирган тиқмачоқдек аёл Донони ёнига имлади:
– Бу ёққа кел, қароғим… Мана бу ерга ўтир… яхши… мана буларни ол, – бир ҳовуч конфет узатди у.
– Исминг нима?
– Доно!
– О! Ҳам гўзал, ҳам доно! Комилжон! Катта бўлса, шу қизингизни ўзим келин қиламан! Ёдингиздан чиқмасин-а? – тилла тишларини ярқиратиб илжайди у. – Нега илгарироқ олиб келмагандингиз бизнинг келинни? Кўз тегади деганмидингиз?
Доно унинг гапларига эътибор бермади, Комилжон қизарди:
– Гапниям оласиз-да, Раънохон! Қанақа келин, қанақа кўз… Олиб келганимнинг эса сабаби бор: боғчани карантинга ёпишибди, бир ҳафтага. Кеча Ҳалимахон олиб кетган эди, бугун эса мен…
Тиқмачоқдек аёл жилва қилди:
– Қани эди ҳамма эркаклар сиздек бўлса! Ҳар куни олиб келаверинг, то боғча очилгунча, хўпми?
Қолганлар ҳам аёлнинг гапларини маъқуллашди, Донога турли ширинликлар, мевалар беришди.
Доно жойида ўтирганча, катта хонага бир-бир кўз югуртира бошлади: ана, бурчакда каттакон, оппоқ музлатгич овоз чиқармай ишлаб турибди, ҳар деразада биттадан кондитсионер, токчаларда эса тувакка ўтқазилган гуллар… Ана, деворларга таниқли артист ва қўшиқчиларнинг суратлари осиб қўйилган: Озодбек, Гулсанам… Ана, дадам ўтириб олиб, газета варақлаяпти, ундан сал наридаги амаки эса бошини стол устига қўйиб… иэ, ухлаяптими? Вой! Стол устида ҳам ухлаб бўларканми?
Ана, менга конфетлар берган хола… ўзига пардоз бераяптилар! Бизнинг боғча мудирамиз ҳам худди шу хола каби хўппа семиз! Унинг ҳам оғзи тўла тилла тиш!
Анави амаки нима қилаяптилар? Дадамнинг чап томонидаги? Сканворд ечаяптиларми? Дадам ҳам уйга борганларида диванда ётиб олиб нуқул сканворд ечадилар…
Доно ярим соатлар чамаси шундай ўтириб, ҳамма нарсани, шу жумладан, хонадагиларни ҳам обдон кузатиб бўлгач, ниҳоят зерикди ва қалин газета тўпламини берилиб ўқиётган дадасига мурожаат қилди:
– Дада!
Комилжон ўқишдан бош кўтарди:
– Лаббай қизим? – жилмайди у.
Доно унга жавдираб қаради:
– Зерикиб кетдим… Дадажон, юринг, кетайлик!
– Қаёққа?
– Ишингизга…
Комилжон бир оз ҳайрон бўлиб турди-да, сўнг кулиб юборди:
– Бу нима деганинг, қизим? Шу ер менинг… иш жойим-ку! Мен мана шу амакиларинг, мана шу холанг билан, мана шу хонада ўтириб ишлайман-да! Оббо қизим-эй…
Донохон ишониб-ишонмай сўради:
– Шу ерда ишлайсизми? Унда нега ҳеч нарса… қилмаяпсизлар?
Энди бошқалар ҳам кулиб юборишди, столга бошини қўйиб ухлаётган амаки кулгу товушидан уйғониб кетди, атрофга алазарак кўз югуртирди. Кроссворд ечаётган амаки бошини сарак-сарак қилганча, жилмайди:
– Ажойиб қизингиз бор экан-ку! – деди аввал Комилжонга, сўнг Донога ўгрилди. – Қизим, биласанми, дадангнинг ишхонаси ростдан ҳам шу ер! Бирга ишлаймиз! Мен, масалан… мана бу қоғозни… бу ердан оламан-да… ҳу анови жойга қўяман! Бу амакинг эса… ўша қоғозни у ердан олиб, бошқа жойга қўяди… Анави чиройли холанг эса, – тиқмачоқдек аёлга имо қилди у, – иш тугашидан сал олдин ҳаммасини йиғиштириб…
Аммо у гапини тугата олмади, тиқмачоқдек аёлга ўзи ва иши ҳақида гапиришлари ёқмади шекилли, пардоз буюмларини аччиқ билан сумкаси ичига жойлар экан, норози тўнғиллади:
– Э! Кимга ҳисоб бераяпсиз, Рустам ака?! Ёш бола ниманинг фарқига борарди! Айтаверади-да! – У шундай деб, столи тагидан катта-кичик, семиз-ориқ папкаларни олиб, столи устига тарақлатиб ташлай бошлади, – шу тирмизак қолувди ўзи… Эркакларга ҳам ҳайронсан, онаси билан юбормай, уялмай-нетмай, болани ишхонага етаклаб келиб ўтирибди… Тавба…
У тинимсиз тўнғиллар экан, қизариб кетган Комилжон Донога кўз остидан ўқрайиб қаради:
– Эшитдингми? Энди жим ўтир? Бизнинг иш жойимиз шу ер!
