Гулруҳ Ёрматова. Тиниқ момо (ҳикоя)

Музли ерда аввал отнинг дупур-дупури, кейин қаттиқ кишнагани эшитилди. Маст уйқуда ётган Маҳмуд полвоннинг кўзлари бирдан чарақлаб очилиб кетди. Узоқ-узоқлардан Қоратўшнинг кишнагани эшитилгандек бўлди. Полвон ирғиб ўрнидан турди. Эгнига чопонини илганча, пайпасланиб бўсағада турган этигини қидирди. Апил-тапил пайтавасини оёғига ўради-ю, ташқарига ўқдек отилди. Аччиқ изғирин юзини, баданини чимчилаб олгандек бўлди. Шунда чопон устидан белбоғ ўрамай чиққани эсига тушди. Аммо уйга қайтиб киришга сабри чидамай, чопони барини яловдек ҳалпиратганча отхона томонга югурди. Музлаган ерда тойғона-тойғона отхонага етиб боргач, ланг очиқ эшикни кўриб, юраги шув этди.
— Қоратўш!.. — деди оти шу ерда юргандек атрофга аланглаб.
Аммо атроф сокин эди. Гўё полвоннинг ёллари қуёш нурида товланган қизғиш танли оти бўлмагандек, ингичка ва узун-узун оёқларини осмонга гажак қилиб кишнаганда бия отлар қулоғини динг қилиб, бу садога қулоқ тутмагандек. Полвон девордаги михга илинган қамчини олди-ю, ланг очиқ дарвозадан ўзини ташқарига урди. Бўғзига тиқилган муштдек аламни аранг ютиб телбавор югураркан, Қоратўшини қаердан ва қандай излашни билмасди. Полвон шу кўйи тонггача қишлоқни изғиб чиқди.
Тоғ бошидан қуёш мўралади. Полвон худди бор-будидан айрилган телбавор кимсадек югурди-югураверди. То қор босган тепаликларга тирмаша-тирмаша ҳансираб қолгунча тиним билмади. Назарида, тонг сукунатини титратган нолали кишнаш айнан шу кар-соқов тепаликлар бағридан эшитилгандек эди. У от туёқлари изидан мўлжаллаб яна юрди. Аммо энг катта тепаликка яқинлашгач, бирдан изни йўқотди. Катта юк машинаси ғилдирагининг ботиқ изига кўзи тушганда, юрагидан нимадир узилгандек, қор устига ўтириб қолди: “Демак, Қоратўш юк машинасига ортиб кетилган!”. Сўнг худди машина изидан барча сир-асрорни билиб оладигандек унга синчиклаб термилди. Ғилдирак изларининг учтаси бир хил — қутича шаклида, аммо тўртинчиси арчасимон из эди. Демак, машинанинг учинчи ғилдираги бошқача.
— Қоратўш! — деди энг баланд тепаликка чиққач, пешонаси ва юзларидаги реза-реза терни кафти билан сидириб. Унинг назарида Қоратўш машинадан тушиб қочган, қайси бир арча дарахтининг остида тургандек туюларди. Аммо ноласи қорли далалар узра сингиб кетди. Оппоқ чопонга бурканиб олган дала-туз тинчимни бузма, дегандек, боқи-беғамларча хўмрайиб, ястаниб ётарди. Полвонга алам қилиб кетди. Туёқларидан ўт чақнайдиган шундай оти йўқолса-ю, бутун борлиқ ҳеч нарса бўлмагандек, бемалол мудраб ётса-я…
— Лаънати!.. — деди у бор овозда бақириб.
Тепаликлардан сал нарида виқор билан керилиб турган тоғу тошлар акс-садо берди:
— Лаънати, лаънати…
Полвоннинг назарида, ҳақорати ўзига қайтиб келгандек бўлди. Беихтиёр кўзларидан сизган икки томчи ёш ёноқларини куйдирди. Қоратўшининг топилишидан ҳали умидини узмаган бўлса-да, аммо ич-ичидан тошиб келаётган алам унинг бутун борлиғини куйдириб, нақ юрагига олов пуркаётгандек эди. Полвон шиддат-ла пастга қараб югурди. Тепаликдан қиялатиб тушиш лозимлигини ҳам унутиб, бошига тош боғлангандек пастга оғиб кета бошлади. Энди тўхташга минг чандон уринса-да, бунинг сира иложи йўқ эди. Тепалик бағрига пардек қўнган қорларни тўзғитиб, бир қуюн мисол пастга учиб борарди. Агар шу тарзда қуласа, сойликдаги қирра тошларга урилиб, вужуди тилка-пора бўлишини билиб, ўзини орқага ташлади. Қор тўзонлар ҳар томонга тўзғиб кетди. Белбоғсиз чопони тепага сидирилиб, оловдек ёнаётган вужудига муз парчалари жазиллаб ёпишгандек бўлди гўё. Аммо полвон парво қилмади. Қоратўш бўлмагандан кейин оловда жизғанак бўлмайдими вужуди?..
