Тунги дискотекага ўхшаб тўс-тўполон, шовқин-суронга тўла тўй базмида бошловчининг кўзидан панароқ жой топиб ўтирдим. Келин-куёвни қутлаш учун базм иштирокчиларидан бирига сўз берилди. Сўзга чиққан басавлат киши «олдинги гапларга қўшиламан», деб сўз бошлаган эди, қаршимдаги йигит хандон отиб кулиб юборди. Менинг ажабланиб қараганимни сезди-да, бироз хижолат аралаш гап бошлади:
— Ўзбекнинг ўзи қизиқ, ўзидан сўзи қизиқ дегани ҳақ гап, ака. Ана шу иборани қизиқ одатларимизни қўшиб янада бойитиш мумкин, масалан, эргашувчанлик.
— Шунақа одатимиз бор эканми?
— Ҳа-да, ҳозиргина айтилган «Олдинги гапларга қўшиламан», дея бошланувчи гап нимани билдиради, сизнингча?
— Билмадим, эҳтиёткорлик ёки сўзга чечан эмасликдир балки, ким билади яна…
— Мен биламан, бу табиатимиздаги тобелик-эргашувчанликка ёрқин мисол бўла олади.
— Шу икки оғиз гап-а, кўпроқ ичиб қўймадингизми, биродар?
— Йўқ, умуман ичмайман. Фикримни сизга тушунтириш учун келинг, яқин кунларда бошимдан ўтган бир-икки воқеани айтиб бера қолай.
Синглимга совчи келди. Совчини чошгоҳ пайтида ёпиқ эшик ортида қабул қилган отам уни кузатгач, бизга кечгача барчамиз йиғилишимизни амр этди. Янгиқишлоққа кўчиб кетган акаларим, туман марказида яшайдиган опам, қўшни вилоятга келин бўлган синглим, шу орада чулдирашиб юрган укаларим, сингилларим… Хуллас, узоқ-яқиндан ҳамма ака-ука, опа-сингилларни йиққунча жоним ҳиқилдоғимга келди.
Шомга бориб ҳовлимиз болаларнинг қий-чувига тўлди. Супанинг усти бола-бақрага торлик қилгани боис ерга жой қилинди. Кун узоғи чопқиллашиб толиққан болаларнинг баъзилари дастурхонга ош тортилгунча, бошқалари эса ошдан кейиноқ ухлаб қолишди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, шовқин-суронга тўла ҳовли тинчиди-қолди. Айни шуни кутиб турган отам ёнбошлаб ўтирган болишдан ўмганини узди-да, томоғини бир қириб олиб гап бошлади:
— Норқизилнинг улига Озодани сўраб келишибди. Нима дейсилар, менга қолса, бергудай ройим бор. Норқизил бамаъни одам, болаларини ҳам эсли-ҳушли, деб эшитаман. Айниқса, шунисининг топиш-тутиши яхши эмиш. Тошкандда савдо қилади, дейди. Чойнакдайгина бир бола кўк «Тико» миниб у ёқ-бу ёққа ўтиб қолади, шу эмасми?
— Чойнакдайгина бўлгани билан қип-қизил тентак у. Бир ўчакишган одам ундан ўлиб қутулмаса, қутулмайди, — дедим. Отам эътироз билдирди:
— Гапнинг бисмиллосини бировнинг камчилигидан бошламанг, жаҳли ёмон бўлса, ёмондир. Жаҳлсиз эркак эркакми? Ана қаранг, шу боладан икки-уч баробар келбатли йигитларнинг нечови почтанинг олдида қари отаси ё энасининг нафақасини кутиб эртадан кечгача қарта ўйнаб ётишибди. Синглингизни шу нонхўрлардан бирига берсак, кўнглингиз тўладими?
Отамнинг одатлари шунақа: бировга танбеҳ бермоқчи бўлса, уни «сизлаб» бошлайди. Бироқ гапнинг тўғрисини айтгандим. Норқизил аканинг ўша ўғлини ёмон кўраман. Унинг Тошкентда нима иш қилиб юрганини ҳам эшитганман. «Эй, шундай қилиб пул топгандан кўра оч юрган яхши» демоққа оғиз жуфтлаган эдим ҳамки, катта акам гап бошлаб қолди:
— Ҳа, энди, турмуш деганлари нозик масала, шу Озоданинг ўзидан ҳам бир оғиз сўраган маъқулмикан, дейман.
— Ундан сўраш шарт эмас, сўрасанг, ўқишга кираман дейди. Қишлоқда дипломлилар озми, кўпи бекорчи, битта домулло Ҳайдар тоғанг бўлса, ёз бўйи одамларнинг лойҳандагидан чиқмайди.
