— Тез-тез нормани бажарамизу кетамиз, — деди Нозик дугонаси Санамга далда берган бўлиб.
— Менга бекорга ишоняпсан, — деди Санам илжайиб. — Мен умримда…
— Вой, узум узиш ҳам гап бўптими? Узум узиш меҳнатмас, роҳат-ку!
— Кўрамиз, — кулимсиради Санам…
— Агар билсанг, сени атайлаб ҳашарга олиб чиқаяпман. Кўрсин, кўзи пишсин, деяпман. Эрта бир кун қишлоғимизга келин бўлиб қолсанг, довдираб юрма, дейман-да.
— Э, ҳечам-да, мен ўқийман. Тошкентда ўқийман…
— Санамжон, пастроққа тушинг!..
Дугоналар шу тахлит ҳазил-ҳузул билан узумзорга етиб келганларини сезмай қолишди. Кун иссиқ. Хотин-халаж аллақачон ишга киришган, узумзор чеккасида — бир уюм яшиклар олдида ҳисобчи Бозор қирриқ дафтарига алланималарни ёзиб ўтирарди. Қизларнинг шовурига бош кўтариб ўрнидан турди.
— Ҳа, Нозик, ҳашарчи бошлаб келдингми, дейман. Намунча кеч?…
— Кечмас, дарсдан чиқибоқ келяпмиз, — деди Нозик, кейин қўшимча қилди. — Бу ҳашарчи эмас, меҳмон…
Кун иссиғига қарамай эгнига чакмон, оёғига кирза этик кийиб олган Бозор ҳисобчи Санамга синовчан қараб олиб, тўнғиллади.
— Саттор аканинг қизи-ку, қанақа меҳмон бўлсин.
— Мен учун барибир меҳмон! — шартакилик қилди Нозик, кейин ўзига ва дугонасига яшиклар ажрата бошлади.
— Айтиб қўяй, меҳмоним бор деб, гап сотиш йўқ. Бугун икки норма бажарасан!
— Вой, нима учун?
— Кеча келмаганинг учун!
Нозик бир пас жим қолди-да, кейин Бозор қирриқ билан гап талашиш бефойдалиги эсига тушдими, дарҳол муросага келди.
— Бўпти, икки норма бажарганим бўлсин.
Дугоналар тўрттадан яшикни кўтариб, узумзор томон боришаркан, ҳисобчи уларни тўхтатди.
— Ҳа, йўл бўлсин?
— Узум узишга, — ажабланиб тикилди Нозик.
— Иккаланг битта жойдан тушмайсизлар. Чала узиб кетасизлар… Саломат!
Бозор қирриқ узумзорга қараб бақирди.
— Ҳув-в, — овоз келди ток қаторлари орасидан.
— Бери кел.
Ҳаял ўтмай, узумзордан оғзи-бурнини оппоқ рўмол билан танғиган, қўлларига енгча кийган, узун халати чанг-чунг бир хотин чиқиб келди:
— Нима дейсиз?
— Манави қизлардан бирини ёнингга ол. Гулбаҳор иккинчисини олсин.
— Ай-й, тоға, қўйинг шу ҳашарчиларингизни. Кишига дардисар бўлади. Уни қил, буни қил, деявериб, ишдан қоламан, — деди аёл.
— Айтганимни қил! — пўписа қилди ҳисобчи.
— Уфф, қўймас экансиз-да. Бўпти, юринглар.
Дугонасини-ку билмади-я, аммо Санам Саломат опага бас келгунча бўлари бўлди. Аёл худди роботдек узумларни шарт-шурт узарди-да, олдидаги яшикларни ҳаш-паш дегунча тўлдириб ташларди.
— Яшик!.. — дерди сўнг қизчага бақириб.
Санам эса борган сари узоқда қолиб кетаётган яшикларни худди чумоли инига буғдой ташигандек аёлга етказиб беришга тинимсиз уринарди. Узум билан лиқ тўла яшикларни олиб чиқиб, тракторга ортиш эса йигитларнинг иши.
