«Шодивой жуда ҳушёр, бўшангроқ кишиларнинг танобини тортиб туради», дейишди бир даврада.
— Намунча уни мақтадинглар, мана мен бир девор қўшниси бўлсам-да, ҳали бирор мартаям боплаб кетолгани йўқ! — деди Салим ферма.
Бу гап Шодивойнинг қулоғига етди. Индамади. Пайт пойлади. Ферманинг шундоққина ёнгинасида Полвонариқ бор. Кўприк ўрнига каттагина хода ётқизилган. Салим ферма ҳар куни шу ходадан ўтиб, уйига қатнайди. Бир куни кечқурун ишини тамомлаб уй томон кетаётса, Полвонариқ бўйида қўшниси Шодивой чайқалиб турибди.
— Ие, қўшни, кайф тарақ-ку, қаердан келаётибсиз?
— Зиёфатдан…
— Қани, қўлингизни беринг, етаклашиб уйга етиб оламиз.
— Маст бўлсамам ўзим кетавераман, сиз йўлингиздан қолманг!
Салим ферма ичида ўйлади: «Ахир маст одамга ишониб бўладими, тағин яккачўпдан ўтаман деб сувга шалоплаб… Қолаверса, қўшничилик. Шундай пайтда уни ташлаб кетиш номардлик-ку». Сўнг у Шодивойнинг ёнига бориб, уни орқалаб кўтарибди. Шу кўйи уйигача етказибди. Етгунларича бўлари бўлибди, баданидан тер қуйилибди. Дарвозасидан киргизиб, ортига бурилиши билан Шодивой шарақлаб кулиб юборибди. Маст эмас, тетик. Тиржайиб: «Шунча жойдан кўтариб келдингиз, раҳмат қўшни», деб турганмиш.
Салим ферма чурқ этмабди. Лекин ичидан зил кетиб, ўйлабди: «Мендай одамни боплади-я, азамат!»