— Гапларингиз тўппа-тўғри, отажон, сизнинг айтганларингизга юз фоиз қўшиламан. Яхши жойдан жой чиқдими, ўраб-чирмаб узатиб, қутулиш керак қиз боладан, — деди дид билан тарвуз тилимлаётган ўртанча акам қўлидаги пичоқни юзига яқинлаштириб. Шу топда кўзимга акамнинг қўлида кўтарилган пичоқ узун бокалга ўхшаб кўринди. Гаплари эса худди қадаҳ сўзининг ўзгинаси. «Қойил, тўйлардаги бошловчиликнинг нуқси урибди», деб қўйдим, гапларидан ижирғаниб. Кейин гапга аёллар қўшилди. Отам онамдан бошлаб қизлари, келинларнинг ҳам фикрини эшитди. Машварат сўнгига бориб отамдан бошқа ҳамма Норқизил ака билан қуда бўлишга қарши чиқди. Тортишув жараёнида ўртанча акам ҳам биз тарафга оғиб кетди.
Оилавий мажлис отамнинг қатъият билан «Бўлди, совчиларга тўйни олиб келаверинглар, деб айтамиз, тамом», деган жумласи билан якунланди.
Меҳмонларни кузатаётганда катта акамга «Бу йиғиннинг нима кераги бор эди, ҳайронман, отамнинг ўзлари жавобини бериб юбораверса бўлар экан-ку, кимнинг фикри инобатга олинди?», дедим энсам қотиб. Опичлаб олган ўғлини машинанинг орқа ўриндиғига оҳиста ётқизган катта акам мийиғида кулиб: «Бу ҳам бир гап-да, ука, нима сен ростдан маслаҳатлашамиз, деб ўйлаганмидинг? Эй, Собирбой, ўзингдан катта бир нарса деса, гапингизга қўшиламан, деб туравер, барибир сенинг фикринг ҳеч кимни қизиқтирмайди», деди.
Сайловда ҳам шундай бўлди. Номзодларнинг бири тумандаги амалдорлардан эди. Сайловолди учрашувининг дастлабкиси бизнинг участкада ўтди. Номзоднинг ишончли вакили уни шундай сифатлар билан таърифладики, айтишича, нафақат туман, балки бутун вилоятда амалга оширилган ишларнинг ташаббускори, фаол иштирокчиси шу киши экан. Қарши тарафдан бир киши сўзга чиқди: «Ҳамма ишни бу акам бажараётган бўлсалар, бошқалар нима иш билан машғул?», деб сўз бошлаган эди, сайловчилар қарсак чалиб уни олқишлаб юборишди. Бундан руҳланган нотиқ амалдорнинг авра-астарини ағдариб танқид қилди. Сайловчилар уни дамба-дам олқишлаб турди. Буни кўриб «Энди уни ҳеч ким қўллаб-қувватламаса керак», деб хаёл суриб турувдим, тумандаги йирик ташкилот раҳбарларидан бири сўзга чиқиб, амалдор дўстининг ноёб хислатлари, ташкилотчилик қобилияти, қўл остидаги ходимларига меҳрибонлиги, қабулига келган одам албатта ундан хурсанд бўлиб кетиши ҳақида лоф урди, кейин ҳаммани унинг номзодига овоз беришга чақирди. Мўъжизани қарангки, омманинг фикри бирданига ўзгарди. Амалдорнинг қабулига ойлаб киролмай юрган кишилар ҳам унинг номзодини қўллаб овоз берамизга тушиб кетишди. Шундан кейин мен сайловга қадар бўлиб ўтадиган барча учрашувларда қатнашишга қарор қилдим. Бошқа учрашувлар ҳам деярли шу йўсинда ўтди. Сайловчилар дам у томонга оғиб кетади, дам бу томонга. Учрашув тугаб, уйларига қайтишаётганда эса номзоддан норозилигини бир-бирларига изҳор қилишади. Натижа нима бўлди? Ўша амалдор депутатликка сайланди.
Ишхонада касаба уюшмаси раисиман. Бир куни бошлиқ чақирди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, мақсадга ўтди.
— Янги йил байрами олдидан бирорта жонкуяр, меҳнаткаш ходимимизни мукофотласак, касаба уюшмаси раисисиз, корхона ходимларини яхши биласиз. Шунинг учун мукофотга кимни тавсия этиш масаласида сиз билан маслаҳатлашиб олсак, дегандим.
— Ўзингиз бирор кишини мўлжаллаяпсизми?
— Шу-у, кадрлар бўлимининг бошлиғи Маликахонни ўйлаб турибман-да, — дея кўзойнаги тагидан айёрона нигоҳини менга тикиб гап бошлади директор,— бевосита ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этмаса ҳам, ҳар ҳолда ёш, интизомли, ўсадиган қиз, нима дейсиз?
