…“Шарқ” тезюрар поездига чиққан йўловчининг жони роҳатда бўлади. Тоза, озода, шинам купеларда барча қулайликлар муҳайё. Сафарга чиққанлар ўзаро суҳбатлашиб, манзилига қандай етиб борганини ҳам сезмай қолишади.
Ёнимдаги ҳамроҳим – ўрта ёшли, кўзлари маъюс аёл аввалига бир сўз демай вагоннинг ойнасидан олисларга боққанича хаёлларга берилиб кетаверди.
Йўловчиларга хизмат қилувчи қизларнинг чой ва ширинликлар улашганлари суҳбатимизнинг бошланишига сабаб бўлди.
– Каттароқ ўғилларингиз борми, опа, мана бу қизлар жуда ажойиб экан-а! Келин қилсангиз борми! – дея гап бошладим мен.
– Ҳа-я, – деб қўйди ҳамроҳим.
– Аммо ҳозирги ёшларга келин топиб бўладими, опажон, ўзлари топишишса-ку, бир нави! Онам раҳматли айтганларидек, болаларнинг бўйини ўстираркансиз-у, кўнглини тополмас экансиз…
Бу гапдан сўнг ҳамроҳимни нимадир безовта қилаётганлиги шундоққина сезилиб қолди. Бироқ илк бор кўрган одамингдан “Нима, бирор гап бўлдими?” деб сўраш ноқулай бўлганлиги учун индамадим. Аммо орадаги жимлик узоққа чўзилмади. Опа тўлиб турган экан…
– …Инсон, унинг ички дунёси шунчалар ҳам мураккаб бир тилсим эканки, бу тилсимни англаб етдим, деган киши хато қиларкан, – ҳамроҳим секингина уҳ тортиб қўйди-ю, гапини давом эттирди: – Мен турмуш ўртоғим билан уч йил гаплашиб юриб, сўнг оила қурганмиз. Тўйимизга ҳам, мана чорак аср бўлай деяпти. Аммо мен у кишини яхши билмаслигимни яқиндагина англаб етдим.
Беш нафар фарзандимиз бор: уч ўғил, икки қиз. Худога шукр, ўғилларим катта бўлиб қолишган. Икки ўғлим Тошкентда таҳсил олишади. Ҳозир уларни кўргани кетяпман. Афсуски, бу галги боришим ўғилларимни хурсанд қилмайди-да. Шунинг учун ҳам кўнглим бирам ғашки…
– Ундай деманг. Дунёда она дийдоридан ҳам устун нима бор ўзи? – дея кўнглини кўтармоқчи бўламан суҳбатдошимнинг.
– Аслида шундайку-я, аммо… – опанинг кўзларида ёш йилтиллади. На дардини айтишни, на айтмасликни билмай қолгандек, яна дераза томонга тикилди. Сўнг бир ҳўплам чой ичди-да, гапини давом эттирди: – Ўғилларимни жуда яхши кўраман. Улар учун жонимни ҳам беришга тайёрман. Улар ҳам мен билан очиқчасига гаплашишади. Улар бир гал Тошкентдан уйга келишганида яхши кўрган қизлари борлигига шама қилишди, аммо мен гапни бошқа ёққа буриб юбордим. Яна шу ҳақда оғиз очишганида “Бундай гапларни айтишга ҳали ёшлик қиласизлар. Келинларни биз ўзимиз топамиз. Сизлар овора бўлмай қўяқолинглар”, деб қўя қолдим.
Аммо ўғилларим яқинда қишки таътилга келганларида масалани кўндаланг қўйишиб, охирги курсда ўқиётганликлари учун ҳеч бўлмаса фотиҳа қилиб қўйишимизни талаб қилиб қолишди. Шундан сўнггина улардан топган қизлари ҳақида сўраб-суриштиришга мажбур бўлдим. Эшитганларимни дадасига оқизмай-томизмай айтиб бердим. Дадаси жаҳл билан:
– Хўш, сен уларга нима дединг? – деб қолди.
– Нима ҳам дердим. Даданг билан маслаҳатлашиб, кейин бирор фикр айтамиз, деб қутулдим, – дедим.
– Ундай бўлса уларга айтгинки, мен бунга мутлақо қаршиман. Йўқ, яхшиси уларни бу ёққа чақир. Ўзим уларга ҳаммасини тушунтириб қўяман. Сен эса туш-ликка бирор нарса тайёрлайвер, – деди эрим.
Шундай қилиб, ўғилларим ота ўтирган уйга кириб кетишди. Мен эса овқат тайёрлаяпман-у, хаёлим ичкарида.
“Ишқилиб дадаси уларни қаттиқ ранжитмасин-да. Ҳозирги ёшлар бирам ўт-оловки, бирор маслаҳат беришга ҳам қўрқасан киши”, деб ўйлардим ўзимча.
