Маҳбуба Холова. Ўзим айланай (ҳажвия)

Шу айрим хотинларга ҳайронман-да… Битта эркакнинг кўнглини топишолмайди. Эри кўринди дегунча дағ-дағ титрашади. Эркак дегани, асли ёш боладай гап-да. Ўзим айланай, деб, икки оғиз ширин гапирсангиз, чойга солинган қанддай эриб кетади.
Толеимдан айланай, ўзимнинг эргинам ажойиб-да. Қўй оғзидан чўп олмаган… Бировнинг тийинидан ҳазар қилади. Айримлар кулиб туриб чўнтагингизни қоқлайдиган замонда бир чақа топса ҳам «бу кимники» деб, минг кишидан сўрайди. Эгасини топмаса, эълон ёзиб, сим ёғочга осиб кетади. Тўққиз қиздан кейин туғилгани учунми ҳазил-ҳазим. Шундай тортинчоқки, ҳатто у менга турмушга чиқишни эмас, мен унга уйланишни таклиф этганман.
Хайрият онаси эримга қараганда дадилроқ экан. Бир-икки совчи бўлиб келиб, тўйни бошлаган. Тўйдан олдин шарт қўйдим: «Мен сизларникида эмас, сиз бизларникида турасиз», «Э, ахир қиз йигитникига тушмайдими, мен ёлғиз ўғил бўлсам» — деди у. «Сиз ёлғиз ўғил бўлсангиз, мен ёлғиз қизман», дедим қатъий. «Майли, сиз нима десангиз шу», деди у ерга қараб…
Мана шундан буён умргузаронлик қилиб келяпмиз. Худога шукр, замонлар ўзгариб, дунёга йўлимиз очилгандан буён тўрт томонимиз қибла бўлиб қолди. Эрону Туркия, Ҳиндистону Сурия қилиб юрибмиз. Россиянинг йўлини-ку чуқур қилиб ташладик. Ҳам саёҳат, ҳам тижорат дегандай, янги юрт кўриб, ошна-оғайни орттириб, орзу-ҳавас қилиб юрганга нима етсин. Ғинг дейдиган одам йўқ. Ғинг дейдиганларнинг ҳам томоғи бор…
Тўғри, баъзан эримиз хархаша қилиб қоладилар. Бир кун тижоратдан қайтсам қовоқ-тумшуқлари солиқ, уйлар йиғиштирилмаган, овқат йўқ. «Ҳа! Нима жин урди, рўзғор деб югуриб юрган хотинни шундай кутиб оладими?» деб бақирдим. Эримнинг кўзларида ёш айланди: «Энди мен уйда ўтирмайман, ишлайман». «Ишлайман?! Ҳали кўнгиллари иш истаб қолдими? Ўн йил ташкилотда ишлаб бирингиз икки бўлдими? Топганимни еб, шукр қилиб ўтиринг. Нима етишмаяпти ўзи? Ҳаммомга ҳам машинада элтиб қўйсам, қўлларига тилла узукларни тақиб қўйган бўлсам… Холодилникдан гўшту сариёғ аримаса, яна ишлайман эмиш…»
Эрим ҳиққиллаб йиғлаб юборди. — Нима қилай, одамлар гапиравериб безор қилди-да… Кеча ҳовли супура турсам, ҳамсоялар девордан қараб, «бошингга рўмол ўраб ол», деб пичинг қилишди.
— Ҳа оғзидан қони келсин уларни, кўролмай айтган-да. Қулоқ солманг, бўлди, бас қилинг дийдиёни. Ҳа, ўзим айланай, дадажонисидан. Туринг, чой-пой қўйинг.
— Хўп, сиз чўзилиб дам олиб туринг. Ҳа, айтгандай менга нима олиб келдингиз, онажониси?
— Сизга японский жемпер олиб келдим. Боринг жиз-биз қилиб келинг. Кейин кийиб кўрасиз, — деб чиқариб юбордим.
Эҳ, бу одамлар, ерни сув бузади, одамни гап, деганлари шу-да. Шундай мўмин-қобил эримни йўлдан урмоқчи бўлишади-я. Хайрият, аразлаб кетиб қолмади уйига.
Мана шундан буён ғинг деган маш-маша йўқ. Юрибман дунёни кезиб… Шу Япония билан Америкага боролмай турибман-да. Бунинг учун кўпроқ доллар йиғишим керак. Доллар ўлгурдан анча тўплайману, нарсага ўчлигим қурсин, яна харжлаб қўяман-да.
Сиз «Ойлаб шаҳарма-шаҳар кезсангиз, уй, бола-чақа нима бўлади», дейсизми? Парво қилманг, эргинамга бир кулиб «ўзим айланай дадажонисидан» десам бўлди.
Уйдан-ку кўнглим тўқ. Аммо уйқуни йўқотганман-да. Ҳамма нарса бор, ҳаловат йўқ. «Эссиз, шунча мол-дунё, бир куни ҳаммаси қолиб кетади-да», деб юраккинам ачишади. Э, майли, ҳаловат бўлмаса бўлмасин, пул бўлсин, пул.