Доно қуюқ киприкларини пирпиратди:
– Иш… дейсизми? Ҳаммаларингиз ўтирибсизлар-ку! Мен кеча ойижонимнинг ишхонасига боргандим, улар сира ҳам бунақа қилиб ўтиришмас экан: катта-катта дастгоҳлар ишлаб турибди, юк кўтарувчи машиналар…
Комилжон столига қулочкашлаб мушт туширди:
– Жим бўл тирмизак! Нега ҳадеб бидиллайверасан! Айтишди-ку сенга, иш жойимиз шу ер деб!
Гурсилатиб урилган мушт зарбидан хонадагиларнинг барчаси бирдай чўчиб тушди, дераза ойналари зириллади. Отаси важоҳатини кўрган Дононинг рангида ранг қолмаганди. Лаблари йиғлашга тараддудланиб қийшайди, қўрқув тўла кўзлари катта-катта очилиб, Комилжонга термулганча қолди…
Анча вақт хонада юракни сиқадиган сукунат ҳукм сурди, ҳатто овозсиз ишлаётган музлатгичнинг ҳам товуши баралла янграй бошлагандек туюлди. Энди ҳамма кўзлар столлар устидаги қоғоз ва шу кабиларга тикилган, юзларда уят, хижолат зоҳир эди.
Ниҳоят Комилжон ўзига келди: дир-дир титраб, ёш тўла кўзи билан ўзига термулиб турган қизини кузатар экан, юраги бирдан орзиқиб кетди, томоғига бир нима тиқилгандек бўлди, хато қилиб қўйганини тушунди.
У ўрнидан оғир қўзғалди-да, бир-бир босиб келиб, қизининг рўпарасида тўхтади, чўккалади, Дононинг митти қўлчаларини куракдек кафтлари орасига олди:
– Қизим… кечир мени… – деди у товуши титраб. – Ахир… ўзинг ҳам… Майли, бўлар иш бўлди. Энди айт қизим, нима қилай? Нима қилай кечиришинг учун?
Доно қўрқиб қараб турди-да, тўсатдан бўйнидан ачомлади:
– Дадажон! Дадажоним… ўзимнинг дадажоним… сиз ҳаммадан яхшисиз…
Зурриётининг бунчалар тез кечирганидан, унинг пардек енгил вужуди тафтидан тўлқинланиб кетган Комилжоннинг кўзлари бирдан намланди:
– Қизгинам… нима қилай? Нима қилсам гуноҳимни юваман? Айт, нима десанг ҳаммасини…
Доно қўлчаларини ҳамон унинг бўйнидан олмасди:
– Ҳамма-ҳаммасиними, дадажон? – шивирлади у ҳиқиллаб.
– Ҳа!
– Алдамайсизми?
– Қизгинам, қачон сени алдагандим?
– Унда юринг… бу ердан кетайлик!
Комилжоннинг юраги пўкиллади, жавоб нима бўлишини ич-ичидан сезиб турса ҳам, ноилож сўради:
– Қаёққа… қизим? Қаёққа кетамиз?
– Қаёққа бўларди? Ишингизга-да! Ахир, кеча айтгандингиз-ку, иш жойимга олиб бораман, деб! Нега бу ерга олиб келдингиз?
Ўрнидан турган Доно энди унинг қўлидан маҳкам тутганча жон-жаҳди билан ташқарига судрар, Комилжон эса худди нажот тилагандек ҳамхона-ҳамкасбларига бир-бир кўз югуртирар, аммо уларнинг бирортаси юрак ютиб, иш столидан бош кўтара олмасди…