— Малика ёмон ходим эмас-ку, менга қолса, мукофотни Абдували акага берган маъқул. Корхонамизга кўп меҳнати сингган қўли гул уста. Қолаверса, ҳозирги кунда у нафақат корхонамизда, вилоят бўйича биринчи рақамли пайвандчи ҳисобланади.
— Ҳа-а, фикрингиз ёмон эмас, тушликдан кейин ҳисобчи билан киринг, учаламиз яна маслаҳатлашамиз, хўпми?
Пешинда учаламиз бошлиқнинг хонасида йиғилдик.
— Ҳалимахон, байрам олдидан бирорта ходимимизни хурсанд қилайлик, деб маслаҳатлашувдик. Мукофотга мен Маликахонни, «профсоюз» Абдували акани тавсия этаяпти, сизда ҳам бирорта номзод борми? Балки ҳаммамизга маъқул совриндорни сиз топарсиз, — дея ҳисобчига маъноли қараш қилди бошлиқ.
— Вой, мен нима дердим, Суннат Воҳидович, сиз Маликахонни айтган бўлсангиз, қўшиламан, Малика ҳар куни келади ишга, — деб нозланди Ҳалимахон. Бош ҳисобчининг бунчалар уқувсизлик билан хол қўйганидан бошлиқ нафратланиб кетди. Аммо овоз йиғиш борасида устунликка эришди.
Кейин бу савобли ишни қонуний кучга киритиш учун мажлис чақирилиб, баённома тузилди. Мажлисда ҳамма сеҳрлангандек, Маликани мақтай кетди. Уларнинг гапларига қулоқ солиб ўтириб, «Яхшиям, Маликахон бор экан, бўлмаса, корхонамиз аллақачон ёпилиб кетармиди», — деб кесатдим. Аммо киноям ҳавода қолди, ҳеч ким эътибор қилмади.
Янги йил — оилавий байрам. Шу боис синфдошлар кундузи йиғилишдик. Узун-қисқа, ориқ-семиз, тўртбурчак-учбурчак шишалар олдин-кейин очилиб, кетма-кет қадаҳ сўзлари айтилди. Синфдошларимнинг пойма-пой, бир боғдан, бир тоғдан келиб айтаётган қадаҳ сўзларини тинглар эканман, бот-бот уларнинг «Олдинги гапларга қўшиламан», деганлари қулоғимга чалинар эди. Шунда ўзимча ўйладим. Бу нима дегани? Наҳотки, шу даврада йиғилганларнинг аксарияти ўз сўзига эга бўлмаса. Тенгдошларим ҳеч қандай қарор қабул қилмайдиган қувноқ даврада нега бунчалар эҳтиёткорлик қилишаяпти. Бу бечоралар жиддийроқ йиғинларда нима қилишар экан? Ё шуларнинг билгани тўғримикан? Тўғрида, сен ўз овозингга эга бўлиб қаерда, нимага эришдинг, дея ўйлаб қолдим. Сўз навбати менга келганда ўрнимдан туриб май тўла қадаҳни қўлимга олдим-да:
— Ҳурматли синфдошларим, мендан олдин айтилган ва кейин айтиладиган яхши гапларнинг барчасига қўшиламан, — деб гапимни якунладим. Бироз кутиб турдим, қарасам, ҳеч ким янги гап кутмаяпти, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Демак, сўз айтишнинг, яшашнинг энг яхши йўли шу экан, энди ҳар доим «Қўшиламан» шиорига амал қиламан, деб ўзимга ўзим сўз бердим.
Ҳозир қадаҳ сўзи айтган киши мўъжазгина ташкилот раҳбари. Уни яқиндан биламан, бизнинг тизимда ишлайди. Раҳбарликка ҳам худди қадаҳ сўзидагидек, «Ҳурматли акахонимиз фалончи пистончиевичнинг гапларига қўшиламиз», деб сўзга чиқавериб эришди. Кейин нима бўлди, биласизми? Кейин у қўл остидаги ходимларидан ўзининг гапига қўшилишни талаб қилди. Уларнинг орасида ҳам менга ўхшаган содда қайсарлар бор экан, чоғи. Бир нечтаси унинг гапига қўшилмай ишдан бўшаб кетди. У бечораларнинг соддалиги шундаки, «ҳар бир инсон ўз фикрига эга бўлиши керак», деб ўйлашади. Марҳамат, ўз фикрингга эга бўлавер, лекин ўзингдан катта бир нарса деганда гапига қўшилиб қўй. Ахир қўшилиш-эргашиш миллий таомилимиз.
Унинг гапларини мароқ билан тинглаётган эдим, бошловчига қўли билан мени кўрсатиб нимадир деяётган тўй эгасига кўзим тушиб қолди. Суҳбатдошимга «Мен ҳозир келаман», дедим-у астагина сирғалиб чиқиб тўйхонани тарк этдим. Чунки менинг ҳам олдинги гапларга қўшиладиган одатим бор.