Полвон кечга қадар Қоратўшни қидириб, ҳеч жойдан тополмай шалвираб қишлоғига кириб келди.
“Нима бўлди, нега бундай девонаваш бўлиб юрибсан?” дея сўраган ҳамқишлоқлари ва таниш-билишларига лом-мим демади. Чунки у “Отим йўқолди”, дея арз-дод қилишни “Хотиним йўқолиб қолди”, деган гап каби ор деб биларди. Раҳматли бобоси ҳам “Эркак киши хотини билан отини мақтамайди”, деган гапни бот-бот такрорларди. Шу боис Қоратўшининг изсиз йўқолгани полвоннинг ичида қолди. Ҳатто хотини ва бола-чақасига ҳам лом-мим деб оғиз очмади. Эрининг телбавор юрганини ўзича тусмол қилган хотини бир кун қайнонасининг олдига маслаҳат сўраб борди.
— Ўғлингиз отини йўқотиб, тентак бўлай деяпти, сиз бехабар юраверинг, — деди кўзидан шашқатор ёш оқизаркан.
Ёши тўқсонга бориб қолган бўлса-да, тик қоматли, дадил ва кесиб-кесиб гапирадиган Тиниқ момо аввалига келинининг гапларини қош чимириб тинглаб турди. Чамаси, унга келинининг арз-доди ёқмади. Бургут қараш қилиб туришидан “Гапир-а, гапир, ичингда қолмасин”, деган маънони уқиш қийин эмасди.
— Кўзингнинг сувини оқизиб бўлдингми? — деди кампир ахийри келини жим бўлгач.
Келин эса қайнонасининг қитиқ-патига тегиб қўйганини сезиб, бошини елкалари ичига олиб, ерга қаради.
— Ҳе, бетингни кучук есин сенинг, — деди Тиниқ момо унинг айбдорларча бош эгиб турганидан баттар тутақиб. — Полвон тентакдек юрган бўлса, сенинг кўзинг қаёқда эди? Бир эрнинг кўнглини кўтаролмасанг, аёл бўлиб нима қилиб юрибсан?! Елкангда кўтариб юрганинг каллами ё кади?
— Мен нима қилай? — деди боягина овози қаттиқ-қаттиқ чиқаётган келин айб иш қилган боладек аранг шивирлаб.
У қайнонасининг энди қариб қолган, деб ўйлаб эҳтиётсизлик қилиб қўйганидан тилини тишлаган, ҳалиям шашти баланд кампирнинг важоҳатини кўриб, бургутдан пусган полапондек бирдан попуги пасайиб қолганди.
— Минғирламай қаттиқроқ гапир, — деди кампир баттар жаҳл отига миниб.
— Мен нима қилай дейман?
— Дард қил, бало қил! Қани, олдимга туш-чи!
Тиниқ момо даст ўрнидан турди-ю, келинига парво ҳам қилмай, қўлини орқасига қилиб, қаддини ғоз тутганча дарвоза томон юрди. Келин билмасдан тилига эрк бериб қўйганидан юраги пўкиллабгина унга эргашди.
Қайнона-келин олдинма-кейин уйга кириб келганда полвон чўян печканинг ёнида кўкрагини ерга босиб, миқ этмай ётарди.
— Ҳа, полвон бундайгина, — деди Тиниқ момо эшикдан кираркан, ўғлига таънали боқиб.
— Келинг, она, — дея полвон онасига салом бериб, қаддини кўтарди-да, кўрпачага чордона қуриб ўтирди.
— Эри ўлган хотиндек тумшайиб олибсиз… — деди Тиниқ момо юзига фотиҳа тортаркан, ўғлига ўқдек кўзларини қадаб.