— Имиллаган қиз экансан-да, — дея лаҳза ўтмай Санамни койий бошлади Саломат опа. — Кимнинг қизисан ўзи?
— Саттор тоғани.
— Эй, шаҳарда ўқийдиган анави олифта Нусратнинг синглисимисан?
— Ҳа, — дея бироз зардалироқ жавоб қилди қиз.
Чунки акасини олифта дегани унга ёқмаганди.
Аёл катта-катта узум бошларини токқайчи билан чирт-чирт кесаркан, бир муддат жим бўлиб қолди. Кейин юмшоқроқ оҳангда деди:
— Бу ерда нима қилиб юрибсан? Нозик ҳашарга опкелгандир-да?
Санам индамади. Саломат бирпас ўтиб, яна гап қотди.
— Акангни уйлантирмаяпсизларми?
— Энди уйлантирсак керак.
— Кимга?
— Шаҳардан. Акамнинг ўзи топган, — дея ёлғонлади қиз.
Бирдан Саломатнинг овози ҳазинлашиб қолганидан унинг акасига нисбатан қандайдир илиқ туйғулари борлигини зийрак қизча аллақачон сезиб улгурганди.
— Сиз акамни танийсизми? — деди Санам ундан алланарсаларни билгиси келиб.
Саломат узоқ вақт жим бўлиб қолди.
— Аканг билан синфдош эдик, — деди сўнг овози билинар-билинмас титраб.
— Йўғ-э?..
Бу гап қизчанинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди.
— Нега ҳайрон бўляпсан?
— Мен сизни ка-атта хотинсиз, деб ўйлабман.
— Эй қиз, мени хотин дема. Ҳали турмушга чиқмаганман.
Шу билан иккаласи ҳам анча пайт жим бўлиб қолишди. Аммо шу суҳбатдан сўнг Саломат уни жеркимай қўйди. Қизчанинг назарида, сал меҳрибонроқ ҳам бўлиб қолдими-ей.
Охири қиз юрак ютиб, кўнглида айланаётган саволни берди:
— Акамни севармидингиз?
Саломат шарақлаб кулиб юборди:
— Вой, сени-ей, ҳали муштдекгинаcан-ку, шундай гапларни ҳам биласанми?
Унинг гапидан қизчанинг юзи лавлагидек қизариб кетди.
— Биламан-да, — деди сўнг юзини терс буриб. — Акамни қишлоқдаги кўп қизлар яхши кўрган, — дея қўшиб қўйди сўнг.
— Аммо мен ўша олифта акангни сираям яхши кўрмаганман.
— Алдаманг.
— Сени алдаб нима зарил?
— Унда нега акамдан бунчалик жаҳлингиз чиқиб гапиряпсиз?
— Вой-вой, манави қизни қаранглар. Кимнинг жаҳли чиқибди акангдан? Олифталигини айтсам, жаҳлим чиққан бўладими?!
Саломат олдидаги бўш яшикни тўнкариб, устига ўтириб олди-да, икки қўлини иягига тираб, Санамни масхара қила бошлади:
— Қани, яна гапиравер-чи, гапир, маҳмадона.
— Эй, боринг-эй!..
Қизча аччиқланиб, яшикларни судраганча нари кетди. Сўнг «Сиз қилган ишни мен қилолмайманми?» дегандек, новдалар орасидан мўралаб турган катта-катта узум бошларини тортқилай бошлади.
— Ундай қилиб узма! — деди Саломат ўрнидан туриб, унга яқинлашаркан. — Баёншириннинг банди қаттиқ бўлади. Узум доналари ситилиб кетса, кетадики, банди узилмайди. Буни фақат токқайчи билан мана бундай қилиб узиш керак…
Саломат қўлидаги токқайчи билан Санам ушлаб турган узум бошини шартиллатиб кесди.