Овқатга керакли масаллиқларни олиш учун балконга чиқишга тўғри келди. Зал ёнидан ўтаётганим маҳал қия очиқ эшикдан дадасининг ўғилларимга айтаётган зардали гаплари қулоғимга чалиниб қолди:
– Ўзинг ўйлаб кўр, ахир сен топган қизнинг отаси йўқ бўлса. Оиласи катта, унинг устига онаси ҳам ногирон бўлса. Сеники эса оддий ўқитувчининг қизи экан. Бир бундоқ ўйлаб кўринглар! Эртага сенларни ким ҳимоя қилади. Ким сенларни қўллаб-қувватлайди?!
– Ахир ўзингиз ҳам кўп болали, оддий ишчининг қизи бўлган онамга уйлангансиз-ку. Нима, сиз бахтли эмасмисиз? – ҳеч қачон отасининг юзига тик боқмаган тўнғичим жуда ҳам асабийлашганиданми, шундай деб қолди.
Буни кутмаган отаси зардали оҳангда ўшқириб берди:
– Э-ҳа, сенларни қаранглар-а. Ҳали сизлар менга гап қайтарадиган бўлиб қолдингларми. Шунча катта бўлиб қолибсизлар-у, сезмай ҳам қолибман-а. Билмасангиз билиб қўйинглар. Менинг бугунги ҳолатга тушиб, ишдан бўшаб, уйда ўтириб қолишимга айнан онангизга уйланиб, хато қилганлигим сабаб бўлган, десам ишонмайсизлар-а, тўғрими? Аслида эса худди шундай. Нега, деб сўрасанг ҳам керак. Шундайми?! – Эрим борган сари асабийлашиб борарди. – Мана, масалан, мен билан бирга ўқиган курсдошларим мансабдор, қўлини қаёққа узатса етадиган кишиларнинг қизига уйланганликлари учун ҳам бугунги кунда юқори лавозимларда, бой-бадавлат ҳаёт кечиришмоқда. Мени эса ҳатто оддий ишимдан ҳам четлаштиришди тирговучим йўқлиги учун! Агар менинг ҳам қайнотам бирор мансабдор киши бўлганида борми, мен ҳозир…
Эшитганларим шу бўлди. Бирдан бошим гангиб, кўзим тиниб кетаётганини сездим…
Ўша кундан буён сира-сира ўзимга келолмайман. Наҳотки менга уйланганлиги туфайли турмуш ўртоғим бир умр армон билан яшаб келаётган бўлса? Наҳотки ҳаёт фақатгина мансабу бойликдан иборат бўлиб қолган бўлса?!
– Ҳа, – дедим мен беихтиёр. – Бундан ортиқ азоб борми, дунёда. Сен билан ҳамдарду ҳамқадам яшаб келаётган инсонинг сен туфайли пушаймонлик оловида ёниб яшаб келаётган бўлса-ю, сен эса буни билмасанг…
– Шунинг учун ҳам куяман-да, айланай, – деди ҳамроҳим намланган кўзларини олиб қочар экан.
Қарасам, опахоннинг кўзларидан думалаётган ёш юзларини аллақачон ювиб бўлган. Қандай бўлмасин, ҳамроҳимни яна гап билан чалғитишим кераклигини англадим. Шунда унинг суҳбатимиз бошида айтганларини эсладим:
– Бу галги боришим ўғилларимни хурсанд қилмайди, дегандай бўлдингизми?
– Ҳа, гап шундаки, ўғилларим таътилни тугатиб, ўқишга кетишди, бироқ дадаси ўз фикрини сира ўзгартирмади. Ўғилларимга бу гапларни телефон орқали айтишни лозим кўрмадим. Боргач дадасининг уларга келгусида “тирговуч” бўла оладиган мансабдор танишлари билан қуда бўлишга келишиб қўйганлигини айтишим керак. Шунинг учун энди улар гаплашиб юрган қизлари билан муносабатларини узишлари керак…
– Мени қийнаётган бундай ҳолатдан энди қандай қутулай, айтинг, – дея яна куйиб-пишиб гапида давом этди опахон. – Турмуш ўртоғимнинг “армон”ларини қандай қилиб хаёлимдан ўчириб ташлай?! Мен ўғилларимнинг мард, ориятли ва ор-номусли йигитлар бўлишини истайман. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг. Ўша сиздан бир неча баробар юқори мансабли, бой-бадавлат хонадоннинг тантиқ қизи ўртаҳол оилада қандай яшаб кета олади? Ўғилларим бир умрга қайнота-қайнонаси олдида бошини эгиб яшашига қандай чидайман?
Ҳамроҳимнинг елкалари силкина бошлади. Мен уни юпатишга ожиз эдим…