У ўғли давраларда товоқ олиб кураш тушадиган бўлганидан буён уни “сиз-сиз”лар, эл ҳурмат қилиб, тан олган полвоннинг онаси бўлса-да, сенлашни ўзи учун уят деб биларди. Аммо ўғлининг ҳозирги туриши унинг жаҳлини чиқараётганди. Ким айтади буни полвон деб? Бир отга шунча азами? Кампирнинг назарида, ўғли сира ўзига ўхшамаётгандек эди. Унинг ана шундай аёлмижоз бўлиб, уйга қамалиб ўтиришида негадир келинини айбдор деб билар, “Алоҳида кўчиб чиқди, деб бунинг жиловини қаттиқроқ тортмадим-да”, дея ўз-ўзидан ҳам домангир бўлиб қўйди.
— Биров ўлдими ё?.. — ўғлининг ҳамон ерга қараб тумтайиб ўтиришидан тутақиб кетди кампир.
— Ким ўлади, она?! — деди полвон аранг бошини кўтариб.
— Менам шунга ҳайронман. Отангиз кўкариб чиққанига йигирма йилдан ошиб кетди. Менинг эса ҳали ўлиш ниятим йўқ.
Онасининг кескин-кескин гапидан унинг жаҳли чиқаётганини сезган полвон бироз қаддини кўтарди, онасидан уялди. Отаси вафот этгач, ҳам ота, ҳам она бўлиб катта қилган онасида бир эркакнинг кучи ва феъли бор эди. Турмушнинг муштлари елкасини моматалоқ қилганида ҳам “Эрим йўқ, қийналдим”, дея бировга нола қилмади, кўз ёшини дўст-душманларига кўрсатиб юришни ўзи учун ор деб билди. Дангаллиги, тантилиги учун Тиниқ момони барча қишлоқ аҳли ҳурмат қилар ва шу билан бирга бу аёлдан ҳайиқиб ҳам туришарди. Ғийбат қиладиган энг ғийбатчи хотинлар ҳам Тиниқ момога гал келганда тилини тишлаб қоларди. Чунки ноҳақ гапни эшитса, аёл чидаб туролмас, ўша ғийбатчини гапирганига пушаймон қилдирмагунча кўнгли жойига тушмасди. Одиллиги учун бўлса керак кўпчилик ундан маслаҳат сўраб келар, оилавий масалаларда ҳам унга суянишарди. Катта ўғли-ку, кампирнинг гапига қулоқ тутмай, ўз суйганига уйланди. Аммо ўртанча ўғил Маҳмудни уйлантираётганда кампир жонбозликни қўлига олди, эринмай қиз танлади. Ахийри шу тегирмончининг қизи Гулбаҳорга тўхтаганда полвон ҳам майл билдирди. Катта келини ўғли билан шаҳарга кўчиб кетгани боис кампир унга қайноналик қилишга улгуролмаганди. Аммо Гулбаҳорга астойдил қайноналик қилди. “Гаҳ” деса, қўлига қўнадиган бўлганидан сўнггина алоҳида уйга кўчириб юбориб, кенжасини уйлантирди. Кампир “Гулбаҳорни ўз тутимимга ўргатдим”, деб эрта суюнган экан. Мана, йил тўлмай, келиннинг жилови бўшаб, тили икки қарич ўсиб кетибди. Ҳаммадан ҳам кампирнинг дилига ҳозир келинининг мана шу қилиғи озор бераётганди. Ўғлига гапирарди-ю, кўз қири билан келинига қараб-қараб қўяр, афтидан, уни чақиб олишга баҳона тополмаётгандек эди.
— От йўқолган куни сен қаерда эдинг? — деди ахийри кампир келинига ғазаб билан тикилиб.
Келин шу қарашнинг ўзидаёқ адойи-тамом бўлди.
— Уйдайдим, — деди ерга боқиб.
— Уйда бўлсанг, эринг от қидириб уйдан чиқиб кетади-ю, сен билмайсанми? — унинг жон еридан ушлади кампир.
— Мен нариги уйда болалар билан…
— Ҳимм, — лабларини истеҳзоли жийирди кампир. — Полвоннинг бир ўзини якка уйга айириб қўйгандим, де…
Онасининг гапидан полвоннинг ори келди:
— Ундай эмас, мен ўзим…
— Хотинларнинг гапига аралашма сен, — унинг сўзини шарт кесди кампир. — Хотинингнинг тарафини ола-ола, ўзингам хотинга ўхшаб қолибсан.
