Барно Рустамова. Асир (ҳикоя)

Рассом алам билан мўйқаламларини синдириб ташлади. Суратларни йиртиб-йиртиб деразадан улоқтирди. Телбаларча кўчага чиқди-ю, қаёққадир кета бошлади. У ўзидан ўзи норози бўлар, суратни сотган кунига лаънат ўқирди… Балки муҳтож бўлмаганида уни сотмасмиди. Нега энди ўша қизни қайтадан чизолмаяпти?
Нега?!
Беихтиёр суратни чизиб тугатган ўша дамларни эслади. У ўшанда энг бахтли рассом эди…
Бу асарни хаёлида узоқ асради ва такрор-такрор сайқал берди. Хайрият тугатди, эсини танигандан буён орзу қилган нарсаси рўёбга чиқди. Мана, унинг орзуси, хаёлий муҳаббати. Рассом мўйқаламларини йиғиштириб, ўзи чизган суратга узоқ тикилди. Унинг бутун чеккан машаққатлари бир зумда унутилиб, кўзларидаги ҳорғинлик ўрнини қувончли сарҳушлик эгаллади. “Бу суратни ҳеч кимга сотмайман, суратга жонимдан узиб жон бердим, у ҳамиша тирик. Қараган одамнинг хаёлини ўғирлаб, ўзига мафтун қилади. Унда сирли жозиба яширин”, дея ич-ичидан фахрланди. Худди биров опкетиб қолмасин, дегандай суратни деворга илиб қўйди. Кўнгли хотиржам бўлгач, ўриндиққа чўзилди ва суратга тикилиб ётиб ухлаб қолди. Уйғонганида кун ёйилиб кетган, вужуди қушдай енгил эди. Елкасидан босиб турган оғир юк бугун уни тарк этди. Қорни очганини сезди. Ётоқхонасига ҳам ўтмасдан устахонасида ухлабди. Ўзи чизган суратга кўз ташлади. Суратдаги қиз «яхши дам олдингизми”, дегандай ёқимли жилмайиб турарди. Суратнинг тили йўқ, лекин кўзлари гапирар, нималарнидир ваъда қиларди. Бу ваъдага ишониш мумкин. Ҳатто рассомнинг ўзи ҳам алданиб, нонушта учун икки кишилик жой тузатди. Ана, қиз чорчўпдан чиқишга тараддудланаяпти. Кўзлари сирли боқиб жилмаяди. Ҳозир стол ёнига келади, кутиб турса бас.
Рассом кун бўйи сархуш юрди. Устахонадан кетгиси келмади, чироқни ўчириб кўзларини юмди. Аллақандай шарпа сочларини ўйнади, юзларини сийпалаб киприкларига қўнди. Қўлларини чўзиб шарпани ушламоқчи бўлди, аммо у хона бўйлаб елиб кетди. Хонанинг тўрт бурчидан кулгу овози эшитилди. Овоз шунчалик майинки, кетидан эргашмасдан иложи йўқ. Рассом шарпани тутиб ололмади ва чироқни ёқди. Ажаб, суратдаги қизнинг чеҳраси бошқача тус олган, кўз қарашлари ўзгарган. Лабларини қандайдир куч ҳаракатга келтирмоқчи бўлар, елкаларидан нафас олаётгани сезиларди. Рассом ҳаяжонланиб суратга тикилди. У шунчаки жонсиз сурат эмаслигига юрак-юракдан ишонди.