— Ҳусайни, кишмишларни бемалол қўлинг билан узавер. Уларнинг банди мўрт. Новдалари ҳам тез синиб кетади. Совуққа бардошсиз. Шунинг учун ертокдаги ҳусайнию кишмишлар қишда тупроқ билан кўмилади. Баёнширинни кўммаса ҳам бўлади. Новдаси қаттиқ. Мана, қарагин, пўстиям қалин. Лекин шинниси зўр бўлади. Уйда онам фақат шундан шинни қилади.
— Нега айнан шунисидан?
— Серсув, шираси баланд. Лекин майиз қилиб бўлмайди.
— Нега?
— Туриши сув. Офтобда қуритсанг, фақат пўсти қолади, холос.
— Фақат шинни қилиш учун экиладими?
— Йўқ, бунинг мусалласи зўр бўлади, дейишади. Францияда бизнинг баёншириннинг мусалласи жуда юқори баҳоланаркан.
— Сиз қаердан биласиз? Францияга бормагансиз-ку…
— Биламан-да. Газета ўқиб туриш керак, билмасвой.
— Мен билмасвой эмасман. Синфкомман.
Хуллас, ўша куни Санам Саломатдан узумчилик ҳақида анча нарсаларни билиб олди. Қизчани ҳайрон қолдирган нарса — иши оғир бўлса-да, Саломат узумчиликка роса қизиқар экан.
— Қачондир шу узумчилик соҳасида фермерлик ташкил қиламан, — деб қўйди оҳиста ва қатъий оҳангда.
Тушликка роса кеч чиқишди. Саломат опа «Шуни бўлайлик, шуни бўлайлик», деб бир талай яшикларни ташлади. Ҳориб-чарчаб тушликка чиқишганда, хотин-халаж анча наридаги беҳизорда нонушта қилиб ўтирган экан.
— Мунча қолиб кетдинглар? — дейишди уларни чойга чақириб.
— Тугатайлик, деб қизиқиб кетибмиз.
— Ўзинг-ку, майли, манави қизчани ҳам ҳолдан тойдирибсан, — деди яна ўша аёл.
— Ҳечқиси йўқ, чиниқади, — дея Санамнинг елкасига қўл ташлади Саломат.
— Тез келақолинглар. Ҳозир Бозор қирриқ «Туринглар!» дея бақиришга тушади.
Иккаласи челакдаги сувдан бир-бирига қуйиб ювина бошлашди. Рўмолларини ечган Саломатни кўриб, Санам анқайиб қолди. Боя рўдапо халат кийиб олиб, юз-кўзини ўраб олгани боис уни катта хотин деб ўйлаган экан. Ҳозир эса қора шириндан келган, туташ қошлари, лўппи юзидаги кулгичлари ўзига ниҳоятда ярашиб турган кўҳлик бир қизни кўрдию бояги фикри учун уялиб кетди.
— Ҳа, нега бунча тикилиб қолдинг? — деди Саломат жилмайганча.
— Мен сизни катта хотин деб ўйлабман.
— Йўқ, мен кичкина хотинман.
Саломат шундай деди-да, шарақлаб кулиб юборди. «Кулса, янаям чиройли бўлиб кетаркан», дея ўйлади қизча.
— Ҳа, қақилламай кет, — деди бир аёл уларнинг ортидан келиб, юз-қўлини юваркан. — Йигитлар сенинг ана шу қақиллашингга шайдо.
— Эй, опа, шундай дейсиз-у, лекин бир йигитни ҳеч шайдо қилолмаяпман-да, — дея Саломат аёлга ҳазил қиларкан, кўз қири билан Санамга қараб қўйди.
Қизча буни дарров сезди.
Ювиниб бўлишгач, олдинма-кейин беҳизор томонга юришди.
— Саломатжон, ма, манави кишмишларни ҳам ювиб кел. Зўридан топиб чиқдим, — деди бир хотин улар дастурхон атрофига ўтирар-ўтирмас.
— Мени кутиб турган экансиз-да…
Саломат шундай дея шарақлаб кулганча ўрнидан даст турди-да, анҳор томон кета бошлади.