— Она! — полвоннинг кўзларидан чўғ сачраб кетгандек бўлди.
— Онанг ўлиб, онасиз қол, илойим. Сени шундай мумсик қилиб тарбиялаганмидим? Ким айтади сени Ботир полвоннинг ўғли деб? Бир отга шунча азами?! Кўтар ўмганингни, эркакмисан ўзи?
Полвон беихтиёр онасига бақириб юборди:
— Она, ёнган юрагимга олов пуркаманг сиз ҳам!
— Нима қилай? Сенга ўхшаб уйга қамалиб аза очиб ўтирайми?! Отинг йўқолган экан, бундай оға-инингни хабардор қилмайсанми, биргалашиб қидиришмайдими? Ака-укани нимага туғади она? Бир-бирига паноҳ бўлсин дебми?!
— Отим йўқолди, дейишга ор қиламан, она, билдингизми, ор қиламан! Бобом раҳматли “Эркак киши оти билан хотини ҳақида гапирмайди”, дерди. Мен ҳам шу боис чор кўчага жар солгим келмади.
— Манави аза очиб ўтиришинг-чи?! Ор қилмайсанми шу туришингдан? Отини гапиришга уялган одам унинг учун аза тутишдан уялмайдими? Шу туришинг бир хотинни деб тарки дунё қилган тентакни эслатмайдими?! Йўқолган нарсага ачинишни кимдан ўргандинг сен? Худо “Мана сенга”, деб жонингни ё фарзандингни олса, нима қилардинг?!
Тиниқ момо яна анча гапирди. Жонга қамчи соладиган гапларидан келинини ҳам бебаҳра қўймади. Келин ерга қараб пиқ-пиқ йиғлади, полвон уф тортди. Сўнг кампир қандай келган бўлса, шундай кетди. Аммо онасининг ташрифи полвоннинг кўзларини ярқ этиб очиб қўйгандек бўлди. Қулоғи остида “Отини гапиришга уялган одам унга аза тутишдан ор қилмайдими?!” деган гаплари ҳамон жаранглаб тургандек эди. Бирдан кўксини аёвсиз ғижимлаб ётган оғриқ тарқалгандек бўлди. Онаси унинг айнан юрагига малҳам қўйиб кетгандек эди…
Эртаси куни полвон худди узоқ уйқудан уйғонгандек илкис ўрнидан туриб, дераза оша ҳовлига назар солди. Болалари чуғур-чуғур қилиб айвонда ўйнаб юришарди. Хотини эса ўз юмуши билан банд. Уй бурчагида ниманидир ўзича ўйнаб ўтирган уч ёшли ўғли аҳён-аҳёнда отасига қараб-қараб қўяр, афтидан, отасининг бундай кайфиятидан боланинг қалби озурда эди. Полвон бир-бир босиб, оти йўқолгандан буён ёнига яқинлашолмаётган ўғилчасининг олдига борди ва уни авайлабгина тиззасига ўтқазди. Беихтиёр Қоратўш билан ўғлини таққослади. Агар Қоратўшнинг ўрнига ўғли йўқолганда нима бўларди? Миясига келган бу нохуш ўйдан товонигача музлаб кетди. Сўнг худди ўғлини биров ундан юлқиб оладигандек, қаттиқ бағрига босди, сарғиш сочли бошидан меҳр билан ўпди. Болакай эса анча кундан буён бошқача бўлиб қолган отасининг яна аввалги ҳолига қайтганидан ўзида йўқ шод эди.
— Ота, отга миндирасиз-а? — деди отасининг ярадор юрагига тегаётганини сезмай.
Полвон яна маъюсланиб қолди.
— Қоратўшга миндиринг, ота, — деди болакай баттар хархаша қилиб.
— Қоратўш энди йўқ, ўғлим.
— Нимага, бўри еб қўйдими? — деди ўғли хавотир билан.
Боланинг соддадиллигидан полвон беихтиёр кулиб юборди.
— Ҳа, еганда ҳам оч бўри еди, — деди хўрсиниб.
— Энди нима қиламиз?