Кунлар, ойлар шу тарзда ўтди. Рассомнинг бисотидаги нарсалар тугади. Ҳеч қачон унинг устахонаси бу қадар бўш қолмаганди, бугунга келиб битта шу сурат билан сўппайиб қолди. Харидорлар ҳалиям эшик қоқяпти, аммо жилмайиб турган қиз сурати ҳеч кимнинг измига ўтмаяпти. Устахонага қанча харидор келган бўлса ҳаммаси шу суратга эга бўлишни хоҳлайди, энг юқори нархлар таклиф қилади. Бироқ рассом рози бўлмайди. Узоқ вақтли танаффусдан сўнг қўлига мўйқаламини олди. Баҳор фасли бўлгани учун гўзал манзараларни чизиш ниятида далага чиқди. Майин шамолда тебраниб турган қизғалдоқларга қарар экан, ҳайратга тушди. Устахона деворида қолган қиз сурати дамба-дам кўз олдига кела бошлади. Кейин эса қизнинг ўзи пайдо бўлиб, бор бўйи билан унинг қаршисида туриб олди. Унинг ҳарир кўйлаги этагини шабада тортқилар, сочлари шамолда тўзғиб, юз-кўзларини яширишга уринарди. Қизнинг жарангдор кулгуси борлиқ табиатни уйғотиб юборди гўё… Ўт-ўланлар бош эгиб қадамларига поёндоз бўлди. Рассом қувонч билан қиз томон юрди. Аммо қиз тутқич бермай, йигитни айланар, баъзан яқинлашар, баъзан узоқлашарди. Охири йигитнинг мадори қуриб йиқилди. Ва қиз ғойиб бўлди.
Рассомнинг кайфияти бузилиб уйига қайтди. Куни беҳуда ўтганидан асаблари таранглашди. Тонг маҳал анҳор бўйига чиқди. Ҳайқириб оқаётган анхор бўйида сувнинг эпкинидан чайқалиб турган мажнунтол рассомнинг эътиборини тортди. Шижоат билан ишга киришди. Энди анҳор бўйидаги мажнунтол тасвирига зеб бериш керак. Рассом анҳорга тикилган эди, мажнунтол шохлари силкиниб суратдаги қиз пайдо бўлди. Қиз эгилган новдаларни ушлаб секин сувга тушди. Ҳўл кўйлаги нозик баданига ёпишди. Сийналари аниқ билинди, қиз уялганидан уларни сочлари билан бекитди. Рассомнинг боши айланиб қиз томонга талпинди ва сувга шўнғиди. Бориб мажнунтолнинг шохларини ушлади, қиз эса йўқ эди. Ночор кийим-бошидан сув томганча қирғоққа чиқди. Уйига қайтар экан қиз суратини девордан олиб, шкафнинг орқасига бекитиб қўйди.
Ошхонадан ейишга арзигулик нарса тополмади, сўнгги чақасигача тугаганди. Суратмас, бошимга бало яратган эканман, дея очликдан силласи қуриб ухлаб қолди.
Бахтига эрталаб сурат чиздиришга бир одам келди. У мижозни ўзи хоҳлагандай ўриндиққа ўтқазиб, суратини оқ матога тушира бошлади. Тасвир яримлаганда ҳалиги одам ғойиб бўлди. Ўриндиқда қиз ўтирарди. Ахир, қай бирини чизсин? Рассом бошини қуйи солиб кўзларини юмди. Қулоқларига узоқлардан “мазангиз қочдими” деган овоз эшитилди. Кўзларини очди, ўриндиқда ўша одам ўтирибди, овоз ҳам ўша одамники. Қўллари нимадандир чўчиб, тез-тез ҳаракат қиларди. Сурат тугамасдан қўрққан нарсаси содир бўлди. Эркак киши суратдаги қизга айланган, сочлари учини ўйнаб ўтирарди. Қизнинг қилиқлари уни расм чизишдан бездириб қўйди. Бошқа ишлаёлмаслигини сезди ва узр сўраб, бошқа кун келишини илтимос қилди. Мижоз суратини чиздиришга яна келди. Бу гал рассом анча осойишта ишлади. Бироқ, расм тугаётганида қиз орага суқилди-ю, иш барбод бўлди. Қўллари ўз-ўзидан ҳаракатдан тўхтади. Бир ёқдан очлик азоби уни тобора кучдан қолдирарди. Ҳалиги киши «майли чарчабсиз, дам олинг», дея ўрнидан турди. Сурат тайёр бўлаётганини кўрди-да, олдиндан пулини тўлаб кетди. Рассом қўлига пул тушган заҳоти бозордан егулик нарсалар, рангли бўёқлар, умуман анчагина нарса харид қилди. Кўпдан буён яхши овқат емаганди. Тўйиб овқатланди. Шкаф ортидан қиз суратини олиб, аввалги жойига илиб қўйди. Қиз кўзига янада жозибалироқ кўринди. Кечқурун ҳалиги одамнинг суратини ишлаётганда ҳам қиз кўз олдида жилмайиб тураверди. Қанча ҳаракат қилмасин қиздан хаёлини узолмади. Рассом ўзига келгач кўрдики, эркак кишининг бошига қизнинг узун сочларини чизиб қўйибди. Шошганидан суратни қаёққа яширишни билмай қолди. Суратни бу аҳволда кўрган ҳалиги киши ўзини ҳақоратлагандай ҳис қилди. Рассомнинг ёқасидан олиб қаттиқҳақоратлади, «Узр эртага келинг, пулингизни қайтариб бераман», деб ваъда бергач, зўрға қутилди.