— Ма, сен манави челакчага сув тўлдириб кел, — дея Санамга ҳам иш топди бояги аёл.
Қизча челакчани саланглатиб Саломатнинг орқасидан югурди.
Саломат икки томони тик бетон қирғоқли каналга қиялатиб тушаркан, қайрилиб ортига қаради.
— Челагингни менга берақол, — деди сўнг Санамга қўл чўзиб.
— Йўқ, ўзим… — дея рад этди қиз унинг ортидан тойғана-тойғана пастга тушиб бораркан.
— Эҳтиёт бўл унда. Сувга челакни бирдан ботирма. Тезоб сув тортиб кетиши мумкин.
— Биламан.
Санам шундай дейишга деди-ю, аммо унинг гапига парво қилмади. Тошдан-тошга урилиб, кўпириб-пишқириб оқаётган сувга шартта челак тиқди. Шу пайт қўлидан шундай қудратли бир куч силтаб тортдию, ҳаш-паш дегунча ўзини тўлқин ўровида кўрди. Шиддат билан оқаётган сув қизни худди хас каби оқизиб кета бошлади. Қизча оёқ-қўлини жон талвасасида типирчилатаркан, қирғоқда нималардир деб бақираётган Саломатнинг юзини лип этиб бир кўрдию сўнг нигоҳлари ҳеч нарcани кўрмай қолди. Бир пайт ҳушига келса, қирғоқда ётибди. Тепасида Саломат опаси. Йиғлаган, шекилли, кўзлари шишиб кетибди.
— Ўзингга келдингми? — деди ҳовлиқиб, у кўзини очиши билан.
— Менга нима бўлди?
— Дард бўлди, бало бўлди!.. Сенга айтдим, челакни менга бер, деб. Олифталик қилдинг. Акангга ўхшаб олифта экансан.
Саломат уни уришаркан, кўзларидан тинмай ёш қуйиларди:
— Ҳалиям худо бир асради. Яна йигирма метр оқсанг, гирдобга тушиб кетардинг.
Санам ўрнидан турмоқчи бўлганди, бошига пичоқ санчилгандек бўлиб, кўз олди қоронғилашиб кетди. «Воҳ», дея бошини пайпаслади. Қўлига шилимшиқ бир нарса илашди: қон.
— Бошим ёрилдими? — деди овози титраб.
— Бош ёрилса — бўрк ичида, қўл синса — енг ичида. Тирик қолганингга шукур қил!
Саломат шундай деди-да, халатининг этагидан шариллатиб йиртиб олиб, унинг бошини боғлай бошлади.
— Мени сувдан сиз олиб чиқдингизми? — дея ҳайратдан кўзлари катта-катта очилди қизчанинг.
— Йўқ, катта холанг.
— Нега олиб чиқдингиз?
— Нима қилишим керак эди? Оқишингни томоша қилиб ўтиришим керакмиди?
— Қўрқмадингизми?
Саломат бир муддат қизчага тикилиб турди.
— Сенинг ўлиб қолишингдан қўрқдим, — деди сўнг унинг бошидан оҳиста қучиб…
Санам ўзим юраман, дея қанчалик оёқ тирамасин, Саломат уни қўярда-қўймай елкасига опичлаб олди.
— Бу ёғига ўзинг юр, — деди у хотинлар қораси кўрингач. — Бир-икки кун энди мактабга ҳам борма.
— Хўп.
Шу пайт уларга кўзи тушган Нозик ва бир-икки хотин улар томон ҳовлиқиб кела бошлашди.
— Саломат опа! — деди ҳовлиқиб Санам. Қиз ялт этиб ортига қаради.
— Нима дейсан? — деди ҳайрон бўлиб.
— Сиз жуда-жуда яхши қизсиз.
Саломат жилмайганча унга аста қўл силтаб қўйди.
— Сизни, албатта, янга қиламиз, — деди қизча пичирлаб.
Аммо катта-катта, эркакча қадам ташлаб кетаётган боғбон қиз буни эшитмади.