— Энди от бўлиб ўзим сени миндираман.
Полвон шундай деб чўкка тушди-да, елкасини ўғлига тутди. Болакай хурсандлигидан сакраб, отасининг елкасига тирмашди.
— Уре, отам от бўлди, — деди унинг қулоқларидан тортқилаб.
Шу пайт эшик очилиб, уйга Маҳмуд полвоннинг катта акаси Мурод кириб келди.
— Ў-ҳу, отнинг зўридан топибсан-ку, — деди жиянига ҳазил қилиб.
Полвон акасини кўриб, ўғлини елкасидан туширди. Сўнг у билан қўл бериб кўришди.
— Отинг йўқолиб, ўзинг от бўлиб ётибсанми дейман, — деди акаси беғараз жилмайиб.
— Юрагимни тирнаманг, ака, — деди полвон қовоғини солиб.
— Юрагинг тирналмасин, Қоратўш топилди!
Полвон акасининг чин ёки ёлғон гапираётганини англолмай, бироз анқайиб турди. Сўнг уни ҳазил қилаяпти, деб ўйлади, шекилли, беҳафсала қўл силтади:
— Қўйинг, ака, устимдан кулманг.
— Тентак бўлиб қолибсан. Шунча йўлдан сени устингдан кулиш учун келдимми? Қоратўш топилди, рост, нега ишонмайсан?!
Акасининг гапидан полвон бироз тараддудланиб қолди.
— Алдамаяпсизми? — деди яна ишонгиси келмай.
— Нега алдайман? Юр, ўзинг кўзинг билан кўр…
Акаси шундай деб ота-болани ҳовли томонга бошлади.
Юрагида кучли бир ҳапқириш билан Маҳмуд полвон ҳовлиқиб ташқарига чиқди. Чиқди-ю, ҳовли адоғидаги йўнғичқапояда кирт-кирт ўт чимдиб юрган, қизғиш бадани қуёш нурида ял-ял товланаётган кичкина тойчага кўзи тушди ва бирдан ҳафсаласи пир бўлди.
— Ака, шунақа ҳазил юрагимга сиғадими ҳозир? — деди акасидан астойдил ранжиб.
Акаси қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
— Сен олдин унга яхшилаб разм солгин, — деди сўнг полвоннинг билагидан ушлаб, ўша томонга юришга ундаркан.
Полвон акасининг кўнгли учун тойча томон бир-икки қадам ташлади.
— Қара, Қоратўшингдан қаери кам бунинг? Айнан ўзи-ку. Қайтанга ундан кўра бақувватроқ ҳам.
Полвон қизиқсиниб, тойчага яхшироқ разм солди. Ҳақиқатдан ҳам, қизғиш ёллари шамолда ҳилпираётган кичкина қулун худди Қоратўшнинг ёшлиги эди. Ҳатто тўшидаги бир парча қора ёли ҳам айнан уники. Маҳмуд полвон беихтиёр ерга чўккалаб, тойчанинг ёлларини силади.
— Қоратўш, — деди сўнг оҳиста пичирлаб. — Қаердан топдингиз буни, ака?
— Узумини егин-у, боғини сўрама, — илжайди акаси.
— Раҳмат, ака, — дея Маҳмуд полвон севинчдан дир-дир титраб, тойчанинг ёлларини меҳр билан силади.
Қучоғида типирчилаб, отилмоққа шай бўлиб турган қулун юрагидаги Қоратўшдан қолган ярага малҳам бўлаётгандек эди…
Аслида от йўқолганини Тиниқ момо ўша куниёқ билганди. “Полвон келармикан”, дея уч кун кутди. Полвондан дарак бўлавермагач, катта ўғлини ёнига чақирди:
— Эл олдида учта ўғлим бор деб мақтанардим. Адашган эканман. Биттаям ўғлим йўқ экан. Бориям… — Момо бир гап айтмоқчи бўлдию, ўпкаси тўлди.
— Нега ундай дейсиз, она? — деди катта ўғил ҳайратланиб.
Тиниқ момо бўлиб ўтган воқеани қисқача гапириб берди:
— Укангга битта от топ. Қоратўшга ўхшаган бўлсин… Пулини ўзим бераман.
Ўғлидан полвоннинг қувонганини эшитиб Тиниқ момонинг кўнгли хотиржам тортди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 49-сонидан олинди.