Ваъда беришга берди-ю, уйидан сотадиган тузукроқ нарса чиқмади. Кўп ўйлади, кечаси кўзига уйқу келмади. Дафъатан қиз суратидан воз кечиш фикри пайдо бўлди. Қиз ундан эътибор талаб қиляпти. Лекин кеча-кундуз унга тикилиб ўтиролмайди-ку. Бу суратни албатта сотади, насиб бўлса бундан яхшироғини чизар.
Харидор ўз оёғи билан кириб келди. Рассом аниқ кўрди, суратни ўраётганда қизнинг юзидаги жилмайиш йўқолди, кўзлари ғамгин боқди. Ҳа, янглишмади, худди шундай кўринди.
У кишининг қарзидан қутилди. Рассом энди бирор-бир жиддийроқ асар яратиш мақсадида хаёлот оламидан тасвир олишга уринди.
Кечга бориб оққоғозда ажойиб манзара пайдо бўлди: ғира-шира қоронғуликда фаришталарга ўхшаш қаноти бор одамлар учиб юрибди. Кимдир ойга, кимдир юлдузларга талпинади. Тасвир чеккасидаги норғул одамга найза санчилган, ундан сизаётган қон самонинг бир четини қизартириб турибди.
Рассом бу картинани «Абадий кураш» деб атади. Қилган ишидан қониққанлиги учун бамайлихотир ўрнига чўзилди. Эрталаб кўз ўнгидан ғамгин боқиб турган қиз сурати ўтди. Юзлари сўлғин, алланималар дея пичирлаб қўлларини чўзди. «Илтимос мени тинч қўй» деб рассом кўзларини юмди. Ўзини озроқ босиб олгач яна ишга уннади.Қоғозда мавж ураётган тўлқинлар жонланди. Улар шарққа учаётган қушларнинг ортидан эргашаётгандай туюларди. Мовий денгиз қирғоғига бўйсунмай қушлар билан кетяпти. Ўзи яратган манзарадан завқланди. Шу пайт тепасидан икки томчи иссиқ кўзёш томиб, тўлқинларга аралашиб кетди. Рассом сиқилиб, юрагида илк маротаба санчиқ сезди. Бора-бора хаста кишидай тўшакка михланди. Суратдаги қизни кўришни истарди. Лекин қиз ўз жамолини ундан олиб қочарди. Рассом қизнинг жилмайиб туришини, сузилган кўзларининг сирли имлашини қўмсарди. Бироқ, у йўқ. Нега йўқ? Ахир, уни қайтадан чизса бўлади-ку. Жойидан турди, қўлларига мўйқалам олди. Ҳар қанча уринмасин, ўшандай жозибали қиз қайта дунёга келмади. Оддийгина қизни чизди, қизнинг боқишлари ҳам, ишвалари ҳам сохта эди…
Рассом ихтиёрсиз суратда йўлда кетиб бораркан, бир бегона эшик олдида тўхтади. Қўнғироқ тугмасини босди. Эшикни очган киши уни таниди-ю, юзида табассум билан ичкарига таклиф қилди. Рассом унга эргашиб меҳмонхонага кираркан, даставвал девордаги ўз асарига — ўзи яратиб, ўзи асирига айланган соҳира қиз суратига кўзи тушди. Ва хона соҳибини ҳайратга солганча тўғри суратнинг олдига борди-да, унинг қаршисида беҳолгина тиз чўкди.